29.09.2020

Ё Дарвеш... II

 



Ё ДАРВЕШ...

II

Ё Раббано хайр айла, Муҳаммадга ёр айла...

 

- Негадир ичимда оғир юк, англамсиз ташвишлар бор, ҳамма нарсадан чарчадим, дарвеш, ҳаётнинг маъноси қолмагандек гўё. Ҳеч бир ишимда барака йўқ, зарра қадар ҳузур-ҳаловатим қолмади...

- Сабабларини ўйлаб кўрдингми, Огоҳ? Ҳазрати Иброҳим Ҳалилуллоҳ мисоли оловга отдиларми сени? Ёки Юсуф алайҳиссалом каби зиндонга ташладиларми? Айюб алайҳиссаломдек танингни яралар босдими? Ўйлаб кўрдингми, Огоҳ? Ёқуб алайҳиссалом каби фарзанд доғида кўзларинг аъмо бўлдими? Ёхуд Юнус пайғамбар мисоли денгизга ташладиларми сени? Сарвари олам ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломга етган зулмнинг қанчасини бошдан ўтказдинг? Нимадан норозисан, фикр қилдингми, Огоҳ?

***

- Дунёдаги ҳамма бало-мусибат менинг устимга ёғилиб келаверади. Гуноҳим нима, дарвеш? Нега ҳамма масъуду хушбахт, мен бунчалик омадсиз яралганман? Оллоҳ мени нега некбахт яратмади, қийинмиди шу?

- Бу дунёда рўй берган ва бизнинг бошимизга тушган ҳар не мусибат борки, биз яралмасдан аввал тақдири илоҳийда ёзилмишдир. Оллоҳга осондир ҳар иш. Афлотуннинг камон ва ўқ ҳақидаги ҳикматини унутдингми ёхуд? “Мусибатлар Оллоҳнинг ўқларидир, нишон эса бизмиз!” Донолар тақдири илоҳийда битилган офатлардан қандай қочиб қутулиш мумкинлиги ҳақида сўраганларга “Айналмафар?” (“Қаёққа қочасан?”) дея жавоблаганлар.  Тақдир ўқларидан қочиб қутуладиган биронта паноҳгоҳ борми ўзи? Қочиб қутулганни эшитганмисан, Огоҳ?! Бас, шундай экан, бу исённинг боиси не?!

Ё Раббано хайр айла, Муҳаммадга ёр айла...