14.04.2015

Мавлоно дейдики...

МАВЛОНО ДЕЙДИКИ...

v Тилингдан олдин қалбингни тарбия қил. Чунки сўз қалбдан келиб, тилдан чиқади.
v Эй, дил! На битмас хазинасан, на давосиз дард.
v Минг йил ўқисаму, мендан "нимани билдинг", деб сўрасалар, "ҳаддимни билдим" дейман.
v Дедиларки, кўздан йироқ кўнгилдан йироқ. Дедимки, кўнгилдаги кўздан йироқ бўлса не наф?
v Ишқ азоби тортмаган юрак ё телбанинг, ё мурданинг юрагидир.
v Эй, ёр! Биз ишқ узумининг шингиллари эдик-ку! Бошқа шишаларга шароб бўлибмиз, бошқа хаёлларда ҳароб бўлибмиз.
v Гулнинг гўзаллиги уруғидан; инсоннинг ҳусни эса қалбидандир.
v Кўнглингни покламабсан-ку, тинмай таҳорат олганинг нимаси?!
v Одамлар суратини безатса, сен сийратингни беза. Одамлар бошқалар айбидан сўз очса, сен ўз қусурингни ўйла.
v Поктийнат кишилар суҳбатидан баҳраманд бўлмоқ, подишоҳлар бошига тож бўлмоқдан афзалдир.
v Ҳожат эмас, ҳаммасини сўзла баён қилмоққа, бир боқмоқ минг сўздан яхшидир англаганга.
v Ўйларинг сўзларингга, сўзларинг феълингга, феълинг тақдирингга нуқс этади. Гўзал ўйла,  гўзал яша.
v Ҳар ҳолни хайр, ҳар кечани қадр, ҳар келганни Ҳизр бил.
v Инсон табассуми билан тарбиясини, нимага кулгани билан савиясини намоён қилади.
v Эй, дўст! Мен Мажнун эмасман, аммо чақирсанг чўли биёбонга боришга ҳам тайёрман.
v Кўнгил боғ, кўзлар булутдир. Булут йиғласа боғлар яшнагай.
v Шамдек ёш тўк, кўнгил уйинг чароғон бўлсин.
v Биз севсак гар, ер бўламиз, биз севсак гар, сел бўламиз.  Биз севсак гар, лол бўламиз, биз севсак гар, жон бўламиз.
v Модомики, ҳамманинг гуноҳини бекитолмайсан, ўз кўзингни юмиб қўя қол.
v Дили ва тили бир бўлмаган инсон юз тилни билса ҳам тилсиз саналгай.
v Бизни билган билади, билмаган ўзи билади.
v Дўст деб аччиқ гапирганга эмас, аччиқни ширин гапирганга айтилади.
v Дунё тузоқдир, дони ҳою-хавасдир.
v Гўзал кунлар келишини кутма. Унга томон бормоғингни унутма.
v Китоб ўқишдан олдин ўзимизни ўқишни ўрганайлик.
v Ҳаёт уйқудир, ўлимла уйғонур инсон. Сен шошил, ўлмасдан аввал уйғон.
v Ғайратинг қанотингдир.
v Адолат дарахтни суғормоқ, зулм эса тиканга сув тўкмоқдир. 
/М.Юлдашев таржимаси.

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder