20.02.2023

 


ДЎППИ

Муаллим дарс бошлашдан аввал столга Марғилон ва Қўқон нусха дўппиларни қўйди. Сумкасидан бир альбом чиқарди. Унда ҳам турфаранг, турфа нақшли дўппилар расми жамланган эди. Дарс анжомларини жойлаб бўлгач, вазмин оҳангда сўз бошлади:

- Талабалар, бугунги дарсимиз, бош кийимлари, хусусан, дўппилар ҳақида бўлади. Дўппи нима дегани? Қачондан бизда урф бўлган? Қандай тайёрланади? Нақшлари нимани англатади? Нега бугун дўппи кийиш йўқолиб боряпти? Бугун шулар ҳақида гаплашамиз.

- Устоз, дўппи, дўппи дейсиз, лекин у кийгани ноқулай, чўнтакка ҳам солиб бўлмайди, қишлоқда кийишади кўпроқ...

- Ҳа, Шомуродов, бу ер шаҳар бўлса, қишлоқиларга ўхшаб дўппи кийиб юришимиз керакми, дейсан-да, а?

- Ундай демоқчимасманууу, лекин нақшлари ёқмайди, демода, эскирган... Ҳаммада бир хил. Ҳозирги кунда Богема услубидаги кийим-бошлар мода, инсон характерини акс эттирадиган қулай, ташиш осон бўлган кийимлар урф бўлган. Дарсга кирганда сумкага солиб қўямиз, ташқари совуқ бўлса, ёмғирми-қорми демасдан кийиб кетаверамиз. Дўппини ёмғирда кийиб бўлмайди. Целофанни ичига солиб кийиб юришади баъзилар...

- Тўғри, дўппи эътибор талаб қилади, эҳтиёт қилиб киймасанг унниқиб, тезда кийишга яроқсиз бўлиб қолади. Шапка деганинг бир парча матодан кесиб тикилади. Уни қор-ёмғир демасдан ишлатаверасан, қулай, тўғри.  Лекин дўппи шунчаки мато эмас. Сен бошингда кўтариб юрган дўппи шунчаки бош кийим эмас, ота-боболарнинг фалсафаси, дунёни англаш тарзи. Дунёдан хабардор қилиш учун қолдирилган мерос.

- Қандай? Нимаси фалсафа унинг?- деди норози оҳангда Рустам.

- Мана бу бодомсимон нақш аслида дунёнинг яралиш достонини англатади. “Катта портлаш” натижасида коинот зарраларга айланиб кетган.  Ибтидо мана шу нуқтадан  бошланган. Шу йўналишда ҳаракат давом этяпти. Бир куни яна шу ибтидога қайтамиз. Лекин унгача яна анча масалалар бор. Ичидаги юмалоқ ва чизиқсимон нақшлар эса сайёрадаги уч буюк фалокатни акс эттиради.  – деди ўқитувчи кўрсаткич бармоғини дўппи нақшлари устида айлантириб.

- Зилзилаларними? – баланд овозда савол ташлади Ўктам.

- Йўқ, Ўктам ўғлим, зилзилалардан каттароқларини. Сабр қилсанг ҳаммасини айтиб бераман. Ҳозир эса дўппи нима дегани, тарихи ҳақида гаплашиб олайлик.

Муаллим болалар эътиборини тортиш учун ўртага савол ташлади:

- Хўш, дўппи нима дегани?

Болалар ўзлари билганича жавоб беришди. Муаллим қаноат қилмади чоғи ўзи сўз очди:

