4.03.2018

Яшилмиди, сариқмиди? (ҳикоя)



ЯШИЛМИДИ, САРИҚМИДИ?

(ҳикоя)
Кенжабой кечаси билан ариқ бошидан келмади. Шундай қилмаса сувни биров буриб кетиши мумкин. Сувсиз қолса экинларидан айрилиши турган гап. Ўзи маҳалладаги ариққа ҳафтада бир марта сув келяпти. Шу ҳам талаш-жанжал. Маҳалла оқсоқоллари навбат ташкил қилиб қўйишган. Лекин тунда баъзи ноинсофлар бенавбат сувни буриб кетишади. Сув тутадиган одам ариқ бошида туришга мажбур. Кенжабой уйга кириб келганида хотини Ҳадича: “ариқ бошида ўтириш шартмиди, сувни очиб қўйиб келавермайсизми, ахир, ҳамма навбатини билади-ю” деди эрига ачинган бўлиб. Эр эса жавоб қайтаришниям эп кўрмади, ичидан “одамларда инсоф қоптими, навбатига қараб ўтиргани?” деб нолиган бўлди. Юз-қўлини ювиб сўрига ёнбошлади. Ҳадича унга чой узатгач, сўради:
– Шу маҳалгача битта ўзингиз сув пойлаб ўтирдингизми, жингилзорда?
– Мени жин урармиди, Ҳачча? деди нон чайнаб Кенжавой.
– Ўша жингилзордан кундузи-ям қўрқаман. Томорқага кетаётганда доим калима қайтариб ўтаман.
Кўзи учиб турибдимикан сени ураман деб?
– Мапир дуванага ўхшаб оғзим қийшайиб қолса кейин нима қиламан?
– Жинларниям эси бордир, Ҳачча.
***
Катта ариққа етмасдан далани иккига бўлиб ўтган зовурнинг ташлама атрофи наматак билан қопланган. Уни ҳеч ким экмаган, биров парвариш ҳам қилмайди, мевасини термайди ҳам. Одамлар бу ерни жингилзор дейишади. Хосиятсиз жой деб билишади. Бу ердан бемаҳалда ўтганларнинг оғзи қийшайиб қолгани ё ажина чалиб кетгани ҳақида ривоятларни пичирлаб айтиб юришади. Маҳаллада уларнинг ривоятлари учун асос бўладиган бир девона аёл бор. У билан боғлиқ турли ривоятлар юради қишлоқда. Мапир дувана дейишади уни. Асли исми Маҳфират, бой-бадавлат оиланинг қизи экан. Бир куни шомда жингилзор яқинидан ўтиб кетаётса, ўзидан қандайдир яшил нур таратаётган одамлар уни ичкарига чақиришибди. Маҳфират ғайриихтиёрий тарзда жингилзорга кириб ғойиб бўлибди. Миршаблар бошчилигида бутун қишлоқ уни қидирибди. Орадан уч кун ўтгач, жингилзордан оғзи қийшиқ ҳолда чиқиб келибди. Ўша ерда ухлаб қолганмиш. Кўрсатмаган дўхтири, табиби, дуохони қолмабди. Ҳеч қандай фойдаси бўлмабди. Сўраганларга “қандайдир ям-яшил, йўқ сапсариқ эди ё оқмиди? Ҳа-ҳа ям-яшил эди, сарғиш йўў оқиш” деб такрорлайверади. “Ниманинг ранги яшил?”, деганларга “Томдагиларнинг” деб жавоб бераркан. Ота-онаси дунёдан ўтиб кетишгач, у ҳам уйини тарк этиб дала томонда эски бир шийпонда яшаб юради. Кимнинг йўли ўша томонга тушса, Мапир дуванага нон, қанд-қурс, мева-чева ташлаб ўтади. Ўтган-кетганга ҳалиям “яшил эди, йўқ сарғиш, йўқ оқ эди” деб айтиб ўтираркан
***
– Ҳачча, тушга ишонасанми?
– Ҳа, лекин ҳаммасигаяммас. Тушга нималар кирмайди, дейсиз? Нимайди?
– Ўзи...
– Ҳа, айтинг, энди. Нима туш кўрдингиз? Ё тушингизда биров ўлиб-нетиб қоптими? Ё мен. Э, айтақосангизчи!
