5.10.2026

НАШРДАН СЎНГ

 



Ҳан Ганг

НАШРДАН СЎНГ

(Эссе)

1

Романим чоп этилди.

Энди тонг оқара бошлаганда уйғониб, шам ёқмасам ҳам бўлади.

Ушбу хилват уйда электр узилганда шам ёғдуси хонани қай даражада ёритишини кўриш учун иситиш қозонининг чироғи устини ёпмасам, музлатгични розеткадан суғуриб қўймасам ҳам бўлади. Шипда девдек сояларнинг рақсга тушишини кўриш учун қўлимда шам билан санқиб юрмасам ҳам бўлади. Шам шуъласи тушганда паст овозда шивирлагандек пайдо бўлиб, сўнг яна зулмат қаърига чўкадиган китоб номларини ўқимасам ҳам бўлади.

Кафтимдаги қорнинг эриши бахш этган ҳисни вужудим унутмасин деб, қўлим тошдек қотиб, уюшиб қолгунча кафтимни очиб-юммасам ҳам бўлади. Ҳар гал қор ёққанда таксига ўтириб, яқин орадаги тоққа кетмасам ҳам бўлади. Тоғ этагига етганда қор тингани учун изтироб чекмасам ҳам бўлади. Тоққа сайрга чиққанларга хизмат кўрсатадиган ошхонада кўкатли гуручнинг ярмини ҳам еб улгурмай, яна қор ёға бошлаганини кўриб, шоша-пиша ўрнимдан турмасам ҳам бўлади. Сўқмоқдан чиқиб, ўрмон ичига, янада чуқурроққа кириб кетмасам ҳам бўлади.

Кўпроқ ўқимасам ҳам бўлади. Қидирув тизимига «қирғин» деб ёзмасам ҳам бўлади. Чуқурда ётиш қандай бўлишини ҳис этиш учун стол остига ғужанак бўлиб ёнбошламасам ҳам бўлади. Ҳар куни ўтадиган йўлим ёқасидаги тепаликда дарахтлар орасидан қуёш нури сизиб кириб, яшиллик узра соя ташлаганда, у ердаги жасадларнинг чириб бораётганини хаёлимда жонлантирмасам ҳам бўлади.

Йиғламасам ҳам бўлади.

Энди кўз ёшларим билан юзимни ювмасам ҳам бўлади.

Изғиринли куннинг ярим тунида дарё бўйида кезмасам ҳам бўлади.

Тириклардан кўра ўликларни ўзимга яқинроқ ҳис қилмасам ҳам бўлади.

Энди бу романдан қўл узсам ҳам бўлади.

Ушбу роман асирлигидан халос бўладиган ўша номаълум кунни кутмасам ҳам бўлади. Эркинликка эришганимдан сўнг қилмоқчи бўлган ишларимни режалар рўйхатига битиб, рўйхатни чўзиб ўтирмасам ҳам бўлади.

2

Енгиллашяпман.

Янада енгиллашяпман.

Гўёки суякларим ва терим ичида ҳеч нарса қолмагандек.

Тонг ғира-ширасида, ҳали қоронғилик тарқамай туриб ўйга толаман. Мендан узоқлашиб бораётган бир кимсага ўхшаб қолган романим ҳақида ўйлайман. Биз бир-биримизни қучган эдик, жонимизни ҳовучлаб бир-биримизга суянган эдик, аммо охир-оқибат бу ерда ёлғиз қолиб кетдим.

Хўш, аслида «мен» кимман?

Бир пайтлар «мен» бўлган ўша одам ушбу роман туфайли аллақачон ўзгариб кетган экан, энди ортга қайтиб, яна ўша одамга айланишим амримаҳол. Модомики шундай экан, саволни бошқачароқ қўяй:

Ҳозирги «мен» ким экан ўзи? Бунчалик бўм-бўш, шу қадар ночор қолиб кетган инсон ким?

3

Роман ёзган кезларимга нисбатан энди анча кам китоб ўқияпман. Сайрга кам чиқаман, чигилёзди машқларини кам қиламан, мушакларни мустаҳкамлаш машғулотларини ҳам камайтирдим. Тушдан кейин ёнбошлаб мусиқа тинглайман. Баъзан жимгина ўтириб, кир ювиш машинасининг товушини бошидан охиригача эшитиб ўтирган кезларим ҳам бўлади.

Рўйхатга ёзилган ишларнинг барчасини аллақачон бажариб бўлдим.

Кўргим келган инсонлар билан учрашдим. Ўқишни истаганларимни ўқидим. Кўришни истаганларимни томоша қилдим.

Бир вақтлар бормоқчи бўлганим Сеонюдо боғидаги вайроналарни эслатувчи бинолар орасида ҳамда ям-яшил ўрмонда сайр қилиб уйга қайтган кунларим ҳам бўлди.

4

Миямга бир фикр, бир тўхтам, келади.

Яна ёзсам бўларкан, янги бир роман ёзсам.

Яна алоқа ўрнатишнинг ягона йўли шу.

Хўш, ёзув воситасида аслида нима билан мулоқот қиламан? Фақатгина ёзув туташтирадиган ўша нарса учун шу қадар забун ва чорасиз ҳолда шай бўлиб турибманми? Электр оқими ғадир-будур ўзлигимга урилиб, узилиб қолмаслиги учунми?

5

Нима бўлганда ҳам, одатий тартибимга қайтаман.

Жумлаларнинг сероблиги билан яна куч тўплаш учун ҳар куни бир роман ва бир шеърий тўплам ўқийман. Яна ёзув столи атрофида узоқ вақт ўтира олиш учун кунига икки соат чигилёзди ва мушак машқларини бажариб, сайрга чиқаман.

Бироқ ҳафталар давомида бор-йўғи биргина саҳифа қоралаганимдан сўнг шуни англаб етдим, айни пайтда янги роман ёзишга киришиш ақлли иш эмас. Қор ҳақидаги ҳикояни трилогия тарзида ният қилгандим. Ёзган икки қиссам узоқ вақтдан бери алоҳида қолиб кетгани юрагимни ғаш қиларди. Шу боис учинчи ҳикояни ҳам қоғозга тушириб, барини битта китобга жамламоқчи бўлган эдим.

Аммо ҳаво жуда совуқ. Бундан ортиқ совқотишни истамайман.

6

Ушбу ниятимдан қайтган кунларимда нашриётдан хабар келиб қолди. «Видолашмайман» асарини ёзиш жараёнида тинглаган мусиқаларим асосида видеолавҳа тайёрлашни таклиф қилишди. Аввалига рўйхатни юборишимни сўрашгани боис ўндан ортиқ қўшиқни танлаб ола туриб, 2019 йилнинг январида тинмай эшитган бир таронам ёдимга тушди. Сўзлари шундай эди:

Мен қаддимни тиклайман,

Қуёш каби порлайман.

Аламларга чидаб мен,

Минг бора такрорлайман.

Бу қўшиқни илк бор эшитганимда тақвимнинг орқасига бирдан минггача сонларни ёзиб, деворга ёпиштириб қўйгандим. Ҳар куни биттасини ўчириб бораман, деб ният қилгандим. Ҳар бир кунни яшаб, кунма-кун ёзиб боришим учун, буни минг бора такрорлашим учун. Узоқ вақтдан бери ухлай олмаганим сабаб шундай ўйга боргандим. Чунки қолган умримда на бир ором, на бир умид қолганди ва бундан кейин ҳамма нарса фақат ёмонлашиб боради, деган тўхтамга келгандим. Ишнинг ғалати томони шундаки, романни ёзган сари яшай бошладим. Уйқу тартибим аста-секин изга тушди, босириқларни ҳам камроқ кўрадиган бўлдим. Қон, жасадлар ва суякларга тўла романни ёза туриб, қандай қилиб бундай бўлиши мумкин эди? 2020 йилнинг кузида биринчи қораламани якунлаб, сўнгги саҳнада Кёнҳа гугурт чаққан ондагина тушуниб етдимки, бу роман муҳаббат ҳақида экан. Синган ойнани эритиб, яна яхлит бир бўлакка айлантирувчи оловни муҳаббат дейдилар.

7

«Видолашмайман»нинг биринчи саҳифасини ёзган кунимдан бошлаб сўнгги нуқтани қўйгунимча роппа-роса етти йил вақт ўтгани сабабли, шу давр ичида жуда кўп қайдлар ёзиб қўйгандим. Булар ўнта юпқа дафтарни тўлдирган, ўз-ўзимга савол бериб, жавоб излаган, йўлимни топишга тиришиб пайпаслай-пайпаслай илгарилаган ёзувларим эди. Турли қаҳрамонлар, турфа баён усуллари билан ёзилган эллик саҳифалик, юз саҳифалик, ҳатто икки юз саҳифалик нусхалари ҳали ҳам сақланиб турибди. Биринчи вариантида асар «Қушлар қайтган кеча» деб номланганди. 2018 йилнинг қишида ўзим билан олиб юрган ўша юпқа дафтарни очганимда, мана бу қайдга кўзим тушди:

Илтижо.

Бизга ташланган, устимизга бостириб келаётган дунё.

Дунё шуми?

Гўдаклар қирилиб, аёллар таҳқирланган,

Бизга берилган дунё шуми асли?

Фақатгина тирик бўлгани учун гўзал бўлган нарсалар.

Шафқатсизларча,

Ҳиссизларча гўзал бўлган нарсалар.

Руҳ.

Пальма.

Шохларини эгиб турган қора дарахт.

Даҳшатли тушдан фарқи қолмаган бугунги кунимиздан нажот тилаган инсон қиссаси.

Қўрқув ва зўравонлик.

Илтижо қиссаси.

Шамол ва денгиз оқими.

Бутун дунёни қамраб олган

Сув ва шамол чамбараги.

Биз бир-биримизга боғлиқмиз.

Бир-биримизга дахлдормиз,

Умид қиламан.

Қор ёғди.

Видолашмайман.

Тарих ичидаги инсон.