- Бош кийимлар узоқ тарихий давр давомида шаклланиб, халқ яшаган жўғрофий муҳит, унинг хўжалик шакли, ижтимоий муносабатлари, маданияти, этник катламлари ва бошқа қатор омиллар билан боғлиқ ҳолда ўзгариб, шаклланиб борган. Бошқача айтганда, кийиниш маданияти узоқ тарихий-тадрижий йўлни босиб ўтган. Халқ турмушига мослаб ишлаб чиқариш ривожланган ва бунинг давомийлиги натижасида анъанавийлик юзага келган. Халқона миллий либосларнинг шаклланишида ташқи табиий мухит, халқ фалсафаси, маданияти, ижоди, диний эътиқоди ва миллий анъаналари каби турфа хил омиллар муҳим ўрин тутган. Айниқса, дўппиларнинг пайдо бўлиши ва турларининг кўпайишида кишиларнинг турмуш тарзи, меҳнат ва иқлим шароитидан ташқаари, уларнинг маданий ривожланиши, эстетик дидининг ўсиши, билим ва тажрибалари кабилар ҳам асосий омиллардан ҳисобланган. Қадимги даврлардаёқ бош кийимига қараб халқларнинг этник ва локал гуруҳларини фарқлаш мумкин бўлган. Биргина Бойсуннинг ўзида қуёш ва оламни рамзловчи 20 дан зиёд дўппи турлари мавжуд. Уларнинг ҳар бирида халқ тафаккурининг ҳосиласи, олам ва одам бирлигининг рамзи акс этади.

- Ўзи дўппи “дўп этиб киймоқ” деганими? - сўради Фозил.

- Йўқ, Фозил болам, дўппи “тепа” сўзи билан боғлиқ. Қадимда саллага ўхшаб ўраладиган гумбаз шаклида бўлган. Аста-секин у иқлимга кўра ўз шаклини ўзгартирди – пахта ёки ипак билан тикилган ва ҳатто атлас ёки бахмал олтин иплар билан тикилган чўққили, конуссимон, думалоқ ёки тўртбурчак кўринишга келди. Бугун асл маъноси ўзгаришга юз тутган, изоҳли луғатларда унинг авра-астарли, кўпинча қавима, пилта урилган, тепа, кизак ва жиякдан таркиб топадиган гулдор ёки гулсиз, тўгарак ёки тўртбурчак шаклдаги бош кийими эканлиги қайд қилинади. Бахмал дўппи, гилам дўппи, чуст дўппи, зар дўппи, куёв дўппи, бодоми дўппи, чуқур дўппи ва бошқа номлари бор. Жойига қараб ҳам ҳар бир шаҳар-вилоятнинг ўзига хос дўппилари бор. Эркаклар дўпписини тайёрлашда асосан қора сатин ёки бахмалдан фойдаланилади. Аёллар дўпписига шойи, бахмал, парча матолар ишлатилади. Юртимизда дўппилар бош кийим сифатида ўрта асрлардан бошлаб кенг тарқалган. Дўппи тикиш санъати қўлдан-қўлга, авлоддан-авлодга, онадан-қизига ўтиб келадиган меърос ҳисобланади. Дўппиларнинг тикилишини ўрганиш учун кейинги дарсда дўппидўзлар корхонасига борамиз.  Дўппи тикишда ишлатиладиган ҳар бир сўзнинг маъносини ёзиб олишингиз керак бўлади. Ривоятларда айтилишича, Фарғона дўпписининг тўрт бурчагида акс этган қалампирмунчоқ эркак кишининг тўрт мучасини ҳимоя қилар экан. Нақшлар ёнидаги ўн олти пештоқли ҳошиялар эса унинг оиладаги мақомини, оила мустаҳкамлиги ва серфарзандликни ифодалар экан. Эркаклар дўпписиз ҳолда масжидга ҳам, тўй-маракага ҳам киришмаган.

- Дўппини ноқулайлиги нам тегса ранги ўзгаради. Шунга кўп кийилмайди, -деди талабалардан бири.

- Қара, мана бундай қилсанг букланади, чўнтагингга соласан, яна керак бўлганда осонгина очилади. Бундан бошқа яна қандай қулайлик бўлсин? Мана бу бир хил шаклдаги нақшлар илоҳий адолатни ифодалайди. Адолат бўлсагина дунё туради, адолат бўлсагина низом-интизом бўлади.

Муаллим қўлидаги тахланган дўппини кўрсатиб деди:

- Нимага ўхшайди?

- Тоғга, тоғ чўққисига, - деди бир неча талаба.

- Ҳа, баракалла,  тепада тоғ чўққиси, пастда қора жияк заминни, устида илоҳий адолатни, ундан тепада оламнинг яралиш қонуниятини, энг тепада эса чўққи – дунёнинг томи. Буларнинг бари тенглик, баробарлик ва адолат тимсоли асосига қурилган. Дўппи тахланганда торликни, қийинчиликни, заҳмат-машаққатни, очилганда эса кенгликни, юртни, пир-бадавлатликни, омонликни ифодалайди.  Ҳар қандай ҳолатда ҳам илоҳий адолат унутилмайди.

