25.04.2015

Анор: Йил фасллари ёхуд бир папка ичидагилар


ЙИЛ ФАСЛЛАРИ ЁХУД БИР ПАПКА ИЧИДАГИЛАР


Муаллифдан: 1994 йилнинг март ойида қаламга олинган бу қайдларни ҳикоя деб бўлмайди. Чунки “жанр талабларига мос келмайди” дейишлари аниқ. У ҳолда буларни қайси жанрга киритиш мумкин? Эҳтимол, “ҳужжатли фантазия” демоқ керакдир? Фантастик ҳужжатлар ичида кўп ўралашавергандан кейин “ҳужжатли фантазия” ёзишдан ўзга чора қолмади.

ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИГА

Ёш носир Марлен Имомқули ўғли Маммедов номидан

АРИЗА


Мени Ёзувчилар уюшмасига аъзоликка қабул қилишингизни сўрайман. Сизга маълум бўлганидек, қишлоқ меҳнаткашларининг социализмни барпо қилишда кўрсатган фидокорона хизматини, қишлоқда колхозлаштиришнинг амалга оширилиши билан боғлиқ мавзулар ёритилган “Қуёшли баҳор” номли романим жумҳуриятимизнинг партия раҳбарияти томонидан юксак баҳоланди. Шу кунларда денгиз нефтчиларининг меҳнат жабҳасидаги мислсиз жасорати ҳақидаги “Тўлқинлар қўйнида” деб номланган романим нашр этилиш арафасида турибди. Шонли инқилоб ва байналмилал Боку пролетариатининг сотқин мусовотчи[1]ларга ва унинг инглиз, турк оғаларига қарши олиб борган мардона кураши тасвирланган “Дўстлик зафар қозонади” номли романимни якунладим. Романнинг асосий қаҳрамонлари буюк Сталиннинг издошлари, шонли инқилобчилар авлодининг намояндалари Қаҳрамон Паҳлавонов, Иван Дубов, Ашот Ялаян, Ўтар Абашидзе ва бошқалардир. Асарда доҳий Сталиннинг раҳбарлиги остида Озарбайжон халқининг мулкдор ва зодагон оғаларни ер билан яксон этгани, буюк Сталиннинг содиқ қуролдошлари, қаҳрамон болшевиклар Киров, Оржоникидзе ва Микоянларнинг Озарбайжонда совет ҳокимиятининг барқарорлигини таъминлаш йўлида қилган беминнат хизматларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, эзгу мақсадларимиз йўлида Наримон Наримонов каби майда буржуазиянинг миллатчи вакиллари қандай ғов бўлгани ва уларнинг зарарли фаолиятлари фош қилинди. Тараққийпарвар Баку пролетариатининг фикри асаримнинг қаҳрамонларидан бири кекса ишчи Баҳром тилидан шу тарзда ифода этилган: “Наримон, бу халқнинг нону тузи сенга ҳаром бўлсин!” Яқин кунлар ичида шонли Боку коммунистларига армуғон сифатида “26 қардош” номли роман устида иш бошлаш ниятидаман.
Ёзувчилар Уюшмаси таркибида улуғ йўлбошчимиз Сталин ва Озарбайжон большевикларининг раҳбари ўртоқ Мир Жаъфар Бағировнинг раҳнамолигида коммунизмнинг бутун дунёда ғалаба қозониши учун фидокорона курашмоқ ниятидаман. Бу мақсад йўлида бор истеъдодимни, қобилиятимни, керак бўлса, ҳаётимни ҳам қурбон қилишга тайёрман.
Анкета, таржимаи ҳол, 6 дона фотосурат ва керакли ҳужжатлар папкага илова қилинди.
Марлен Маммедов
1 май, 1950.
ТАРЖИМАИ ҲОЛ
Мен, Маммедов Марлен Имомқули ўғли 1930 йилнинг 28 апрелида Маркс туманининг Энгельс қишлоғида дунёга келдим. Отам Имомқули ўғли туманимизда колхозлаштириш ташкилотчиларидан бўлиб, тажовузкор Америка-Англия империалистларининг ялоқхўрлари томонидан ваҳшиёна ўлдирилган. Мени, акаларим Комсомолбой ва Бирмайжон, укам Пионержон ҳамда синглим Закфедерацияхон (Зина)ларни отам Сталинга муҳаббат руҳида тарбиялаб вояга етказди. Ҳозирда мактаб ўқувчисиман. Шу билан бирга мактаб комсомол ташкилотининг котиби вазифасини бажариб келаман. Куни кеча Большевиклар партияси аъзолигига номзод сифатида кўрсатилганлигимни ҳаётимнинг энг буюк саодати деб биламан. Менинг адабиётга бўлган кучли ҳавас ва иштиёқим болалик чоғларимда уйғонди. Беш ёшимда қишлоғимизга биринчи трактор келганидан руҳланиб илк шеъримни ёзганман.
Қишлоғимда анҳор бор,
Кўкда юлдуз, ой ҳам бор.
У қишлоқда масжид бор,
Бизларда бор трактор.
Кейинроқ наср жанрида ижод қила бошладим. “Қуёшли баҳор” номли романим Озарбайжон Коммунистик (большевиклар) Партиянинг Марказий комитети котибияти томонидан “Кенжа авлоднинг дадил овози” сифатида юксак баҳоланди. Романим нашрга тавсия қилинди ва китоб бўлиб чиққандан кейин асарим ҳақида газеталарда кўплаб мақола ва тақризлар чоп қилинди. (Тақризлар ва мақолалар ҳам папкага илова қилинган.)
Бор истеъдодимни, қайнаб тошган ижодий илҳомимни, зарур бўлса ҳаётимни доно йўлбошчимиз ва отамиз Сталин бошлаб берган улуғ йўлда фидо қилишга тайёрман.
Марлен Имомқули ўғли Маммедов
1 май 1950.

ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ ПРЕЗИДИУМИНИНГ НАВБАТДАН ТАШҚАРИ МАЖЛИСИ СТЕНОГРАММАСИ

(9 май 1950)

Мажлис раиси: Ўртоқлар! Бугунги мажлисимизнинг кун тартибига уюшмага янги аъзоларни қабул қилиш масаласи қўйилган. Ягона номзодимиз бўлган ёш ва истеъдодли ёзувчи Марлен Маммедовнинг қабул ҳақидаги аризасини муҳокама қилишимиз керак. Маълумингизки, йигирма ёшли Марлен Маммедов бир роман муаллифидир. Унинг “Қуёшли баҳор” романи нашр қилинган. Ёш романнависимизнинг бу асари адабиётимизда алоҳида ҳодиса бўлди, насримизда тамоман янги саҳифа бўлди, десак, асло адашмаган бўламиз. Шаҳар партия фаоллари йиғилишида романнинг “кенжа авлоднинг дадил овози” сифатида эътироф қилиниши барчамизни руҳлантириб юборди. Биз ижодкорлар бундан бағоят илҳомланиб... (эшитилмади) Хуллас, гапнинг қисқаси масала ҳаммамизга маълум. Қандай таклифлар бор?
Овозлар: Қабул қилинсин.
Раис: Жуда соз. Унда...
Шуҳрат Шонли: Ижозатингиз билан икки оғиз гапирмоқчиман.
Раис: Марҳамат, сўз ўртоқ Шонлига.
Шуҳрат Шонли: Менинг фикри ожизимча, азиз ўртоқлар “қабул қилинсин” деган бир жуфт сўз билан бу муҳим масалага якун ясаб бўлмайди. Биласизларки, биз, тўғрироғи, Ёзувчилар уюшмасининг раҳбарияти шундоқ ҳам замондан ортда қолиб кетяпмиз. Ҳар доим бўлганидек, яна бу сафар ҳам ҳақиқий истеъдодни ўз вақтида кашф қила олмадик. Шундай қийматли асарни яна шонли партиямиз кўмагида пайқадик. Ҳолбуки, мазкур асарни биринчи бўлиб Ёзувчилар уюшмаси кашф қилмоғи керак эди.
Луқма: Партия ва Ёзувчилар уюшмасини бир-бирига қарама-қарши қўйманг. Уюшмамиз ҳар ишда улуғ партиямиз кўрсатган йўлдан оғишмай ҳаракат қилади. 
Мир Мунаққид: Сен... (эшитилмайди)
Шуҳрат Шонли: Ўзингсан ўша... (эшитилмайди)
Раис: Ўртоқлар... Ўртоқлар... Жим бўлинг. Жанжал-шовқин кўтармаслигингизни талаб қиламан. Навбат билан гапиринг. Ўртоқ Шуҳрат Шонли, сиз гапингизни тугатдингизми?
Шуҳрат Шонли: Йўқ. Доҳий йўлбошчимиз Сталиннинг бебаҳо кўрсатмаларига ва... ва партиямизнинг адабиёт ҳақидаги тарихий қарорларига, ўртоқ Бағировнинг ёзувчиларимизга кўрсатган ғамхўрликларига суянган ҳолда Ёзувчилар уюшмасининг раҳбарияти меҳнаткаш халқ ичига чиқиб асл истеъдод эгаси бўлган ёш қаламкашни ўзи қидириб топиши ва унинг ижодий парвозига тўсиқ бўладиган ҳар қандай ғовни олиб ташлаши лозим эди.
Раис: Марказком котиби... (эшитилмади) ўртоққа бу романнинг қўлёзмасини шахсан ўзим олиб бориб берганман.
