28.02.2015

Зулфия



Зулфия Исроилова 1915 йил 1 мартда Тошкентда ҳунарманд-дегрез оиласида туғилди. Унинг бобосини Муслим дегрез дер эдилар ва у Дегрезлик маҳалласида яшар эди. Олов ва темир билан тобланган отасини шоира шундай хотирлайди: “Отам заҳматкаш темирчи эди. Мен ҳамма вақт уни иш кафтида кўрар эдим. Ўша вақтда болаларини боқиш, рўзғор тебратиш учун одамлар жуда кўп меҳнат қилишлари зарур эканлигига сира ақлим етмасди. Отамнинг ҳамма вақт оловга йўлдош касбидан фақат завқ ва шавқни кўрар эдим”.
Онаси Хадича опа жуда кўп қўшиқ, эртак, афсона ва достонларни билар ва болаларига айтиб берарди. “Бу сеҳрли афсона ва достонлар, — деб ёзади Зулфия, — бизга бениҳоя ҳузур бағишлар, ўзига ром қилиб олар, ҳар сафар янги жилва касб этар эди… сўзга шайдолик ҳиссини менинг қалбимда… оддий аёл-она уйғотган”.
Яна бир ҳассос шоир — Ҳамид Олимжон билан кечирган қисқа турмуши, ундан жудо бўлиб қолиши, умуман, шоиранинг ҳаёт йўли садоқат ва вафо тимсоли бўлиб қолди. Зулфия хонимнинг Ҳамид Олимжонга бағишланган маҳзун аммо ниҳоятда гўзал шеърини қуйида ўқишингиз мумкин.  


БАҲОР КЕЛДИ СЕНИ СЎРОҚЛАБ

Салқин саҳарларда, бодом гулида,
Бинафша лабида, ерларда баҳор.
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор.
Қанча севар эдинг, бағрим, баҳорни,
Ўрик гулларининг эдинг мафтуни.
Ҳар уйғонган куртак, ҳаёт берган каби
Кўзларингга суртиб ўпардинг уни.
Мана қимматлигим, яна баҳор келиб,
Сени излаб юрди, кезди сарсари.
Қишнинг ёқасидан тутиб сўради сени,
Ул ҳам ёш тўкди-ю, чекилди нари.
Сени излар экан, бўлиб шаббода,
Сен юрган боғларни қидириб чиқди.
Ёзиб кўрсатай деб ҳусн-кўркини,
Яшил қирғоқларни қидириб чиқди.
Топмай сабри тугаб бўрон бўлди-ю,
Жарликларга олиб кетди бошини.
Фарҳод тоғларидан дарагинг излаб,
Сойларга қулатди тоғнинг тошини.
Сўнгра жило бўлиб кирди ётоғимга,
Ҳулкар ва Омоннинг ўпди юзидан.
Сингиб ёш куйдирган зафар ёноғимга
Секин хабар берди менга ўзидан.
Лекин ётоғимда сени тополмай,
Бир нуқтада қолди узоқ тикилиб.
Яна ел бўлди-ю, кезиб сарсари,
Мендан сўрай кетди қалбимни тилиб:
«Қани мен келганда кулиб қаршилаб,
Қўшиғи мавжланиб бир дарё оққан?
«Бахтим борми дея», яккаш сўроқлаб
Мени шеърга ўраб суқланиб боққан?
Ўрик гулларига тўнмайди нега
Елда ҳилпиратиб жингала сочин?
Нега мен келтирган шўх наъшидага
Пешвоз чиқмайди у ёзиб қулочин?
Қани ўша куйчи, хаёлчан йигит?
Нечун кўзингда ёш, туриб қолдинг лол.
Нечун қора либос, сочларингда оқ,
Нечун бу кўкламда сен паришонхол?»
Қандай жавоб айтай, лолдир тилларим,
Баридан тутдим-у, кетдим қошингга.
У ҳам гаминг билан кезди афтода,
Боқиб туролмайин қабринг тошига.
Аламдан тутоқиб дарахтга кўчди,
Куртакни уйғотиб сўйлади ғамнок.
Сенинг ёдинг билан елиб беқарор,
Гуллар ғунчасини этди чок-чок.
Гул-у райҳонларнинг таралди атри,
Самони қоплади майин бир қўшиқ.
Бу қўшиқ нақадар ошно, яқин,
Нақадар ҳаётбахш, оташга тўлиқ.
Баҳорги бурканган сен севган элда,
Овозинг янгради жўшқин забардаст.
Ўлмаган экансан, жоним, сен ҳаёт,
Мен ҳам ҳали сенсиз олмадим нафас.
Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.
Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!

Тўқсон икки бовли ўзбек...


ТЎҚСОН ИККИ БОВЛИ ЎЗБЕК...


"Ўзбеклар"ни ҳар ерда тўқсон икки бов ўзбек деб атайдилар. Бов — бу қабила , уруғ демакдир. Хўш, тўқсон икки бовнинг қанчасини биламиз ёки эшитганмиз? Сиз қайси уруғдансиз? Сиз мансуб бўлган уруғнинг тарихи ва бошқа уруғлар ичидаги эьтибори қандай эди? Қуйидаги манбадан бу ҳақда батафсил маълумот олишингиз мумкин:
Бошқуртлар ичида шундай бов бор: "Ўн икки бовли бошқурт" дейдилар. Ўзбекларда 92 қабилавий бир "Насабнома" бор. "Насабнома"нинг XVI—XVII асрларда ёзилган нусхалари билан янги нусхалари орасида фарқ жуда оз. (Масалан, Охунд Қурбонали ва Хаников ҳамда Шайх Сулаймон нашрлари). Шубҳа йўқдирки, "Насабнома" ўзбекларнинг Олтин Ўрда замонидаги янги Манғит — Нўғой ва Қозоқлар айрилмасдан илгариги ҳаётига оиддир. Бу қабилалар шулардир: 
Минг, Юз, Қирқ, Унгажит, Дайман, Қипчоқ, Арғин, Бурлоқ, Буслоқ, Чемарчин, Бўзай, Қатай (Хитой), Жит, Жуют, Салжовут, Манғит, Қанғит, Оймавут, Улажи, Гулеген, Қишлиқ, Томо, Мечет, Кирдери, Рамадан, Жуйрат, Бўзажи, Уйсун, Татар, Тилов, Ширин, Ағир (Оғиран), Бузан, Бузақ, Барин (Баҳрин), Мўғул, Нукус, Жалойир, Сарой, Ўнғ, Қўнғирот, Олчин, Чичоқ, Қалмоқ, Ойрат,    Қорлуқ,    Тургавут, Қатағон, Килечи, Кенагас, Бўйрак, Қиёт, Қангғли, Ўзже бўлужи, Упулачи, Гулун, Боёвут, Ўтарчи, Арлот, Керайит, Ўнгғқут, Қачат, Меркат, Бурқут, Қуралаш, Қарлоп, Ўғлон, Кудей, Туркман, Дўрмон, Тобин, Мумун, Адай, Тўқсаба, Қирғиз, Уйружи, Жўрга, Баташ, Қўйсун, Сулдуз, Тумай, Кўрлавут, Жилкаш, Юғур, Ёбу (Еқабу), Мўйтан, Мажор, Қўжалиқ,   Чўран,   Чурчут.


Мунавварқори Абдурашидхонов: Туғишганлик севгиси (ҳикоя)



(ҳикоя)


Тоғ яқинида кичик бир қишлоқ бор эди. Шу қишлоқнинг бузуқ бир биносида ўн уч ёшлик Ойхон отлик бир қиз турар эди.
Ойхоннинг ота-онаси очарчилик йилида — бундан тўрт йил бурун ўлган эдилар. Бояқиш Ойхон беш ёшлик Турдибой деган укаси билан қўш етим бўлган эди. Турдибойни онаси каби боқар эди.
Қиш чоғи келмиш, беш ҳафтадан бери қор бутун ер юзини қопламиш ва теварак оппоқ қор билан чулғанмиш эди. Ойхон онасидан бир неча мартаба: «Қиш кунларда бўрилар оч қолсалар, қишлоққа келадилар-да, томоқ излайдилар», деб эшитган эди. Фақат бу ҳам томоқ топмоқ учун ташқарига чиқмоққа мажбур эди.
Бир кун эрталаб Ойхон нон олмоқ учун бозорга борди. Нон олиб, уйига яқинлашган чоғда қўрқинчли товушлар, укасининг бақирган-чақирган овози эшитилди.
Ойхон чопиб уйга кирди. Укасига югурмоқда бўлган бўрини кўрди. Бор кучи билан бориб, укасини қучоқлаб олиб, оғзи очиқ турган сандиққа солди, чап қўли билан сандиқни босиб турди.
Ойхон укасини қутқармоқдан бошқа бир нарса тушунмас, орқасидан кулиб, севиниб келаётган бешта бўрини кўрмас эди.
Бўрилар бирдан уй ичига кирдилар-да, Ойхонга югура бошладилар. Ойхон бор кучи билан ҳайдамоқ истар эди, лекин бўрилар ҳар томондан ириллаб, югурушиб, тишлаб тортишар эдилар.
Ойхон танидан оққан қон билан секин-секин кучдан кетиб, йиқила бошлаганин англар-англамас сандиқдан узоқлашди, эшик олдигача борди.
Ортиқ бўрилар хурсанд эдилар. Бу ғайратли қиз эшик олдида кучдан қолиб йиқилди. Оч бўрилар бояқиш қизни еб битирдилар.
Бир неча соатдан сўнг уйига келган қишлоқликлар кўрдиларки, Турдибой сандиқнинг ичида пиш-пиш ухлаб ётибдир. Бечора Ойхон ўз жонини севикли укасининг ўрнига қурбон қилмишдир.
МУНАВВАРҚОРИ АБДУРАШИДХОНОВ 

27.02.2015

Маънавий қадриятларнинг мифопоэтик талқини (мақола)


