26.07.2020

Ниқоб маданияти




НИҚОБИНГНИ КЎРСАТ, КИМЛИГИНГНИ АЙТАМАН...
Пандемия бошлангандан бери тилимиздан ҳам юзимиздан ҳам “ниқоб” тушмай қолди.
Тиббий ниқоблар ўтган вақт мобайнида ҳаётимизнинг ўта муҳим ва ажралмас парчасига айланди. Шу билан бирга, улар дид ва маданиятимизни намоён қилувчи, ҳатто моддий имкониятларимизни кўз-кўз қилиш воситасига ҳам айланиб улгурди.
Кимдир ниқобингизга қараб сизга баҳо берса, кимдир ниқоб тақиш тарзингизга қараб сиз ҳақингизда хулоса чиқаради. Руҳиятшунослар кузатувига кўра, дорихоналарда сотиладиган бир марталик оқ ёки мовий рангли тиббий ниқобларни, асосан, ички мувозанатга эга, тартибли ва қонун-қоидаларга риоя қилувчи инсонлар; респиратор ниқобларни мутахассислар ва ўта эҳтиёткор инсонлар танлар экан. Кўча-куйдан ёки интернет дўконлардан сотиб олинадиган турфаранг ва жимжимадор ниқобларни эса характери шаклланиб улгурмаган ўспиринлар ва ўз ҳаракатларини мунтазам баҳолай олмайдиган инсонларда кўришингиз мумкин экан. Трикотаж матодан ишлаб чиқарилган чўнтакбоп ниқобларни, асосан, тежамкор, ишчан ва вирусни унча жиддий қабул қилмайдиган инсонлар танлар экан. Бундан ташқари, ниқоб тақиш қоидаси ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Маданиятли инсонлар ниқобни қоидасига мувофиқ тақишни канда қилмайдилар. Ўзини ва бошқаларни ҳурмат қиладиган инсонлар ниқобни маданият деб биладилар. Ниқобни даҳанига тақиб, ўзини ва атрофидаги инсонлар соғлигини таҳликага солгувчи бепарво кимсаларнинг ички маданияти ҳам шунга яраша бўлади.
Ёдингизда тутинг: тиббий ниқоб бир марталик, шу боис уни такроран ишлатиш мумкин эмас. Агар ишлатиш зарур бўлса, спирт билан яхшилаб дезинфекция қилиш керак. Ниқобдан фойдаланиб бўлгач, уни исталган жойга эмас, ахлат қутисига ташлаш ва қўлларни яхшилаб ювиш зарур.
Ўзингизни ва яқинларингизни асраш учун ниқоб тақишни унутманг.


5.07.2020

Балиқ овида (ҳикоя)


Балиқ овида

ҳикоя

Саид археология йўналиши бўйича Япониянинг Нагоя университети докторантурасини тамомлаб қайтди. Келганига бир ҳафтадан ошганига қарамай уйидан меҳмон аримайди. Қариндош-уруғ, қўни-қўшни, дўст-биродар деганларида зиёрат вақти тушунчасининг ўзи йўқ. Эрта тонгми, кечми демайди. Истаган пайти овозини борича қўйиб чақириб келаверади. Чиқмасанг қишлоқчилик хафа бўлишади. Хуллас, зиёрат фасли шу зайлда анча давом этди. Шундай зиёратлардан чарчаб турган бир пайтда дўстларининг балиқ овига олиб кетиши жонига оро кирди.
Саид шаҳардан қишлоққа келган пайтда дўстлари Азиз ва Олимтойлар билан кўлда балиқ овлашни ёқтиради. Азиз тарих ва фалсафа бўйича яхшигина мутахассис. Агар оилавий шароити сабаб қишлоққа қайтмаганида зўр олим бўлиши табиий эди. Ёлғиз ўғил бўлгани боис ота-онаси ёнида бўлиши керак эди. Қишлоқда ҳам илмни ташлаб қўймади. Мактабда ишлади, репититорлик қилди. Уй, машина ва бугунги кун кишисининг эҳтиёжига нимаики керак бўлса ҳаммасига эришди. Аммо шаҳарни эсласа энтикаверади... Айниқса, Саиднинг илм йўлидаги муваффақиятларини катта хайрихоҳлик билан кузатиб боради. Бирон газета ё журналда мақоласи чиқса табриклашни канда қилмайди. Қишлоққа келса-ку, меҳмон қилиш баҳонасида уйига олиб кетиб, илм-фандаги янгиликлар ҳақида суҳбат қуришни яхши кўради. Олимтой бўлса – туман газетасининг бош муҳаррири, таниқли ёзувчи. Шаҳарга йўли тушса Саидларникига кирмай қайтмайди. Қишлоқда ҳам унинг ёнидан айрилмайди. Учовлоннинг иноқлигига ҳамманинг хаваси келади.
Қишлоқ этагидан Норин дарёсининг кичик бир ирмоғи оқиб ўтади. Ўша ирмоқ ҳосил қилган кўлда қишлоқ ёш-яланглари балиқ овлашади. Балиқ ови, аслида, овлоқ ерда суҳбат қуриш учун бир баҳона холос. Учовлон эрта тонгда кўл бўйига келиб, одамлардан холироқ ерни танлаб жойлашдилар.
Азиз қармоқларга чувалчангларни ўтказиб, сувга ташлаб келгач, деди:
– Саид, сен океаннинг ҳар турли балиғини еб келяпсан. Бизни кўл балиғи ёқармикан энди сенга?
– У нима деганинг, – гапга аралашди Олимтой – кўлимиздаги балиқларнинг мазасини дунёда ҳеч қайси балиқдан ололмайсан. Ҳатто чет эллардан ҳам  атай шу кўл балиғига буюртма беришаётганмиш...
Азиз:
– Олимтой, чет элликлар билишармикан шу бизни қишлоқдаги товуқ тухумидай кўлни?
– Боқи борку, биздан бир синф олдинда ўқиган. Ўша ҳозир Москвада, катта ресторанда ошпаз бўлиб ишлайди. Ўша ўтган сафар келганида шу ўзимизни балиқлардан олиб кетганди. Московликларга жуда ёқиб қолибди, тўхтовсиз буюртма бериб ётибди. Сен алмисоқдан қолган китобларингни ўқи, ўқийвер, у китобларда бунақа янгиликларни тополмайсан, дунёдан орқада қолиб кетгансан дўстим! Интернет бор, телеграм бор, файзибоғ деб қўйибди. Сенга инстаграм нималигини тушунтирай десам 19-аср тилини билмайман-да.
Олимтойнинг беғараз ҳо-ҳолаб кулишига Саид ҳам қўшилди. Азиз бундай пайтларда ўзини ёлғиз қолиб кетгандек ҳис қилиб мавзуни бошқа томонга буришга ҳаракат қиларди.
– Сенга бўш кулги бўлса бўлди, бу борада олдингга тушадигани йўқ. Интернетни билмадиму лекин гапингда жон бор. Мен ўқиган, ўша сен айтган алмисоқдан қолган китобларда шу кўл ҳақида анча-мунча маълумотлар бор. Қадимда бу ерлар Норин дарёсининг ўзанини йўқотган ирмоғидан ҳосил бўлган балчиқли кўл эмас, ростакасим катта кўл бўлган экан. Номи ҳам Қорақуш кўл бўлган экан. Бу нима дегани биласанми?
