Элмурод ишга эртароқ бориш ниятида эди. Бугун
университет кенгаши. У йиллаб ишлаган дарслик кенгаш муҳокамасидан ўтади. Бу китобга у кўп меҳр қўйди. Дунёнинг етакчи
университетларида ўқитиладиган фан дастурларидан андоза олиб ёзди. Бугун
муҳокамадан ўтса, эртагаёқ вазирликка юборилади. Гувоҳнома келгач, энг яхши
нашриётда чоп қилдириш учун ҳаракатга тушади. Текис тошйўлакда шундай хаёллар
оғушида борар экан, тўсатдан қаёқдандир кўзни қамаштиргудек гўзал бир капалак заррин
қанотларини қоқиб унга яқинлашди. “Олоҳнинг қудратини қара-я” деди Элмурод ҳайратини
яширолмай. У ҳавода сирли ва енгил учиб борар, оҳанрабодек ўзига тортиб,
нигоҳларни замин устидан юлқиб олган эди. Ҳарир қанотлардаги ранглар сеҳрига
асир бўлиб, унга тикилганча бир қадам босди...
Бир он... атиги бир он ичида оёғи йўқдек ҳавода
муаллақ қолди. Ҳеч қандай тўсиқ, ҳеч қандай туртки бўлмади. Аммо бир он... (балки
он сўзи бу қисқа вақт бирлигини ифодалаш учун кўплик қилар) Ўша бир он ичида
дунёнинг тортишиш кучи тамоман йўқолгандай, вужуди онг амридан озод бўлгандек ҳавода
муаллақ қолди. Юрак
кўкрак қафасига сиғмай, бўғзига тиқилди.
Вақт тўхтаб
қолгандек эди. Мувозанати йўқолди. Ёнбоши билан ерга йиқилди. Ҳали ерга етиб бормасидан
бутун умри худди тезлаштирилган фильм тасмасидек кўз олдидан ўтиб улгурди. Ярим
асарлик умрини бир баҳяга сиғдириб, уни таҳлил қилишга ҳам улгурди. Қаердадир “инсон
зоти ўлим билан юзма-юз келгандагина ўз ўлчовларининг нақадар сохта эканини
англар экан”, деган гапни ўқиган эди. Аммо мулоҳаза юритиб кўрмаган экан. У ўзини нималаргадир улгурган, қандайдир
чўққиларни забт этган деб ҳисобларди. Қоядек мустаҳкам санарди ўзини. Йўқ,
ҳозир миясида порлаган чақинлар умуман бошқа манзарани кўрсатди.
Унинг кўзига ютуқлари
эмас, кўпроқ чала қолган ишлари кўринди. Нур тезлигида ўтиб
бораётган
тасмада
улгурмаган ишлари, стол устида чанг босиб ётган, дунёни ўзгартириши керак
бўлган-у, аммо ярим қолган китоблари
кўринди.
Кўнгил ойнасида бир пайтлар “эртага,
албатта, кўришамиз”
деб, йиллар давомида етиб боролмаган одамларининг кутиб чарчаган нигоҳлари
намоён бўлди.
Энг даҳшатлиси, мағрурлик
орқали бой берилган фурсатлар эди. Вақтида айтилиши керак бўлган, аммо тил учига чиқмай,
ичида чириб кетган, сўролмай қолган узрлари худди оғир тошдек кўксини эзди.
Кимгадир моддий, кимгадир маънавий, кимгадир меҳрдан бўлган, эгаларига етиб бормаган
қарздорлик туйғуси
жон аччиғида бўғзини куйдирди. Муаллақлик сонияси инсоннинг ўз нафси ва умри
устидан ўқиган энг шафқатсиз ҳукмига айланди.
Ерга йиқилиб улгурмасидан руҳи аллақачон
ҳаётининг чала қолган иморатлари ичида кезиб чиқди.
