21.07.2021

 

ИЗЗАДДИН ҲАСАНЎҒЛИ

Иззаддин Ҳасанўғли 13-асрнинг иккинчи ярмида Хуросон вилоятининг Асфараин шаҳрида яшаб ижод қилган. Туркий ғазалларида Ҳасанўғли, форсча ғазалларида Пури Ҳасан тахаллусини қўллаган. Девони бизгача етиб келмаган. Фақатгина 3 дона туркий, 1 дона форсий ғазали сақланиб қолган.

 

Олибдур кўнглими бир хуш қамарюз жонфизо дилбар,

На дилбар? Дилбари шоҳид. На шоҳид? Шоҳиди сарвар.

 

Ман ўлсам сан, бути шангул, суроҳи айлама қул-қул,

На қул-қул? Қул-қули бода. На бода? Бодаи аҳмар.

 

Бошимдан кетмади ҳаргиз сенинг-ла ичдугим бода,

На бода? Бодаи масти. На масти? Мастийи соғар.

 

Азалда жоним ичинда ёзилди сурати маъни,

На маъни? Маънийи сурат. На сурат? Сурати дафтар.

 

Шоҳа ширин сўзин айтур Мисрда бир замон қосид,

На қосид? Қосиди қиймат. На қиймат? Қиймати шаккар.

 

Ёнмагунча дар отош билинмас хислати анбар.

На анбар? Анбари сўзон. На сўзон? Сўзони мажмар.

 

Ҳасанўғли санга гарчи дуогўйдур, вале содиқ,

На содиқ? Содиқи банда. На банда? Бандайи чокар.

 

***

 

Ажаб билсам мани шайдо қилғон ким?

Мани бу ишқ аро пайдо қилғон ким?

 

Ажаб дейман, ажабландим илоҳи!

Имон аҳлин тутиб тарсо қилғон ким?

 

Қамишдан шаккару, тошдан жавоҳир

Оғочдан донаи хурмо қилғон ким?

 

Таним етмиш икки турли томирдур,

Бирин ирмоқ, бирин дарё қилғон ким?

 

Қўй, бу тадбирни, кел тақдири назар-ла,

Бу кунни вадаи фардо қилғон ким?

 

Бу на тун, фарроши ҳар дам бу фаррош,

Бу аршнинг рангини пайдо қилғон ким?

 

Ҳасанўғли, бу бир қатра маънидан

Анинг хуб суратин зебо қилғон ким?

 

Озарбайжон тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси

10.07.2021

Yunus Emre


 ЮНУС ЭМРО

(1240-1320)

Турк тасаввуф шеъриятининг энг йирик вакили, шеърлари орқали туркий тилнинг на қадар гўзал тил эканлигини намоён қилган мутафаккир шоир  Юнус Эмро (Yunus Emre) 13-асрнинг иккинчи ярми ва 14-асрнинг бошларида яшаб ижод қилган. 80 ёшида вафот этган. Қабрининг қаердалиги аниқ эмас. Туркиянинг кўплаб шаҳар ва қишлоқларида унга атаб мақбаралар қурилган ва халқ авлиё шоирнинг қабрини мунтазам зиёрат қилишади. Мутахассислар шоирнинг асл қабри Оқсарой-Қиршаҳар орасидаги мақбарада эканлигини таъкидлаб келишади.   

Юнус Эмро болалигидан мадраса таълимини олган, араб ва форс тилларини мукаммал билган, Қуръон ва ҳадис илмларини чуқур ўрганган, ўз даврининг етук мутасаввуф олими сифатида Хуросондан Анадолуга келган. Маърифий шеърлари билан халқни тарбия қилган. У Ҳожи Бектош Валий ва Таптуқ бобо каби авлиё зотлардан таълим олган.

Асарлари: 1. Рисолатун-Нусҳийя (Насиҳатлар рисоласи) — маснавий шаклида ёзилган 600 байтдан иборат диний-ахлоқий асар. 2. Девон. Юнус Эмро девонининг бир қанча қўлёзма нусхалари мавжуд. Энг мўътабари Туркиянинг Сулаймония кутубхонасидаги 3889 рақамли қўлёзма ҳисобланади.

 

АЖАБ БУ МЕНИНГ ҲОЛИМ...

 

Ажаб бу менинг ҳолим, озод бўлгайми, ё Раб?

Йўқса етти тамуғда яна қолгайми , ё Раб?

 

Ажаб бу менинг ҳолим, ер остида аҳволим,

Бориб ётажак жойим, ақраб тўлами, ё Раб?

 

Жон ҳалқумга келганда, Азроилни кўрганда

Бу жонимни олганда, осон бўлгайми, ё Раб?

 

Тор бўлди менга кенглар, кеча ила кундузлар,

Дунёга боққан кўзлар, дийдор этгайми, ё Раб?

 

Оллоҳ энг буюк қози, биздан бўлгайми рози?

Кўриб Ҳабибинг бизни, шафе қилгайми, ё Раб?

 

Юнус қабрга кирганда, Мункар-Накир келганда

Бизни сўроқ қилганда, тил айлангайми, ё Раб?

 

АЖАБ НЕ БЎЛГАЙ ҲОЛИМ...

 

Қўрқув кирди жонимга, ажаб ҳолим на бўлгай,

Дармон бўлмаса манга, ажаб ҳолим на бўлгай.

 

Жоним тандан узилгай, кетмоқ учун шайлангай,

Бу сувратлар бузилгай, ажаб ҳолим на бўлгай.

 

Дунё тўнини ечгай, ғассол танимни ювгай,

Элтиб қабрга қўйгай, ажаб ҳолим не бўлгай?

 

Эл кетар мени ташлаб, шунда ёлғиз қолгайман,

Мункар-Накир келган чоқ, ажаб ҳолим не бўлгай?

 

На оёқ тутар, на қўл, на илму ақл қолгай,

Жавоб беролмас тилим, ажаб ҳолим на бўлгай?

 

Мозорда нелар бўлгай, Ҳақ тарозисин қургай

Амалимизни тортгай, ажаб ҳолим не бўлгай?

 

Мискин Юнус хуш сўзи, қон ёш ила тўлди кўзи

Даргоҳингга бурди юзин, ажаб ҳолим не бўлгай.

 Турк тилидан М.Йўлдошев таржимаси