МАЪНАВИЙ ҚАДРИЯТЛАРНИНГ МИФОПОЭТИК ТАЛҚИНИ


Корейс адабиётининг, маданиятининг тамал тошлари, боқий устунлари, шубҳасиз, халқ оғзаки ижоди намуналаридир. Энг қадимий корейс фольклор намуналарининг аксарияти хитой манбаларида, хитой иероглифлари асосида сақланиб қолган. Корейс афсоналарининг катта қисмининг шу сабабдан хитой мифологияси таркибига сингиб кетганлигини таҳмин этиш қийин эмас. Корейс адабиёти Шомон, Будда ва Конфуций анъаналарини ўзида синтез қилган, мазкур ибтидоий динлар билан боғлиқ қарашларни миллий афсоналари билан бойитган адабиёт сифатида қадрланиб келинади. Тадқиқотчилар қадимий корейс адабиётининг сирли калити самовий кучлар, дунёни бошқараётган мавжудодлар, баҳайбат илонлар, эзгулик ва ёвузликнинг соҳиби бўлган руҳлар ҳақидаги афсоналар замирида сақланишини яхши билишади. Шунинг учун ҳам корейс адабиёти ҳақида гап кетганда, аввало, мифопоэтик қарашларнинг таъсири муҳокама қилинади.
Корейс миллий афсоналарини мазмунига кўра қуйидагича тасниф қилиш мумкин: 1. Дунёнинг яратилиши, эзгу ва ёвуз руҳлар, жонзотлар ҳақидаги афсоналар (Куронъй, Мама Соннйм, Обан Синджан, Самсин, Ким Алжи в.б.). 2.Тангрилар ва инсонлар ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги афсоналар (Хабек, Ханыним, Хванун, Хэмосу). 3. Қаҳрамонлик ва давлат барпо этиш ҳақидаги афсоналар (Кымган Ёкса, Хогуксин, Чумон, Пак Хёккосе).
Биз қуйида эзгулик ва ёвузлик моҳиятига эга жонзотлар, руҳлар ҳақидаги баъзи корейс афсоналарини келтирдик.
Куронъй қадимий корейс афсоналаридан ҳисобланиб, «улкан илон» деган маънони билдиради. Куронъйнинг хонадонга бахт, бойлик ва боқийлик олиб келишига умид боғланган. Янги уй барпо қилинганида одамлар куронъйга атаб турли маросимлар қилишган. Куръонийнинг бошида бениҳоя гўзал ва кўзни қамаштирувчи тошлар билан зийнатланган тож  бўлиб, шу тож туфайли минг йилдан зиёд яшаш имконига эга бўлган деган тасаввур бўлган. Боқийлик ва улуғворлик рамзи ҳисобланувчи тож соҳибига эҳтиром кўрсатиш шу қадар оммалашганки, кўпчилик корейс қабилаларида маъбуд — тотем даражасига кўтарилган. Корейс халқ оғзаки ижоди намуналарида куранъй тўрт қанотли, икки тилли ва узун танали баҳайбат илон тарзида тасвирланади. Ҳатто мазкур илон тасвирининг куч-қудрат тимсоли сифатида корейс ҳарбий байроғига ўтганлиги адабиётларда қайд этилади.
Мама Соннйм. Мифологик тадқиқотларда этиологик миф aтамаси кўп қўлланилади. Мазкур атама маълум бир ҳодисанинг сабабини изоҳлаш характерига эга бўлган мифларга нисбатан қўлланилади. Масалан, чақмоқнинг чақиши, Ернинг қимирлаши, ёмғирнинг ёғиши, шамолнинг эсиши айни ҳодисалар соҳибининг кайфияти билан боғлиқ ҳолда амалга ошиши изоҳ сифатида кўрсатилади. Мама Соннйм ҳам ана шундай этиологик функция моҳиятидаги энг қадимги мифлардан ҳисобланади. Айни пайтда Мама Соннйм эвфемистик образ ҳамдир. Баъзан Соннйм Мама ёки Мама, Хосон Мама, Хогу Пёльсон, Тусин каби вариантларда қўлланилади. Мама Соннйм касаллик тарқатувчи ёвуз руҳ сифатида талқин қилинади. Мифологик тасаввурга кўра, қадимда халқ орасида ўлдирувчи касаллик шиддат билан тарқайди, эпидемияга айланади. Бунга Мама Соннймнинг юрт оралагани ва унга етарли даражада эҳтиром кўрсатилмаганлиги сабаб сифатида кўрсатилади. Бу касалликнинг олдини олиш учун халқ маросим ўтказишга қарор қилади ва энг хуштаъм шароблардан, гуруч унидан тайёрланган нонлардан, қизил фасол ва турли мевалардан қурбонлик қилишади. Қурбонликдан кейин касалликни бошқа жисмларга ўтказиб юбориш учун қўғирчоқ ясашади. Қўғирчоққа касал киши кўпроқ кийиб юрадиган кийимларни кийгизишади, унинг чўнтагига пул ва турли тақинчоқлар солиб қўйишади. Ва, албатта, турли дуо ва илтижо мазмунидаги қўшиқлар куйлашиб, қўғирчоқни кимсасиз ерга, узоқдаги жар ёки оқар сувга ташлаб келишган. Натижада ёвуз руҳ беморнинг танасидан чиқиб кетади ва юртдан узоқлашади. Қизиғи шундаки, касалликни қувиш ва унинг сабабчисини рози қилиб юртдан узоқлатиш мазмунидаги бундай маросимлар дунёнинг деярли барча халқлари фольклорида мавжуд. Масалан, ўзбекларда ҳам маълум бир касаллик бирор ҳудудни узоқ вақт тарк этмаса, ҳудуднинг кекса ва обрўли инсонлари йиғилишиб маросим ўтказишади, дуолар ўқишади, уч кўчада таомлар пиширишиб ночорларга тарқатишади. Мама Соннйм ана шу жиҳати билан универсаллик касб этади.
Мимёнгви, Ёгви. Корейс фольклорининг энг қадимий даврларга оид мифларидан яна бири Мимёнгви ёки ёгви афсонаси ҳисобланади. Мимёнгви ёвуз руҳнинг мифопоэтик тимсолидир. Уйланмай ёки турмушга чиқмай вафот этган ўғил-қизларнинг, ўзидан насл қолдирмай бевақт ўлганларнинг руҳи Мимёнгви хизматига ўтади. Унинг ёмонлигидан асраш учун одамларга, асосан, ночорларга турли совғалар тортиқ қилинган.
Корейс халқининг қадимий афсоналарини кўздан кечириб, шундай хулосага келиш мумкинки, уларда ифодаланган эзгуликнинг ёвузлик устидан муқаррар ғалабаси инсонларнинг ҳаётга бўлган муҳаббатини кучайтиришга хизмат қилади. Ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликда яшаш, юртни биргаликда ҳимоя қилиш, тинчликни асраш, ночор ва кексаларни ёлғиз қўймаслик тўғрисидаги ғояларнинг халққа сингишига кўмаклашади.
М.Юлдашев
2008.


