23.03.2022

 

ТЎДАКЎЛ МАХЛУҚИ

Кўчадан ҳовлиқиб кириб келган Салимжон тандирда нон ёпаётган онасига қараб бор овозида бақирди:

— Эна, энааа, отамлар чакакўбра ўлдиришипти.

— Нима?! Нимакўбра дейсан? Яқинроқ кеп гапирсанг-чи, болам тушмагур.

Салимжон ҳовли этагидаги тандир олдида уймалашиб турган онаси томон югурди.

— Чакукўбра!

— Кўбра дейсанми, вой ўлмасам, қайда ўлдирибди?

— Тўдакўл бўйида.

— Илон бораканми? Кўбра нима қилади биз томонда?

Онаси Салимжоннинг гапига кўп парво қилмай, ўзига-ўзи гапириб тандирдаги чўғни қалай бошлади. “Борган сари ғўзапояларниям жони қолмаяпти... Бир боғ ғўзапоядан тушган чўғни қара, бир тандир нон ёпгани етмай кул бўлади-я, олдинлари бир боғ ғўзапоядан икки тандирлаб нон ёпардим, қолган чўғини сандалга солардим. Бу ўлгур сандалга бормай кул бўлиб ўчяпти...”

— Кўбрамас, эна, чакабўра! Эна!

— Чиябўри дейсанми? Бир томон қир-адир бўлгандан кейин чиябўри бўлади-да! Бўриям бўлади, тулкини айтмасаям бўлади. Шунга шунчами? Отангни ўзи бўляпсан сен бола. Ваҳимангни қара-я...

— Йўқ, чиябўримас, бўриям, тулкияммас, чўкибура. Эээ, адаштирворяпсиз...

— Вой, Салимжон, болам тушмагур-а, миндей тушунтириб гапир, бир чакбўри дейсан, бир такабўри... Нафасинг оғзингга тиқилиб боя чакакўбра чукакўбра деб ўтгинмни ёрдинг-а... Ўша палакатти оти нима экан ўзи битта-биталаб айт-чи қани!

— Эшмат тоғам чакабўри деди, Баҳодирни дадаси чакакўбра деди. Баҳодирни дадаси мактабда муаллим. У ҳамма нарсани билади. Чакакўбра ҳақида кўп нарсаларни гапириб берди. Ҳамма оғзи тегирмон бўлиб эшитти. Отамам бу чакакўбра деди. Энди маҳалла бўлиб кечалари нўвбатга турамиз, деди. Бу урғочиси экан, эркагу эниклариям бўлиши керак. Бу махлуқ, қаттиқ ўч олади. Энди бутун қишлоқ хушёр бўлиши керак, деди.

— Ааа, ўша махлуқни кўрдингми ўзинг, айт қанақа экан? Ростанам отанг айтганча бўлса, итларингни чорвоқ томонга бойлаб қўйгин кечаси. Билиб бўлмайди. Отанг нуқул арини уясига чўп суқиб юради ўзи. Шартмиди шу ҳозир!

— Кузда қўйларимизни бўғизлаб кетган ҳайвон боруу, ўшани оти шунақа экан. Қирқишлоқдаям жуда кўп одамларни товуғини, қўй-қўзисини бўғизлаб кетган экан. Мактабимиз қоровули Эрали акани уришқоқ хўрозини ҳам шу махлуқ опқочган дейишяпти. Бу очофат қиш ичи ўшаларни еееб мазахўр бўпқолганми, яна қишлоққа оралабди. Отам кўриб қопти, ғорга кириб кетаётганда. Кейин тоғамларни чақирибди. Ҳаммалари ғорни пойлаб ўтиришибди. Чиқиши билан биргалашиб тош-таёқ қилиб ўлдиришибди. Жуда турқи хунук ҳайвон экан.

— Ўша Эрали қоровулни хотини тунов куни қатиқ сўраб чиқди бизникига. “Хўроз топилдими”, десам, “Алкаш эрим қуморда ютқазиб келди”, деди-ю...  Ор ўлсин-а, ор ўлсин. Энди битта жанаварни бўйнига илворибдими ўзини айбиниям. Одам бўмайди бу алкаш, тағин мактабга қоровул қуриб кетгандай ўша зиққимхўрни олишганга ҳайронман.

— Эна, ҳозир-чи, блогерлар бири қўйиб бошқаси отамни суратга оляпти. Отам қаҳрамон бўпкетти, энааа...

— Қаҳрамонмиш, етти бошли аждаҳа билан уришиб енгибдимики қаҳрамон бўлсин! Ё яъжуж-маъжужни даф қиптими? Фарҳодга ўхшаб тоғдан сув ўтказмагандир, ҳа балогир бўлмай ҳар нарса бўлгурлар. Булар йўқ нарсаниям бордек қилишга уста тойифа экан-да.

***

Ҳалимабу тандирдан қизариб пишган нонларни узиб саватга тераётган маҳалда дарвоза шарақлаб очилди.  Эри уч-тўрт нотаниш киши билан бирга кириб келди.  Садақайрағоч остидаги сўрига яқинлашганда хотини эсга тушди шекилли, атрофга бир аланглаб овоз солди:

— Онаси, қарамайсанми, меҳмонлар келди. Тошкенти азимдан келишибди. Чой-пой берсанг-чи!  

Ҳалимабу югуриб сўрига яқинлашди. Усти бир аҳволда эканлигидан хижолат тортди. Узоқроқдан салом-алик қилиб қўя қолди. Эри бўлса ўзида йўқ хурсанд, “Кимсан, бутун юртга таниқли блогерлар уйингни йўқлаб келди, хотин. Қўй сўйсанг келмайди булар айтиб қўяай!”

— Хуш кепсизлар, ўтиринглар, мен ҳозир иссиққина нон ёпгандим. Ҳозир опкеламан.

Блогер деганлариям узоқ йўл босиб келишмаганми, иссиқ нонни эшитибоқ мойдек майишди. Ортиқча манзират кутиб ўтирмасдан сўрига жойлашиб олишди.

Ҳалимабу елиб-югуриб дастурхон тузади. Салимжонни қўшниникига – келинни ёрдамга чақириб келишга юборди. Ҳа дегунча ҳовли томошаталаб оломонга тўлди. Ҳамманинг диққати сўрида. Блогерлар ичида пурвиқор ўтирган Тўхтамурод чўпон ҳаётининг энг ҳузурли онларини бошдан ўтказмоқда эди.  Худди депутатлардек ҳар саволга тайёр жавоби бор. Ҳалимабу эрига қараб бир зум хаёлга чўмди. Эри бу воқеадан кейин машҳур бўлиб кетса, катталар буни кўриб, “иее шундай бамаъни, серсавлат, гапдон, сиёсатни сув қилиб ичиб юборган фуқаромиз бор экану, тоғу тошда чўпонлик қилиб умри беҳуда совриляпти экан. Чақиринглар буни вазирга ёрдамчи бўлади” деса-я... Ана ундан кейин Тошканга кўчамиз. Ситиларда, осмон билан бўйлашган уйларда ўтирамиз...  Шундай эрим бор экану билмас эканман, тавба...

Қўни-қўшни аёллар Ҳалимабуга суқланиб  қараб туришарди. Салимбой ҳам ўртоқларига отасининг қаҳрамонлигини айтиб чарчамасди.

***

Сўрида гап қизигандан қизиди. Таомлар еб бўлингач, меҳмонлар қорни тўйиб, энди ўз ишларига киришган эди. Тўхтамурод кетма-кет берилаётган саволларга жавоб тополмай каловланиб, пешонасидаги терни тинимсиз артиш билан овора эди. Тошкентдан келган бир жиккаккина блогер йигит куйиниб гапирарди:

— Хўп, ўша махлуқ, қўй-қўзиларингизни бўғизлаган экан, кўзингиз билан кўрмаган бўлсангиз ҳам, майли ишондик, дейлик, бу махлуқни ўлдириш шартмиди? Тутиб, қафасга солиб, яна бироз кутиш мумкин эди-ку!