Коинот ичидаги инсон.

Вужудимдаги туйғулар.

Тана ожиз, омонат.

«Мен» ўша уйга боришга мажбур.

Ҳамма «мен»ни тарк этганидан сўнг.

Қариб вайронага айланган бир ҳолатда.

Қанчалар совуқ бўлиши,

Иссиқ бўлиши,

Куйдирувчи бўлиши муаммоси.

Қирғин ҳақида ёзаётган «мен» ота-онаси қирғиндан омон қолган дўстининг уйида бир кунни ўтказади.

Ҳар қандай бўсағада, тирик одам чидаб бўлмас оғриқнинг сўнгги ҳаддида нақ руҳга айланган, жисмидан сидирилиб чиқиб, нариги томондаги нарсаларни кўра бошлаган лаҳза.

Ҳаётнинг чеклангани,

Борлиқнинг омонатлиги.

Чеккалардаги маъносизлик.

Вақт олови.

Қор сукунати ҳақида ўйлаш керак.

Қор товушларни ютиб юборганда,

Менинг овозимни ҳам, бир қушнинг сасини ҳам ютиб юбориши мумкинлиги ҳақида.

Шамол тинганда, фақатгина қор.

Ҳеч қандай сас чиқармай, барча товушларни ўз домига тортган оппоқ қор.

Бу — ўша аёлнинг уйи.

Ётганда каравотининг тагига темир арра яшириб қўядиган онанинг,

Кеча кириши билан алжираб, тоғларга қочиб кетадиган отанинг уйи.

Пиёда қўшинлар,

Жамики пиёда полклари.

Қоратанлилар.

Бутун бошли қирғинлар.

Қиёфасиз одамлар.

Мажақланган, эзилган инсонлар.

Ўша кеча Сеулда мен кўрган,

Сочлари узун, қадамлари оғир,

Қўлларида қурол тутган одамларнинг пиёда сафи.

Қор бағрида қанчалар кўп бўшлиқ бор экан-а?

Кристаллар.

Ўлмоқ — совимоқ демакдир.

Юзга тушиб уюлиб қолган қорларнинг эримаслигидир.

Ўлдирмоқ эса янада совуқ ҳолатга солиб қўйиш бўлса керак.

Сўзлашув. Ўрмонда сайр қилиб юриб, тўсатдан англаб қолдим. Бутун умр руҳлар билан бирга яшаб келганимни. Бунга ҳожат йўқ эди. Ҳақиқатан ҳам бундай қилишга ҳожат йўқ эди. Сенинг таклифингни рад этсам бўларди. Аммо рад этишни истамадим. Ўйлаб кўрдим. Тўқсон тўққизта, чексиз саноқдаги руҳни йўна олсак, дедим. Ўзига хос бир қасамёд билан хайрлашсак, дедим. Йўқ, аксинча бўлсин, дедим. Ҳеч қачон хайрлашмаслик учун. Қасам ичиб...

8

2020 йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида ушбу романнинг иккинчи қисмини ёзаётганимда, уйни ларзага келтирадиган даражада баланд овозда мусиқа эшитган пайтларим бўлди. Ким Гванг-сокнинг концертда гитара ва гармоника жўрлигида ижро этган «Менинг қўшиғим» таронасини тез-тез тинглардим. Қўшиқнинг бир мисраси ҳар гал юрагимни ларзага соларди:

Йиқилиб синсам ҳам бу дунёда,

Сўнгги томчи сув қолгунча токи,

Сипқориб, қўшиқлар куйлайвераман.

Мусиқа тинглаётганимда ўзимни фигурали учиш бўйича олимпия чемпионимиз Ким Ён Анинг ўрнига қўйиб, спираль ҳаракатини тақлид қилиб кўрган кезларим ҳам бўлган. Бутун вужудим билан рақсга тушган пайтларим ҳам. Ўз ўрнимда гир айланар эканман, кўзларимдан ёш қуйиларди. Ўкириб-ўкириб йиғлардим.

Сўнгра яна стол қаршисига ўтираман.

Ёзаман... тинмай ёзаман.

Кўз ёшларим оқа-оқа ёзаман.

Маромни бузмаслик учун ошхонада тик оёқда туриб енгилгина тамадди қиламан.

Ҳожатхонага чопиб бориб, тезда чиқиб келган вақтларим ҳам бўлади.

Шу тариқа, қайта туғиламан.

Бор кучим билан яна ҳаётга қайтаман.

9

Бундан аввал «Бола келяпти» асарини ёзган бир йилу олти ойлик даврни хотирлаганимда, энг аввало, кўнглимга чидаб бўлмас бир азоб келади. Буни бир турдаги шомонлик маросими деб баҳолаб, ёзувчи сифатида сўзлар ёрдамида шомонлик маросимини бажо келтирдим, десам тўғрироқ бўлар балки. Бироқ бу тўғри эмас. Ўшанда мен ҳеч қандай «маросим» ўтказганим йўқ. Бирор-бир транс ҳолатига ҳам тушмаганман. Ақлим доимо жойида, ҳушим ўзимда эди. Оғриқларнинг мени мажақлашига шунчаки бардош берардим... Иш хонамда, метрода, пиёдалар ўтиш йўлагида, ошхонада, кўрпа остида, тишларимни ғижирлатиб йиғлаётганимда телбага ўхшаб кўринган бўлишим мумкин, аммо аслида асло ақлдан озмаган эдим.

Ўша оғриқнинг асл моҳияти нима эканлигини «Бола келяпти»ни ёзиб бўлгач, узоқ вақт мулоҳаза қилишимга тўғри келди. Бунинг устига, асарни ўқиганлар ҳам худди шундай туйғуни бошидан кечирганларини, ўша азобни ҳис этганларини таъкидлашарди. Ушбу тирик изтироб нимани исботлар эди? Ёки бу муҳаббатмикин? Энг теран муҳаббатдан изтироб туғилади ва ўша изтироб муҳаббатни исботлайдими? Агар чиндан ҳам шундай бўлса, навбатдаги романимни айнан шу муҳаббат ҳақида ёзишни истардим.

10

«Видолашмайман»ни ёзган давримда ҳам худди шундай бўлди. Романнинг хаёл билан ҳақиқат оралиғидаги чегарада муаллақ қолиши менга таъсир қилмади, ақлим ҳар доим жойида, ҳушим ўзимда эди. Балки, янглишиб нотўғри гапириб қўярман деган хавотир билан тилимга ололмаган фикрларимни суҳбат олаётган ёзувчи дўстимга ишонганим сабаб бир муддат илгари икки ойда бир чиқадиган адабий журналга берган интервьюмда айтгандим:

— «Видолашмайман» роман шаклига киргунга қадар дафтарингизда қандай муҳрланган эди?

— Ўлимдан ҳаёт сари элтувчи бир роман. Ярим жон одамларнинг қайта ҳаёт топиши ҳақидаги роман. Денгиз остида шам ёқадиган роман. Бир томондан қараганда, қулоққа эриш туюлиши мумкин... Эсингиздами, бир учувчи депрессияга тушиб қолгач, ичида кўплаб йўловчилари бўлган самолётни ерга уриб, ўз жонига қасд қилган эди. Хўш, ярим жон бўлиб қолган бошқа бир инсон ана шу самолёт ҳалокатининг акси ўлароқ, ҳаёт томон ўтиб, бир қанча ўликларни ўзи билан бирга ҳаётга қайтара олмайдими? Албатта, тириклар ўлиши мумкин, аммо ўликларнинг тирилиши бу дунёда имконсиз. Шундоқ бўлса-да, айрим лаҳзаларда бунинг иложи топилмасмикан? Ярим жон бир одам руҳлар билан биргаликда атиги биргина лаҳза бўлса ҳам ҳаёт сари ўтолмайдими?

11

«Видолашмайман»ни ёзиш давомида агар нажот топган бўлсам, бу (бош мақсад эмас), шунчаки акс натижадан иборат эди.

Фақатгина ёзишнинг ўзи мени олдинга итариб, ҳаёт бор тарафга етаклади.

Ҳар куни эрталаб кўзларимни Чонгшимнинг юраги билан очдим.

Унинг оғриқ билан муҳаббат тенг қайнаган ҳар бир куни.

Қанот каби ёзилган, оловдек ёйилган онлар набзи.

Қайта-қайта шамни бир-бирига узатиб ва ортга олган Инсон ҳамда Кёнҳанинг қўллари.

12

Агар менга туҳфа сифатида қўшимча бир умр берилган бўлса, энди ўша ҳаётнинг кучи билан олдинга, янада олдинга қадам ташлашим зарур.

Вужудимда жон бор экан, ҳаёт ҳақида сўзловчи нарсаларни ёзишим лозим.

Ҳаёт изн берса, мана шу туйғулардан йўлга чиқиб, кейинги романимни бошлашни истайман.

2022 йил

Таржимон М.Йўлдошев

3.10.2026

Тесс учун


    Машҳур америкалик ёзувчи ва шоир Раймонд Карвернинг турмуш ўртоғи, шоира Тесс Галлахерга бағишланган «Tess
учун» деб номланган шеъри ва муаллифнинг ўз шеъри ҳақидаги фикрлари:

 Тесс учун

Бу ерларда айтишганидек,

кўрфазда сувлар кўпиради.

Тўфон бор, не бахтки, у ерда эмасман.

Кун бўйи Монс-Крик бўйида

қизил қармоғимни у ёқдан-бу ёққа отиб,

балиқ овлаганимдан бахтиёрман.

Ҳеч нима тутолмадим.

Қармоққа битта ҳам балиқ илинмади, бир дона ҳам.

Аммо зарари йўқ.

Ҳаммаси яхши эди!

Отангнинг паккиси ёнимда,

соҳиби Дикси деб чақирадиган

ит ҳам бироз ортимдан эргашиб юрди.

Вақти-вақти билан шундай бахтиё бўлардимки,

балиқ тутиш ҳам

эсдан чиқиб кетар эди.

Бир сафар кўзимни юмиб, соҳилда ётдим,

сувнинг сасига ва

шамолнинг дарахтлар учида ўйнашига қулоқ тутдим.

Кўрфазда эсаётган шамолдан ўзгача бир шамол.

Ҳатто бир муддат ўлиб қолмадиммикин дея ўйладим —

ва бу оддий ҳол эди,

ҳарқалай, бир неча дақиқа, ўлмаганимни тушуниб етгунча.

Кўзимни юмиб ётган пайтимда энди ҳеч қачон

ўрнимдан турмаслигимни, бу қандай туйғу эканлигини

тасаввур қилишим билан сени ўйлаб кетдим.

Кўзларимни очиб, ўрнимдан турдим

ва яна ўзимни бахтёр ҳис қилдим.

Сендан миннатдорман, тушуняпсанми?

Сенга шуни айтмоқчи эдим, шунчаки.

 

«Тесс учун» шеъри ҳақида

Бу шеър, рафиқам — шоира ва адиба Тесс Галлаҳерга бағишлаб ёзган севги мактубим эди. Мен уни 1984 йилнинг март ойида, Вашингтон штатининг Порт-Анжелес шаҳридаги уйимизда ёлғиз қолган кезларимда ёзган эдим. Мартдан олдин эса Нью-Йоркнинг Сиракьюс шаҳрида эдим; биз кўпинча ўша ерда яшаймиз, Тесс у ердаги университетда дарс беради. 1983 йилнинг сентябрида ноширим менинг ҳикояларимдан иборат «Ибодатхона» (Cathedral) номли тўпламимни чоп этган эди. Китоб босилиб чиққанидан кейин маълум вақт, то янги йилгача, шундай катта шов-шув ва тўполон кўтарилдики, диққатим тўзғиб, ҳеч қандай тарзда фикримни жамлаб ўз ишимга қайтолмай қолдим. Бу адабий тўполон ва ғала-ғовур Сиракьюсдаги одатий ижтимоий ҳаётимиз — дўстлар билан кечки овқатлар, кинолар, концертлар, университетдаги адабиёт маърузалари ҳамда шеърият оқшомлари устига устак бўлди.

Кўп жиҳатдан бу «айни» вақти эди, чиндан ҳам яхши дамлар эди, бунга шубҳа йўқ. Бироқ асабларимни тамом қилди. Хаёлимни ҳеч қанақасига бир жойга тўплай олмасдим. Тесс бу ҳолатимни кўриб, Порт-Анжелесдаги уйимизга бориб, бир муддат ёлғиз қолиб дам олишни маслаҳат берди. Эҳтимол, у ерда сокинлик ва оромни топар деб ўйлади. Етиб борибоқ ҳикоя ёзиш ниятида эдим. Аммо уйга етиб келиб, бироз тинчланиб олганимдан сўнг, ўзимни ҳам ҳайратга солган ҳолда, шеърлар ёза бошладим. («Ҳайратга солган ҳолда» деяпман, чунки икки йилдан кўпроқ вақт мобайнида шеър ёзмаган эдим ва яна ёза олиш-олмаслигимни ҳам билмасдим.)

Очиғини айтганда, «Тесс учун» шеъри автобиографик шеър эмас. Йиллар давомида балиқ овлаш учун қизил қармоқ тутмаганман ва Тесснинг отасининг пичоғини ҳам ёнимда олиб юрмайман. Ҳатто эгаси Дикси деб чақирадиган ит ҳам ортимдан эргашган эмас. Бироқ шеърдаги барча ҳолатлар у ёки бу пайтда ҳақиқатан ҳам содир бўлган, ҳаммасини хотирлаб ёздим. Лекин мана бу жиҳати жуда муҳим — шеърдаги туйғу (буни шунчаки сезгирлик билан адаштирмаслик лозим) ҳар бир сатрда ҳақиқийдир, шунингдек, у очиқ ва тўғридан-тўғри ифода этилган. Бундан ташқари, шеърдаги тафсилотлар жонли ва аниқ. Баён қилиш тарзига келганда эса, фикримча, шеър ўзига хос ва ишончлидир. (Фикрни давом эттириш учун шунчаки сўз ўйини ёки сунъий, мавҳум ва сохта-поэтик тил ишлатувчи шоирларга тоқатим йўқ. Ҳаётда бўлгани каби, адабиётда ҳам мужмалликдан ва ортиқча сўзбозликдан иложи борича қочишга ҳаракат қиламан).

«Тесс учун» ихчам бир ҳикояни сўзлайди ва муайян бир лаҳзани муҳрлайди. Унутмангки, шеър фақат ўз-ўзини ифода этишга уриниш эмас. Шеър ёки ҳикоя ўзини санъат деб аташга журъати етган барча адабий асарлар ёзувчи ва китобхон ўртасидаги мулоқот воситасидир. Ҳар ким ўз-ўзини ифода этиши мумкин, аммо адиблар ва шоирлар ўз асарларида асосий мақсади ўзлигини ифодалашдан кўра кўпроқ мулоқот ўрнатиш эмасми аслида? Юракдан туйилган эҳтиёж ҳар доим фикрларни ва энг теран ташвишларни сўзга кўчиришдан иборат бўлиб келган. Тил эса ана шу фикр ва ташвишларни бир шаклга солади, хоҳ тўқима, хоҳ шеърий бўлсин, китобхон бу туйғу ва ташвишларни англаб, ҳис этишига умид боғлайди. Китобхон томонидан тақдим этилган ўзгача тушуниш ва ҳис этишлар ҳар доим матнга ҳамроҳ бўлади. Бу муқаррар, ҳатто орзу қилинган ҳолатдир. Аммо ёзувчи етказиб бериши керак бўлган асл юк омборда қолиб кетса, у ҳолда, менга қолса, ундай асар ўхшамаган ҳисобланади. Назаримда, ҳар бир яхши ёзувчининг асосий мақсади ва етишишга интилган марраси тўғри тушунилишдир деб ўйлашимда жон бор.

Мен, аслида, фақатгина муайян лаҳзаларни кузатиш билан чекланиб, маълум бир онни тутиб қолишга ва сақлашга ҳаракат қилиб қолмадим. Шеърнинг ярмига етганимда ёзаётганим аслида севги ҳақидаги мактуб эканини англаб етдим (дарвоқе, бу мен ёзган саноқли шеърлардан биридир). Чунки шеърни ҳаётимнинг сўнгги ўн йилини бирга ўтказган аёлга, Тессга бағишлаш билан, унга Порт-Анжелесдаги ҳаётимдан шунчаки янгиликлар етказиш билангина чекланиб қолмадим. Бу ерда Эзра Паунднинг «адабиёт янгилик бўлиб қолувчи янгиликдир» деган сўзи хаёлимга келади — шу баҳонада у 1977 йилдан бери ҳаётимга кириб келгани учун миннатдор эканимни ҳам айтаётган эдим. У ҳаётимда очиқ-ойдин ўзгариш ясади ва турмушимни тўғри йўлга буриб олишимга ёрдам берди.

Шеър орқали айтмоқчи бўлган фикрларимдан бири айнан шу. Агар сўзим Тесснинг қалбига етган бўлса ва бошқа китобхонлар кўнглига ҳам туташган бўлса, ушбу шеърни ёзиш пайтида ҳис қилган кечинмаларимнинг бир қисмини уларга ҳам етказа олган бўлсам , мендан бахтли инсон йўқ!

Раймонд Карвер
Таржимон М.Йўлдошев.


29.07.2026

Ниёзий Мисрий


 

Дардимга дармон изладим...

    XVII асрнинг буюк тасаввуф арбоби, шоир ва муршиди Ниёзий Мисрий ҳақиқатни айтгани учун сургун қилинди. Аммо унинг овози асрлар оша ҳамон қалбларга етиб келмоқда. Унинг ҳаёти сабр, маърифат ва Ҳаққа муҳаббатнинг ёрқин намунасидир.

    Малатядан бошланган маърифат сафари

    Ҳалватия тариқатининг Мисрия тармоғига асос солган Ниёзий Мисрий (асл исми Муҳаммад ибн Али Чалабий) 1618 йилда Малатянинг Ишпўзи қишлоғида таваллуд топган. У илм аҳли хонадонида ўсди. Болалигидан Қуръони карим, ҳадис, тафсир, фиқҳ ва тасаввуф илмларини пухта ўзлаштирди. Илм излаш иштиёқи уни Бағдод, Қоҳира ва Истанбул каби ислом оламининг йирик илм марказларига етаклади. Қоҳирада у машҳур Ал-Азҳарда таълим олди ва илм берди. Бу давр унинг илм ва ирфондаги камолот босқичига айланди.

    «Илм инсонни юксалтирса, тасаввуф унинг қалбини поклайди.»

    Уммий Синон мактабида камол топган мурид

    Ниёзийи Мисрийнинг ҳаётидаги энг муҳим бурилишлардан бири Элмалида буюк шайх Уммий Синон хизматига кириши бўлди. Тўққиз йил давомида у нафс тарбияси билан машғул бўлди. Оддий хизматларни сидқидилдан бажарди: ўтин ташиди, тегирмонда буғдой чиқарди, ошхонада хизматкор бўлди.  Елкалари яра бўлди, аммо қалби нурга тўлди. 39 ёшида шайхи унга хирқа кийдириб, иршод қилишга ижозат берди.

    Шеърларидаги илоҳий муҳаббат

    Ниёзий Мисрий тасаввуф шеъриятининг энг ёрқин намояндаларидан бири ҳисобланади. Унинг шеърларида Аллоҳга муҳаббат, инсон қалби, нафс тарбияси ва маърифат ҳақида теран фикрлар мужассам.

    «Танда жоним жонда жононимдир Оллоҳ Ҳу деган,

    Дийда сиррим сарда субҳонимдир Оллоҳ Ҳу деган.»

    Унинг ҳар бир ғазали инсонни ташқи дунёдан кўра қалб оламини кашф этишга ундайди.

