20.10.2022

Одамларга ўхшамасанг бас...

 


ОДАМЛАРГА ЎХШАМАСАНГ БАС!

(ҳикоя)

Оқшом.

Кўп қаватли уй орқасидаги ундуқ.

Мушуклар ахлат титишяпти. Нарироқда бир-икки қўтир кучук навбат кутишяпти. Мушуклардан ортадиган суяклар илинжида кўзларини узмай қараб туришибди. Бу ҳудуднинг кайвониси Бароқ лақабли мушук ҳар доимгидек аламзада оҳангда сўз бошлади:

- Нима бало, одамлар гўшт емай қўйишганми? Тузукроқ гўштли овқат емаганимга ҳам анча бўлди. Кеча 6-хонадондан бир халта суяк чиққанди, хурсанд бўлиб қарасам суяклар чунонам шимилганки, қачондир бу суякларда эт бўлганига ишонгинг келмайди. 7-хонадонда ҳам бойвуччалар яшашади, лекин бир бурда нонни ташқарига чиқаришмайди. Ўта зиқна одамлар. Биз-ку, ҳайвон, ночор қўшниларинг бор, тирноғини сўриб кун ўтказади. Шуларни ҳолидан хабар олсанг бўлмайдими? Шуларни ўйлаганда одам қилиб яратмаганига шукр девораман-да, миёввв...

Ундуқ атрофида бирор егулик келишини кутиб изғиган мушуклар Бароқнинг гапларини маъқуллашди. Эгаси ўлиб кўчага ҳайдалган кибор мушук Нозикҳол сўз бошлади:

- Раҳматли эгам мени жуда яхши кўрарди. У ўлгач, фарзандлари мени кўчага ҳайдади. Уларга қанча вақтимни сарфлагандим, улар билан ўйнар, йиғласа кулдирар, чарчаса уқалаб кўнглини олардим. Одамнинг ёмони жуда ёмон бўлар экан. Шунча хонани нима қилади, ахир? Мени нима оғирлигим тушди уларга, ҳайронман.

Умри ундуқ атрофида ўтган кекса кулранг мушук Бароқ истеҳзо аралаш суҳбатга қўшилди:

- Сен ҳаромтомоқликка жуда ўргангансан-да, Нозикҳол. Шу одамларнинг қўлига қараб яшашга оринг келмаганига ҳайронман. Мана мен, ҳаёт ўзимники, қандай хоҳласам, шундай яшайман. Қаерга боришни истасам кетавераман. Сен бўлсанг умрингни тўрт девор ичида ўтказасан. Эгам деганингга минг қуллик қил, уларга қизиғи йўқ. Улар ўзидан бошқасини ўйламайди. Сен яхши кўрганидан эркалашади деб ўйлайсан. Улар сенга марҳамат кўрсатиб, ўзларининг бутлашган эгосини қондиради, холос. Шу миялари кичик одамчалар биз орқали ўзларининг сохта жамиятларида обрў-эътибор қозонмоқчи бўладилар. Ҳайвонсевар деган сўзларига ўлайми? Ўзлари шунга ишонишади бу ғалати махлуқлар. Ҳайвонсевар бўлсанг, кўча тўла ҳайвон. Нега уларга қарамайсан-да, фақат уйингдаги лаганбардор одамсимон ҳайвончаларга маҳлиёсан? Буларда виждон йўқ, азизим, шунинг учун ҳам уларни одам деб қўйишибди. Шу ҳаётингни қадрига ет, нолийверма...

Болаларини ялаб-юлқаб ўтирган Кўпайсин ҳам гапга аралашди.

- Одамларни сиз ҳам кўп ёмонлайверманг. Улар менинг болаларимни кўриб қолишса, хурсанд бўлиб боқишади. Силаб эркалашади. Улар бизни яхши кўришади. Мана сиз ҳам уларнинг марҳаматидан баҳраманд бўляпсиз. Улар ташлаган егуликларни еб кун кўряпсиз, ахир.

- Нонкўр демоқчисан-да, а, Кўпайсин. Менми нонкўр, ўша миясиз махлуқларингми? Ўзидан бошқанинг яшаш ҳаққини тан олмайдиган очофатларинг ҳамма жойни бетон қилиб ташлашди-ю. Мен овлайдиган сичқонларни, қумурсқаларни дорилаб уруғ-аймоғигача қуритиб юборишди-ю буларинг... Қани, ўйлаб кўрдингми шуларни? Нега мен ундуқ титишга мажбур бўлиб юрибман, сира ўйлаганмисан шуларни? Ҳа, сенда буларни ўйлайдиган мия бормиди-ки, ўйласанг... Мушуклар йилда бир ёки икки марта туғса, сен йил ўн икки ой туғиш билан бандсан-ку, ўйлашга вақтинг бўлармиди!.. Яхшиси, сен бундай нозик масалаларга бош қотирмай кўпайишда давом этавер, шаҳарда ҳазилакам ундуқ борми?! Уларнинг ҳаммасига дайди мушук керак ахир...

- Сизга гапириб ҳам бўлмайди, Бароқ оға, шунчалик ҳам тошбағир бўладими мушук дегани. Ахир менда нима айб. Наслимиз қирилиб йўқ бўлиб кетмасин дейман-да!

- Ҳа, албатта, сен ҳақиқий қаҳрамонсан, сен бўлмасанг мушукларга қирон келарди-я... Лекин ҳайронман, туққан болаларингни ўзинг танийсанми, ишқилиб! Туғиш билан иш тугамайди, уларни тарбиялаш лозим, ўтиришни, туришни, ориятни, ғурурни, виждонни ўргатиш лозим. Буларга улгуряпсанми, дейман-да, Кўпайсин! Бўлмаса, одамларга ўхшаган худбин, ўзидан бошқани ўйламайдиган, вахший ва кўрнамак мушукларни кўпайтиришнинг ҳеч кимга кераги йўқ!

Боласига ундуқдаги қути ва пакетларни қандай очиш ва нимани ейиш, нимани емасликни ўргатаётган она мушук Оппоқой гапга аралашди:

- Бароқ жаноблари, сиз ўтакетган шафқатсиз мушуксиз. Бир онага, хусусан, Кўпайсин хонимга бундай дейишингиз қонунчилигимизда йўқ. Мушук ҳуқуқларини поймол қиляпсиз, бунинг оқибати ёмон бўлади. Ҳа, айтганча, сиз ҳам ёшлигингизда бир зодагон оиланинг эркатойи бўлган экансиз, айтишларича...

- Ҳа, сен қолувдинг ўтмишимни титкиламаган. Ундан кўра ундуқни яхшироқ тит, тузукроқ егулик чиқиб қолиши мумкин...

- Жаноб, одамларда бир гап бор: Ҳар ким экканини ўради. Сизнинг шу аҳволга тушишингизга Кўпайсин ёки мен, мушуклар жамиятининг фаол аъзоси, бир неча танловлар ғолибаси, аслзода ва зиёли мушуклар зотидан бўлган Оппоқой айбдор эмасмиз!

- Тўғри айтяпсан, Оппоқой. Менинг қўлловим билан ўша казо-казо жамиятларга аъзо бўлдинг, менинг олқишим билан ғолиб бўлдинг, раҳбар бўлдинг. Ўзимиз ким эканингни билатуриб бошимизга чиқардик, қўярга жой тополмай кўтарвордик. Оёғинг бутунлай ердан узилди. Ўзинг зотини тайини йўқ мушуксан. Аслзодаман дейсан, қачондан аслзода бўла қолдинг, айт-чи, муҳтарам. Аслзодалик камида уч наслдан кейин билинади. Отангни отасини танимайсан-ку, одамларга ўхшаб аслзодаман, зиёлиман дейишингга бало борми! Ўша одамларинг тагли-тугли деб етти аждодини биладиганларга айтишади. Бироқ ўзлари уч аждодини ҳам билишмайди. Энди менга келсак, мен ўзим тарк этганман. Хато менда эди. Уларнинг икки дунёда ҳам мушук бўлолмаслигини билишим керак эди. Ҳатто жаннатниям бўлишволишибди ҳафтафаҳмлар. Нима эмиш, мушуклар жаннати, итлар киролмайди. Ниначилар киради, пашшалар кирмайди, қушлар киради, каламушлар кирмайди... Жаннат сени отангдан қолганми, дейдиган мушук йўқ. Одамларинг ўзлари яшаётган ерни тугатиб бошқа сайёрага қочиш пайида юришибди. Олдин уммонлар остини роса ўрганишди. Қарашса-ки, у ерда нажот йўқ, таҳлика яқинлашмоқда. Нажотни кўклардан, янги сайёралардан қидира бошлашди. Бунинг оқибати ёмон, жудаа ёмон! Сен хомтама бўлма, аслзодамисан, йўқми барибир улар сени олиб кетишмайди.

- Мен шу гапларингизга қўшилмайман, деди эринчоқлик билан ёшгина мушук. Мен блогерман, касбим ижоби одамлар ҳаётини ёритиб бораман. Улар билан бағрикенглик, ўзаро ҳурмат асосида яшамасак бўлмайди. Ахир сайёрамизда инсонлар ҳам биздек яшашга ҳақли. Тангри бу сайёрани имтиҳон учун барчага баробар қилиб, оби-ризқли қилиб яратган. Унда ҳамма тенг ҳуқуқли. Одамларни йўқ деб ҳисоблаш бутунлай нотўғри. Уларсиз бу сайёра жуда ғариб ва зерикарли бўлар эди.

- Вой-вой-вой-эйй. Ҳой, блогермисан, балогармисан, кўп китоб ўқийсан шекилли. Одамлар ҳақида ёзавериб, ўзинг ҳам одамларга ўхшаб кетибсан. Сен одамларнимас, биз каби ҳайвонларнинг ҳуқуқини ёз, уларни асраш кераклигини уқтир. Агар уқтиролсанг. Йўқ бўлиб кетаётган бизлар ахир, одамлар эмас. Улар шундоқ ҳам кўпайиб ётишибди. Ҳатто ўз наслини камайтириш учун тинимсиз вирусмиди, урушмиди бир нималар ўйлаб чиқариб ётишибди. Бир нима бўлса, ўзларини ўйлашади, сени эмас. Бошингни ўша блогингдан кўтариб, атрофингга қара мундоқ... Кеча шу ундуқ атрофида ўнга яқин чинор ва терак бор эди. Қушларнинг чағ-чағидан эртаю кеч ҳаёт хиди келиб турарди.

- Ҳа, мен блогимда ёритдим шу мавзуни. Шамолда синиши мумкин экан, чинор эса касаллик тарқатар экан, шунга кесиб янгисини экишар экан. Одамлар ҳам биз ўйлаган нарсаларни ўйлай олишади.

- Бекорларни бештасини ебсан. Уларнинг дунёсида сену менга ўрин йўқ. Ўша дарахтлар қаерда деб ўйлайсан? Аллақачон ўриндиқларга айланиб битта пулдорнинг кетини кўтаришга мажбур бўлиб ётгандир. Дарахтнинг ҳам жони борлигини билишадими ўшаларинг? Ҳар бир дарахт битта сайёра эканлигидан хабари борми ўша сен алқаётган одамларнинг? Ҳар битта дарахтнинг қанча ҳашароту қанча паррандага ватан эканлигини билишадими? Ўзлари эргашган пайғамбарларининг “Агар қиёмат қойим бўлиб қолса-ю, қайси бирингизнинг қўлингизда экаман деб турган кўчат ниҳоли бўлса, уни экиб қўйсин”, – деган чақириғини англашадими шу одамчаларинг?!

Дарахтларга қўниб вақт ўтказадиган қора қарға ҳам мушуклар мунозарасига аралашди.