Луқма: Ҳамқишлоғинг-да...
Луқма: Ким?
Луқма: Котиб ҳам раисимиз ҳам ҳатто ёш романнавис ҳам.
Раис: Марҳамат, сўз навбати ўртоқ Насир Носирга.
Насир Носир: Баҳор (сукут).
Овозлар: Нима? Нима деди?
Насир Носир: Баҳор. Ҳа, баҳор. Ҳақиқатан ҳам беҳад гўзалдир баҳор... Баҳор беҳад гўзалдир... Ниҳоятда чиройлидир баҳор. Мен, албатта, ўртоқ Марленнинг романини назарда тутяпман. Мен айтмоқчи эдимки, бу насримизнинг баҳоридир, адабиётимизнинг баҳоридир, ёшларимизнинг баҳоридир... Уюшмамиз ва партиямиздан бениҳоя миннатдорман. Ки умрим вафо қилиб шу ёшимда адабиётимизга кириб келган порлоқ истеъдод соҳибини кўриш бахтига муяссар бўлдим. Минг шукр, қуёшли баҳорнинг балқиганини кўрдим (паст овозда шивирлаб гапирди) Адабиётимизда қуёш порлади. Баҳор келди. Мен айтмоқчиманки, таъбир жоиз бўлса, қуёшли баҳор кириб келди адабиётимизга...   
Раис: Ўртоқ Мир Мунаққид, балки сиз ҳам фикрларингизни айтарсиз?
Мир Мунаққид: Карлен Маммедовнинг...
Раис: Марлен Маммедовнинг...
Мир Мунаққид: Узр сўрайман Марлен Маммедовнинг уюшмамизга аъзо бўлишига қаршилигим йўқ. Аммо ёш ёзувчининг илк асарини таърифлашда бироз ошириб юборяпмиз...
Овозлар: Нима? Қанақасига? (шовқин).
Раис: Жимлик, жимликни сақлайлик, ўртоқлар. Эшитайлик, ўз фикрини айтсин, ахир. Кейин эҳтиёж бўлса жавоб берадилар. Давом этаверинг, ўртоқ Мир Мунаққид.
Мир Мунаққид: Айтмоқчи бўлган гапим шуки, ортиқча мақтовнинг ёш ижодкорга фойдадан кўра зарари кўпроқ тегади. Партиямиз бу асарга юксак баҳо бериб “ёш авлоднинг дадил овозидир” деди. Энди биз бу “овоз”ни асраб-авайлашимиз керак. Унинг тўғри йўлдан оғишмай илгариламоғи учун таъриф эмас, балки теран таҳлилга эҳтиёжи бор.. Чунки асарда бадиият нуқтаи назаридан жиддий камчиликлар ҳам йўқ эмас. Тўғри йўлни кўрсатмоқ... (шовқин, ҳеч нима эшитилмаяпти)
Шуҳрат Шонли: Ўртоқ Мир Мунаққид, шуни ёдингиздан чиқармангки, тўғри йўлимиз ягона – партиямиз кўрсатиб берган йўл. Мени хайратга солаётган наса шуки, дадил одимлар билан олға бораётган бир ёш йигитни нега йўлидан адаштирмоқчисиз? Қанақанги бадиий камчиликлардан сўз очмоқчисиз? Ёки бадном “санъат санъат учундир” деган чирик буржуа назариясини қайтадан тирилтирмоқчимисиз? Йўқ, ўртоқ Мир Мунаққид, санъат санъат учун эмас, санъат халқ учундир ва партия халқнинг фикрини ифода этиб бир асарга юқори баҳо берса, яна қанақанги “бадиий камчиликлар” баҳонаси ортида асардан кир қидирилади? Мен буни ёш ижодкорга қарши бўҳтон деб ҳисоблайман. Демакки, ўртоқ Ждановнинг маърузасини ўқимаган кўринасиз.
