6.02.2020

Кўрдик-да, нима бўлдик?.. (ҳикоя)



Кўрдик-да, нима бўлдик?..


Қулоқ ҳақиқатни англаган онда кўзга айланади. 
Жалолиддин Румий.

Пардахол кутубхоначилик йўналишининг сиртқи бўлимида ўқийди. У билан кириш имтиҳонлари пайти танишганман. Тоғаси олиб келганди. Энди бир ўзи келиб кетади. Бутун эҳтиёжларини мустақил бажара олади. Мен газетада ишлаганим боис у ҳақида ёзишни ўйлаб юраман. Лекин саволларим уни ранжитиши мумкинлигини ўйлаб бу суҳбатни ортга суриб келдим. Бу ҳақда бош муҳаррирга айтганимда: “Жуда зўр фикр, келаси сон учун суҳбатни тайёрла. Кўзи ожизларга ҳам фойдали бўлади, жамият улар ҳақида кўпроқ фикрга эга бўлишлари лозим!” дея шоширди. Сессия тугамасидан Пардахол билан суҳбатни ёзиб олишга қарор қилдим. Пардахол: “Агар, диктафонсиз, қоғоз-қаламсиз ўтириб ўзаро суҳбатлашсак, майли, розиман” - деди. Олдиндан тайёрлаган барча саволларим эсимдан чиқиб кетди. Тилимга келган илк савол шу бўлди:
- Кўриш қобилиятингизни қачон йўқотгансиз? Ёки туғмами?
Пардахол бошини беўхшов қимирлатиб бироз ўйланиб турди. Кейин саволимга савол билан жавоб қайтарди:
- Шодиёр, сиз интервьюларингизни доим шундай расмий савол билан бошлайсизми? Масалан, таниқли санъаткорлар билан суҳбатлашганда ҳам “Сиз бу йўлни қандай танлагансиз?” дегандек саволлар берасизми?
- Йўўқ, уларнинг йўриғи бошқа. Сиз...
- Аввало, бир нарсага келишиб олайлик. Менга ачинаётгандек, эҳтиётлик билан муомала қилмайсиз. Мен касал эмасман. Кўриш имкониятим чекланган, холос. Ва яна кўрлигимга худонинг алоҳида инъоми деб ҳам қарамайсиз. Қўл-оёқ, бармоқ ва қулоқларимни, айниқса, ички сезгиларимни сиздан кўра кўпроқ ишлатаман, улардан ҳаётимни қулайлаштириш учун максимал даражада фойдаланаман. Шунинг учун уларнинг имкониятлари соғларникидан кўра кучлироқдек туюлади. Сиз билан агар қизиқсангиз кўрлик, кўрларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида суҳбатлашишим мумкин.
- Менга кўпроқ сизнинг ҳаёт ҳикоянгиз қизиқ... Ўзингиз ҳақингизда гапириб беринг.
- Кўзим хиралаша бошлаган пайтлар эсимда. Бошим қаттиқ оғриб қолди. Ўшанда қулоғимга капалак кириб қолганди. Чиқиб кетолмай роса қийналганди. Жонҳалак типирчилагани сайин ичкарилаб борарди. Чиқаришга қанчалик уринмай уддалай олмадим. Аниқ эслайман, мен ўзимдан эмас, тинимсиз олдинга интилаётган капалакнинг ўлиб қолишидан хавотир олиб уйга чопгандим. Онамнинг чиқариб олишига ишонардим. Чопиб боряпману тинимсиз ортга қайт деб такрорлардим. Олдинга йўл йўқ, ортга қайт, олдинда фақат зимистон бор...
- Онангиз олиб ташладиларми?
- Йўқ, кошки...
- Ўлиб қолдими бечора капалак?
- Йўқ, мен уни зимзиё оламда учишга ўргатдим. Қоронғузорда қанот қоқишга ўргатдим... Унга зимистонда гулларни топишни ва фарқлашни ўргатдим. У ўлмади. У қўрқмасин деб мен унинг оламига ўтиб кетдим...