26.02.2015

Нўғой халқ қўшиғи





БЎЗТЎРҒАЙ


Бўзтўрғай деган қушнинг
Дарё бўйида ини.
Бўзтўрғай деган қушнинг
Дарё бўйида ини.
Ёғин ёғса сел олур,
Оҳ, ёрим, оҳ...
Йиғлаб қолур отаси,
Оҳ, ёрим, оҳ...
Бирозгина йиғлашар,
Добружани эслашиб.
Бирозгина йиғлашар,
Добружани эслашиб.
Онам унда, мен бунда,
Оҳ, ёрим, оҳ...
Кеча кундуз йиғлашар,
Онам унда, мен бунда.
Оҳ, ёрим, оҳ...
Кеча кундуз йиғлашар,
Миттигина бўзтўрғай
Ем берсам-да емайди.
Миттигина бўзтўрғай
Ем берсам-да емайди.
Сиз томоннинг қизлари
Оҳ, ёрим, оҳ...
Биз томонга боқмайди.
Оҳ, ёрим, оҳ...
Биз томонга боқмайди.
Оҳ, ёрим, оҳ...
Бирозгина йиғлашар
Добружани эслашиб.
Бирозгина йиғлашар
Добружани эслашиб.
Онам унда, мен бунда,
Оҳ, ёрим, оҳ...
Йиғлашар кеча-кундуз,
Онам унда, мен бунда,
Оҳ, ёрим, оҳ...
Йиғлашар кеча-кундуз.
Миттигина бўзтўрғай
Ем берсам-да емайди.
Миттигина бўзтўрғай
Ем берсам-да емайди.
Сиз томоннинг қизлари,
Оҳ, ёрим, оҳ...
Биз томонга боқмайди.
Оҳ, ёрим, оҳ...
Сиз томоннинг қизлари,
Биз томонга бормайди.
Оҳ, ёрим, оҳ...

/Нўғой тилидан М.Йўлдошев таржимаси

25.02.2015

Сабоҳиддин Али




(25.02.1907-02.04.1948

Тоғлар

Бошим тоғ, сочларим қордир,
Телба шамолларим бордир.
Водийлар менга кўп тордир:
Менинг масканим тоғлардир.

Шаҳарлар менга бир тузоқ,
Одамлар суҳбати йироқ,
Узоқ туринг, мендан узоқ:
Менинг масканим тоғлардир.

Қалбимга ўхшар тошлари,
Бетиним сайрар қушлари,
Кўкларга яқиндир бошлари:
Менинг масканим тоғлардир.

Ёримни ётларга беринг,
Севгимни елларга беринг,
Дардингизни менга беринг:
Менинг масканим тоғлардир.

Бир кун қадрим билинса гар,
Исмим тилга олинса гар,
Манзилимни сўрашса гар:
Mенинг масканим тоғлардир.

/М.Юлдашев таржимаси

24.02.2015

Су-чоршанба




Бугун Озарбайжон халқи Наврўзнинг тўрт чоршанбасидан биринчиси бўлган Сув-чоршанбани қутлайди. Бу чоршанба "Азал чоршанба", "Сувлар Наврўзи" деб ҳам аталади ва барча тадбирлар бир кун аввалидан бошланади. Сув-чоршанба маросимида ариқ ва оқарсув ҳавзалари тозаланади. Сув билан боғлиқ турли маросимлар амалга оширилади. Кўпчилик эрта тонгда сув бўйига чиқиб юз-қулларини ювиб, бир-бирларига сув сепишади ва дуолар қилишади. Болалар ариқдан сакраш ва бошқа турли ўйинларни ўйнашади. 
Халқ эътиқодига кўра эрта тонгда тоза сувдан сакраган киши йил бўйи касал бўлмайди. Қадимда туркий халқларда сув тангриси ҳисобланган Абан ва Яданинг шарафига қўшиқлар куйлаш урф бўлган экан. Озарбайжон халқ оғзаки ижодида ҳалигача сув культи ва эътиқоди билан боғлиқ қўшиқлар сақланган. Масалан:

Супрага сув тўкилиши ойдинликдир
Сув ичган одамни ғофил урмагай.
Сув ичган одамни илон ҳам чақмас.
Сассиз оққан сувдан эл сакрамагай.