- Бор-йўғи бошга кийиладиган кийим бўлса, шунча муболаға қилиш шартмикин? - гапга аралашди биринчи партада ўтирган Салима.

- Эҳ, қизим-а, дўппи деганимиз шунчаки бошни иссиқ-совуқдан сақлайдиган кийимгина эмас, ота-боболаримиз ундан баъзан миқдорни, баъзан чамаю таҳминни билдиришда фойдаланганлар. Баъзан эса инсон руҳиятига даҳлдор туйғуларни ифодалайди. Дунёнинг ҳеч бир халқида бош кийими унинг ҳаёт тарзига, тасаввурларига бу даражада сингиб кетган эмас.

Халқимизда “Бош омон бўлса, дўппи топилар” деган мақол бор. Халқнинг донолигини қара, соғлиқдан бошқа ҳамма нарсани, яъни уйни ҳам, от-аравани ҳам, мол-дунёни ҳам битта қилиб “дўппи”га жойлаяпти. Меҳмон келса, рухсат бермай “дўппидек ош қиляпмиз” деб меҳмонни ҳам хижолатдан қутқариш йўлини топяпти.  “Дўппидеккина” дея дунёни авайлашини қаранг, баъзан хурсандчилигини “дўпписига сиғмай кетиб” “дўпписини осмонга отиб” ифодаласа, чуқур ўйга толганида “дўппини ерга уриб” ёки “дўппини олиб қўйиб” ўйлашига нима дейсиз? Энг муҳим гапини “дўпписига қистириб” қўйишни одат қилган; жуда мақтангиси келиб кетса “дўппини яримта қилиб (қийшайтириб)” ёки “дўппини дол қилиб” кийиб, айтмоқчи бўлган гапини дўпписи билан кучайтирадиган халқ қаерда бор бошқа? Зарур пайтларда атрофдагиларни  “дўппини тагида одам бор” деб хушёрликка ундайдиган “бошида дўпписи, белида белбоғи” зийрак йигитлар яна қайси халқда бор?

Хуллас, дўппи ор-номус дегани, дўппи оталар руҳига қасамёд дегани. Дўппи кийиб юришнинг маъниси, “Мен бор эканман, аждодлар ёди ўлмайди!” дегани аслида. Йигитлар учун синов, қизлар учун кўнгил изҳоридир дўппилар. Бошингда кўтариб юрганинг дўппи эмас ДУНЁдир, болам.

Саволига тўлиқ жавоб ололмаганидан сабрсизланаётган Ўктам ўрнидан туриб савол берди:

- Устоз, бодомсимон нақшлар ичидаги рамзлар ҳақида гапириб бермоқчи эдингиз...

- Америка ҳинду қабилаларидан бирининг тилида кояанискани деган сўз бор экан. Бу “сочилиб кетган оламни йиғиб, тўпламоқ” дегани экан. Одамзоднинг энг буюк амали тунга бориб сочилиб кетган оламни ва одамни ҳар куни тонгдан тўплаш ва саранжом қилишдан иборат бўлмоғи лозим эмиш.  Ҳар куни ишдан қайтиб тунга борганда ҳаммамиз атрофга сочилиб кетарканмиз. Эрта туриб бир-биримизга салом бериб, ҳол-хотир сўраш орқали яна ўзимизни ва суҳбатдошимизни тиклаб олар эканмиз. Ўша қабила дунёнинг яралишини шундай тушунтиради: “дунё уч марта қаттиқ оғриб қолди. Биринчи бор оғриганида, биз уни териб, йиғиб, тиклаб олдик, иккинчи бор оғриганида дунё музлаб қолди ва учинчи бор оғриганида сувга ғарқ бўлди. Уни соғайтириш осон бўлмади.”  Шунинг учун ҳам улар дунёни боладек авайлашади. Яна бир марта оғриб қолса, энди тиклаб олишнинг имкони йўқлигига ишонишади. “Оғриб қолмоқ” бирикмасига эътибор беринг-а, бегона одам касал бўлиб қолса “оғриб қолди” демайсиз, “бетоб” ҳам демайсиз. Қачонки, яқинларингиз касал бўлсагина “оғриб қолмоқ”, “нотоб”, “бетоб” каби сўз ва ибораларни эҳтиётлаб ишлатасиз. Ўша ҳинду қабилалар санаб ўтган буюк фалокатлар сизу бизнинг бодоми дўппиларимизда ҳам нақшланган. Нақшлар ичидаги юмалоқларнинг ҳар бири “буюк портлаш”, “музлик даври” ва “Нуҳ тўфони”га ишора қилади. Дунё ибтидодан энг узоқ нуқтасига яқинлашган. У ўз ибтидосига қайтган пайтда эҳтимол барча дин китобларида айтилган Қиёмат содир бўлар. Бироқ дунёмизни ўзимиз бемор қиляпмиз. 