– Қора қушними? Ўзимизни қашқалдоқ-да. Ҳа у гапларингни қўй, бир нарса айтаман. Ўтган ой сен Самарқандга кетган экансан. Тошкентдан меҳмонлар келди. Ичида ўзимизнинг депутатлардан ҳам бор, чет элликлар ҳам бор. Бир меҳмон қилиб қўяй деб ўттизтача қашқалдоқни турли туман қилиб пиширтирдим. Ошпазниям депарани олди - уста Муродни чақирганман. Қашқалдоқлар дастурхонда шунақа зўр турибди, ейишга кўзинг қиймайди. Кейин меҳмонлар қашқалдоқдан бир тишламдан татиб кўриб қайтиб қўл узатмаса. Хайрон қолдим. Улар қашқалдоқни умуман ейишмас экан. Нима қилишни билмай бошим қотиб қолди. Энди бу ернинг энг зўр таоми шу бўлса. Яхши уста Мурод тезда балиқ пишириб вазиятдан олиб чиқиб кетди.
– Сўрамабсан-да бир оғиз телефон қилиб. Қашқалдоқни биздан бошқа ерда ейишмайди. Балчиқни ҳиди келади дейишади. Кўпчилик билмайди ҳатто. – деди Азиз гапни қисқа кесиб.
Кўлга қараб чуқур хаёлга толган Саид ҳам гапга аралашди.
– Олдин бу кўлда мойбалиқ билан сазан кўп бўларди. Шу тепаликда бутун синфдошлар балиқ пиширганимизни кўп эслайман. Мен йўқлигимдаям тўпланиб турибсизларми?
– Э, қаёқда! Синфдошларни ярми Россияда. Қишлоқда қолганлари ўз юмушидан ортмайди. Биз ҳам сен баҳона келдик.
Шу пайт қармоқ торта бошлади. Учовлон гапни йиғиштириб қирғоққа югуришди. Кўлга қуйиладиган ирмоқдан ҳосил бўлган гирдобда бир тўда кафтдек мойбалиқлар кумушдек товланиб сузиб юрарди. Қармоқни кетма-кет тортиб челакни тўлдиришди. Азиз челакдаги сувни тўкиб балиқларни тозалаш учун ерга ёзилган супрага ағдармоқчи бўлди. Саид:
– Шошма, Азизбек, балиқлар челакда турсин бироз. Ўзи эндигина келган бўлсак, тушга яқин пиширармиз, – деди.
– Тозалаб пиширгунча туш бўлади, шундоқ ҳам. Пивалар ҳам муздеккина бўлиб қолгандир, шоввани тагига қўйганман.
– Майли, шундай бўлса ҳам бироз кутайлик, челакка сув қуяйлик. Балиқлар челакда бироз кутишсин.
Олимтой олов ёқиш керакми ёки кутиш керакми билолмай икковига қаради.
Саид кўзини гирдобда товланиб айланаётган мойбалиқлардан узмай сўзлай кетди:
– Бир китобда ўқигандим, дунёнинг яралишида балиқлар ҳам иштирок этган экан. Тангри Улген бу дунёни яратишдан олдин уч дона балиқни яратибди. Устига ер шарини қўйибди. Унинг икки ёнига яна биттадан балиқни қўйибди. Бошқа афсоналарда олдин балиқ, кейин шохдор буқалар яратилади ва балиқ устида турган қирқ шохли буқанинг шохларига ер шарини қўйиб қўяди. Балиқ ё буқа қимирласа зилзила рўй беради.
– Бу бор-йўғи афсона, мендан сўрасанг, яратилиш ҳақидаги катта муаммо бўйича дин энг мантиқли ечимни топган. Оламни Оллоҳ яратган, тамом. Ортиқча изоҳга ҳожат йўқ. Фалсафа эса, биласан, минг йиллардан бери тухум олдин пайдо бўлганми, товуқми деган тортушувдан нарига ўтмайди, – деди Азиз унинг гапини бўлиб.
– Гап кимнинг тўғри ечимни топганида эмас, Азизбек, билиб турибсан ҳаммасини.