Мир Мунаққид: Мен ўқиганман. Эҳтимол, ўзинг ўқимагандирсан (шовқин).
Раис: Ўртоқлар, ўртоқлар, жим бўлайлик...
Шуҳрат Шонли: Шуни яхшилаб билиб қўйингки, мен ўртоқ Ждановнинг маърузасини бир марта эмас, бир неча марта ўқидим. Ҳатто қайсидир ёндафтаримга қайдлар ҳам олганман. Ўртоқ Ждановнинг китоби ҳар доим иш столимда туради.
Мир Мунаққид: Менинг иш столимда ўртоқ Сталиннинг китоблари туради. Албатта, ўртоқ Ждановнинг маърузасини ҳам столимдан айирмайман.
Шуҳрат Шонли. Эслатиб қўяйки, сиз бекорга ўртоқ Сталин билан унинг эътиборли қуролдош дўстини бир-бирига қарши... (шовқин)
Овозлар: Сен эмасмидинг ўша куни... Етар сен...
Раис: Ўртоқлар, ҳурматли ўртоқлар, жой-жойимизга ўтириб олайлик, жимлик сақлансин. Жимликни сақлайлик. Кун тартибидан чиқмасликни талаб қиламан. Менимча, ҳамма гап айтилди, ҳамманинг фикри бир жойдан чиқмоқда. Демак, Марлен Маммедовни уюшмамизга аъзо сифатида қабул қиламиз.
Овозлар: Қабул қилинсин. Муносиб номзод... Кўпдан лойиқ эди...
Раис: Сиз нима демоқчисиз?
Насир Носир: Мен таклиф қилмоқчиманки, ўртоқ Марленни, муаллим Марленни, истеъдодли боламиз Марленни уюшмага қабул қилсак ва айни онда унинг “Қуёшли баҳор” номли романини буюк Сталин мукофотига номзод кўрсатсак... Чунки адабиётимизда қуёш порлади, баҳор келди...
Раис: Ҳмм... Кечирасиз, кечирасизлар (йўталиб)... Ўзингизга маълумки, ўртоқ Насир Носир, мукофот масаласи бутунлай бошқа масала. Бу дабдурустдан, бир онда ҳал қилиб бўладиган иш эмас. Маълум дистанциялар (инстанция демоқчи – таъкид стенографчига оид) билан маслаҳатлашишимиз керак. Ҳаммаси бамаслаҳат бўлади бу ишлар. Маслаҳатлашгандан кейин бир тўхтамга келинса, келгуси мажлисимизда бу масалага қайтамиз. Энди, овозга қўяман. Кимлар Марлен Маммедовни Ёзувчилар уюшмасига аъзоликка қабул қилинсин деган фикрда? Жуда соз. Қаршилар - йўқ. Бетарафлар - йўқ. Протоколга қайд қилиб қўйинг. Ўртоқ Марленни чин юракдан табриклаймиз. Сўнгги сўзни яна сизга берамиз ўртоқ Насир Носир, сиз бу хусусда қандай фикрдасиз?
Насир Носир: Мен фақатгина шуни айтмоқчиманки, Ёзувчилар уюшмасига қуёш кулиб боқди. Баҳор келди... Таъбир жоиз бўлса, қуёшли баҳор... (шовқин сурон)