Шу пайт, Ориф исмли талаба ўрнидан туриб, Муҳаммад Юсуфнинг машҳур шеърини жарангдор овоз билан ўқий бошлади:

Дўппи киймай қўйди одамлар,

Бир шоир, бир носирдан бошқа.

Сочлар силлиқ,

Силлиқ қадамлар,

У оғирлик қиляпти бошга...

Рост дўппилар,

Ёлғон дўппилар,

Киноларда қолғон дўппилар.

Чуст дўппилар,

Анжон дўппилар,

Мунчоқдек Марғилон дўппилар...

Дўппи киймай қўйди одамлар,

Бир шоир, бир носирдан ўзга,

Мен ҳам сизга бердим саволлар,

Шляпамни бостириб кўзга.

Дўппи киймай қўйди одамлар,

Кўнгил эса кўрмоқ тусайди.

Маданият гуллаган дамлар,

Каллага эътибор сусайди.

Дўппи киймай қўйди одамлар,

На уйда ва на кўчада.

Миртемирлар, Ғафур Ғуломлар

Ечган дўппи қолди токчада...

Бу қандайин кўргулик савдо,

Дўппи киймай қўйди халойиқ.

Бошга лойиқ дўппи йўқдир ё —

Бош қолмади дўппига лойиқ.

Дарс мароқли ўтганидан хурсанд талабалар Орифни олқишладилар. Талабалардан бири ўқитувчи столига яқинлашиб, “Устоз, раҳмат, кўп нарса ўргандик, лекин нега ўзингиз дўппи киймайсиз?” деб қолди.

Муаллим майин жилмайиб, “ҳаа, баракалла, бу алоҳида масала, балки имкон бўлса, кейинги дарсда гапириб бераман” дея ташқарига йўл олди.

М.Йўлдошев.

 


18.02.2023



Бугун бир нарсага амин бўлдим, сабр Тангрининг суйган феъли, сукут унинг хуш овози ва сукунат унинг ҳад-ҳудудсиз салтанати экан. Ва яна бир нарса, айтилмаган сўзлар энг озод ва энг бахтиёр сўзлар экан. Улар тангривор жаранглайди, Яратганнинг салтанатида эмин-эркин ва масъуду мамнун яшашади.

***

Олам ва одам мукаммал мунтазамлик ичида мавжуд. Ҳар иккиси энг мукаммалнинг мустасно парчаларидир. Бири иккинчисининг моҳиятидан хабар беради. Япроқ дарахтдан дарак берганидек, тош тоғнинг маҳобатини эслатганидек, булутлар ёмғир хабарини келтирганидек... 

***

Бугун яна бир нарса ўргандим: хасталик - жуссанинг эркалиги ва эътиборталаблиги, хотиралар ва тажрибаларнинг жунбиши, бошқаларнинг таъкидлари ва ишончсизликларнинг талвасаси холос. Кўрмайсанми, руҳинг озод, ўйларинг эркин, орзу-умидларинг соппа-соғ.


