2.11.2020

Фарғонанинг йўлларида.... (ҳикоя)

 



ФАРҒОНАНИНГ ЙЎЛЛАРИДА…

(Ҳикоя)

Муҳаммадраҳим ака бугун питакка ҳар қачонгидан ҳам эртароқ чиқди. Янгиқўрғон автовакзалига туташ такси питагига етиб келганида фаррош аёл эндигина ишни бошлаган экан. “Ҳали тонг оқармасдан муштдеккина ўғлини ҳам уйғотиб шерикликка олиб чиқибди. Бу бола нари борса 9-10 ёшлар бордир, йўқса ундан ҳам кичик чиқар” - деб қўйди ўзича тусмоллаб. “Э қойил-е, маладес бола экан. Ҳақиқий ўғил бола шунақа бўлиши керак-да!”

Муҳаммадраҳим машинасини мижозлар кўп тўпланадиган жойга қулай қилиб тўғрилади. Бугун Тойир қорадан олдинроқ чиқиб бу жойни банд қилганига ич-ичидан хурсанд эди. “Худони берган куни “қоратаппак” шу жойга турволади, худди энасини маҳрига тушгандай, бугун қуруқ қолди жойидан, келганда афти қандай буришишини бир кўрарканман-да!” - деб кулиб қўйди машинасининг ён ойнасига қараб.

Машинасининг эшигини очиб вокзал худудини супураётган фаррошни кузата бошлади. “Бу орқа маҳаллалик Собир эзмани боллари.” - хаёлидан ўтказди. Собир эзма чойхоналарда ҳеч кимга гап бермай сайраб ўтиради. Унга текин қулоқ бўлса бас, ўзини томдан ташлашга тайёр. Хотини бўлса, саҳар мардондан Худоёрхонни аркидай келадиган вокзални супуриб сув сепиб чиқади, барака топгур. Шу боласини еталамай, эзма эрини олиб чиқса бўмасмикан, хайронман… Бечорани иши бу билан ҳам битиб қолмайди. Кундузи то қош қорайгунча вокзалда туриб сомса сотади” - дея хаёлидан ўтказди.  

Энг ёмони боласини судраганига жаҳлим чиқди. Болада нима айб, айни тўйиб ухлаши керак бўлган пайт-ку ҳозир. Бу ёшида тўйиб ухламаса, эртага пачақ бўлиб қолади-ю, ўсмай қолад-ю… Мана бизни Сотволди 15 ёшни уриб қўйди, бўйи мендан ошганига анча бўлди. Ҳа демай бошини иккита қилишимиз керак. Лекин болапақир ғирт дангаса бўлди-да, кимга тортканийкан бу ўзи, хайронман. У ҳозир еттинчи тушини кўраётган бўлса керак. Ҳа майли-да жони соғ бўлсин, биз ахир шуларни деб юрибмиз-ку…”

Муҳаммадраҳим қўлига докани олиб машина ойнасини артган бўлди. Уйдан чиқишда артган, топ тоза бўлса ҳам ҳайдовчилик одати, бўш қолди дегунча бир бор ойнани артиб қўймаса, кўнгли жойига тушмайди. Тонг ёришиб кўчада одамлар қатнови орта бошлади. Тойир қора кўринмайди-я, дегандай қилиб йўлга қараб қўйди. Кеча Фарғона вокзалидаги дўкондан сотиб олган газетасини варақлай бошлади.  “Ўқишга арзигулик ҳеч нима ҳам йўқ экан” деб қўйди энсаси қотиб. Шундай бўлса-да газетанинг сўнгги саҳифасидаги сарлавҳаларга кўз югуртиб чиқди. “Фарғоний Фарғонага қайтмоқда” деган сарлавҳа эътиборини тортди. “Э, қайтса қайтавермайдими, шуям хабар бўлдими”- деб минғирлаганча бошқа сарлавҳаларни ўқий кетди. “Одамларга хайронсан, катта шоир бўламан деб Тошканди азимга кетволишатта, эплолмагандан кейин фамиласига “-ий” ни қўшиб орқага қайтишади. Нимеймиш, Фарғониймиш. Фамиласини ўзгартган минан ҳамма Навойи бўп қолорсаякан?!  Э, ўргилдим найрангвозлардан…”

Келиб тўхтаган машина овозидан Тойир қора эканлигини билди.  Атайин газета варақлашда давом этди. Тойир қора машинасидан тушиб унга яқинлашди.