Озарбайжон халқ мақолларида ҳам бу ҳолатни  кузатишимиз мумкин:

Сув бор жойда ҳаёт бор.
Сув эзгуликдир.
Сув нопокликни кетказолмайди.
Сувни ифлослантирганнинг жанозасида сув топилмас. 

Янош Сентмартон




Замонавий можор шеъриятида ўзига хос услуби билан китобхонлар эътирофини қозонган ёш ва истеъдодли шоир Янош Сентмартон (Szentmártoni János) 1975 йилда Будапештда туғилди. 2000 йилдан бери Можористон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. Бугунга қадар шоирнинг 8 китоби нашдан чиққан. 

Менинг шеъриятим

Кунлаб, ҳафтлаб, такрор ва такрор
тилсимли сўзларни қидираман...
топарман деб тинмай излайман,
ўзимни, ўзимни буткул унутиб...
Нима бўлди, нималар бўлди?
орзулар, туйғулар...
бари бир-бир учиб кетади
сукунат ва сўнгсизлик сари...
Тупроқ ва тошларни 
тишлаб кўраман
тишларим синади  
асабдан, асов жаҳлдан...
Яна ва яна кундалигимни
деворларга бир-бир ўяман...
бинолар қулайди,
деворлар қулар,
ёзувларда яширин туйғулар қулар,
бари, бари бирма-бир кетар,
юракда чуқур-чуқур излар қолдириб...

/М.Юлдашев таржимаси

22.02.2015

Asqad Muxtor




YO‘L

Ostonamdan taralgan yo‘llar
Eslatadi quyosh nurini.
Uzoq-uzoqlarga ketib, uzayib,
Uzaytadi mening umrimni.
Yurganlarni daryo deydilar,
Daryo — cheksiz umr ertagi.
Bir kun uyda o‘ltirib qolsam,
Hayot go‘yo chetlab o‘tadi.
Ko‘rganing — seniki, der edi bobom,
Ellarni, dillarni kerak ko‘rishim.
Ochilmagan qo‘riq, noma’lum yulduz
Bari-bari — mening ulushim.
Ijod dardi — yo‘l azobidir,
Mayli, bo‘lsin tumanlar quyuq.
Ruhim bilan yo‘lda ekanman,
Umrimning ham nihoyasi yo‘q...



21.02.2015

Баста Сакалли




Ёш ва истеъдодли турк шоираси Баста Сакалли ўзининг "İhlal" (2009), "Bir Sen Vakti" (2006), "İnadına Sevdalı" (2003), "Kar Yanığı" (2002), "Papatya Seferleri" (2001), "Barış Tüten Mavilik" (2000) номли шеърий китоблари билан шеърият мухлислари эътирофига сазовор бўлди.
Шоира бир суҳбатида шеър ҳақида шундай дейди: "Ёзилган ҳар бир шеърда ҳаёт янгидан дунёга келади. Яшаб ўтилган пайтда фарқланмаган маълум бир он шеърда қайтадан туғилади. Унутилган бир ҳис, бир туйғу, қандайдир қўрқув-андиша, унутилмаган  дард-алам, ҳужраларимизга ёйилган исён, зимзиё осмонда порлаган ойдек бир онда чиқиб келади шеърлар орқали. Яшаб ўтилган ҳаётга қайтадан яшаш имкони беради шеър. Шеър шоирнинг қалб овозидир." Бугунги шеър зиёфатимизда Баста Сакаллининг "ва" деб аталган шеъри бор. Марҳамат!

ва
ёза бошладим
"бундай бошланмайди" дедилар
"ва икки гапни боғлар" дедилар
"ва деб бошлаб бўлмас" дедилар
бошладим
тингламадим уларни
"ва" ила бошладим
аслида сўнгсиз бўшлиқ бор аввалида
улар кўра олмадилар
улар фақат уқтирилганни билишар
мени асло тушунмаслар
***
"ва" билан бошладим
чунки давом этиш овозимдир "ва"
"ва" дедим ўзимга
"ва" дедим ақлимга
"ва" дедим қалбимга
уйғотдим уларни
силтадим
суғуриб олдим мудроқ
кўзларидаги аллаларини
***
уйқуда ҳам тушларимда ҳам
"ва" деб айтдим тинмадим
"ва" бақирдим
"ва" сўзладим
"ва" басталадим
ҳам бир марта эмас
юз марта айтдим
хатто охирига бир "а"ни қўшиб
"ваа" дедим
ҳаяжонга солмоқ истадим
ҳаяжонингдан
қониб қониб ичмоқ истадим
***
чунки ёзмасам
унутардик барча барчасин
унутардик орзуларни ҳам
умид бермоқ учун
қилдим атайин
***
боғда тошни ёриб унган зариф ўт ишонтирди мени
қояларни тешиб оққан сув
Эрнст Хеменгуейнинг "Чол ва Денгиз"
асаридаги кубалик балиқчи
"12 йиллик асорат" фильмидаги Соломон Нортуп
ҳар доим шу ерда тургувчи уйим
бу стол
бу қалам
менга дарддош бўлган эски ўйинчоғим ишонтирди
бўлмаса мен ҳам йўқ эдим
бўлмаса мен ҳам бўлмасдим
***
аммо ёздим
"ва" дедим
***
топдим "ва"ни
хатто топганим он бўлдим "ва"ни
кўпайсин деб бошланғичлар
кўпайсин деб давом этиш эҳтимоли бўлган ҳаётлар
нафас олсин дея жой очдим
"ва" дедим
***
қоронғу тунларни ёритдим "ва" билан бирга
вақтлар оқди тун ва кун ила
дунёдаги ҳамма қумни оқиттим пастга
умр бир йўлдир дедим
умид бир уйдир
давм эт

/М.Юлдашев таржимаси

Геза Сеч



Геза Сеч


Можор шоири, носир ва драматург Геза Сеч (Géza Szöcs, 1953) шеърияти бениҳоя ўзига хослиги билан ажралиб туради. Бугунги саҳифада шоирнинг бир шеърини ҳукмингизга ҳавола қиламан.    

Гилам


Сен тўқимасанг ҳам
Мен тўқийман уни,
ёхуд кимдир тўқийверади...

Масалан, синглим келиб тўқир
Тўқийди, албат, 
хатто кечалари келиб тўқийди...

Ҳа, синглим келиб тўқир
бўлиб-бўлиб,
тунлар аро, кечалар аро
тўқийди, албат...

Тўқиб бўлинади гилам
ва учар сўнгра
                         айтар баралла:
Бошқа бировлар маҳв этган
бетакрор замон парчасидир ёшлик...
Сен қандай хоҳласанг
                                     шундай англагин,
аммо бу шундайдир...
Шундайдир, ахир... 
Сен қандай англасанг 
                                   англайвер...

/М.Йўлдошев таржимаси





20.02.2015

Донишманд қария

Донишманд қария

Қаҳратон қиш кунларидан бирида подшоҳ кийимларини ўзгартириб юрт кезишни ихтиёр қилибди. Ёнига вазирини олиб йўлга чиқибди. Улар дарё бўйида ўтирган кекса бир одамни учратишибди. Қария қўлидаги териларни сувга ботириб уриб-уриб ошлаётган экан. Подшоҳ қарияга яқинлашиб салом берибди:
-Ассалому алайкум, эй, пири фоний!
-Ваалайкум ассалом, эй, сардори жаҳон!
Подшоҳ сўрабди:
-Олтиларда нима қилдинг?
-Олтига олтини қўшмасак ўттиз иккига увоқ ҳам бўлмаяпти...
Подшоҳ яна сўрабди:
-Кечалари турмадингми?
-Турдим... Аммо, бошқалари ҳузурини кўрмоқда...
Подшоҳ кулди:
-Бир ғоз юборсам, патини юласанми?
-Уни менга қўйиб беринг, ғиқини чиқармай юламан...
Подишоҳ вазирини олиб саройга қайтибди. Саройга яқинлашганларида подшоҳ вазирдан сўрабди:
-Нима ҳақида гаплашганимизни тушундингми?
-Йўқ, шаҳаншоҳим...
Подшоҳнинг жаҳли чиқибди:
-Қош қорайгунга қадар нима ҳақда гаплашганимизни ўрган, акс ҳолда бошинг кетади...
Қўрқувдан дағ-дағ титраган вазири аъзам подшоҳни кузатиб қўйгач, ортига қайтибди ва кекса ҳунармандни топиб сўрабди:
-Подшоҳ билан нима ҳақида гаплашдингиз?
Чол вазирга бир қараб олибди-да:
-Айбга буюрмайсан, текинга айтмайман. Юз олтин тангага айтаман.
Вазир юз олтин берибди.
-Сен подшоҳни, сардори жаҳон деб салом бердинг. Подшоҳ эканлигини қаердан билдинг?
-Мен тери ошлаш билан кун кечираман. Унинг устидаги мўйнани подшоҳдан бошқа одам кия олмайди.
Вазир бошини қашибди.
-Яхши, "олтиларга олтиларни қўшмасак, ўттиз иккини эплаб бўлмаяпти," нима дегани?
Қария бу саволга жавоб бериш учун ҳам юз олтин тангани ундирибди.
-Подшоҳ "олти ой ишламасдан қишда ишлаяпсанми," деб сўради. Мен эса "олти ой эмас қишда ишласак ҳам еткизиб бўлмаяпти," дедим.
Вазир яна бир савол берибди:
-"Kечаси турмасданми?" деганинг нима маънони билдиради?
Қария яна юз олтинни санаб олгач:
-"Фарзандларинг йўқми?" деб сўради. "Бор аммо ҳаммаси қиз эди, турмушга чиқиб бошқа инсонларнинг корига ярамоқда" дедим.
Вазир бошини эгиб:
-Маъқул, қани айт-чи, "Бир ғоз юбораман патини юлиб ол" дегани нимани англатади?
Қария қаҳ-қаҳ отиб кулибди:
-Ҳа, энди буни ўзинг ўйлаб топ...
/Турк тилидан М.Йўлдошев таржимаси

19.02.2015

Ali Aslanoğlu





Eshiklar

Eshiklar...                                                                
            Eshiklar...
Sizni yozar bo‘lsam,
Romanga sig‘maysiz.
Eshiklar...                                                                                
            Eshiklar...
Ba’zan eski, qiyshiq,
            abgor eshiklar...
Ba’zan salobatli, ko‘rkam
Jimjimador
               Kibru havoli
Serbo‘yoq, dabdabali eshiklar...
Bir faqirning devorida
qaltiragan,
             shaqillagan,
             omonatgina eshiklar...
Bir zodagonning ko‘shkida
Apsheron kulliyasida
                dang‘illagan
qo‘shqanot darvozalar...
Chorasizga, nochorga,
yo faqir-fuqaroga
doim yopiq,
                     qulfdor eshiklar...
Zamonlar o‘tadi.
Zamonga boqib
                 o‘zgargan,
                         turlangan eshiklar…
Behayolar nigohiga
                  to‘siq bo‘lgan eshiklar…
Faqat oxiratda
kimni-kimdan
                     ajratgaydir eshiklar…
Oromkursisini abadiy bilgan
nafsining quliga aylangan
nopok bir bandaning
odam shaklidagi
nimarsaning
qabulxonasida
                      tepilgan eshiklar…
Qarg‘ish
              nafrat va kindan
                            ezilgan eshiklar…
Kutamiz,
ko‘rarmiz…
Dunyo tuzalajak...
                          Qachon eshiklar?!
Ey, ma’sum
va mag‘rur yetimning
                      baxtini ochgan eshiklar!
Hamma gap qulfdadir 
                                 to‘g‘ri aytasiz.
Qulflarning
                     g‘iybatini qilasiz!
Qulflar bo‘lmasa edi
na so‘z, na suhbat –
Ayniqsa, ortardi
sizlarga rag‘bat.
Sabr qiling, siqilmang.
Umidingiz yo‘qotmang,
gunoh axir, 
                   eshiklar!
Bir kun kelar –
Haq yuksalar,
kesib qulflarni

           otajak ham topilar!..

/Ozarbayjon tilidan M.Yuldashev tarjimasi.





18.02.2015

Тақлидий сўзларнинг лингвопоэтик имкониятлари (мақола)

