ҚАЙТИШ
Азизим,
Букейр! Мактубингни олдим. Такрор-такрор ўқидим ва маълум муддат ўша беғубор
болаликка қйтдим. Ўша тозалик сени тарк этмаганига қувондим. Хатингда “Инсон
баъзан кетиш учун эмас, қайтиш учун йўлга чиқади. Қанчалик узоқ кетсанг,
ўзингга алоқадор неки бор бўлса, ҳаммасига янада яқинроқ бўлаверасан...”
дебсан. Ҳа, тўғри, бироқ улар билан мудом яшай олмайсан, ҳаёт оқар сув мисоли
фақат олдинга интилади, азизим. Мен шу ёшимга қадар хотираларга сиғиниб яшадим.
Улардан куч олиб яшадим. Агар шундай дейиш мумкин бўлса... Аммо ҳақиқатни тан
олмай яшаш азоблигини англадим. Мен ҳам ўзимга алоқадор неки бўлса ҳаммасини
асраб қолиш учун катта бир умрни сарфлаб юбордим. Ўзимга эмас, ўзимдан
ташқарида лекин уларсиз ўзимни тасаввур қила олмайдиган нарсалар учун,
тушуняпсанми, Букейр?! Сен уни хотира дерсан, болалик дерсан, соф туйғулар
дерсан... Ҳаммаси тўғри, бироқ ўтмиш деб аталган сеҳрли маконда ўзингга
алоқадор нима бор ўзи? Бир ҳовуч хотирами? Ҳаммаси самимиятини йўқотиб ўзини
оролаб, жилолаб, минг турфа безаниб кўз-кўз қиладиган болалик хотираларингми?
Ростини айт, такрор-такрор эслаб ҳузур қилишингни айтиб чарчамайдиган
хотираларингнинг қанчаси рост? Агар яна бир имкон берилса, чиндан ҳам ўша
мақтовига сўз ожиз болалигингни яна қайтадан яшашга рози бўлармидинг?
Азизим,
биламан, бу гаплар сенга малол келади. Мен буларни ўзимга айтяпман, истасанг
буни кексалик эзмалиги деб бил, истасанг, қаттиқ соғинчдан дегин. Тоғнинг
маҳобати ундан узоқлашганингда билинганидек, баъзи туйғуларни англаш учун ҳам
вақт ва масофа керак бўлар экан. Наҳотки, ўзингга алоқадор энг маҳрам деб
билган туйғуларинг моҳиятини англаш учун ҳам ундан узоқлашишинг керак бўлса?!
Мен
буни аввал сира ўйлаб кўрмагандим. Ва шунда билдимки, мен бутун умрим давомида
кимнидир, ниманидир ё қаернидир эмас, улар билан бирга тобора хиралашиб, таниб
бўлмас даражада узоқлашиб бораётган ўзимни қидирар эканман. Хотиралар домида
йўқолиб кетмаслик учун чирпинаётган, менга ҳар йўл-йўсинда ўзини кўрсатишга
уринаётган ўзимни соғинаётган, унга қайтишни ич-ичимдан орзу қилаётган эканман.
Ҳар
гал илк ҳайратларимга гувоҳ бўлган қадрдон қишлоғимга қайтаётиб вужудимни олақуроқ
соғинчлар эгаллаб олади. Тезроқ борсам, кўрсам, яна ўша дамларни қайта яшасам
дейман. Бироқ қишлоққа етиб боришим билан барча ҳаяжонларим, соғинчга ўхшаш
туйғуларим сукутга айланади. Тезроқ шаҳарга қайтгим келади. Билмадим, балки
шаҳардан қараганда мен қайтишни истаган манзиллар жуда гўзал кўринар. Эҳтимол,
болалик ва ўтмиш ҳақидаги фусункор хаёлларнинг аслидек эмаслиги мени қўрқитар?
Сен
нега қайтишни ихтиёр қилмайсан, азизим. Қайтишни истамаслигингнинг сабаби
ҳақиқатлар билан юзлашишдан қўрқаётганинг эмасмикан? Ўйлаб кўр! Хаёл ё ҳақиқат
деганинг ҳам ҳаётнинг жилвалари холос. Ҳаммаси қандай қарашингга боғлиқ.
Демакки, ўзингга боғлиқ.
Сен
қайтиш ҳақида сўрайсан, азизим. Қайтиш дегани ҳамиша ҳам қайсидир эшикни қоқиб,
“мен келдим” дейиш эмаслигини англаганингда ҳақиқат билан юзлашасан. Замоннинг
қайсидир палласида овозинг ҳалиям аксланётганини, қадамларинг товуши ҳалиям
эшитилаётганини бироқ у овоз ҳам қадамлар ҳам энди сенга тааллуқли эмаслигини
англаганингда росмана улғайган, тўғрироғи кексайган бўласан. Сен минг турфа
ҳаяжон, орзу-ўйлар билан қайтиш пайидадирсан, эҳтимол, бироқ энди қайтадиган
жойинг ҳам, кутган одамларинг ҳам, ҳатто ўзинг ҳам аввалги эмассан. Фақат
хотираларгина ўзини ҳақиқат қилиб кўрсатишдан чарчамайди.
Бу
мактубим етиб боргунича сен йўлга чиқишга ҳам улгурарсан. Ҳар не бўлганда ҳам
йўлинг очиқ бўлсин. Соғ-омон етиб кел. Сенинг қайтишингни кимдир эшик олдида
эмас, хотираларининг энг мўътабар жойида кутади. Шунинг учун қайт… кеч бўлса
ҳам, ўзгарган бўлсанг ҳам, фақат соғ-омон қайт.
01.06.1826
М.Й.