– Эээ, бўлди қилеее. Жинни-пинни бўганми бу нима бало. Тушга ишонасанми, деб сўрадим. Жавоб “ҳа” ёки “йўқ”. Бор-йўғи шу!
– Ваҳимали қилиб айтдингиз-да.
– Ўзинг ҳамма нарсани тескари тушунасан. Тушни яхшиликка йўйиш керак. Ёмон туш кўрсанг ҳам яхшиликка йўй. Мана, масалан, мен туш кўрдим. Бирмас икки марта бир хил туш кўрдим.
Кенжабой чойини ичиб, пиёлани дастурхонга тўнтариб қўйгач, ўрнидан турди. Чопонини кийиб, бир учини белбоғига қистирди. Офтобда ранги чиқиб, ёғ ва кирдан ялтираб кетган, эскириб бурчаклари билинмай кетган дўпписини бир икки силкалаб бошига қўндирди. Қоғозга ўроғлиқ носвойдан кичик шишасини тўлдириб олди. Кафтига қўйган носвойини тилининг тагига отиб ҳовлига чиқди. Хотинига эмас, худди ўзига-ўзи гапиргандек паст овозда деди:
– Қўрадан хабар олайчи, Турсинбой мол-ҳолларга емини бердими? Ит ҳалиям занжирланмабди-ю. Айтмасам ўзи билиб қилмайди, бу бола. Телевизорни пультига ўхшайди. Оллони тилсиз қулларини оч-сувсиз қолдириб бўмайди.
Ҳай, тушингизни айтмадингизууу.
***
Қишлоқда ишлар оғилда бошланиб, оғилда тугайди. Эрталаб тургандан илк қилинадиган иш мол-ҳолдан хабар олиш бўлади. Ўзингиз нонушта қилмасдан аввал молларнинг емини-сувини беришингиз керак. Оқшом яна ўша ишлар такрорланади. Мол-қўйларга ем бериб таги тозаланади. Шилтада ётмасин деб, қуритиб майдаланган гўнг ва тўпон солинади. Гўнг ҳам исроф қилинмайди. Ўрага жамланади, яхшилаб бижғигандан кейин кўмир қуми қўшиб таппи қилинади. Қуриган таппилар ем пишириш учун ишлатилади. Қишнинг совуғида, баҳорнинг намгарчилигида ўтин кесиб овора бўлмайсиз. Ўчоққа беш-олтита таппини ташлаб озгина керосин қуйиб гугурт чақсангиз бўлди. Бир қозон емни пишириб беради. Моллар емини еб бўлгунча, оғил супириб-сидирилади. Кейин эртанги кун учун тайёргарлик бошланади. Аввал ўтлар жодида майдалаб қирқилади. Молларга катта-катта қилиб кесилса ҳам бўлаверади. Қўйларга эса имкони борича майдалаб қирқиш керак. Бўлмаса ўт исроф бўлади. Ўт кесиш икки кишилик иш. Бир киши ушлаб турса, иккинчи киши кесиши керак. Кесиш нисбатан осонроқ. Ўтни жодига қўйиб берадиган киши ўтни боғидан ажратиши, жоди кеса оладиган даражада ихчам қилиб ушлаши, тўкилганларни тўплаши керак. Шунинг учун кесиш талашилади. Адолатли бўлиши учун навбат ташкил қилинади. Кесиб бўлинган ўтлар чойшабларга солиб тугиб қўйилади. Ўтлар саранжомлангандан кейин навбат сомон билан похолга келади. Сомондан кўра похолни кесиш осонроқ. Ушлаб турувчига ҳам похол қулай. Тўкилиб-сочилмайди, қўлга ҳам қаттиқ ботмайди. Сомоннинг тўкилиб-сочилиши ҳам гапку-я, чанги ёмон. Димоққа ёпишиб ачитади. Иккаласи ҳам майдалаб кесиб бўшаган жомларга аралаштириб солинади. Устига катта тошлардан бостирилади ва сув қуйилади. Эрталабгача сувда ивиб туради. 
***
Кенжабой оқшом ивитилган сомонни сувини силқитиб бошқа тоғорага олди. Ивитилган сомоннинг ҳиди тутиб кетди атрофни. Ачқимтир аммо юмшоқ ҳид. Сувда узоқроқ қолиб кетса, ҳид ҳам оғирлашиб кетади. Ер қозонда пишириб тайёрлаб қўйилган аталани челакка қуйиб олиб келди. Тоғорадаги сомонга оз-оздан қуйиб аралаштирди. Сувда ивиган сомонга иссиқ аталани қўшганда ҳавога димоғни қитиқлайдиган чучмал ҳид тарқайди. Кенжабой ҳар гал сомонга атала аралаштирганда замон пардаси ўртадан кўтарилгандек бўлади. Бир маконда тургани ҳолда қандай қилиб бир неча фарқли замонда пайдо бўлаётганига ҳайратланади. Хаёлдан ўтказганми, деса бу ҳақда ўйламайди. Сомон устидаги тошни олиб жом ёнига қўйгач, сомон сувини тўка бошлайди. Туриб қолган чой рангидаги сув томорқага оқизилади. Ачқимтир аммо юмшоқ ҳид енгил қанотлар қоқиб тепага кўтарилади. Кенжабой ҳам ўша ҳидлар билан бирга кўтарилиб юксаклардан замонлар ортига боқади. Ҳамма нарса унутилиши мумкин лекин суякларингга ўтириб қолган ҳид унутилмас экан. Отаси ҳам худди унга ўхшаб ем тайёрларди. Шу чучмал-ачимсиқ ҳидни секин ичига тортиб “адай бўпти” деб қўярди. Отасининг ем тайёрлашини кўп кузатган. Отаси сомонга аталани аралаштириб бўлгандан кейин кўксини қабартиб нафас оларди, унга қўшилиб, баъзан ундан олдин “адай бўпти” деб қўярди. Буни эшитганда Кенжабой тоғораларни олиб кела бошлайди. Баъзан отаси “жиндай боракан” дерди. Кенжабой учун бу гап “қумғонни олиб кел” дейиш билан баробар. Чопқиллаб бориб илиқ сув тўлдирилган қумғонни олиб келади. Отаси қўлини ювиб, бошқа ишларига берилади.
***
Кенжабой бирдан тўхтади. Бошидаги эскириб-ўнгиган, бурчаклари кўринмай кетган дўпписини олиб кафтига бир-икки урди. Қўра четида ўсган аччиқ мағиз ёнғоққа хаёлчан боқиб дўпписини кийди. Ташқаридан кузатган одам уни гўё сеҳрли қалпоқ кийяпти деб ўйлайди. У шу тобда кўчадаги ариқ бўйидан қобиғини эндигина ёриб чиққан сарғимтил ёнғоқ ниҳолини олиб келиб шу ерга эккан пайтларини ўйлаётгани йўқ. Тез ўсиб, ўзининг бўйига етай деб қолганида эшаги еб қўйгани ва болта кўтариб эшакни қувганини ҳам эслаётгани йўқ. Хотини “аччиқ мағиз экан, кесиб ташланг” деб ғишава қилганида “сени қўйсам қўяман, бу ёнғоқни кесмайман” деганларини ҳам хаёлидан ўтказаётгани йўқ. Бугун кўрган тушини эслашга уринарди. Ҳамда икки марта кўрган тушини... Аниқ-тиниқ кўз олдида тургандек, аммо нега сўз шаклида тасаввур қилолмаяпти. Манзара миясининг ғижимлари орасида ёйилиб ётибди-ю нега бирлаштириб бўлмаяпти. Нигоҳининг учларида турибди, худди курмак япроқлари учида тўкилай-тўкилай деб турган шудринг томчилари мисоли. Тилининг учида турган аммо сира сўзга айлонолмаган туйғалари каби. Бордек аммо йўқдек. Бир эмас икки марта кўрган тушини. Уйғонганида унутмаслик учун дастрўмолининг учини тугиб қўйган ва яна бироз мизғий деб ётган жойида такрор эслаган тушини. Ҳалигина хотинига айтиб бериш учун оғиз жуфтлаганида энг майда жиҳатларигача эсида турган тушини эслолмаётганди. Ўзи эккан дарахтнинг чанг босган япроқларига, майдалашиб кетган ёнғоқларига қараб бир шохда қанча мева борлигини санай кетди. Саноқ йигирмага бормай унутилган тушининг тасаввурида қолган зарраларига кўзларини каттароқ очиб тикила бошлади. Нигоҳининг учларидан тўкилиб бораётган тушларининг қўлчаларидан ушлаб қолишга уринарди. Ушлаб қолишнинг имконсизлигини англаб титраб кетди, энди фақатгина уларни сўнгги бор кўриб қолиш учун кўзларини яна-да каттароқ очаётганди. Кўзини юммасликка ҳаракат қиларди, гўё туши киприкларидан тўкилиб кетадигандек.