- Ие, Мамарейим ака, тинчликми, сўпи азон айтмасдан кевопсиз, ё кеча шу ерда қоганмидингиз?

- Ассалому алайкум, Тойир бой! Кесатиб салом берган бўлди, ўзича. Жуда ажойиб урф одатларимиз бор-у кўп ҳам амал қилавермаймиз-да, ука. Мана қаранг, эрта тонгда бир-бирингизга салом беринглар. Саломда ҳикмат кўп дейишади ота-буваларимиз.

- Узр ака, ҳа энди салом берамиз-да қочиб кетаётганимиз йўғу,  жа энди ерга урворманг-да, ака.

- Саломингни пишириб е, ука. Мени отам қўйган исмим бор. Муҳаммадраҳим деган. Уқдингми? Мамарейиммас. Ўшанга жаҳлим чиқди.

- Ҳа энди тушундим, Мамарейим ака, шунақа демейсизми бошдан… Ўзиям икки серияли экан-да исмингиз. Бошдан охиригача айтгунча кеч кириб тонг ҳам отиб бўлади-ю, Мамарейим ака. Қолаверса, сиз ҳам мени отагинам қўйган исмимни пачағини чиқариб айтяпсиз-у, акам. Мен индамадим-а, билиб қўйинг шуни.

- Мен сени исмингни тўлиқ айтдим, агар қулоғинг узилиб тушмаган бўлса эшитардинг, ҳатто Тойир бой деб айтдим.

- Ҳа, худди шу ерда хатони каттасини қилдингиз, Мамрейим ака.

- Қанақа хато экан, исминг билан андармон бўлгур?!

- Меҳрибон отагинам мени пок инсон бўлсинлар деб Тоҳир деб қўйган эканлар. Билмасангиз билиб олинг. Тоҳир топ тоза дегани экан. Ҳатто туғилганимда ҳам топ тоза бўлган эканман онагинам шунақа деганлар. Сиз бўса Тойир деяпсиз. Тойир учувчи дегани экан араб тилида.

- Йўғеее, ҳали араб тилиниям биламан денг? Таҳорат нима билмайдиган одам араб тилидан дарс бермоқчи тавба. Топтозаймиш, қоп-қора бўлган бўсанг керагов, Тойирбой? Бўмаса, халқ бекорга қора демасди. Ҳа, айтганча ўзинг оппоқ йигитсан-у нега лақабинг қора? Ё ичинг қора-ми?

- Эее уни айтганимминан сиз тушунмайсиз, ака. Бу сўзни маъносини чақишингиз учун сиз қайтадан дунёга келишингиз керак.

- Ҳой ука, оғзингга эрк бераверма, кунингни кўрсатиб қўяман ҳозир.

- Ана, лақабингизга жуда мос гапни айтдингиз. Сизга қўйилган лақабни маъносини тушуниш учун 10 йил мактабда ўқиш шарт эмас, ака.

- Хўш, нима экан лақабим? Айт, биз ҳам билиб қўяйк.

- Билмасангиз билиб қўйинг. Халқ сизи Мамарейим тажанг дейди.

- Оббо, қайси занғар менга шунақа лақаб қўйди. Айт, онасини учқўрғондан кўрсатиб қўяман.

- Сизи ҳеч ким Му-ҳам-мад-ра-ҳим деб айтмайди овора бўманг. Ҳамма тажанг дейди, отингиз ҳам керакмас, памилангиз ҳам. Тажанг деса, Янгиқўрғонда битта одам тушунилади. У ҳам бўлса сиз, ака.

- Вей, нимага мен тажанг бўларканман? Қайси бетамизни арпасини хом ўрибман?!

- Ака, халқимизни билассу, арпасини хом ўрасми, пишган ўрасми, уларга барибир. Авлиё бўлсангиз ҳам лақаб қўймаса кўнгиллари жойига тушмайди. Бунга хафа бўлиш керакмас, қайтангга хурсанд бўлинг. Эл сизни одам санаб лақаб қўйганига. Белақаб ўтгандан худо сақласин, ака. Мана бизди лақаб ҳам қора, лекин кўриб турганингиздай оппоқ йигитмиз. Оилада ҳеч ким қорамас. Бу лақаб бувамларни айтиши бўйича етти уруғимиздан бери бор экан.  Пошшонинг ишончли одамлари бўлишган экан-да.