Йиқилган куйи қанча ётди эслолмайди. Кўзини очганида,
ҳалиги кўзни қамаштирган капалак ҳамон шу ерда, унинг юзига жуда яқин масофада,
ҳавода бир зум қанот қоқиб тургандек бўлди-ю, ғойиб бўлди. Элмурод “капалак
қанот сасларини туйдим-ку, демак ҳаёт давом этмоқда”, дея таскин берди ўзига.
У атрофидаги хавотирли чеҳраларни кўриб, гўё қаттиқ
уйқудан уйғонгандай кўзларини очди. Тепасида
бир-икки ёш-яланг, улардан нарироқда икки қария ёрдам беришга шошилар, кимдир тепасида
куймаланар эди. Кўнглидан кечган даҳшатли ўйлардан сўнг, бу манзара унга жуда қадрдон
туюлди.
Элмурод
худди ҳеч нима бўлмагандек, атрофдагиларнинг “Турманг, бироз ўзингизга келинг!” дейишларига
қарамай, силтаниб ўрнидан турди. Дунё яна ўз ўқига тушган, тортишиш кучи ўз ҳукмини
ўрнатган эди. Гандираклаб туриб, усти-бошини қоқди. Бир-икки қулоч нарига учиб
кетган, ичида чала қолган ёзувлари ва ҳужжатлари бўлган чарм сумкасини олди-да устидаги
чангини аста арта бошлади.
Кафтлари қон, шими йиртилган, қўли ва жағи шилинган
эди. Шилинган жойлар оғриғи секин-аста бутун баданига тарқала бошлади. Нафаси бўғзига тиқилиб, атрофга
аланглади. Меҳрибон қариялар ва ёрдамга шошган ёшлар ҳали ҳам ундан кўз узмай
туришарди. У эса нафасини ютиб, ҳамон ҳавода муаллақ қолган ўша сонияда нима
бўлганини, жимитдек
лаҳзада руҳи қайси дунёларни кўриб қайтганини англашга уринарди.
Ҳеч нарса
бўлмагандай йўлида давом этаркан, ички бир ҳис уни
ортга қарашга мажбур қилди.
Нафаси ичига тушиб кетди. Бир он аввал атрофида парвона бўлиб, ёрдамга
куймаланиб ётган қария ва ёшлардан
асар ҳам йўқ эди! Улар худди буғланиб, ҳавога қоришиб кетгандек, хатто излари
ҳам қолмаганди. Ортида фақат катта бир бўшлиқ, одамнинг ваҳмини келтирадиган
вазнсиз бир жимжитлик ҳукмрон эди.
Қадамлари
секинлашди, тўхтади. Юрагининг уриши қулоғи тагида гурс-гурс акс садо бера
бошлади. Жағидан сиза бошлаган
қон чарм сумкасининг устига томди.
У титраб турган кафтига, йиртилган шимига қараб нима
қиларини билмай туриб қолди.
Бу муаллақликнинг, бу асрорангиз йиқилишнинг ҳикматини излай бошлади. Яқинларининг “нима бўлди?” деган ташвишли сўроғини, “назар теккан,
ўқитвориш керак, одамлар ёмон бўп кетган” деган насиҳатини ва яна “теп-текис
йўлдаям йиқиладими, одам?” дегандек муносабатини олдиндан кўргандек бўлди.
Нигоҳларини юқорига, муаззам сукут манбаи кенг
осмонга қаратди. Кўнглидан
отилиб чиқаётган нидо тилига кўчди:
“Эй
Оллоҳим... бу бир сабоқмиди? Оёғим остидаги шу теп-текис йўлнинг ҳам аслида
омонат эканини эслатишмиди бу? Ҳикмати не эди бу
йиқилишнинг? Капалакнинг бир қанот қоқишидан кўра ҳам омонат умрингга шунча ташвиш
нега керак, деганими бу?”
Капалак яна пайдо бўлди, бир-икки айланиб пешонасига
келди. Қанотлари жуда гўзал эди. Бор йўғи уч кун яшайди дейишади. Шу уч кунлик
умрига бунча гўзаллик, бунча иҳтишом, бунча нозу карашма кўплик қилмасмикан?