Кенжабой омонат одимлар билан ортига қайтар экан, ерда ётган бир дона бириктирмача[1] бўлагини кўриб тўхтади. Уни қўлига олиб айлантириб томоша қилди. Икки ёнидан чиқиқ, икки тепа томонидан ўйиқ бириктирмача бўлагининг олд томонида аллақандай жисмга алоқадор ранглар бор. Қандайдир яшил, сариқ, оқ аралаш ранглар бор холос. Ажаб, бу ниманинг ранглари экан, деб хаёлга толди. Парчаларнинг жами неча дона бўлганига қизиқди. Манзара тамомланмай қолгандир шу парчасиз, деб ўйлади. Шу биргина парчасиз бутун бошли манзара чала қолиб кетгандир. Кейин чала қолган, ҳеч қачон бутун бўлолмайдиган манзарани эгаси ахлатга ташлаб юборгандир. Ёки у ёқ бу ёқда парча-парча бўлиб ётгандир, ҳеч қачон яхлит бўлолмайдиган сирли манзара. Худди менинг тушларим каби қандайдир ранглар бор, қандайдир жисмлар ҳам бор аммо уларни бирлаштирувчи парчалари йўқ.
Кенжабой сўзнинг кучини англаган эди. Кўрганларининг ҳар бирининг номини айтиб чиққанида унутилмасди, жазирамада афальтга тўкилган сувдай парланиб кетмаган бўларди, деб афсусланди. Мапир дуванани эслади. Унга ачинди. Бутун умри ўзи кўргану аммо нима эканлигини англолмай, англатолмай яшашнинг нақадар даҳшатли бўлишини ўйлаб ачиниб кетди.
Сўрига яқинлашганида хотини сўради:
– Нима туш кўргандингиз? Одамни қийнамай айтиб қўя-қолинг, энди!
– Қандайдир, қандайдир ям-яшил, йўқ сапсариқ эди ё оқмиди? Ҳа-ҳа ям-яшил эди, сарғиш...
– Нима?
– Нима, дема, ким дегин, хотин, ким...
– Ким?
– Томдагилар...
– Вой, дадаси сизга нима бўлди? Вой, шўрим. Сизга нечча марта айтдим, шу бехосият жингилзордан ўтманг деб. Сув ўлсин-а, сув ўлсин. Нима қилардингиз кечаси билан қолиб. Келинг, манави ерга ўтиринг, ҳозир Тўпи холани айтиб чиқаман ўқиб қўяди... Турсинбой, чиқ, сен дадангга қараб тур мен Тўпи холангни чақириб чиқай.
Ҳадича калима қайтариб дарвоза томон юрди. Эшикни очиб қўрқувдан бақириб юборди. Кенжабой билан Турсинбой жон ҳавлида югуриб келишди. Ҳадича ҳалиям турган жойида калима қайтарарди: “Ла илоҳа иллоллоҳ, Муҳаммадур расулиллоҳ...” Кенжабой ариқдан сув олиб хотинининг юзига сепди. Ҳадича яна бақирди:
– Э бўлди-е, устимни шалаббо қилиб ташладингиз. Анави Мапир дувана ўлгур дарвозани тирқишидан қараааб турган экан. Шунга қўрқиб кетдим. Эшикни очишим билан хиринглаб қочиб қолди.
Кенжавой катта йўлга чиқиб дала томонга қаради. Узоқда жулдур кийимларда Мапир дувана кетиб борарди. Асфальтдан кўтарилаётган парлар қандайдир, яшилми, сариқми ё оқмиди, жимирлаб, товланиб, сароблар ҳосил қиларди...
Маъруфжон Йўлдошев "ЗАРЧОДИР ОСТИДА" 
туркумига кирган ҳикоялардан. 
(Камалак, 2017)


[1]Бириктирмача – пазл, расм-топишмоқ