- Пошшонинг ишончли одамлари қора халқ бўлади. Фақир-фуқаро бўлади. Етти пуштинг фақир ўтган экан-да унда? Ҳа, майли, ука, папиросдан ол, эрталабдан асабни расвосини чиқардинг.

- Мамарейим ака, анави келаётган студентлар Фарғонада ўқишади. Биттаси Мингвой найновнинг невараси, Исмейил ноғорачини қизи, ёнидаги дугонаси бўлса керак.  Анави йигит ўзимизни Сатторхон обқочарни ўғли. Танийсиз-а? Фарғонада катта ўқишда ўқийди. Бўладиган бола.

Тойир қора гапини тугатмасидан узун бўйли, шаҳарлик йигитлардай бежирим кийинган, сочини қабартиб тараган йигит етиб келди-ю, салом аликни ҳам унутиб “Фарғонага уч киши” деди.  Тойир қора:

- Иброҳим, қалайсан, ука? Аҳволларинг яхшими? Ўқишлар қалай, битай деб қолдими? - деб ҳол сўраган бўлди.

- Раҳмат,  Тоҳиржон ака. Ҳаммаси жойида, бугун охирги давлат имтиҳонимиз бўлади. Шунга эртароқ чиққандик.

- Ийе, шунақа денг… Ҳа, икки соатга қолмай шаҳарга обориб қўямиз, ука, чиқинглар. Мамарейим ака, бўлинг машинани юргизинг. Студентлар имтиҳонга шошилишаётган экан.

- Қани ўтиринглар, болалар, дарров кетамиз. - деди Муҳаммадраҳим ака машина эшикларини очиб.

Қизлар орқа ўриндиққа, йигит эса ҳайдовчининг ёнига ўтирди.

- Шопир ака, иложи борича тезроқ ҳайдасангиз, бугун имтиҳонимиз бор эди.

- Худо хоҳласа, укам, икки соатга қолмай обориб қўяман. Йўллар яхши. Ишқилиб мелисага тутилмасак бўлгани.

Йигит ҳайдовчининг димоғида айтган сўнгги гапларини эшитмади, ёки қулоқ солишни эп билмади. Орқа ўриндиқдаги қизларга қараб:

- Зари, Мумтоз Одинаевичнинг “Водий”даги мақоласини ўқиёлмадик-а… Агар имтиҳонда шу мақоладан савол бериб қолсалар,  борми!

- Худо сақласин деб гапир, Ибош. - деб кўзларини пирпиратди Зарифа.

- Назо, сенга барибир-а, сув тошса тўпиғингга чиқмайди.

Дафтарларини варақлаб маърузларга кўз югуртиб ўтирган Назокат Иброҳимга қараб: - Энди, ўқиганинг билан каллангга кирмайди. Яхшиси ўзингни хотиржам тутишга ҳаракат қил. Қанча хаяжонлансанг, ўқиганларингни шунча чалкаштириб юборасан.  Психологлар шунқа тавсия қилишади. - деди машҳур кинофильмдаги қаҳрамон овозига тақлид қилиб.

- Ўша психологларинг Мумтоз Одинаевични билишмайди-да, - деб кулди Иброҳим айни кинофильмдаги бошқа бир қаҳрамон овозига тақлид қилиб.

Зарифа “қизларнинг айтишича, мақола каттагина лекин жуда зўр ёзилганмиш” - дея қўшимча қилди. Иброҳим бу гапни тасдиқлаган бўлди:

- Ҳа, Одинаевич ҳақиқатан ҳам қалами ўткир олим. Мақолаларида шунақангги метафораларни қўллайдилар-ки, унча мунча ёзувчи ҳам бунақа ёзолмайди. Айниқса мақолаларига оригинал сарлавҳалар қўйишига қойил қоламан. Сарлавҳани ўқиб, мақолага қизиқмаган одам бўлмаса керак. Агар шундай одам бўлса, ғирт тўнка бўлади,  бошқача бўлиши мумкин эмас.

Қизлар бараварига кулишди: “Ҳатто чириган тўнка десанг тўғри бўлади унақа одамларни, Ибош.”