Элмурод усти-боши чанг, вужуди оғриқ ичида, аммо руҳи
уйғонган кўйи бўшлиқ ўртасида туриб қолди. У энди бир бошқа одамга айлангандек
эди. Кўчалар ўша-ўша, кун ўша кун, одамлар ҳам ўша-ўша. Аммо унинг ичида жуда
кўп нарса ўзгаргандек, замонлар оша саёҳат қилгандек турфаҳол эди. Шу пайтгача елкасини аёвсиз
босиб, нафасини бўғиб турган, уни тинимсиз югуришга, қаёққадир шошилишга мажбур
қилган ўша чексиз ғам-ташвишлардан шу бир лаҳзалик йиқилиш асносида озод
бўлгандек эди. Юки енгиллаган,
гўё макон
ва вақт тушунчасини ҳам бошқача
ҳис қила бошлагандек эди.
Қадамлари секинлашди.
Қўлидаги чарм сумкани маҳкамроқ қисди-да, теран бир нафас олди. Жағидаги қон
қотиб, ҳаво шилинган жойларини ачиштирар, аммо бу оғриқ унга тириклигини, ҳали олдинда
муаззам ҳаёт борлигини эслатиб, ҳузур бағишларди.
У дунёнинг
битмас-туганмас
ишлари ортидан қувишдан чарчаганини англай бошлади. Энди секин ва сокин яшаш кераклиги ҳақида,
ҳар бир сониянинг таъмини сезиб, ҳис қилиб яшаш зарурлиги ҳақида ўйлай бошлади. Чала қолган ишлар ҳам бир кун битади, сўролмай қолган узрлар ҳам эгасини
топади, айтилмай қолган сўзлар ҳам вақти келганда тилдан тўкилади. Ҳамма гап тирикликда.
Омон бўлсак кўраверамиз...
У йўлида давом
этди. Бу сафар теп-текис йўлда ҳар бир қадамини ерга, ҳаётга ва ўзига бўлган
чексиз бир шукроналик билан изчил, хотиржам босиб борарди.
Йўлдан ўтар экан, чалғимаслик ҳақида ўйлади. Бир
томондан ўзига тасалли бериши лозим эди. “Ҳамма йиқилиши мумкин... Ахир тирик жон омонат, оёғимиз
остидаги замин ҳам, ундаги мағрур қадамларимиз ҳам бир лаҳзалик ҳукмга боғлиқ.
Аммо йиқилгандан сўнг қайта тура билиш ва мутлақо янги одам бўлиб қад ростлаш,
ҳаммага ҳам насиб
қилавермайдиган туйғу, буюк бир саодат эканлигини ўйлаб, кўнгли ёришиб, таскин
топгандек бўлди.
Бу йиқилиш унга
дунёвий карахтликдан
уйғотиш учун берилган илоҳий бир ишора бўлиб туюлди. Жағидаги қон қотиб, баданидаги
ачишиш босилган сари, ичида аллақандай енгиллик ва сокин бир куч бош
кўтараётганини ҳис қилди.
У ўзининг бу ҳолатидан уялмади, эсанкирамади, “одамлар кўрмадими, одамлар нима дейди” дея атрофга
алангламади.
Аксинча, теп-текис йўлнинг алдамчи сукунатидан кўра, руҳни тирилтирган мана шу йиқилишни яхши кўрди.
Чарм сумкасини қўлтиғига маҳкамроқ қисди, янада секин, янада теран қадамлар билан манзил томон юра бошлади.
Нигоҳи яна ўша асрорангиз капалакка тушди. У
юксакда, озод ва хотиржам учиб борарди. Капалак энди ерга яқинлашмас, гўё
қаҳрамоннинг уйғонган руҳи каби сокин уфқлар сари юксалиб бораётгандек эди.
Умр давом этарди,
аммо бутунлай бошқа маромда...
26.06.2026
М.Й.

Hiç yorum yok:
Yorum Gönder