Тақлидий сўзларнинг лингвопоэтик имкониятлари


Бадиий матнда муайян нарса-ҳодисаларнинг образларини яратишда тақлидий ва тасвирий сўзлардан кенг фойдаланилади. Айтиш мумкинки, тақлидий сўзлар (тақ-тақ, жилдир-жилдир, жингир-жингир, шитир-шитир, вижир-вижир, қар-қар, вов-вов, миёв каби), ҳатто улар асосида ясалган сўзлар (тақилламоқ, жилдирамоқ, шитирламоқ, вижирламоқ, қағилламоқ, вовулламоқ, гулдурак, шилдироқ, миёвламоқ каби) бадиий образ яратишнинг битмас-туганмас манбаларидир. Муайян нарса-ҳодиса тасвирланар экан, узундан-узоқ тавсифлардан кўра бу нарса-ҳодисаларга хос товушларни эслатиш, келтириш уларнинг образларини тезроқ тасаввур қилиш имконини беради. Бундай тақлидий товушлар нарса-ҳодисанинг тўғридан-тўғри ўринбосарларига айланади. Шунинг учун ҳам ономатопеялар бадиий матнда алоҳида лингвопоэтик салмоққа эга.  Масалан:
Ғор кетади ўрнидан туриб –
                                         қудуқ.
Қулоғига симоб сингари эриб,
                         қурбақа дудуқ-
ланиб ўқиётган тарих сингади:
                  қуррр,
                            қуррр,
                                       қуррр...
...Қарғалар
қарғанар:
каррр-и-каррр,
каррр-и-каррр... (Фахриёр, “Ёзиқ” шеъри)
Мутлақо ўзига хос образлар ва рамзлар асосига қурилган бу шеърда мазкур тақлидий сўзлар (қуррр-қуррр, к(қ)аррр-к(қ)аррр) кучли даражада поэтик актуаллашган, бу товушлар уларнинг “эгалари” бўлмиш жонзотларни тиригича ўқувчи кўз ўнгига келтиради. Матнда бу жонзотларга юкланаётган бадиий маъно яна ҳам тиниқлашади. Таниқли адиб Х.Дўстмуҳаммаднинг “Ибн Муғанний” номли ҳикоясида сувнинг томчилашидан чиқадиган товуш асарда олти марта, олтинчиси ҳикоянинг сўнгида, берилган ва асардаги яхлит бадиий мазмунни тутиб турган устунлардан бири сифатида эстетик вазифа бажарган (ҳикояда “Куй оламни сел қиладур” деган ибора ёзилган китоб ўқ нуқталардан биридир, бу ибора ҳам ҳикояда уч марта берилган), ҳатто бадиий матн интеграциясини ҳам шу олти марта қўлланган тақлидий товуш ушлаб тургандай туюлади. Мазкур тақлидий сўз қўлланган парчаларда буни умумий тарзда бўлса-да, тасаввур қилиш мумкин:
...Ибн Муғанний ухлаётган эдими, уйғоқми – иттифоқо “Чак!.. Трикк!..” этган садони эшитди...  ...Ўй-шуури мубҳам умид муждасидан орхиқиб кетди!.. “Қаердадир сув томчилади!” деган ўй кечди хаёлидан... ...Зумда мудраш, карахтлик комига тортдими, бас, қулоққа чалинган садо оҳангини унутиб қўйиши ҳеч гап эмасди. Шу боис атайин овоз чиқариб “Чак!.. Трикк!..” дея такрорлади...
...Ибн Муғанний ҳарсиллаб, пишқириб биноларни, дов-дарахтларни кўмиб юборган қор билан олишаётиб осмонга қаради... “Чак!.. Трикк!..” деган садода офтобнинг чарақлаган жамолини кўргандек бўлди...
- Чак!.. Трикк!.. Чакк!.. Трикк-к!..
Ибн Муғанний чўчиб кўзини очди, у ўзини йўлга чорлаган садони аниқ-тиниқ эшитди, юраги қаттиқ ҳаприқди, ҳушини йиғар-йиғмас оёқ-қўллари ҳаракатга тушди... Пайтдан фойдаланган Ибн Муғанний олдинга талпинди... Унинг бадани совуди, мадорсизланди... хаёлларининг овлоқ бурчагида эрувгарчиликнинг митти даракчиси янглиғ “Чак!.. Трикк!..” этган садо ҳамон қулоғи остида жаранглаб турар – уни ўлимдан сақлаётган жиндек жонию, шу ҳаётбахш садо оҳанги эди... (Ҳикоянинг охири:) ...Ҳушдан кетаётган Ибн Муғанний хомталаш оёғига, азобда қолган жонига ачинмади, “майли” деди – ингради, “розиман” деди – ингранди, уйга етиб олсам бас... бобомдан қолган созларга қўл чўзсам... чак!.. трикк!.. оламни сел қиладур... бу сас... Ибн Муғаннийнинг елкаси қаттиқ нарсага тегар-тегмас мўъжаз эшик беўхшов ғичирлаб очилиб кетди, у ўзини тутиб қололмади – ёнбошлаганча чордоқ ичига қулади... Қор босган водийга кўҳна соз ноласи таралди... Дунёни сел қилгувчи бу нолани Ибн Муғанний эшитдими-йўқми – ёлғиз Аллоҳга аён эди...
Мазкур товушга тақлид ниҳоятда тиниқ ва рангин образ сифатида поэтик актуаллик касб этган. Баъзан тил сезгиси ва маҳорати ўткир ижодкор тақлидий сўз ўрнида у билан фонетик уйқаш бўлган мустақил сўзни қўллайди, натижада бирданига ҳам тақлидий сўз, ҳам мустақил сўз “ишга тушади”, “овоз чиқаради”. Шунда сўз ҳам ун, ҳам мазмун сифатида поэтик актуаллашади, ижодкорнинг бадиий ниятини бўрттиради. Мана бу парчада буни кўриш мумкин:
Синиқ ой сарғайиб кезаркан кўкда,
Томирларда шуълалар шарпасин илғаб,
Занжирини силтаб, айқирди кўппак:
- Хавф!
- Хавф!!
- Хавф!!!
Аёл мискин эди.
Ҳис қилди аёл –
Қайдадир эрини ўпарди бир қиз...
...Аёл ҳам гуноҳга қўл берди охир –
Тушида биринчи севгисин кўрди (И.Мирзо, “Гуноҳ” шеъри).

Турли мақол ва маталлар, тез айтишлар ва бошқа фольклор намуналарида поэтик актуаллашган фонетик воситалар муҳим ўрин тутади. Агар мазкур поэтик актуаллашувдан воз кечилса, ҳатто бундай сўз санъати намуналарининг эстетик яхлитлигига путур етади, ундаги фақат фонетик эмас, балки бошқа тил воситаларининг ҳам интеграцияси ўз моҳиятини йўқотади.
М.Йўлдошев.

Ватан ҳақида қўшиқ...


ЎЗИНГДАН АЙЛАНАЙ, ОТАМАКОНИМ!

Кенг далам-ай!
Айланайин,
Ўргилайин.
Дўмбирам-ай!
Қўлга олиб,
Куйлайин.
Қозоғимнинг даласидай!
Кўзимнинг қорасидай,
Ўзингдан айланай, отамаконим!
Денгиздай!
Тўлғондим,
Тўлғондинг.
Сафарларда!
Соғинчим сен ўзинг,
Сирим-сирдошим ўзинг-ай.
Кўзимнинг қароси, мунчоғим,
Соғиндим сени-ей, отамаконим!
Соғинчдан қалбимда мунг,
Айланайин ўзингдан, отамаконим!
Бахтиёр кунлар-ай,
Юлдуз томган тунлар-ай,
Ўзинг гувоҳ барига:
Ким ўтди,
Кимлар-ай...
Отамакон-ай!
Жанатмакон-ай!
Отаюртим, онамакон-ай...
Омонатдир,
Сенга жону тан!
Бебаҳо даламиздай,
Сулув онамиздай,
Айланайин ўзингдан-ай...
Отамаконим!
Оримсан, номусимсан,
Жонимсан жаҳонимсан,
Айланайин ўзингдан-ай
Отамаконим-ай!

Ж.Туяқбаев

Қозоқ тилидан М.Юлдашев таржимаси.

 Роза Рымбаева ижросида "Атамекен"