Муҳаммадраҳим ака ёшларнинг суҳбатига эътибор бермаётгандай кўринишга ҳаракат қилгани билан уларнинг гап-сўзларига қулоқ осиб борарди. Айниқса бир бирларининг исмларини қисқартиб ажабтовур оҳангда талаффуз қилишларидан энсаси қотиб борарди. Сарлавҳани ўқиб мақола ҳақида хулоса чиқариш одати кўпчилик қатори Муҳаммадраҳим акада ҳам бор эди. Шунинг учун Иброҳимнинг гапидан жаҳли чиқди ва ичида “оббо олифта-ей” деб қўйди.  Кеча олган газетаси ёдига тушиб, ўртага савол ташлади:

- “Олтин Водий”нинг кечаги сони ҳақида гапиряпсизларми?

- Ҳа, шу газетанинг кечаги сонида бир муҳим мақола берилган. Бизни жуда қаттиққўл домламиз ёзган у мақолани. “Фарғоний Фарғонага қайтмоқда” деган мақола.

- Ҳа, ҳа, шунақа мақола борийди…

- Ўқиганмидингиз?

- Ҳммм, ҳа, ҳа албатта. Ҳаммасидан ҳам сарлавҳасига гап йўғаканда,  ука.  Домланг синдириб қўйибди, ўзиям сарлавҳани.

- Ҳа, айтмадимми, қалами ўткир деб. Мақолани мазмуни ҳақида гапириб беролмайсизми?

- Ҳа, а… йўғеей, мен… - дея каловланди Муҳаммадраҳим ака. – Айтганча, бардачокни оч, ўша ерга қўйгандим.

Иброҳим қутичадаги газеталар ичидан “Олтин Водий”нинг кечаги сонини ажратди. Шоша-пиша ўша мақолани қидирди.

- Ҳа, мана ўша мақола, айнан Одинаевичники.

- Мунча яхши, манзилга етгунча бир кўз югуртиб олсак бўлди.  Асосий фикрларини билиб олсак, қолганини ўзимиз улаб кетаверамиз. - деди Зарифа хурсандлигидан кўзлари ёниб.  Иброҳим мақола ҳақида маълумот беришда давом этди:

- Демааак, мақола роса бизбоп қилиб бўлим-бўлим қилиб ёзилган экан. Киришда Аҳмад ал Фарғонийнинг болалиги ҳақида ёзибдилар.  Узун гапнинг қисқаси шундай экан: Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғоний гўзал Фарғонамизда 798-йилда туғилган эканлар.  Вафоти 861-йил экан.  Яъни 63 ёшларида оламдан ўтган эканлар.  Бошланғич таълимни шу ерда олибдилар.  Аҳмад ал-Фарғоний вояга етганларида ўша даврнинг илмий маркази ҳисобланган Бағдод шаҳридаги “Байт ал-ҳикма” номи билан дунёга машҳур академияда ўқишини давом эттирибдилар. Талабалик йилларида фалакиёт илмига бўлган қизиқиши ва олиб борган изланишлари туфайли устозлари назарига тушибди. Ёш олим бу академияда қолиб жиддий илмий тадқиқотлар олиб борибди. Бу илм маконида ал-Фарғоний бошқа атоқли олимлар, жумладан, Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий билан биргаликда хизмат қилган экан.”

Иброҳим шу ерга етганда Одинаевич тақлидан “Хўўўўш, бу масала тушунарлими?” деди ва қўшиб қўйди: “Тушунганлар тушунмаганларга тушунтириб берсин, мен эса давом этаман.” Бу луқма ҳам Одинаевичга тегишли эди. Қизлар баралла кулишди.  Иброҳим ҳайдовчига қараб олди. Ҳайдовчи ўз хаёллари билан банд,  ёшларга эътибор бермасдан йўлида давом этарди.  Иброҳим:

- Қизлар бу ерда олимнинг академиядаги фаолияти ҳақида анча гап бор экан, лекин биздан домла буларни сўрамасалар керак.  Яхшиси, олимнинг қандай асарлари борлигини билиб олайлик.  Буларни ёдда сақлаш қийин, чунки арабча узундан-узоқ номлар.  Шунинг учун асарларини ўқиб бўлганимдан кейин икковингиздан сўрайман такрорлаб берасиз.

Иброҳим қизларнинг розилигини олгач ўқишда давом этди.