- Камина дунёдаги жамики жонлиларнинг тилини тушунаман. Мен Қобилга Ҳобилни қандай кўмиш кераклигини ўргатганман. Демакки, инсониятнинг устозиман. Агар мен бўлмаганимда улар ўлигини қандай кўмишниям билмай судраб юришган бўлар эди. Лекин улар менинг ҳам ҳурматимни қилишмади. Менга туҳмат қилишади. “Ўғри” дейишади, “эсини еган” дейишади, “қарғага ўхшамай ўл” деб бир-бирини ҳақорат қилишади. Эмишки, ёнғоқни дарахтдан қўпориб қишда ейман деган ниятда бир жойларга кўмармишман, кейин жойини унутиб қўярмишман, кўмилган ердан эса ёнғоқ униб чиқармиш. Шунчалик ҳам оми бўладими бу одам деган махлуқлар. Мен атайин ёнғоқ экаман. Ёнғоқ кўпайсин дейман, дунёни ёнғоқзорга айлантирсам, дейман. Ўзлари экишмайди. Нима эмиш, ёнғоқ экиш хайрли эмасмиш. Ёнғоқ ўлим чақирармиш. Шу гапларни тўқиб ўзлари ишонишларига ҳайрон қоламан. Бу одамлар хўўўп ажойиб махлуқлар-да.

- Вой, қарғавой, сен ҳақингда бир гапни айтишади одамлар, “Аҳбобинг қарға бўлса, тумшуғинг ... титади” ҳаҳ-ҳаҳ-ҳаааа...

- Бўлса бордир, лекин биз ҳеч қачон нонкўр лақабини олмаганмиз.

- Аммо “ўғри” лақабинг жудаа машҳур ҳаҳа-ҳаҳ-ҳааа...

- Нима қилишим керак ахир, бу уларнинг фикри. Мен уларнинг стереотиплари асосида яшай олмайман. Мен кўкларда учаман, менинг ватаним бепоён осмон.

- Оббо, индамасанг, ўзини бургутман дейди-я... Ўғри...

- Менга ерда егулик қолдиришмаяпти бу очофатлар. Кейин шунга мажбур бўляпман...

- Ана энди ўзингга келдинг. Мени ва менга ўхшаш олийжаноб мушукларни нонкўр дейдиганларнинг ўзлари нонкўр. Биз азалда берган сўзимизга содиқмиз. Аммо улар унутишган. Инсон деган сўзнинг ўзи ҳам “унутувчи” дегани. Улар унутади. Ҳамма нарсани унутади. Яхшиликниям, эзгуликниям, ёмонликниям, ваҳшийликлариниям, ҳамма-ҳаммасини унутишади. Улар шунинг соясида яшовчан бўлиб кетишган. Ҳатто тангрини ҳам унутишади. “Тепада худо бор” деб айтишади-ю, ўзлари билганини қилаверишади, чунки ўзлари ишонишмайди. Қачондир унга берган сўзини унутиб бўлишган. Биз эса йўқ, унутмаганмиз. Шунинг учун, одам нимадир бизга тортиқ қилса, оламиз, еймиз, лекин буни бизга ато этган Тангрига шукр қиламиз. Итга ўхшаб дум ликиллатиб садоқат кўрсатмай қайрилиб кетаверамиз.

- Ҳой, қари тентак, энди тил узатмаганинг биз итлар қолувди. Бас қил кеч бўлди, ухлагани қўясанми йўқми?!

- Ҳа, албатта, сен ухла, ахир кун бўйи думингни ликиллатиб одамларга садоқат изҳор қилиб чарчагансан. Одамларга ёқиш учун ҳеч нимадан қайтмайсан-ку!

- Бобожон, мени ҳу тепага чиқаришворинг, тепадан қараганда атроф жуда гўзал бўлса керак-а.. – дея гапга аралашди митти мушук Бароқвойнинг пинжига тиқилиб. Бароқвой мушукболани елкасидан тишлаб деворга тирмашди. Баланд девор устига чиқиб, атрофни томоша қилдирди. Бундан жуда хурсанд бўлган мушукча бобосига қараб:

- Бобожон мен катта бўлсам, сиздек ақлли, ғурурли, мард ва жасур мушук бўламан. Мен сизни жуда яхши кўраман, сизга ўхшагим келади. – деди.

Бароқвой мушукчанинг гапларидан меҳри ийиб кетди. Уни ялар экан, ич-ичидан қувониб, “майли, болам, кимга ўхшасанг, ўхша, фақат одамларга ўхшамасанг бас!” дея дуо қилди.

Маъруфжон Йўлдошев
2022