12.12.2021


 КЎНГИЛ ҚУШИ

Жалолиддин айвонда ўғли Амир Музаффариддинга майин оҳангда алла айтиб ўтирган Киро хотуннинг ёнига келиб ўтирди. Ўғлига термулди. Киро хотун алла айтишни тўхтатиб унга ажабланиб қаради. Жалолиддин ўғлини уйғотиб юбормаслик учун пичирлагандек паст овозда сўзлай бошлади:

- Болалигимда отамнинг ёнларида ўтириб орифлар суҳбатини кўп тинглардим. Баъзан варажага тушиб ўзимдан кетиб қолсам орифлар даврасига олиб ҳу-ҳу дея дуо қилишар экан. Волидам Мўмина хотуннинг овозини эшитгандек бўламан, сен алла айтсанг...

Ҳу ҳу ҳу Оллоҳ ҳу

Бу сенга осон ҳу...

Бизга шифо бер ўзинг

Катта бўлсин бу қулинг

Ҳу ҳу ҳу Оллоҳ ҳу...

 - Ҳазратим, Оллоҳ сизни бархудор қилсин. Ваража они қанча давом этар эди?

- Сен бир такбир муддати деб бил, мен минг такбир. Охирги марта беш ёшимда шундай ҳолга тушдим. Ўшанда кўрганларимни таърифлашга дунёдаги жами тилларнинг хазинасини йиғсанг ҳам озлик қилади. Чунки сўз билан таърифлаб бўлмайдиган, идрокка махсус ажиб манзараларни кўрган эдим. Хушим танимга қайтгач, падари бузрукнинг тизларида худди Амир Музаффариддин мисоли дунёбехабар ётган эканман. Кўзимни очибоқ “Отажон, қани улар?” деб сўраганим ҳали ҳануз ёдимда.

- Кимларни кўрган эдингиз ўшанда?

- Аниқ эслолмайман, аммо отам “Худовандигор, ўғлим, сенга кўринганлар ғайб оламининг сокинларидир. Улар Оллоҳнинг лутфи ва иноятига мазҳар қилмоқ ниятида ташриф буюрган фаришталар, мўмин жинлар ва авлиёуллоҳлардир. Улардан чўчима.” деган эдилар.

- Улар бирор нима дейишганмиди?

- Қўлимдан тутиб ғайб боғларини сайр қилдирган мўйсафиднинг сўзлари кейинчалик ҳаётимнинг мазмунига айланиб кетди. Эшит Кира хотун, ўғлимиз Музаффариддинга ҳам уларни эслатиб тур. Ўша нур юзли мўйсафид: “Агар сен ҳам биз билан шу жойда бўлишни хоҳласанг, сўзимизни унутма: Ҳамма билан дўст бўл. Ҳеч кимга хасад қилма. Ҳеч кимни муҳокама қилма. Одамлар суратини безатса, сен сийратингни беза. Одамлар бошқалар айбидан сўз очса, сен ўз қусурингни ўйла. Яраларга малҳам бўл, шифо бўл зиён бўлма. Шамдек ёш тўк, кўнгил уйинг чароғон бўлсин. Қулоғингда тут: ўйларинг сўзларингга, сўзларинг феълингга, феълинг тақдирингга нуқс этади. Гўзал ўйла, гўзал яша!” – деган эди. Ва яна “Ҳу”нинг сирини англа ва ошкор этма, дегани ҳамон ёдимда.

- Ҳу” авлиёлар тасбеҳи дерди раҳматли волидам.

- Ҳа, шундай, Кира хотун. Жуда теран мавзу. “Ҳу” руҳ қушининг исми. Жуда нозик ва майин қуш. Унинг макони қалб қафасида. Озиғи: калимаи тавҳид. Агар одам у қушни йўқлаб турмаса, қафас қаттиқлашиб нафас қушини сиқиб қўяди. “Ҳуқуши яшаб туриши учун мунтазам калимаи тавҳидни ёд этмоқ лозим. Уни такрор этмаган инсонлар эса қалбида ўлик қушни ташиб юради. Ва ундай қалб ундуқ мисоли бадбўй бўлади. Баданни тарк этган “ҳу”нинг макони эса Аршдир. “Ҳу” Оллоҳ исмларининг моҳияти, ботини ва ҳақиқатидир. Уни англаганлар мақомларнинг энг мўътабарига мазҳар бўлади...

Кира хотуннинг оёқлари устидаги ёстиқда мириқиб ухлаб ётган Музаффариддин безовталаниб кўзларини очди. Кира хотун оёқларини бешикдек тебратиб алла айта бошлади.

Ҳу ҳу ҳу Оллоҳ ҳу

Бу сенга осон ҳу

Бизга шифо бер ўзинг

Катта бўлсин бу қулинг

Ҳу ҳу ҳу Оллоҳ ҳу...

Жалолиддин ўрнидан туриб ҳовлига чиқди, осмондаги беадад юлдузларга боқиб хаёлга толди. Қоронғузорда кўкдан ёғилаётган оҳангларга қулоқ тутди, сас шамойилидаги дуолар оламни қоплади. Ҳу-ҳу... Енгил насим орифлар дуосини олислардан келтириб унинг устидан сочар эди гўё ҳу-ҳу... Айвон тоқидаги қумрилар ҳам аҳён-аҳён шу сирли оҳангда сирлашгандек  овоз чиқариб қўйишар эди ҳу-ҳу... Еру кўкни муаззам оҳанг тутиб кетди. Тун ила тонг оламни бўлишаётган паллада кўкларнинг бағридан отилиб чиқди ҳу-ҳу... Юлдузлар самони тарк этаётиб чиқарган товушлари ҳам шу мазмунда эди ҳу-ҳу... Дарвешлар тасбеҳидан тўкилиб бораётган фарёдлар ҳам шу маромда янгради ҳу-ҳу... Жалолиддин бу оҳанглар оғушида, сир даргоҳида тунни бедор ўтказди.

Боби асрорнинг калити эди ҳу...

Беҳишт райҳонларининг ифори эди ҳу...

Жон қушининг тасаддуғи эди ҳу...

Ҳу...

(давоми бор)