7.11.2022

 


АЛМИСОҚДОН ҚОЛГАН ГАПЛАР...

Туғилиши ҳайрат билан бошланди...

Кўриш, сезиш, ҳид билиш, таъм билиш ва эшитиш... Буларнинг бари ҳайратнинг ҳосилалари эди.

Ҳайратнинг кучи она қорнига сиққан жонни тошбақадек эмаклашга мажбур қилди. Тобора кенгроқ маконга, тобора кўпроқ ҳайратга эга бўлмоқ истади.

Судралди, юмалади, турди, йиқилди, туртинди ва ниҳоят икки оёқда мувозанатини сақлашни ўрганди. У юра бошлади, аввал қўрқа-қўрқа, кўп ўтмай дадил-дадил, илдам-илдам. Кейин манзил томон янада тезроқ ва ишонч билан одимлади.  

Юриш қаёқда, югурди, шамолек елди, қушдек учди...

Замон унинг ортидан ҳавас билан, гоҳо ҳасад билан боқди... Вақт унинг олдида мункиллаб қолди. Унинг шахди, шиддати вақтни ҳам ҳайратга солди.

Вақт билан беллашиб юрган кезлари яна нималарнидир англай бошлади. У буни эҳтиёж деб атади.  Янада тезроқ ҳаракатланиш учун, янада кўпроқ кўрмоқ, сезмоқ, ҳидламоқ, татиб кўрмоқ ва эшитиб қолмоқ учун, янада кўпроқ эришмоқ ва эга бўлмоқ учун вақтга эҳтиёж сезаётган эди.

Эҳтиёжлар ортган сайин вақтдан ортда қола бошлади.

Замон билан ҳамнафас юришга мажоли қолмади. Ортга қараб ўтириб, хотира отлиғ бир дунёни таниди. У ерда чопиб бораётган болакайни кўрди. Унга ҳарчанд бу кўшишнинг оқибатини англатмоқ истаса ҳам, уддалай олмади. Маъсум болакай капалак қувлар мисоли вақт кетидан бетиним чопар эди.

У секинлашди, сокинлашди ва сукунат ичида дунёни англай бошлади...

Кейин...

Вақтга қарам дунёни тарк этди.

Чунки у замон ва макондан айро ҳайрат диёрининг талабгори, мангу манзилларнинг йўловчиси эди...

                                                                                                   М.Йўлдошев  07.11.2022.