— Бу махлуқни деб халқимиз ҳузур-ҳаловатини йўқотди. Қанча қўй-қўзимиздан, товуқ, жўжамиздан ажралдик. Кечалари ҳеч ким кўчага чиқолмайдиган бўлиб қолганди. Мана энди тўй-тўйчиқ ҳам, гап-гаштак ҳам бемалол бўлаверади. Одамлар уйидан чиқишга қўрқиб қолганди. Кеч тушдими худди кўчада бир номаълум маҳлуқ кезиб юргандек...

Сўри атрофидаги оломон бирдан айвондаги телевизор томонга қаради. Оқшом янгиликларида  “Тўдакўлда номаълум маҳлуқ ўлдирилди” деган хабар берилди. Оқ сийрак жунли, тумшуғи узун, қулоқлари тик ва катта, қуйруғи ингичка узун, оёқлари ғайритабиий узун ва тизларида тирноқлари кўриниб турган қўрқинчли махлуқнинг суврати узоқ муддат экрандан тушмади. Ижтимоий тармоқлар ҳам Қашқадарёда чупакабра деган ғалати махлуқ аҳоли томонидан овланиб, уриб ўлдирилганлиги ҳақидаги хабарларга тўлиб кетди. Қашқадарё ва атрофдаги вилоятлардан Тўдакўл томон қизиқувчан одамлар оқиб кела бошлади. Ҳамма чупакабрани ўз кўзи билан кўриш илинжида воқеа жойига шошиларди.  Кимдир бу махлуқни “эчки, қўй-қўзиларни бўғизлаб, қонини эмиб, ўлдириб ташлаб кетиши” ҳақида гапирса, кимдир “қабрларни ковлаб, ўликларнинг миясини еркан” деб янада ваҳимали тусда ҳикоя қилади. Улар ўз ҳикояларининг ишончли чиқиши учун шоҳидлар исми-шарифигача айтишни канда қилишмайди. Ҳаммадан ҳам Норбуванинг ҳикояси ошиб тушди. “Чакбура дўзахдан қочган малъун дегани. У қайси қишлоққа ўрласа, демак ўша ерда дин-диёнат сусайган бўларкан. Чикабўра оралаган қишлоқни ер ютиши муқаррар экан. Бутун халқ тезлик билан ибодатга қайтиши керак. Бундан катта бало келмасидан тоат-ибодат қилиб қолиш керак” деб ҳаммани оғзига қаратди Норбува. Қишлоқнинг эътиборли кишиларидан Мансур муаллим ҳам муҳокамалар оловига ёғ пуркаб борарди: “Китобларда ёзилишича, дунёнинг аллақайси бурчагида Лохнесс деган митти кўл бор. Ўша кўлда тунда бир маҳлуқ кўринармиш. Диназаврми, аждаҳоми, хуллас насли қирилиб битган бир махлуқ экан. Бутун дунёдан одамлар ўша махлуқни кўрармиканман, деб ўша кўлга боришар экан. Бизнинг чупакабра ҳам фанга “Тўдакўл махлуқи” ёки “Тўдакўл чупакабраси” номи билан кириши зарур. Ана ўшанда бу қишлоқ дунёнинг энг сирли иккинчи марказига айланиши мумкин экан.” Кимдир “Косонсой махлуқи” ҳақида, яна кимдир Ғаллаоролда кўринган даҳшатли илонни эслаган бўлди. Норбува “қиёматга яқин ер остидаги жамики махлуқотнинг ер бетига чиқиши” ҳақидаги ривоятини баланд овозда айтиб, бутун кўзларни ўзига қаратиб олди.

Сотим носфуруш гапга қўшилди: “Носни кўпайтириб ғамлаб қўйишим керак экан унда. Одам бирдан кўпайиб кетса, шошиб қолишимиз мумкин, дейман-да...”  Одамлар яйраб кулишди.

Бир талаба йигит эса “Бу ҳеч қанақа чупакабра эмас, тулки экан, анча олдин ўлдирилган экан. Шунга туклари тўкилиб хунуги чиқиб кетган экан” деб ҳамманинг ҳафсаласини бир пул қилди. Оломон унга шундай қарадики, бечора талаба шаккоклик қилиб қўйгандек қўрқиб кетди. Ҳар куни ҳам топилавермайдиган бундай оламшумул воқеани битта тирранчанинг гапи билан йўққа чиқаришни исташмас эди.

