25.12.2022

 

 

     

ЖАНГГОҲ АРО

Қадим монийларнинг тасаввурида инсон эзгулик ва ёвузликнинг  жанг майдони ҳисобланар экан. Бу майдон дўст ва душманнинг, оқ билан қоранинг, росту ёлғоннинг, ёруғлигу зулматнинг, жисм ила жону, бор ила йўқнинг ҳам жанггоҳидир. Тасаввур қилинг, атрофингиз тўла инсон ва ҳар бири бошдан оёқ шу икки қутбдан бирига маскан. У масканларнинг қай бирида эзгулик ғолиб, қай бирларида ёвузлик ғалаба нашидасини сурган. Қай бирларида ростнинг овозини ёлғон бўғиб ётибди. Қай бир маконда душман дўстнинг терисида жавлон урган. Бошқасида эса қоралар оқман дея иддао қилган. Қай бир манзилларда ёвузлик зулмат қўшинига қарши тонгни чорлаётир, жон эса жисмнинг озоридан фарёду фиғонда... Бор ила йўқ эса бир "оҳ" ила "уҳ"ни кутаётир...

                                                                                                   М.Йўлдошев
                                                                                                                                             

5.12.2022

BIRINCHI QOR

 

БИРИНЧИ ҚОР

оппоқ қор ёғар

қор ёғар оппоқ

оппоқ меҳр ёғар

сеҳр ёғар оппоқ

самодан

дилдираган туннинг бағрига

 

кимдир исён қилар койиниб

излар изиллайди босилиб

дарахтларда қолган

такаббур барглар

англармиди

қорнинг рақсини

 

сузилиб ёғади оппоқ қор

оппоқ қор нозланиб ёғади

оламга хаёлдек мунаввар

мунаввар соғинчлар ёғади

 

кимдир жилмаяди суюниб

қор хат ёзиб севинар кимдир

лойда араваси ботган йўловчи

англармиди

бола кўзидаги

ҳайратни

 

эриниб ёғади оппоқ қор

шаҳарнинг беадоқ шовқинларига

ачиниб ёғади оппоқ қор

қишлоқнинг аёвсиз ташвишларига

 

деразадан боқар хавотир

мушукларни излар нигоҳлар

кўнгли самоларга ёпиқлар

англармиди

қор бу – илтижо

ердан само сари юксалган

 

бетиним ёғади оппоқ қор

лайлак қор ёғади бетиним

осмонни тўлдирган қор эмас 

лайлаклар жаннатдан қувилган

 

деразадан боқар беташвиш

ерга тушган қорни чамалар

ғирчиллама этиги борлар

англармиди

қор бу – ҳайқириқ

еру осмон аро

оввора...

 

оппоқ қор ёғар

самодан

дилдираган туннинг бағрига

 

Маъруфжон Йўлдошев

04.12.2022