– Сен давом эт, мен шунчаки хаёлимга келганини айтдим-қўйдим. Сен мавзуни узоқдан бошлаганингга қараганда балиқни кечаси пиширамиз шекилли.
– Ташвиш қилаверма, балиқ емаганмисан? Улгурамиз ҳаммасига. Мен айтмоқчи бўлган нарса, одамзоднинг илк ҳунари ов қилиш ва илк ови балиқ тутиш бўлган деган қараш бор. Балиқ ҳам одамзод билан бирга битта дунёни баҳам кўради. Шу дунё одам учун ҳам балиқ учун ҳам ягона маскан. Бундан ташқарида ҳар икки жонзод ҳам ўлади.
– Нима бу энди фалсафами? Шуни ўрганиш учун Японияга бориш шарт эканми? Мендан сўраганингда ҳам айтиб берардим, - дея ёйилиб кулди Азиз.
– Йўқ, фалсафа эмас, биринчи балиқ тутиб ейишни ўйлаб топган одамнинг зеҳнига ҳайрон қоляпман, холос. Мен бўлганимда, ҳарҳолда, балиқ овлашни эмас, маймунжон териб ейишни топган бўлармидим?!
– Сен, ўт ердинг, ўт, маймунжонни топиб ейиш ҳам осон иш эмас, – гапга аралашди Олимтой.
– Сен ўзинг бўлганингда нимани кашф қилган бўлардинг-а, билағон?
– Менми, биринчи балиқ овлаган одам ҳақида роман ёзган бўлардим, -деди кулиб. 
– Қадимги шумер лой тахтачаларида бир жуфт балиқ расми акс этган муҳрлар учрайди. Зодагонлик, ҳукмдорлик тамғаси ҳисобланади. Қарама-қарши тарафга қаратиб ишланган балиқлар ҳамма даврларда илоҳийлик, сирлилик билдирган. Исо Масиҳнинг ҳам рамзи айнан бир жуфт балиқ бўлган дейишади.
– Бу энди катта фалсафа... Буржлар билан боғлиқ бўлиши керак. Балиқ буржининг рамзи ҳам бир-бирига терс турган балиқ-ку! – деди Азиз.
– Олимтой, янги у-бу нарса ёзяпсанми? Охирги китобингдан менга бермадинг ҳали. Фейсбукда анча яхши гапларни ўқиб қувондим.
Олимтой қўлидаги ўтинларни ерга қўйиб юзида табассум билан Саидни ёнига келиб ўтирди. Бир мақтангиси келди.
– Ҳа, нимасини айтасан дўстим, шахсан туманимиз ҳокими Бакир Унаровичдан йилнинг энг яхши ёзувчиси мукофотини ҳам олдим. Адабиёт газетасида иккита яхши тақриз чиқди. Китоб минг нусхада босилди. Битта қишлоқ ёзувчисига яна нима керак? 
– Ундай дема, дўстим, сен бир қишлоқ ёзувчиси эмассан, катта ёзувчисан. Фақат сени ҳам бу миллат кейин тушунади, ҳозир сен қиладиган иш фақат ёзиш, – уни овутган ва ўзига хос тарзда мақтаган бўлди Азиз. Саид ҳам унинг гапини маъқуллади. Кейин мавзуни яна балиқларга бурди.
– Японияда кўп балиқ ейишади. Денгиздан нима чиқса ейишади, тўғриси. Қизиғи балиқ ейишдан олдин бир ибодатлари бор. Балиқ қийналмаслиги, жон азоби чекмаслиги учун худога ёлворишади. Балиқ дастурхонга тортилганда ҳам руҳи танидан чиқмаган бўлади деб тасаввур қилишади. Унинг руҳини осмонга кузатиб қўйиш учун дуо қилишади. Улар мангу руҳни шу тарзда озод қилганликлари учун ўзларини балиқ эти билан сийлашади. Лекин мен Япониядалигимда деярли балиқ емадим.