- Неча ёшда эдингиз?
- 3-синфни битириш арафасида эдим. Соғлигимда кўрганларимнинг ҳаммаси ёдимда, ўртоқларимнинг ҳаммаси ҳалиям 9-10 ёшда. Уларни бошқача тасаввур қила олмайман. Бувим, онам, отам, опам, акам ҳам шундай...
- Кейин танишганларингизни қандай тасаввур қиласиз?
- Мен учун икки тоифа одам бор: “юзли одамлар” ва “юзсиз одамлар”. Соғлигимда кўрганларимнинг юзини қандай бўлса ўшандай эслайман, улар менинг оламимда қаримайди, ўзгармайди. Ҳаётимга кейин кириб келганларнинг юзини эса ўзимча тасаввур қиламан. Бу жуда қизиқ... Уларнинг ҳар бирига мен ўзимча “юз” бичаман. Овозига, муомаласига эътибор бераман. Товушларни қандай талаффуз қилишига разм соламан. Товушларидан уларнинг бўйи-бастини, юз-кўз рангини тасаввур қиламан. Бир марта, йўл-йўлакай учрашиб суҳбатлашган одамларимнинг юзини ортиқча пардозлаб ўтирмайман. Шунчаки кўз-қош, бурун ва оғиз чизиб қўяқоламан. Агар давомли кўришиб юрган бўлсаму овози, муомаласи ёқмаса, хаёлимда Қимматни жонлантираман. Кўзи ўрнига тугмача қўяман, шолғомдек икки ёноқ, беўхшов бурун, калишдек оғиз ва юзига майиздек хол қўндириб қўяман.
Пардахол силкиниб-силкиниб куларди. Унга қўшилиб мен ҳам кулган бўлдим.
- Кўришдан қолиш жараёни ва бунга кўникиш қийин бўлгандир.
- Мен сизга бувим айтиб берган бир афсонани айтиб берайми? У жуда қизиқ. Сизга ҳам ёқиши аниқ.
У бигиз билан тешиб ёзган махсус дафтарини очиб бармоқлари билан пайпаслай бошлади.
- Бу менинг темир дафтарим. Хотираларимни шу дафтарда сақлайман. Эшитинг...
Бу воқеа қадимда, ҳали ерга қутлуғ қайин оғочи экилмаган замонларда, Қайроқхон осмоннинг ўн еттинчи қаватида ўтириб еру кўкни бошқарган пайтларда рўй берган экан. У замонларда одамлар минг йилдан кўп яшаркан. Ўлим Қайроқхондан ҳайиққаниданми, одамлар орасига унчалик яқин йўламас экан. Одамлар учун ҳаёт ҳам ўлим ҳам мукофот саналар экан. Алихон кун сайин кучли, абжир, манаман деган паҳлавонларни бир кўтариб ерга урадиган ва зеҳни ниҳоятда ўткир йигитча бўлиб вояга етибди. Отасининг касби йилқичилик экан. У ҳам отасига эргашиб, Тангритоғ этакларида от боқиб, Қўшбулоқнинг зилол сувларидан маза қилиб ичиб вақт ўтказар экан. Кунларнинг бирида отаси унга учар отлар ҳақида сўзлаб берибди. “Фарғонанинг осмонўпар тоғларида тангри Қайроқхоннинг ғаройиб отлари бор. Довон отлари дейишади. Кўкдаги чақмоқ ўша отларнинг туёқ излари, қанот қоққанида кучли шамол ҳосил бўлади, димоғидан чиққан буғ осмонда булутларга айланади. Уларни йилқичилар пири, донишманд  Сўқирхон боқар эди. Энди Сўқирхон кексайиб кучдан қолибди. Унинг ўрнига йилқибоқар қидиришаётган экан. Аммо ҳалигача бирор йигит унинг синовларидан ўта олмабди.” Алихон отасидан бу хабарни эшитган заҳоти Сўқирхоннинг имтиҳонига талабгор бўлибди. Отаси уни қанча қайтармоқчи бўлса ҳам Алихон мақсадидан воз кечмабди. Одам оёғи етмас Довон сари йўлга отланибди. Осмон ва тоғ руҳлари беҳисоб лашкари билан мардлар майдонига жам бўлишибди. Кекса Сўқирхон майдоннинг ўртасида Алихонни кутиб олиб, шартларини айтибди. Биринчи шарт асов отни эгарсиз миниб, ўзига бўйсундириш, иккинчиси, қанотли отга миниб кўкнинг еттинчи қаватига кўтарилиш, учинчиси эса тоғ руҳини бўйсундириш экан. Алихон биринчи ва иккинчи синовлардан аъло даражада ўтибди. Учинчи синовдан ўтиш учун нима қилиш кераклигини билолмабди. Шунда у бўйсундирган қанотли тулпор Ёнартоғнинг чўққисига чиқиб олов олиб тушиш кераклигини айтибди. Алихон ҳеч иккиланмай Ёнартоғ сари отланибди. Чўққида баҳайбат дев билан олишибди. Уни енгиб, оловни олибди аммо кўзлари оқиб кетибди. Тулпор уни Сўқирхон ота ҳузурига олиб келибди. Сўқирхон ота вазифасини унга топшириб ўзи учмоқ сари равона бўлибди. Алихон Довонда Қайроқхоннинг учар отларини узоқ асрлар боқибди. Халқ уни йилқичилар пири деб эъзозлашар экан.
Мен бу афсонани қоронғу дунёга кўниколмай қийналиб юрган пайтларимда эшитганман. Бувим бу афсонани қайта-қайта айтиб берар, узоқ шарҳлаб ҳам берардилар. Кўрлар Қайроқхоннинг хизматкорлари, энг ишончли кишилари”, - дерди. Қанотли отларни фақатгина кўр йилқичиларгина боқиши мумкин экан. Чунки фақат кўрларгагина тоғлар руҳи бўйсунар экан. Тушуняпсизми, тоғлар руҳига эга бўлиш инсон зоти эришиши мумкин бўлган энг юксак мартаба экан. Одамзод тоғларга қараганда энтикиши, кундалик ташвишлардан безганида тоғу тошларга чиқиб кетишни исташи, тоғлардан ҳайратланиши ўша мангу орзу – тоғ руҳига эга бўлиш истаги билан боғлиқ экан. Синовларда ҳам ҳикмат ва мажоз бор. Асов от – ўз туйғуларинг, ҳиссиётинг ва нафсинг. Осмоннинг етти қавати – ақл ва донишмандлик мартабалари. Дев – ғийбат ва фитналар рамзи. Кўз эса тангри таоло йўлида қурбон қилиш мумкин бўлган энг азиз аъзо. Уларнинг эвазига берилган қутлуғ касб, учар отларни боқиш вазифаси эса жаннатда парилардан-да устун мақомнинг берилишига ишора экан.
Мендаги исённи, ношукурлик оловини сўндирган бу афсонани шунчаки чўпчак деб ўйламайман. Унда буюк ҳақиқат яширинган деб биламан. Ўша ишонч менинг қоронғу оламимни ёритади, менга куч бағишлайди. Бу дунёда кўзи ожизлар учун ҳаётни қулайлаштирувчи ягона йўл - эътиқод. Умидсиз, эътиқодсиз яшаб бўлмайди. Бир кун тонг отади, ҳозир уйқудамиз, ҳозир айни тун чоғи, тонг яқин деган умид барча мушкулларни осонлаштиради. Онам оғир бетоб бўлиб ётиб қолганларида ёнларидан бир зумга ҳам айрилишимга йўл қўймаган эдилар. Нимжонгина бармоқлари билан қўлимни тутиб, силаб ўтирардилар. “Оллоҳ буюк, умидингни йўқотма, болам. Ёмонини олса, яхшисини беради. Бермади деб нолимагин, энг тузугини беради. Синайди-да, болам, шукрни канда қилма. Кўрмаяпман деб нолимагин. Соғлар кўриб нима бўлди-ю, бу ўткинчи дунёда. Бунинг ҳикматини билганларида эди ҳамма соғлар кўрликни танлаб ёлворган бўларди”, - деганди. Умид одамзоднинг қулоғи остида бўларкан ва ҳар таҳорат олганда бош бармоқлар ўша умид манзилини силаб, поклаб, имонга чорлаб тураркан. Кейин сўнгги нафас билан бирга баданни тарк этар экан. Одамзод охирги нафасигача умид қилиши шундан экан. Қисқаси, умид тугаган жойда ҳаёт ҳам тугар экан.
- Онангиздан кейин ким билан қолдингиз?
- Отам ҳам онамдан кейин кўп турмадилар. Акамнинг қарамоғида қолдим. Уйимизнинг ёнида мактаб бор ўша ерда кутубхоначи бўлиб ишлайман. Берсанг ейман, урсанг ўламан деб ўтириш бизга ёқмайди. Биз кўзи ожизлар соғлар каби жуда кўп соҳаларда бемалол ишлай оламиз. Бизга қўлидан бир иш келмайдиган нотавонлардек муомала қилишганларида хафа бўламиз. Яна, ошхонага кирганимизда, биздан эмас шеригимиздан “нима берай экан, сўранг-чи” дейишлари ёқмайди...
- Кўзи ожизлардан ранглар ҳақида сўрашса улар ранжишадими?
- Бошқаларни билмадим. Лекин ҳар ниманинг ўз номини айтган маъқул. Бизни соғлар авайлашга уринишади, “кўриш қобилиятини йўқотган”, “кўзи ожиз”, “кўришда нуқсони бор”, “имконияти чекланган” ва ҳоказо номлар билан сийлашади. Бунга керак йўқ, аслида. Кўрни кўр, карни кар, соқовни соқов дейиш керак. Бизни, тўғрироғи, мени бундай жимжима номлар билан ўзларидан ажратгандан кўра ўзларидек билиб муомала қилгани ёқади. Чунки мен кўрман, уни минг турга солиб айтсангиз ҳам натижа ўзгармайди. Мен буни қабулланиб бўлганман. Бўлмаса сиз билан бу тарзда суҳбатлашиб ўтирмаган бўлардим. Мен рангларнинг кўпини унутганман. Хаёлимда жонлантиришга уринамайман ҳам. Бу нарса соғлар учун керак. Мен яшайдиган дунёда оқ ва қорадан ўзга ранг йўқ. Оқ деганим ҳам, аслида қоранинг ранги. Биз рангларни эмас жисмларнинг шаклларини ажратиш пайида бўламиз. “Нимага ўхшайди?” Бу бизнинг ҳаётий аҳамиятга эга саволимиз. Алишер Навоийнинг ёки Мавлоно Румийнинг кўрлар ва фил ҳақидаги ҳикоясини биласиз. Бизни билишни истаганга шу ҳикоя етарли, деб ўйлайман.
“Нақл қилишларича, бир гуруҳ кўрлар тўдаси бир сабаб билан: мусофирлик ёки асирлик туфайли Ҳиндистонга бориб қолишибди. Сўнгра фалакнинг гардиши билан улар яна ўз юртига қайтиб келишибди. Бу ерда улардан бир киши: “Филни кўрдиларингизми?” - деб сўрабди. Улар “Ҳа”, - деб жавоб берибдилар. “Кўрган бўлсангиз, далил келтиринг”, - дебди бояги киши. Улар аслида филни кўрмаган, у ҳақда ҳатто яхши сўраб ҳам олмаган эканлар. Ҳар бири филнинг бир аъзосини пайпаслаб, ундан билим ҳосил қилиб олган экан. Шу сабабли филнинг қўлларини ушлаган киши фил устунга ўхшар экан, деса, қорнини пайпаслаган, йўқ, у бесутун, дермиш. Хартумини ушлаган басир, фил аждаҳога ўхшаш бир нарса экан, деса, тишларини баён қилувчи ожиз киши эса, фил иккита суякдан иборат, дермиш. Қуйруғидан хабар берган киши филни осилиб турган илонга қиёс этибди. Қўли билан Филнинг бошини пайпаслаган киши уни бир қоянинг тумшуғи деб шарҳ қилганмиш. Филнинг қулоғига қўл тегизган киши уни қимирлаб тургувчи икки елпуғич деб тасвирлабди.
Филбон улар айтган сўзларни тинглаб бўлгач, шундай дебди: - Ҳар бир киши фил ҳақида ўзи билганини айтиб, у ҳақда нишон берди. Улар бир-бирларига зид фикрларни айтган бўлсалар-да, узрлидир. Чунки уларнинг ҳар бири ўз билганича сўз айтди, аммо улардан ҳеч бири филни кўрган эмас эди. Лекин улар айтган бу сифатларнинг барчаси бир ерга жам қилинса, улардан фил ҳақида муайян тасаввур ҳосил бўлади.
Узоқни кўрувчи кишига бу аниқ бўлгани учун у ҳеч бир иккиланмасдан кўрлар айтган барча сўзларни чин деб баҳолади.”
- Сиз кутган қизиқ, ҳаммани ҳайратга соладиган ҳикоялар мендан чиқмайди. Сиз Умар билан гаплашиб кўринг. У туғма кўр. Фақат Умар қишлоғига кетган, таътилда.
- Мен мақолани келаси сонга тайёрлашим керак. Кутолмайман. Майли, Умар билан кейинроқ яна бир суҳбат уюштирсак бўлади.
- Умар, бошқалардан фарқли эканлигини 4-5 ёшларида англаган экан. Кўчада ҳам уйда ҳам ҳамма унга “Эҳтиёт бўл, Умар”, “Йиқиласан, Умар”, “Туртинасан, Умар” дермиш. Умар отасидан сўрабди: “Нима учун онамга, акамга эмас, фақат менга шундай дейсиз?” Отаси: “Чунки улар кўришади, сен кўрмайсан...” Отаси уйни, чироқни, ҳовлини, кунни, тунни, қуёшу ойни, ҳамма-ҳаммасини эринмай унга ўргатибди. Умар бир куни отасидан капалак қандай бўлишини сўрабди. Отаси китобдаги капалак расмини кесиб қўлига тутқазибди. Умар бармоқларини кўз ўрнида ишлатиш мумкинлигини ўша пайт тушуниб етибди. У ҳозир жуда кўп чолғуларни чала олади. Кўзи ожизларнинг муаммолари ҳақида мақолалар ёзади. Китоби ҳам чиққан. Аммо унга қийин. Хотираларида ҳеч қандай ранг йўқ. Нарса-буюмлардан фақат ушлаб кўрганинигина тасаввур қилади, холос...
Пардахол ўрнидан турди. “Шодиёр, сизни бекорга овора қилдим-а. Айтдим-ку, мендан мақолабоп гап чиқмайди деб. Майли, мен борақолай энди. Эртага қишлоққа қайтаман...”
У хайр-хўшни қисқа қилиб ётоқхонага кириб кетди. Пардахолга беришни режалаштирган саволларимнинг ярмидан кўпи қолиб кетди. Лекин унинг ҳаётга муҳаббати, ўзига ишончи кўзи очиқлардан кўра кучли эканлиги мени ҳайратга солди. Уйга қайтар эканман, капалак кўз олдимдан кетмади. Эҳтимол капалак ҳам мажоздир. Нафақат капалак, балки кўрликнинг, ҳатто тирикликнинг ўзи ҳам энг буюк мажоз бўлса, ажаб эмас!
Маъруфжон Йўлдошев