Бу ерларда айтишганидек,
кўрфазда сувлар кўпиради.
Тўфон бор, не бахтки,
у
ерда эмасман.
Кун бўйи Монс-Крик бўйида
қизил қармоғимни у ёқдан-бу ёққа отиб,
балиқ овлаганимдан бахтиёрман.
Ҳеч нима тутолмадим.
Қармоққа битта ҳам балиқ илинмади, бир дона ҳам.
Аммо зарари йўқ.
Ҳаммаси яхши эди!
Отангнинг паккиси ёнимда,
соҳиби
Дикси деб чақирадиган
ит ҳам бироз ортимдан эргашиб юрди.
Вақти-вақти билан шундай бахтиё бўлардимки,
балиқ тутиш ҳам
эсдан чиқиб кетар
эди.
Бир сафар кўзимни юмиб, соҳилда ётдим,
сувнинг сасига ва
шамолнинг дарахтлар учида ўйнашига қулоқ тутдим.
Кўрфазда эсаётган шамолдан ўзгача бир шамол.
Ҳатто бир муддат ўлиб қолмадиммикин дея ўйладим —
ва бу оддий ҳол эди,
ҳарқалай, бир неча дақиқа, ўлмаганимни тушуниб етгунча.
Кўзимни юмиб ётган пайтимда энди ҳеч қачон
ўрнимдан турмаслигимни, бу қандай туйғу эканлигини
тасаввур қилишим билан сени ўйлаб кетдим.
Кўзларимни очиб, ўрнимдан турдим
ва яна ўзимни бахтёр ҳис қилдим.
Сендан миннатдорман, тушуняпсанми?
Сенга
шуни айтмоқчи эдим, шунчаки.
«Тесс
учун» шеъри ҳақида
Бу
шеър, рафиқам — шоира ва адиба Тесс Галлаҳерга бағишлаб ёзган севги мактубим эди. Мен уни 1984 йилнинг
март ойида, Вашингтон штатининг Порт-Анжелес шаҳридаги уйимизда ёлғиз қолган
кезларимда ёзган эдим. Мартдан олдин эса Нью-Йоркнинг Сиракьюс шаҳрида эдим;
биз кўпинча ўша ерда яшаймиз, Тесс у ердаги университетда дарс беради. 1983
йилнинг сентябрида ноширим менинг ҳикояларимдан иборат «Ибодатхона» (Cathedral)
номли тўпламимни чоп этган эди. Китоб босилиб чиққанидан кейин маълум вақт, то янги йилгача, шундай катта шов-шув ва тўполон
кўтарилдики, диққатим тўзғиб, ҳеч қандай тарзда фикримни жамлаб ўз ишимга
қайтолмай қолдим. Бу адабий тўполон ва ғала-ғовур Сиракьюсдаги одатий ижтимоий
ҳаётимиз — дўстлар билан кечки овқатлар, кинолар, концертлар, университетдаги
адабиёт маърузалари ҳамда шеърият оқшомлари устига устак бўлди.
Кўп
жиҳатдан бу «айни» вақти эди, чиндан ҳам яхши дамлар эди, бунга шубҳа йўқ. Бироқ
асабларимни тамом қилди.
Хаёлимни
ҳеч
қанақасига
бир жойга тўплай олмасдим.
Тесс бу ҳолатимни кўриб, Порт-Анжелесдаги уйимизга бориб, бир муддат ёлғиз
қолиб дам олишни маслаҳат берди.
Эҳтимол,
у ерда сокинлик ва оромни топар деб ўйлади. Етиб борибоқ ҳикоя ёзиш ниятида эдим. Аммо уйга етиб келиб, бироз
тинчланиб олганимдан сўнг, ўзимни ҳам ҳайратга солган ҳолда, шеърлар ёза
бошладим. («Ҳайратга солган ҳолда» деяпман, чунки икки йилдан кўпроқ вақт
мобайнида шеър ёзмаган эдим ва яна ёза олиш-олмаслигимни ҳам билмасдим.)
Очиғини
айтганда, «Тесс учун» шеъри автобиографик шеър эмас. Йиллар
давомида балиқ овлаш учун қизил қармоқ тутмаганман ва Тесснинг отасининг
пичоғини ҳам ёнимда олиб юрмайман. Ҳатто эгаси Дикси деб чақирадиган ит ҳам ортимдан
эргашган эмас.