– Шу японлар қизиқ халқ-да. Назокатни қара. Балиқ руҳи азият чекмасин дея худога ёлворишлари-чи! Бу бир нави худога шукроналик экан-да. Жонли мавжудодларнинг бари ҳурматга лойиқ аслида. Ҳатто ўт-ўланлар ҳам, – деб чуқур уҳ тортди Олимтой.
– Яхши мавзу очилди. Энди мен ҳам ичимдагини айтиб олай. Аслида биз файласуфлар бундай мавзуларда рационал фикрлашимиз, афсоналарга примитив тафаккур маҳсули сифатида қарашимиз даркор. Лекин болалигимда эшитган бир ривоят эсимдан чиқмайди. Бобом қишлоқ йигитлари билан бирган урушга кетганида аёллар ҳар куни шу кўл бўйига йиғилишар экан. Мана шу биз овлаган мойбалиқлар бор-ку, Тангритоғдан тушадиган сойда бўларкан. Ўша ердан дарёда ҳар куни оқиб келиб шу ердаги шовва атрофида айланиб, зиёрат қилиб яна қайтиб кетишар экан. Хуллас, ўша мойбалиқлар устида қон кўринса қишлоқдан кимдир шаҳид тушгани гумон қилинар экан. Ҳақиқатан бир-икки кун ўтмай шаҳид хабари келаркан. Балиқларда қон кўринмаса, демак, ҳамма соғлом деб, балиқларга нон-ушоқ ташлаб уйларига қайтишар экан. 1945 йилнинг 9 май куни – уруш тугагани эълон қилинган кун – шу кўлдаги ҳамма балиқлар қип-қизил қонга беланган ҳолда оқиб келибди. Аёллар саросимага тушиб, ҳар ким ўзи билганича дуо ўқишни бошлабди. Аммо фойдаси бўлмабди. Қишлоқдан кетган йигитларнинг кўпи шаҳид бўлибди, қайтганлари ярадор, майиб-мажруҳ бўлиб қайтибди. Шундан кейин қишлоқ аёллари бу кўлга келмайдиган бўлишибди, бу кўлнинг балиғини ҳам емай қўйишибди. Қачон шу кўлдан балиқ овласам шу ривоят эсимга тушиб этимни жунжуктиради, – деб ҳикоясини якунлади Азиз.
Саид бошини сарак-сарак қилиб гап бошлади:
– Мен ҳам балиқ ҳақида кўп афсона эшитганман. Кўпида қутқарувчи, ғойибдан хабар берувчи ва тангрининг тили бўлиб гавдаланади. Қадимда бу дунё бир неча марта янгитдан яратилган экан-да. Биз биринчи ҳам охирги ҳам эмасмиз яъни. Одамзод ҳаддидан ошганда  тангри катта тўфонни юбориб ерни бутунлай тозалаб олар экан. Минг йиллар ўтиб яна бир шаклда ер юзи пайдо бўлар, унда одамзод дунёга келар экан. Тўфонларда пайғамбарларга нималарни сақлаб қолиш кераклиги айтилар экан. Ер юзига юборилган пайғамбарларнинг бири уммондан сув олмоқчи бўлган экан қўлига митти бир балиқ илинибди. Пайғамбар қараб турса, митти балиқ тилга кириб, яқинлашаётган тўфондан хабар берибди. Қандай қутилиб қолиш мумкинлигини айтиб кўздан ғойиб бўлибди. Пайғамбар балиқ айтган гапларга риоя қилиб халқини қутқариб қолган экан. Бунақа мифлар кўп-да энди.
Олимтой ҳам гапга қўшилди:
– Самад Беҳрангий деган ёзувчи бор. Ўша ёзувчининг “Митти қора балиқча” деган зўр ҳикояси бор. Мен, манавинга ўхшаш митти балиқни еяётганда шу ўша митти қора балиқча эмасмикан деб қўяман баъзан. Ё Немога ўхшаб отасини излаб чиққан балиқ бўлса-чи, деган ҳадик тушади... Унданам ёмони, ўзимизнинг Исажон Султоннинг “Қисмат” ҳикоясидаги балиқни эсласам, балиқдан воз кечворгим келади, – деди кулиб.
– Сен яхшиси, Пушкиннинг “Олтин балиқ”и эмасмикан деб гапга солиб кўр... – деди Саид.
– Бунақада балиқ еёлмаймиз, дўстларим. Бас қилайлик шу сентименталликни. Мен пивани олиб кегунча, сен оловни ёқ, Олимтой. Саид сен пиёз билан помидорни майда тўғраб бир шакароб қил-чи, эсингдан чиқиб кетмадимикин? – деб ўзи соҳил томон йўл олди Азиз.
Саид:
– Майли, фақат битта гапни айтай. Мана, Олимтой, сен ёзувчисан-а, буни мендан кўра яхши англасанг керак. Мен балиқ ови ҳақида ўйлаганда хаёлимга нима келишини айтай, эшит. Ўйлаб қоламан-да, қармоққа чувалчанг илиб сувга ташлаймиз. Сувда сузиб юрган қанча кўп балиқ бўлгани билан биттаси илинади. Уни бошқалари кўриб туради лекин барибир яна қармоқ ташласак илинаверади. Шу ҳолат менинг кўз олдимга туғилиш ва ўлимни келтиради. Қазоси етган минглаб миллионлаб балиқ қармоқ ёки тўр воситасида ўзи яшаб турган оламдан бошқа бир оламга ўтади. Худди манави челакка ўхшаган минглаб миллионлаб идишларда маълум муддат кутади. Кейин уёғи кимларгадир ризқ – қувватга айланади. Агар яхши инсон бўлса, келгусида у билан бирга жаннатга, ёмон инсонга ем бўлса, келгусида у билан жаҳаннамга кетади. Ўйлаб кўр, даҳшат эмасми?
Олимтой:
– Балиқ руҳидан сўз очганинг бекорга эмас экан-да, дўстим. Челакда куттирганинг ҳам шу тушунчаларинг туфайлимиди? Демак, челак балиқлар учун мисоли аросат экан-да! Аросатдан ўтмай кейинги манзилга етолмайди деганларидек-а... Балиқлар, ҳой мойбалиқлар, сиз нима ўйлаяпсиз билмадиму, вафот этиб бошқа дунёга ташриф буюрдингиз. Агар дунёда гуноҳ қилган бўлсангиз тўппа-тўғри кўрада – жаҳаннам оловида қовруласиз. Яхши амаллар қилган бўлсангиз, юмшоққина димламада пишасиз... – деди челакдаги балиқларга қараб.
Саид:
– Бас-е, сенга ўхшаган ёзувчидан ўргилдим. Балиқларнинг азобини ҳис қилиш ўрнига масхара қилишингни қара. Улар нима дардда-ю, сен нима ғамда...
Азиз пиваларни олиб келиб дастурхонга қўйди. Саид тўғраган пиёз, помидор ва қалампирларни яхшилаб аралаштириб ликопларга солди. Тушлик учун олиб келинган нимаики бўлса ҳаммасини дастурхонга қўйгандан кейин уларга қараб:
– Саид, балиқ орқали зўр гапни айтдинг. Аслида, ҳаммамиз қармоғини кутаётган балиқлармиз. Паймонамиз тўлганида юқоридан чувалчангли қармоқ тушади, ундан қочиб қутилишнинг иложи йўқ. Худди кўриб туриб ҳам ўзини қармоққа урган балиқлар каби чувалчангларга отамиз ўзимизни. Бизни ҳам шу беҳудуд коинотнинг аллақаерида аросат деб аталган челакка солиб қўйишади. Кутиб ётамиз уларга ўхшаб.