M.Йўлдошев


12.02.2023


 

Тарихдан маълумки, 1939 йил декабрда Туркия шарқидаги Арзинжон шаҳри яқинида 7,8 магнитудали зилзила содир бўлиб, 30 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган эди. Ўша зилзила тарих саҳифаларига “Буюк Арзинжон зилзиласи” номи билан қайд этилган ва “Аср фожиаси” сифатида эсланади. Озарбайжонлик мутафаккир шоир, ёзувчи, адабиётшунос олим, таржимон ва журналист Али Бей Ҳусейнзода (1864 Баку-1940 Истанбул)  Арзинжонда юз берган даҳшатли фалокат ортидан матбуотда бошланган мунозараларга жавоб тарзида “Зилзила сабаб” шеърини ёзади. Миллат бундай паллада айбдорни қидириб, вақт ўтказмаслиги кераклиги, аксинча, бир ва баробар бўлиб, фалокат оқибатлари билан курашиши кераклигини қаламга олади. Минг афсуски, “Буюк Арзинжон зилзиласи”дан сўнг қандай манзара билан юзма-юз келган бўлсак, бугун ҳам нуқта-нуқтасигача ўша аҳволни кўриб турибмиз. Тарихдан сабоқ чиқарилмас экан, йўқотишлар тўхтамайди. Хатолардан тўғри хулоса чиқарилмас экан, миллатнинг гулдай болалари кимларнингдир хатолари сабаб қурбон бўлаверади. Шоир офатлар миллат учун аччиқ сабоқ бўлиши кераклигини салкам бир аср аввал бонг урган экан.

ЗИЛЗИЛА САБАБ

Фалокат ортидан шоир, олим ва ёшлар мунзараси

Қизилойга бағишланади

Шоир:

Арзинжонда бир қуш бор

Шохда инин қидирар.

Қанотидан қон сизар,

Дардига дармон излар.

Кўрди фожиа, ўлим,

Узоқлардан келган бор.

Устида кафани қор,

Ё Рабб, недир бу зулм?

Геолог:

Дунё асли юмалоқ

Маркази олов, бухор,

Қобиғи ёриқ – чатлоқ

Офат балолари бор.

Арзинжонда зилзила

Сўрма кимда қабоҳат.

Еримиз асли шундай

Хўп ғаройиб табиат.

Меъмор:

Вулқон бирдан қутурди,

Йиқилди уй, том, девор.

Излама ким айбдор,

Меъморларда қусур бор.

Бинолари ночордир,

Пойдевори заифдир.

Томи зотан чатоқдир

Йиқилмоққа маҳкумдир.

Тарихчи:

Изланг тузумдан айбни

Ундан меросдир бу ҳол.

Асрлардир бу юртни

Этмиш тамоман иҳмол.

Геотехник тадқиқлар,

Қилинмаган мозийда.

Қурилгандир шаҳарлар

Вулқонларнинг изида.

Қизилой:

Вақтими ҳозир шуни,

Ким айбдор, гуноҳкор?

Қўйгил энди баҳсни

Ўйла қандай чора бор?

Буюк офат – зилзила,

Беҳисоб фалокатзада.

Ватандошлик бурчини,

Бир он аввал адо эт!

Кўплаб шаҳар, қасаба,

Гирасун, Ўрду, Нексор,

Тўқот, Сивас, Эрбаа.

Кекса муздариб йиғлар,

Юзлаб қишлоқ паришон,

Кетди минг-минглаб инсон.

Хоин офатга қурбон,

Сўнди не-не хонумон,

Соғлар қор остида оч,

Ярадор йўқсул, юпун,

Аҳоли ночор, мухтож,

Ёрдам зарур, биродар.

Ёшлар:

Ватан дарди дардимиз,

Ёрдамга доим шаймиз,

Бўлса-да йўллар узун,

Ҳар ён қор, совуқ сурон,

Туркмиз, тўсолмас бизни,

На бўрону  на тўфон.

Барча:

Йўлдан қайтармагайдир

На зилзила на вулқон.

Ўлган ўлди, тирилмас,

Соғни қутқар, шошилгин,

Вайрон уйлар тузалмас

Янги уй-жойлар қургин.

Кучли бўлсин, чидасин,

Зилзилага, ёнғинга,

Йиқилмасин, чўкмасин,

Сел, тўфон, талофатда.

Яшасин улуғ миллат,

Буюк Камол мероси

Яшасин жумҳурият.

Озарбайжон тилидан М.Йўлдошев таржимаси