Шовқинни эшитган Тўхтамурод кўчага чопди, тошкентлик меҳмонлар ҳам унга эргашди. Оломон Тўдакўл бўйига қараб кетишар эди. Улар ортидан қараб истеҳзоли кулиб турган жиккаккина блогер йигит сўз бошлади:

— Тўхтамурод ака, қаранг нима қилдингиз. Улар энди ўша сиз айтган ҳузур-ҳаловатини топишди. Махлуқ ўлди, ўлдирилди. Уларнинг ичидаги қўрқув бартараф бўлди. Улар хотиржам бўлди. Энди ҳеч ким кечалари дарвозасини тамбаламайди, бемалол ярим тунда ҳам кўчада юришаверади. Тўғрими шу, муддао шумиди, ака?

— Ҳали бунга эртами дейман-да, бу махлуқнинг эркаги бордир, болалари бордир...

— Ҳаа, ўлманг, Тўхтамурод ака. Хотиржамлик учун бир жонлини қурбон қилиш одати ибтидода қолган. Бугун бошқа замонда яшаяпмиз. Бир махлуқни ўлдириб хотиржам бўлган ва бўлолмаган инсонлар ишонч ҳосил қилиш, ўз кўзлари билан кўриш учун йўлларга тўкилибди. Қаранг, ёшу қари қаерлардан келишяпти!   

— Қўрқув бирлаштиради дейишади-ю...

— Ҳа, айнан шундай, ака. Одамзоднинг жамоа бўлиб яшаш эҳтиёжи ҳам қўрқув туфайли ўртага чиққан. Қўрқувни, қўрқув сабабини ташқаридан қидириш кори ақл ҳисобланмайди. Муҳими ичингдаги қўрқувни енга оласанми, ҳамма гап шунда...

— Сизни тушундим, меҳмон. Бу чапакўбрами, чупакабрами, отинг қурғурни ўлдириш билан иш битмайди, дейсиз-да...

— Ҳа-да, ҳамма гап ичингдаги чупакабрани ўлдира оласанми мана шунда.  Бир ҳайвонни ўлдириб қай даражада хотиржам бўла оласан? Ўзингни еб битраётган, миянгни пармалаб, ичингни кемириб ётган қанча чупакабрани ўлдира оласан? Нега уларни то шу ёшгача сақлаб юрибсан? Миянгнинг тор кўчаларида юзлаб, минглаб чупакабралар чопиб юрибди-ю. Юрагингга ўрнашиб олган баҳайбат чупакабрани нима қилдинг? Бу оломон шу саволларга жавоб топмагунча ҳузур-ҳаловатни қидирмагани маъқул!

Кўчада шовқин тинди, оломон аллақачон сой бўйига етиб борди. Шаҳри азимдан келган журналист ва аллақайси қўмиталардан келган меҳмонлар ҳам қайтишди. Тўхтамурод дарвоза олдида узоқ қолиб кетди. Ҳалимабу хавотирланиб унга тикилди. Бояги фахр туйғуси ўрнини ачиниш ва ҳамҳоллик эгаллаган эди. Тўхтамурод хотинига қараб пичирлади:

— Ичингдаги чупакабрани нега ўлдирмадинг?

Ҳалимабу бир сесканиб кетди:

— Отаси, одамни қўрқитманг, кеч бўлди, кириб ётинг. Ким нима деса деяверади. Ўлдириб тўғри қилдингиз. Уям худованднинг бир махлуқи-я, аммо бўғизланган қўй-қўзиларингизга ачинасиз-да, отаси.

Тўхтамурод эса негадир бўғизланган қўйларига эмас,  шу ғариб махлуққа ачина бошлади... Миясининг тиришлари оралаб чопиб кетаётган юзлаб чупакабрачалар кўз олдига келди. Баданининг аллақаерига биқиниб олиб юрагини ғажиётган ота чупакабра ҳақида ўйлай бошлади...

23.03.2022.