Олимжон:
– Э, одам бўлмай кетларинг. Энди балиқ емаймиз. Уларни ўз оламига қайтараман. Шунча гапни эшитиб туриб ҳам балиқ ейдиган борми ё ичимизда?
Саид:
– Йўқ, мен розиман.
Азиз:
– Сизларга шу маъқул бўлса, нимаям дердим. Розиман, қайтара қол, давримизда маза қилиб яшашсин.
Учови яйраб кулишди. Олимжон балиқларни кўлга қайта қўйиб юборди. Катта савоб иш қилгандек ўзида йўқ хурсанд келиб кўрпачага ўтирди.
Саид:
– Сен ҳозир шу ишинг билан Тангрига қарши чиқдинг, сезяпсанми?
Олимтой:
– Қўрқитма одамни, Саид!
Саид:
– Йўўў, ростдан ҳам шундай. Ўзинг ўйла, тангри ўша балиқларнинг куни битгани учун қармоққа рўпара қилган эди. Бола она қорнидан туғилганда бошқа оламга келадику, худди шундай тамоман янги оламга келишига бизни сабабчи қилиб қўйганди. Сен тангрини ишига аралашдинг...
Олимтой, оғзидагини ютолмай кўзлари ола-кула бўлганча бўзрайиб қараб қолди. Нимадир демоқчи бўлди-ю, жўяли бирор сўз тополмай каловланди. Азиз унга тасалли берган бўлиб гапга аралашди:
– Қўявер, хафа бўлма, нега шундай қилдинг деса, манави Япониядан келган ҳаммамизни йўлдан урди дейсан!
Саид иккови мириқиб кулди. Олимтой ҳам вазиятдан чиқиш учун бор овозида кулди. Балиқсиз тушлик қилиб бўлишгач яна кўл бўйига ўтишди. Кўлда қашқалдоқ галаси сузиб юрган экан. Уларни овлаш учун милтиқ ҳам керакмас, тўр ташлаш кифоя. Учови бир-бирларига қарашди. Хаёлидан қашқалдоқ овлаб кабоб қилиш фикри ўтгани аниқ эди. Аммо ҳеч бири “овлайлик” дея олмади. Азиз нимадир дейиш учун оғиз жуфтлади, каловланди кейин:
– Ҳа, айтганча, ҳали Қорақуш нима дегани десам, қашқалдоқ дединг-ку, унақа эмасди. Қорақуш дегани “шимолий тепалик” дегани экан. Эҳтимол, бу кўл шу номни берганларга қараганда  шимолроқдаги тепаликда қолган бўлса керак. Лекин кимдир “балиқ тури” яна кимдир “юлдуз” деганини ҳам эшитганман...
Қуёш кўлда ажиб манзаралар пайдо қилиб нурларини тортиб олаётган паллада, қулоқлар ёпилиб, бутун вужуд кўзга айланмоғи керак. Бу манзара ҳар куни турфа ранг ва жилваларда намоён бўлади. Саид бу манзарани Японияда ҳам кўп кузатган аммо аторфи қамиш ва қовғалар билан қопланган балчиқ ҳиди келиб турадиган шу митти кўлдаги гўзалликни кўрмагани ҳақида хаёл сурарди. Олимтой, эҳтимол, балиқлар ҳақида ўйлаётгандир. Яхши етиб олдимикан деб қайғураётган бўлса ҳам ажабмас. Азиз эса уларни манзара қаршисида қолдириб, ўзи йиғиштирина бошлади. Ҳадемай кеч тушди. Чивинлар ҳужуми бошланган пайтда улар йўлга тушишди. Балиқ овига бориб балиқ емасдан қайтишаётганига ҳеч бири афсусланмас, қайтанга суҳбатлашиб маза қилишганидан хурсанд эдилар. Манзилларига етишгач, кейинги ҳордиқ куни ҳам балиқ овига чиқишга келишиб олиб тарқалишди.    
Маъруфжон Йўлдошев