[1] 1911 йилда ташкил қилинган МусовотОзарбайжон миллий демократик партияси аъзоси.

15.04.2015

Шамси Табризий ҳикматлари

ШАМСИ ТАБРИЗИЙ ҲИКМАТЛАРИ

Олим эдинг, ориф бўлдинг. Энди ошиқ бўлишга мажолинг борми?
Ҳаммаси қалбингга боғлиқ: қалбингни ўзгартир, дунёинг ҳам ўзгарсин.
Баъзан ортингга қараб қўй: шунда қаердан келганингни унутмайсан.
Одамлар шароб ичиб сархуш бўлади. Ишқ аҳли эса ичмай туриб маст бўлади.
Ошиқларга уйқу ҳаромдир.
Баъзан узоқлашмоқ керак, яқинлашмоқ учун. Баъзан эсламоқ керак, эсланмоқ учун. Баъзан йиғламоқ керак, очилмоқ учун. Баъзан сукут яхшидир, тингламоқ учун.
Севишни қалб буюрдими ёки ёлғизлик? Рости, севги деганлари нима ўзи? Бир шамни тутатмоқми ёхуд ёнаётган оташга тегинмоқми?
Бу ҳаётда ҳар ким бўлишинг мумкин, аммо энг муҳими ИНСОН бўлмоғингдир.
Сўзлар ҳақиқат эмас, бор йўғи оғиздан чиққан товушлардир. Ҳақиқатни англамоқ учун яшамоққа эҳтиёж бор.
Гўзал гулни, осуда кечани, дуруст дўстни ҳамма хоҳлайди. Муҳими, гулни тикани билан, кечани асрори билан, дўстни дарди билан қабул қила олмоқликдир.
Қалб эшигимизни қоққанларга қалбимизни очдик...
Олдин ишқни англайлик...
Кўлмак елвизакда ҳам чайқалаверади. Уммонларнинг тўлқини муҳаббатнинг маҳобатидандир. Англадимки, теран ва асрорангиз бўлган нарсалар сокин бўлади. Англадимки, сокин бўлган нарсалар теран ва ҳайбатли бўлади.
Севмаганга чумоли ҳам юк, севганга филлар ҳам чумолидек гап. Агар инсон ошиқ бўлса ва ишонса тоғни ҳам елкасида таший олади.
Ҳузун ишқни айнишдан асрайди.
Ярамдан ҳам мамнунман, ёримдан ҳам.
Етарки, сен бўл! Хоҳ ёр бўл, хоҳ яра. Лутфинг ҳам бошим устида, қаҳринг ҳам...
Илм уч нарсадан иборатдир: зокир тил, шокир қалб ва собир бадан.
Сенда ундан ҳам бор, бундан ҳам бор. Фалон борми дедилар, бор. Фисмадон борми дедилар, бор. Яхши, СЕНда СЕНдан нима бор, Мавлоно?!
Ҳар нарсанинг меъёри яхши. Одобнинг эса ортиғи.
Дўст дегани гулдай бўлмоғи керак: ҳам япроғи, ҳам тикани билан.
Қалбингни кин ва ҳасад ила кирлатма. Чунки уларни ювиб кетказолмайсан.
Маъруфжон Йўлдошев таржимаси

14.04.2015

Мавлоно дейдики...

МАВЛОНО ДЕЙДИКИ...

v Тилингдан олдин қалбингни тарбия қил. Чунки сўз қалбдан келиб, тилдан чиқади.
v Эй, дил! На битмас хазинасан, на давосиз дард.
v Минг йил ўқисаму, мендан "нимани билдинг", деб сўрасалар, "ҳаддимни билдим" дейман.
v Дедиларки, кўздан йироқ кўнгилдан йироқ. Дедимки, кўнгилдаги кўздан йироқ бўлса не наф?
v Ишқ азоби тортмаган юрак ё телбанинг, ё мурданинг юрагидир.
v Эй, ёр! Биз ишқ узумининг шингиллари эдик-ку! Бошқа шишаларга шароб бўлибмиз, бошқа хаёлларда ҳароб бўлибмиз.
v Гулнинг гўзаллиги уруғидан; инсоннинг ҳусни эса қалбидандир.
v Кўнглингни покламабсан-ку, тинмай таҳорат олганинг нимаси?!
v Одамлар суратини безатса, сен сийратингни беза. Одамлар бошқалар айбидан сўз очса, сен ўз қусурингни ўйла.
v Поктийнат кишилар суҳбатидан баҳраманд бўлмоқ, подишоҳлар бошига тож бўлмоқдан афзалдир.
v Ҳожат эмас, ҳаммасини сўзла баён қилмоққа, бир боқмоқ минг сўздан яхшидир англаганга.
v Ўйларинг сўзларингга, сўзларинг феълингга, феълинг тақдирингга нуқс этади. Гўзал ўйла,  гўзал яша.
v Ҳар ҳолни хайр, ҳар кечани қадр, ҳар келганни Ҳизр бил.
v Инсон табассуми билан тарбиясини, нимага кулгани билан савиясини намоён қилади.
v Эй, дўст! Мен Мажнун эмасман, аммо чақирсанг чўли биёбонга боришга ҳам тайёрман.
v Кўнгил боғ, кўзлар булутдир. Булут йиғласа боғлар яшнагай.
v Шамдек ёш тўк, кўнгил уйинг чароғон бўлсин.
v Биз севсак гар, ер бўламиз, биз севсак гар, сел бўламиз.  Биз севсак гар, лол бўламиз, биз севсак гар, жон бўламиз.
v Модомики, ҳамманинг гуноҳини бекитолмайсан, ўз кўзингни юмиб қўя қол.
v Дили ва тили бир бўлмаган инсон юз тилни билса ҳам тилсиз саналгай.
v Бизни билган билади, билмаган ўзи билади.
v Дўст деб аччиқ гапирганга эмас, аччиқни ширин гапирганга айтилади.
v Дунё тузоқдир, дони ҳою-хавасдир.
v Гўзал кунлар келишини кутма. Унга томон бормоғингни унутма.
v Китоб ўқишдан олдин ўзимизни ўқишни ўрганайлик.
v Ҳаёт уйқудир, ўлимла уйғонур инсон. Сен шошил, ўлмасдан аввал уйғон.
v Ғайратинг қанотингдир.
v Адолат дарахтни суғормоқ, зулм эса тиканга сув тўкмоқдир. 
/М.Юлдашев таржимаси.

Турғут Уяр


ТУРҒУТ УЯР

 (1927-1985)



ҳаммасидан озроқ қолади
дейишади одамлар
тўғри гап
идишда бир чимдим қаҳва
қутида ноннинг увоғи
инсонда озгина изтироб. 

***

ёлғиз қолганингда
эслаб соғинсанг
демак, севмабсан.
ёдингга тушсаю бир онда
ёлғизланиб қолсанг
демак, севибсан.

***

ҳа баҳор эшик қоқар, биламан
настаринлар очилади, биламан
гилослар ҳам қизаради яқинда
яхши ният қилмоқ керак, биламан
азизам, буларнинг барини биламан
бироқ мени кечир...

***

шамол тегирмони нега айланар?
мен Дон Кихот бўлсайдим, шуни ўйлардим.
аммо мен, мен бўлиб шамол тегирмонига айлансам,
иллоки, Дон Кихотни севардим.

***

тўхтаб қолган соат – юрагим,
сени кўрсатади миллари, доим.

***

балки сири шудир: асл усталик
ҳар доим ҳаваскор бўлиб қолмоқлик.

/ М.Юлдашев таржимаси