Бироқ
шеърдаги барча ҳолатлар у ёки бу пайтда ҳақиқатан ҳам содир бўлган, ҳаммасини
хотирлаб ёздим. Лекин мана бу жиҳати жуда муҳим — шеърдаги туйғу (буни шунчаки
сезгирлик билан адаштирмаслик лозим) ҳар бир сатрда ҳақиқийдир, шунингдек, у
очиқ ва тўғридан-тўғри ифода этилган. Бундан ташқари, шеърдаги тафсилотлар
жонли ва аниқ. Баён қилиш тарзига келганда эса, фикримча, шеър ўзига хос ва
ишончлидир. (Фикрни давом эттириш учун шунчаки сўз ўйини ёки сунъий, мавҳум ва
сохта-поэтик тил ишлатувчи шоирларга тоқатим йўқ. Ҳаётда бўлгани каби,
адабиётда ҳам мужмалликдан ва ортиқча сўзбозликдан иложи борича қочишга ҳаракат
қиламан).
«Тесс
учун» ихчам бир ҳикояни сўзлайди ва муайян бир лаҳзани муҳрлайди. Унутмангки,
шеър фақат ўз-ўзини ифода этишга уриниш эмас. Шеър ёки ҳикоя ўзини санъат деб
аташга журъати етган барча адабий асарлар ёзувчи ва китобхон ўртасидаги мулоқот
воситасидир. Ҳар ким ўз-ўзини ифода этиши мумкин, аммо адиблар ва шоирлар ўз
асарларида асосий мақсади
ўзлигини ифодалашдан кўра кўпроқ мулоқот ўрнатиш эмасми аслида? Юракдан туйилган
эҳтиёж ҳар доим фикрларни ва энг теран ташвишларни сўзга кўчиришдан иборат
бўлиб келган.
Тил
эса ана шу фикр ва ташвишларни бир шаклга солади, хоҳ тўқима, хоҳ шеърий бўлсин, китобхон бу туйғу ва ташвишларни
англаб, ҳис этишига умид боғлайди. Китобхон томонидан тақдим этилган ўзгача
тушуниш ва ҳис этишлар ҳар доим матнга ҳамроҳ бўлади. Бу муқаррар, ҳатто орзу
қилинган ҳолатдир. Аммо ёзувчи етказиб бериши керак бўлган асл юк омборда қолиб
кетса, у ҳолда, менга қолса, ундай асар ўхшамаган ҳисобланади. Назаримда, ҳар
бир яхши ёзувчининг асосий мақсади ва етишишга интилган марраси тўғри
тушунилишдир деб ўйлашимда жон бор.
Мен, аслида, фақатгина муайян
лаҳзаларни кузатиш билан чекланиб, маълум бир онни тутиб қолишга ва сақлашга
ҳаракат қилиб қолмадим.
Шеърнинг
ярмига етганимда ёзаётганим аслида севги ҳақидаги мактуб эканини англаб етдим (дарвоқе, бу
мен ёзган саноқли шеърлардан биридир). Чунки шеърни ҳаётимнинг сўнгги ўн йилини
бирга ўтказган аёлга,
Тессга
бағишлаш билан, унга Порт-Анжелесдаги ҳаётимдан шунчаки янгиликлар етказиш
билангина чекланиб қолмадим.
Бу
ерда Эзра Паунднинг «адабиёт янгилик бўлиб қолувчи янгиликдир» деган сўзи
хаёлимга келади — шу баҳонада у 1977 йилдан бери ҳаётимга кириб келгани учун
миннатдор эканимни ҳам айтаётган эдим. У ҳаётимда очиқ-ойдин ўзгариш ясади ва турмушимни
тўғри йўлга буриб олишимга ёрдам берди.
Шеър
орқали айтмоқчи бўлган фикрларимдан бири айнан шу. Агар сўзим Тесснинг қалбига
етган бўлса ва бошқа китобхонлар кўнглига ҳам туташган бўлса, ушбу шеърни ёзиш пайтида ҳис қилган
кечинмаларимнинг бир қисмини уларга ҳам етказа олган бўлсам , мендан бахтли инсон йўқ!
Раймонд
Карвер
Таржимон М.Йўлдошев.