“Китоб фий ҳаракат ас-самовия ва жавомиъ илм ан-нужум” яъни астрономия илми асосларига бағишланган “Астрономиянинг қисқача хулосаси ва самовий ҳаракатларнинг асослари” деб номланган асари. Олимнинг бу асари ҳозирга қадар фалакиётшуносларнинг энг мўътабар китоби ҳисобланар экан. Мақолада айтилишича, рисоланинг асл қўлёзмалари матни бир хил бўлса ҳам турли номлар остида тарқалган экан. Булар: “Ал-Мажистийга бағишланган фалакиёт рисоласи”, “Фалак сфералари сабабияти”, “Ал-Мажистий ҳақида”, “Илм ал-ҳайъа” деб аталган қўлёзмалар экан. Бундан ташқари, олимнинг “Китоб ал-комил фий санъа ал-астурлоб” (“Устурлоб ясаш ҳақида китоб”) деб аталган ноёб асари ҳам сақланган экан.

Иброҳим қизларга қараб: “Қани, кимдан бошлаймиз? Зари, сен бошлай қол, олимнинг қандай асарлари бор экан?”

- Арабчаси эсимда қолмади, лекин ўзбекчасини айтаман: “Самовий ҳаракатлар ва умумий астрономия”. Бу асар фарқли номлар билан кунимизгача етиб келган экан. Бошқа номларни эсимда олиб қололмадим. Лекин бу асар ҳозиргача ўз илмий қимматини йўқотмаган экан. Иккıнчи йирик асари устурлоб ясаш ҳақида экан.

Иброҳим “яхши, майли ўша фарқли номларни кейинроқ яна қайтарамиз, ҳозирча бўлади.  Навбат сеники энди” деб Назокатга қаради. Назокатнинг: “- Бўлди, эсимда қолди, вақтни йўқотмай давом этаверайлик”, -дейишига қарамасдан Иброҳим унинг жавоб беришини кутиб турди.  Назокат “Биринчиси Самовий ҳаракатлар ҳақида, иккинчиси устурлоб ясаш ҳақида” деб қисқа жавоб берган бўлди. Иброҳим:

- Фарқли номлардан нечтаси ёдингда қолди?

- Биттаси, “Ал-Мажистий ҳақида” дегани.

- Унда қолганларини ҳам такрорлаб олайлик: “Ал-Мажистийга бағишланган фалакиёт рисоласи”, “Ал-Мажистий ҳақида”, “Фалак сфералари сабабияти”, “Илм ал-ҳайъа”.

Қизлар Иброҳим жўрлигида асар номларини бир-икки такрорлаган бўлишди. Ҳайдовчи ёшларнинг бу тарздаги суҳбатидан боши ғовласа ҳам билдирмас, бир тарафдан ёшларнинг ўқишга бўлган жидд-у жаҳди ҳақида ўйласа, бир ёқдан улуғ ватандоши ҳақида ўйлай бошлади. Ўзидан уялди, бу олим ҳақида аввал сира эшитмаган ё ўқимаган экан экан.  “Кафтдеккина Фарғонамиз номини дунёга то эски замонлардан бери ўз исми ва асарлари билан танитиб келган экан-у биз билмаган эканмиз…” - деб қўйди.

Иброҳим мақолани ўқишда давом этарди. Зарур ўринларини алоҳида-алоҳида таъкидлар ва қизларга такрорлатар эди.

“Ал-Фарғонийнинг қўлёзмалари Англия, Америка Қўшма Штатлари, Россия, Франция, Германия, Ҳиндистон, Миср, Эрон, Марокаш ва бошқа бир қанча мамлакатларнинг илмий кутубхоналарида ҳозирга қадар сақланиб келмоқда. Ал-Фарғоний китоблари ХII асрдан ХХ асргача лотин, италян, француз, немис, инглиз, иброний, испан, араб, форс тилларида дунёнинг кўплаб мамлакатларида узлуксиз нашр этиб келинган.”

- Бу ергача тушунарли-а? Қайтаришга ҳожат йўқ. Фақат шу маълумот жуда муҳим. Иброҳим мақоладаги ўзи муҳим деб билган жойларни яна дона-дона қилиб ўқий бошлади: “Нил дарёси Миср халқининг ҳаёт манбасидир. Мисрда қадимдан деҳқончилик ривожланган. Табиий иқлимнинг нобоплиги ёхуд қурғоқчилик туфайли кўпинча Нилнинг сатҳи тушиб кетарди. Деҳқонлар эса ҳосил солиғини бир хилда тўлашга мажбур эдилар.  Қурғоқчилик йиллари бундай солиқ деҳқонларнинг хонавайрон бўлишига сабаб бўларди. Халқнинг шикояти ва исёнларидан безган ҳокимлар бунинг чорасини излай бошлаганлар. Аҳмад ал-Фарғоний ўзи ихтиро қилган сув сатҳини ўлчаш қурилмаси “Миқёси Нил”ни ҳукмдорга тавсия қилади. Бу қурилма тезлик билан Нил соҳилига барпо қилинади. Бу қурилма сувнинг кўтарилиши ва пасайишини кузатиш имконини берган. Бу қурилма ёрдамида кузатиш асосида деҳқончиликнинг йил бўйи қандай бўлганлигини қайд этиш мумкин бўлган. Агар Нил дарёсида суғориш мавсумида сув сатҳи фақат 12 тирсаккача кўтарилса, деҳқончиликда ҳосил мутлақо бўлмай, мамлакатда очарчилик бошланган. Сув сатҳи 13 тирсакда бўлганида буғдой ҳосил бермаган. 14 тирсак баландлигида эса ўртача ҳосил етиштирилганлиги қайд этилган. 15 тирсакда экинлар яхши ҳосилга кирган. 16 тирсакда эса ҳосил ниҳоятда кўп бўлиб, мамлакатда ободончилик бошланган. Хуллас, Нил дарёси оқимидаги мавсумий ўзгаришлар ва уларнинг ҳаракати мунтазам кузатилиб борилган.”

Шу жойга етганида Зарифа “э, қойил, ўз даври учун беқиёс кашфиёт” деб қўйди. Назокат ҳам маъқуллаган бўлди: “Демак, Миср халқининг иқтисодий тизимини йўлга солган киши бизнинг бобомиз экан-да. Солиқ тизимидаги адолат тарозиси деса ҳам бўлар экан ўша қурилмани. Миср деҳқонларнинг мамнунияти кўз олдимда гавдаланди,  бирдан… Олган ҳосилига қараб солиқ тўлайди. Бу жуда зўр кашфиёт бўлган экан. Ҳозир ҳам бормикан-а ўша қурилма?”

Иброҳим худди бориб кўриб келгандай тавсифлай кетди:

- Ҳа, “Миқёси Нил” бугунги кунда ҳам фаолиятини давом эттираётган экан. Яқинда бир гуруҳ ўзбек олимлари бориб зиёрат қилишибди. Бу ҳақда алоҳида кўрсатув ҳам тайёрлашибди.

Муҳаммадраҳим аканинг икки кўзи йўлда бўлса ҳам қулоғи “илмий суҳбат”да эди. “Вей, қойил қолмасликнинг иложи йўғ-а, ўзимизнинг Фарғонадан то Мисрга бориб ўша ердаги муаммоларни ҳал қилиб берган бўлса… Ҳа, ўша сув ўлчагични ўзимизда қурса бўлмасмиди, дийман-да, ўша пайтларда бизда ҳам Сирдарё бўлгандир, Амударё оққандир, тўғрими? Бу ердаги деҳқонларга ўша пайтда ҳам солиқ солинган бўлса керак… Ё бизда ўта адолатли бўлганмикин ўша пайтларда? Ҳа майли, лекин барбир қойил қолиш керак…” деб суҳбатга аралашганини билмай қолди. Ёшлар ҳайдовчининг бу гапларига баралла кулиш билан жавоб берган бўлишди. Ёшларнинг табассумидан илҳомланиб Муҳаммадраҳим ака:  Энди, омади гап-да, бир латифа айтиб берай сизларга, ҳадеб ўқийверсангиз ҳам бошингиз ачиб кетади. Бугун имтиҳон экан бироз каллани дам олдириш керак. ”-деб латифасини бошлади:

- Бир киши ўқитувчининг ёнига келиб, Маркснинг “Капитал” асарини неча кунда ўқишини сўрабди. Ўқитувчи 2 ойда ўқиб тугатаман дебди. Доктордан сўраса, 4 ойда ўқийман дебди. Муҳандисдан сўраса, 6 ойда ўқисам керак дебди. Талабадан сўраса,  ўйланиб ўтирмай “Қачон имтиҳон?” деган экан.

Ёшлар яйраб кулишди. Иброҳим гап қотди:

- Қойил, агар эртага имтиҳон деса,  бир кунда ўқиб битирар экан-да…

- Ҳа, сизларни имтиҳонга тайёрланишингизни кўриб шундай бўлишига аввал ишонмасам ҳам, энди ишонадиган бўлдим, деб кулиб қўйди Муҳаммадраҳим ака.

Машина Олтиариқнинг ишкомли кўчаларидан елдек учиб борарди. “Олтиариқликларни кўнглида гули бор одамлар деб айтса бўлади-да. Ҳар бир ҳовлининг киришию ариқларининг икки ёғига анвойи гуллар экилган. Ишкомларинию хонимбармоқ узумларини айтмайсизми? Бу халқ чумолига ўхшаб тиним билмайди. Бодрингнинг ҳам, узумнинг ҳам энг зўрини шу олтиариқликлар етиштиришади. Муҳаммадраҳим ака Фарғонанинг бу сўлим қишлоғидан ҳар гал ўтганида кўнглидан шу гаплар ўтади.

Фарғонанинг муҳташам дарвозаси кўринганда ёшлар мутолаани бас қилишди. Машина шаҳарнинг серчинор ва озода кўчаларидан ўтиб университет дарвозаси олдида тўхтади. Ёшлар хайрлашиб университетга кириб кетишгач, Муҳаммадраҳим ака яқингинада қуриб битказилган ал-Фарғоний ҳайкалини зиёрат қилишга қарор қилди. Шаҳарнинг қоқ марказида салобат тўкиб турган ал-Фарғоний қаршисига борганида унинг асарларини эслашга ҳаракат қилди. Ёшлар чуғурлашиб бир неча бор такрорлашган эди. Муҳаммадраҳим ака уларни эслолмади. Фақат ёдида қолган ном “Миқёси Нил” бўлди. Бу номни у асло унутмайдиган даражада эслаб қолди. Ҳатто уйига борганда фарзандига берадиган илк саволи шу бўлади. Билмаса мароқ билан, дона-дона қилиб тушунтириб беради. Муҳаммадраҳим ака ал-Фарғоний олдида расмга тушаётган ёш-ялангларга боқиб “ажабо, булар кимнинг олдида расмга тушаётганликларини билишармикан? Миқёси Нил ҳақида эшитишганмикан?” деб қўйди.

Маъруфжон Йўлдошев

02. 09. 1999

Наргис Мадина



НАРГИС

Мадина

Мафтун бўлиб зулмат маъбудининг замзамасига,

17 октябрь 2020 йилда...

Кўкларни бўйлади маъсум қарашлар...

Булутларда сайр айлаган ҳурилар алласин тингла,

Мадина, кетма!

Ўлимнинг муздек нафаси қўнди лабга,

Титраб сўлди нозик қўллар ҳарорати,

Қанотланди қароқлардан қалдирғочлар...

Туннинг кўз ёшларин ҳис этдингми?

Мадина чанқадингми?

Ўша кеча қон рангида эди барча юлдузлар...

Ой ҳам либосини ўзгартирганди!

Сайёралар қадар олис эди ўлим сенга...

Фаришталар тўқидими кафан сенга?

Ўша тунда ҳўнграб-ҳўнграб йиғлади дунё...

Мадина, илтимос, уйғон, ётмагин бундоқ...

Юрагингнинг кучсиз, заиф дукури

Ўзгартира олармиди коинот низомини!

Сиқма нозик қўлларингни, дунёнинг адолати шу!

Рухсат эт, ўпайин кафтчаларингни...

Мадина, оч, қизим қўлчаларингни...

Ўша тунда, замбарак ўқлари ёғилган чоғ Низомийнинг

мамлакатига..

Сен сўнгги тинчлик кабутари бўлдинг, Мадина!

Қанот қоқиб учиб кетдинг булутларга,

Бир йилу тўрт ойлик умринга

қучоқладинг ўлимни сокин ҳолда...

Ортмоқлаб миллионларнинг маъсумиятини

йўл олдинг абадий ҳаётга.

Бутун тилларда хотирага айландинг энди.

Юзингдаги қўрқувни қандай олиб ташлашим мумкин?

Қандай бахш этишим мумкин, айт, табассумингни?

Мадина, Мадина, Мадинагинам!

Эшитяпсанми?!

Озарбайжон тилидан М. Йўлдошев таржимаси