    Ҳақиқатгўй шайх

    Бурсадаги фаолияти давомида Ниёзий Мисрийнинг шуҳрати бутун Усмонли давлатига ёйилди. Султон Муҳаммад IV уни Истанбулга чақириб, Аё София масжидида ваъз қилиш вазифасини берди. Аммо унинг халқ дардини очиқ айтиши, давлатдаги порахўрлик, зулм ва адолатсизликни қаттиқ танқид қилиши айрим амалдорларнинг ғазабига сабаб бўлди. У айбдорларни яширмади, ҳатто уларнинг исмларини ҳам тилга оларди.

    «Ҳақ сўз баъзан энг оғир жазога сабаб бўлади.»

    Сургунга етаклаган жасорат

    Ниёзий Мисрийнинг сургун қилинишига сабаб бўлган воқеалардан бири овоз чиқариб зикр қилиш масаласи эди. Ванлик Меҳмад Афанди бу амални тақиқлаганда, Ниёзий Мисрий бу қарорга қарши чиқди. Саройдаги таъсирли шахслар босими остида у Лимни оролига сургун қилинди. Бироқ у ҳақиқатдан чекинмади. 

    Занжирли синов йиллари

    Лимни оролида кечган йиллар унинг ҳаётидаги энг оғир давр бўлди. Манбаларга кўра, у  айрим кунлари оч қолган, овқатига заҳар қўшилган, мунтазам таҳқирланган, ёзиш ва сўзлашга имкон берилмаган,  душманлари томонидан доимий равишда азобланган.  Шунга қарамай, у сабр қилди. Унинг қалами ҳам, тили ҳам Ҳақни зикр қилишдан тўхтамади.

    «Дардимнинг ўзи дармон экан...»

    Ниёзий Мисрийнинг энг машҳур ҳикмати бугун ҳам миллионлаб инсонларга тасалли бўлмоқда.

    «Дардимга дармон изладим, дардим манга дармон экан.»

    Бу сўз тасаввуфда инсон бошига тушган мусибатлар ҳам маънавий камолот учун неъмат эканини англатади.

    Сўнгги нафас ва васият

    1693 йилда Лимни оролидаги масжид меҳробида Ниёзий Мисрий Руҳи Раҳмонга қайтди. Ривоятларга кўра, у:

    «Мени оёғимдаги занжир билан бирга дафн қилинг.»

    деб васият қилган. Унинг қабртошида ҳам шу занжирнинг тасвири акс этган.  Бу занжир нафақат жисмоний асорат, балки ҳақиқат йўлида чеккан машаққатларнинг рамзи сифатида ҳам қабул қилинади. Ниёзий Мисрийнинг шеърлари ва ҳикматлари орадан уч юз йилдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, ҳали ҳам қалбларга нур бағишлаб келмоқда. Ниёзий Мисрий фақат тасаввуф шоиригина эмас. У ҳақиқат учун курашган, адолатни ҳимоя қилган ва оғир синовлар қаршисида ҳам иймонидан қайтмаган буюк муршиддир. Унинг ҳаёти ҳар бир инсонга шу ҳақиқатни эслатади: Ҳақ йўлида юрилган ҳар бир қадамнинг баҳоси бор. Аммо сабр ва ихлос билан босилган йўл инсонни Аллоҳнинг розилигига етаклайди.

    Қуйида шоирнинг бир ғазалини илк бор ўзбек тилида тақдим қиляпмиз:

Зот-и Ҳақда маҳрам-и ирфон бўлган англар бизни,

Илм-и сирда баҳр-и бепоён бўлган англар бизни

 

Бу фано гулзорида булбул бўлганлар англамас,

Важҳ-и боқий ҳуснига ҳайрон бўлган англар бизни.

 

Дунёю уқбони таъмир айламоқ осон эмас,

Ҳар томони тўкилиб вайрон бўлган англар бизни.

 

Биз шундайин абдолмиз ташладик бору будни,

Борлиғидан айрилиб урён бўлган англар бизни.

 

Зоҳидо хушёр экан англаёлмассан бизни,

Журъаи софий ичиб мастон бўлган англар бизни.

 

Орифнинг ҳар бир сўзин тинглагани инсон керак

Бу жаҳонда ўйламанг, ҳайвон ҳам англар бизни.

 

Қаҳр-у лутф-у ашёни бир билмаган тортгай азоб

Ул азобдан қутулиб султон бўлган англар бизни.

 

Эй Ниёзий қатрамиз дарёга оқдик биз бугун,

Қатра қандай англасин уммон бўлган англар бизни.

 

Халқни қўйиб ломакон томон манзил тутайлик,

Мисрийга шул жонларга жонон бўлган англар бизни.

М.Й.
29.0.2026

25.07.2026

НИҚОБ

 


НИҚОБДА УНУТИЛГАН ЎЗ

эрта тонгда соат бонг урар

давом этар яна ўша томоша

режиссёр?..

йўқ, кутма, бефойда

гардеробдан танлаб олавер

бугунингга мос табассумни

ёдингдан чиқмасин саломлар

баъзида ёзғириш, ғавғолар

хайрлар омонат

ишқилиб, саломат бўлсин-да ниқоблар

жиддийлик ишхонага мос

яқинларга тинчлик бўлса бас

соат чиқиллайди,

миллар айланар,

тасмалар алмашар онма-он

ролингни уддала, фурсат йўқ

ҳаёт саҳна эмас, гримхонадир

кўча-куйда, бекатларда ҳам

ниқобингни алмаштиравер

атрофингда ҳамма актёр

ҳамма ўз монологини ўқиш пайида

ҳеч ким бошқасини эшитмаса ҳам

қойиллатиб ижро этгиси келар

ниқоб кийган ахир, бошқа фурсат йўқ

репликалар луғатлардан

ҳаракатлар алгоритмдан

ё ўғирланган ё тақлид бари

парда ёпилгунча шу бўлар такрор

чироқлар ўчади бордир интиҳо

ёлғиз қолган одам

тунда ўз овозини қидирар бешак

аммо сукут сасланар шунда

овоз эмас, ўзингни қидир

қай ниқоб остида унутдинг ўзни

савол очиқ қолар шубҳасиз

ҳар ён аланглайди нажот йўқ

ўз нима, ўз қани, у қандай ашё

билмайди ёҳу

у ҳаётни, умрни, онни

шунчаки

репитиция деб билади чунки...

 М.Й. 25.07.2026


24.07.2026

Ғазал манзили

 



Дунё ажиб бир жойдир...

 

Бу кўҳна даҳр аро макру маломат бор, аён, аммо,

Кўнгиллар истаган соф бир саодат йўқ, амон, аммо.

 

Югурдинг молу дунё деб, кафандин ўзга не топдинг?

Бу бозор ичра нафс бисёр, хижолат йўқ, амон, аммо.

 

Адолат истасанг, аввал ўзингни тартиб эт, банда,

Тилинг зикрда-ю, дилда диёнат йўқ, амон, аммо.

 

Шошил, умринг оқар сувдек, ғанимат бил бу дамларни,

Уйғон хоби ғафлатдин, надомат йўқ, амон, аммо.

 

Аё Маъруф, бу не савдо, жаҳаннам ўтини олдинг,

Бу қандайин тижоратдир, ғанимат йўқ, амон, аммо.

 

***

 

Бу вайрон даҳр аро зулму хиёнат бор, адолат йўқ,

Киборлар маст, авом ҳоли залолат бор, надомат йўқ.

 

Ғариб нон излаган юртда, ким ўз нафсига қул бўлмиш,

Саройлар ичра ёлғон сўз, ривоят бор, дироят йўқ.

 

Тириклик дардида эл на қилсин, титрагай жонлар,

Ажаб, бу кўр бозор ичра тижорат бор, ҳаловат йўқ.

 

Қалам хор, илму ирфон кам, жаҳолат тахти баланддир,

Мазахбоз тўрида, аҳли фаросат бор, мақомат йўқ.

 

Мунофиқ бош бўлса агар, ҳақиқат дор остидадир,

Бугун виждон сотилмишдир, тиловат бор, ибодат йўқ.

 

Вафо аҳли ғариб ўтди, садоқатдан нишон йўқдир,

Дили вайроналар ичра алам бордир, шикоят йўқ.

 

Нечук жимсан, аё Маъруф, маҳшар яқин, сўзинг сўйла,

Бугун дилларда адоват, ғаразлар бор, ҳидоят йўқ.

***

 

Лабим Замзамга тегди, лек юрак ёнди, қаноат бер,

Қиёмат чанқасам маҳшар, Раббим ўзинг қаноат бер.

 

Кўзимдан ёш оқар Каъбанг пойида, титрагай жисмим,

Бу чанқоқ қонгайми, ё Рабб қиёматда қаноат бер.

 

Ҳама мағфират истайди, кима давлат, кима манфаат,

Менинг оч нафсимга маҳшар куни тўқлик-қаноат бер.

 

Беҳиштинг кавсаридан қултумталаб қулингдирман

Муҳтож этма бировларга, Ўзинг шунда қаноат бер.

 

Нечук бағринг аламли, Маъруфим, Замзам булоғида,

Умидинг узма Раҳмондан ва руҳингга қаноат бер.

 

***

 

Ғам тўла бу қалбимни ғамдин этар озод ишқ,

Ҳар хароб бўлган кўнгилни айлагай обод ишқ.

 

Кечдим ўткинчи дунёю хою ҳавас, саробдан,

Чин саодат масканин топмоққадир имкон ишқ.

 

Тилда сохта дўстлиги, дилда макру зулмати,

Бу авомнинг макрини айлар буткул барбод ишқ.

 

Кўз ёшим Замзам каби оққан муқаддас хок аро,

Осий банда қалбига бўлди азал бунёд ишқ.

 

Кет, эй Маъруф, хилват изла ёт диёрлардан мудом,

Кимки Ҳақни топса агар, айлар уни дилшод ишқ.

МЮ.18.07.2026