3.06.2026


 Маънолар озодлик истайди...

Сўз аввал жим эди. Шу жимлиги билан олам эди, бепоён эди.

Кейин товушга айланди, оҳанг яралди, жимлик бузилди.

Сўз деган мўъжиза одаму оламни ҳайратга солди.

Энди у ҳукмфармо қудратга айланди ва маъно талаб қила бошлади.

Ҳар бир сўзга маъно, маъноларга мосу мувофиқ либослар истади.

Турфа маънолар юзага чиқди.

Алифболар ижод қилинди.

Авваллари усиз ҳам тиллашган одамзод, бундан буён усиз гунгу лол бўлиб қолди.

Сўз одамлар аро маҳобатли деворга айланди.

Тиллашмоқчи бўлганлар ўша деворни ошиб ўтмагунча бир-бирларини тушунолмайдиган бўлдилар.

Сўз чуқур ўйга толди.

Кейин ўзига ўзи савол берди:

- Мен кимман ўзи? - деди атрофга боқиб. - Мен, ахир, одамзод бир-бири билан осонроқ англашсинлар дея яралган эдим-ку!

Ҳаммаси “Кун” сўзи ила бошланган эди-ку!

Атрофдан жавоб келмади.

Маънолар бирин-кетин сўзларни тарк эта бошлади.

Улар сўзлардан озод бўлишни исташар эди.

Сўз маъноларни итоатда тутмоқ учун луғат деб аталмиш ҳибсхоналарни яратди.

Барча элу юртда сўз ва уларга боғлиқ маъноларни қамаш учун луғат-ҳибсхоналар барпо этилди.

Минглаб, миллионлаб одамлар сўзларни қувиб, уларга боғлиқ маъноларни топиб-тутиб қамашга масъул этиб тайинландилар.

Институтлар, нашриётлар сўз ва маъно овчиларини муттасил рағбатлантириб турдилар.

Луғатлардаги маъноларга эса озодликни хаёл қилиб ётишдан ўзга чора қолмаган эди.

03.06.2026

М.Ю.

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder