31.03.2023

 

УВАЙС ҚОРОНИЙ

Рамазон туҳфаси

Яман диёрининг Қорон қишлоғига саҳобалар ташриф буюргандан сўнг катта-кичик қабила ва сулолалар ислом динига ўта бошладилар. Шу қишлоқдаги Амир Қороний исмли мўътабар зот ҳам ўғли Увайс ва кўзи ожиз аёли билан бирга ҳеч иккиланиб ўтирмай мусулмон бўлди. Увайс эндигина тўрт ёшга кирган пайтида отаси вафот этди. Шу кундан бошлаб Увайс онасининг кўрар кўзига айланган эди.

Увайс онасининг соясидан узоққа кетмасдан улғайди. У кўчада бошқа болалар каби қум чангитиб ўйнаш, оталари билан бирга масжидларга бориш, байрамларда оппоқ кийимлар кийишу совғалар олиш нималигини билмасдан катта бўлди.

Аҳоли туяларини адирда боқиб келадиган чўпонга чўлиқ бўлиб ҳунар ўрганди. Ҳар гал чўпон унга саҳобалардан эшитганларини гапириб берганида қалбида ислом ва  унинг пайғамбарига муҳаббати кучайиб борар эди. Уйига қайтиб эшитганларини онасига оқизмай-томизмай айтиб берарди. У Аллоҳнинг хабиби пайғамбар алайҳиссаломнинг нурли чеҳрасини кўриш орзуси билан яшай бошлади. Бир куни онасига деди:

- Онажон, мен ўнгимда ҳам тушимда ҳам Аллоҳнинг расулини кўрар бўлдим. Ҳар гал уни тушимда кўрганимда юзидан таралаётган нурдан кўзим қамашади. Қўлимни соя қилиб юзини кўришга интиламану барибир кўра олмайман. Ҳаётда ҳам шундаймикин-а?

- Пайғамбар алайҳиссаломни тушда кўриш кўп саодатлидир, ўғлим. Аллоҳ қалбингга шундай улуғ мартабани солибди, минг тасаддуқ. Кўпроқ ибодат қил, дуо қил. Унинг дийдорини кўрсат, дея муножот қил, - деди.

Увайс онасининг айтганига зарра оғишмай амал қилар, тунларни ибодат, кунларни риёзат билан ўтказар эди. Ибодатларида “Аллоҳим, кўзимни бедор, қалбимни уйғоқ қил, махмур кўздан, тўймас нафсдан паноҳ сўрайман” – дея нола қиларди.

Кунларнинг бирида онасидан:

- Онажон, ўлим нима ўзи? Нега одамлар ўлади? Ҳатто пайғамбарлар ҳам ўлишади? Аллоҳ уларни яшатса бўлмайдими?” - деб сўради. Онаси бу савол қаршисида ўйга толди. Ўғлининг соғлигидан хавотир олиб сўради:

- Тани-жонинг соғми, болажоним? Нега буларни сўраяпсан? Тунлари ухламай муножот қилиб чиқяпсан. Кеча тунда уйғониб қулоқ солсам, йиғлаб ёлвораётган экансан. Дардинг бўлса, айт, мени қўрқитма, болажоним. Сен дунёга келар чоғинг юзингни бир кўрдиму кейин кўз олдим қоронғилашди. Шу кўйи зулмат қудуғи ичидаман. Юзингни тасаввур қилишга уринсам, сенинг юзингни ҳам қандайдир нур тўсиб кўрсатмайди. Кейин отангнинг юзи намоён бўлади. Оппоқ нурли кўшкда подшоҳлар мисоли киройи кийимларда ўтирган бўлади. Қачон келасан дея кулимсираб турган бўлади. Ўлим деганинг гўзал бўлса керак-да, кетганларнинг биронтаси келай демайди-ку, болажоним. Ҳатто капалакни кўрмайсанми, ўлди деганингда пилласини ёриб янгидан ҳаёт бошлайди. Одам боласиям, дунёга келганида оппоқ йўргакларга ўралади. Кейин сўнгги манзилига ҳам оқлар ичида кузатиб қўйилади. Ўзи бутунлай янги ҳаёт оқлар билан бошланади доим. Келинларнинг ҳам аёллик оламига оппоқ либосларда кириб келиши шундан бўлса керак-да...”

- Онажон, отамни соғинасизми? –деди Увайс онасининг қўлларини кафти орасига олиб. 

- Оҳ, болам-а, отангни соғинмаган, қидирмаган, кутмаган бирор куним, бирор оним борми, дейсан. Жуда марҳаматли эди, Аллоҳ ярлақагур. Сен ҳам отангнинг ўзгинаси бўлдинг. Насиб қилса, муносиб келин топиб уйлаб қўйсам, кейин отанг ёнига кетсам ҳам ғам емайман.

- Онажон, биласизми, менинг бутун хаёлим, ақлим, шуурим, ўнгу тушим Аллоҳнинг пайғамбарини кўришдан иборат. Уни ҳаётлигида бир бор кўрмасам, яшашдан мақсадим қолмаса керак, деб ўйлаб қоламан. Агар изн берсангиз, Мадинага бориб, зиёрат қилиб келсам...

- Ўғлим, Аллоҳнинг расулига муҳаббатингни биламан, илоҳо, унинг нурли юзини кўриш насиб қилган бўлсин. Аммо мени бу ҳолда ташлаб кетсанг, расули акрамнинг юзига қандай қарайсан? Кўр онангни қандай қилиб ёлғиз ташлаб келдинг, демайдими?

- Ҳа, онажон, мен ҳам шундан хаё қиламан. Агар ижозатингиз бўлса, қўшнилардан илтимос қиламан. Ҳолингиздан хабар олиб туради. Мен бораману изимга қайтаман. Егуликни ҳам ғамлаб кетаман. Бормасам, ичимдаги оташ мени ақлдан оздиради, волидам. Бир бор юзини кўрсам, бўлгани...

- Шунчалик чоғланибсан, менинг қол дейишимга зарурат йўқ. Қалбингда вулқондек отилишга ҳозир муҳаббатингни биламан, ўғлим. Отанг исмингни бежиз Увайс қўймаган экан. Мен кўролмаганим учун “кўрмай туриб ошиқ бўлдинг” дея Увайс исмини қўйганди. Билсамки, исмингнинг маъноси тақдирингга айланибди. Ҳаммасини ўйлаб бўлибсан, ўғлим. Майли, нима дердим, дуо қиламан, тез бориб пайғамбар алайҳиссаломни кўргину ортингга қайт. Ҳатто уйида тополмасанг, кутиб ўтираман деб юрмаган, жадаллаб ортингга қайт.

- Хўп, онажон, бораману қайтаман, мана кўрасиз, айтганингиздан шу кунга қадар чиқмаганим каби бу сафар ҳам ваъдамга вафо қиламан.

- Ё раббим, менинг кўзим, қулоғим, қўлу оёғим шу биргина ўғлим. Унинг расулингга бўлган эҳтироми ўзингга аён. Ўғлимнинг муроди ҳосил бўлса, хабибинг қувонади,  хабибинг қувончини кўрса, ўғлим бахтиёр бўлади. Фарзанди меҳрибоним ўзингга омонат. Шу ожиз қулингнинг машаққатини осон айла, ой бориб омон қайтсин. Ўзинг қўллаб тур, ё поки парвардигорим, - дея дуо қилди онаси.

Қирқ ёшларни қоралаган бўлишига қарамай, онасидан рухсат бўлганига болалардек севинган Увайс муқаддас шаҳар Мадина сари йўлга чиқди. Аввал карвон ортидан эргашди. Назарида бу тарзда кетса, манзилига бир ҳафтасиз ета олмайди. Карвоннинг Санъо шаҳри орқали кетишини ўргангач эса ёлғиз кетишга қарор қилди. Қорон билан Мадина ораси минг чақиримдан зиёд эди. Тоғли йўл хавфли, бироқ яқин эди. Вахший ҳайвонлар бурдалаб ташлаши мумкин эди. Увайснинг эса буларни ўйлашга вақти ҳам, истаги ҳам йўқ эди. Таваккал қилиб, тоғ томон йўл олди. Йўлда намозларини адо қилиш учунгина тўхтади. Кун чошгоҳ бўлганида поёнсиз чўлдан ўтиб, хурмозор файзиёб водийга, муборак юрт Мадинаи мунавварага етиб борди. Дари саодатни таърифсиз ҳаяжон ва хушуъ ила тақиллатди. Эшик ортидан Ойиша розиаллоҳу анҳу расулуллоҳнинг уйда йўқлигини, Тобук ғазотида эканлигини айтди. Сарвари оламни кўролмагани учун қаттиқ хафа бўлган Увайс тўрт юз чақирим масофадаги Тобук томон боришни ўйлади. Бироқ онасига берган ваъдаси ёдига тушиб хомуш тортди. Ойиша розиаллоҳу анҳуга

- Сарвари оламга саломимни етказиб қўйинг. Уларнинг жаннат тонгларини эслатувчи муборак чеҳраларини кўришни истаб, Яман диёридан келдим. Илтимос, Аллоҳнинг хабибига бўлган муҳаббатим ва самимиятимни айтиб қўйинг, мен уларни кўришни жуда хоҳлагандим. Ҳар куни тушимда кўраман, ўзлари чорлаган эдилар. Онам ҳам уларнинг ҳақларига кўп дуо қиладилар. Кўзлари ожиз бўлгани учун кела олмадилар. Бўлмаса, мен билан келган бўлардилар. Мен энди қайтмасам бўлмайди. Онам ёлғиз ва уларга тез қайтаман деб сўз бергандим. Аллоҳнинг элчисини кўра олмадим аммо жаннат бўйли уйларини кўрдим-ку, минг шукр. Шу эшикда муборак қўлларининг изларини, остонада оёқларининг изларини кўргандек бўлдим. У ўтган йўллардан беҳишт боғларининг ифори келади-я... – деди Увайс ва хонадон остонасини ўпиб кўзларига суртди, сўнгра хайрлашиб Яман сари йўлга чиқди.

***

Пайғамбар алайҳиссалом йигирма кун давом этган Тобук ғазотидан қайтиб, завжаларига шундай хитоб қилибдилар:

- Эй Ойиша, уйимизга қайси буюк зот келди? Бу Раҳмоний ифор, бу Илоҳий мушк соҳиби ким экан?

- Ё Расулуллоҳ, Яман диёрининг Қорон қишлоғидан Увайс исмли бир чўпон сизни сўраб келди. Дийдорингизга муштоқ, ўта ҳассос қалб эгаси экан.  Тушларида сизни кўриб суҳбати аржумандингизга ноил бўлган экан. Ҳатто уни Мадинаи мунавварага ўзингиз таклиф қилган экансиз. Сизни учрата олмагач, қаттиқ афсусланди. Йиғламоқдан бери эди бечора. У келиб кетгандан бери шу ифор атрофни қоплади. Қўшнилар ҳам бу ажабтовур ифордан маст эканликларини айтишмоқда.

- Эй Ойиша, сен уни кўрдингми? - сўради Расулуллоҳ.

- Кўрдим, ё Расулуллоҳ. Мен уни кўзимнинг бир учи билангина кўрдим. Кўзи ожиз онаси ҳам бор экан. Унга сўз бергани учун тез ортига қайтишга мажбур эканлигини айтиб, сизга бўлган муҳаббатини етказиб қўйишимни тайинлаб, яна Яманга қайтиб кетди, -деди каломи кибор.

Расулуллоҳ шундан сўнг Масжиди набавийга чиқиб, саҳобаларига нидо қилдилар:

- Сизларга бир хуш хабар айтайин, мен бугун Увайсни кўрган кўзларни зиёрат қилдим, сиз ҳам кўзимга қараб олинг.

 Ва дедилар:

- Жаннат боғларининг ҳиди Яман элидан келди. Шубҳасизки, эҳсон ва эзгуликда тобеиннинг энг яхшиси Увайс Қоронийдир.

Пайғамбар алайҳиссалом муборак юзларини Яман томонга буриб:

- Яман диёридан марҳамат шаббодаси эсаётганини сезяпман, - дедилар. -Қиёматда Аллоҳ таоло Увайс қиёфасида етмиш минг фаришта яратади ва Увайсни уларнинг орасида Аросатга олиб боради. Жаннатга боради ва Аллоҳ таолонинг истаганидан бошқа зот уларнинг қайси бири Увайс эканлигини била олишмайди, –дедилар.

Расулуллоҳ хаста бўлиб ётганларида ҳазрати Умар, ҳазрати Али ва  Ойиша розиаллоҳу анҳуга шундай васият қилдилар:

- Мендан кейин, устимдаги ҳирқамни Увайсга беринглар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бироз тин олиб таъкидладилар: - Менинг умматим орасида бир киши борки, у рўзи маҳшарда робиъа ва мудор қабилалари қўйларининг туклари қадар гуноҳкорга шафоатчи бўлади.

Робиъа ва мудор қабилаларининг беадад қўйлари борлигини яхши тасаввур қиладиган асҳоби киром:

- Ё расулуллоҳ, у бахтиёр зот ким экан? - дедилар.

Расулуллоҳ:

- Аллоҳнинг қулларидан бири, - дея марҳамат қилдилар.

- Биз ҳаммамиз Аллоҳнинг қулларимиз, исми недир, ё набийаллоҳ? - дедилар.

Расулуллоҳ:

 - Увайс,- дея жавоб бердилар.

Асҳоби киром:

- Қаердандир? - дея сўрадилар.

Расулуллоҳ:

- Қорондандир, - дедилар.

Асҳоби киром:

- У сизни кўрганмидир?

Расулуллоҳ:

- Дунё кўзи ила кўрмади.

Асҳоби киром:

- Ажаб, сизга бунчалик муҳаббати бўлгани ҳолда хизмат ва ҳузурингизга югириб келмагани қизиқ, дея ҳайратландилар.

Расулуллоҳ:

- Бунинг икки сабаби бор: Биринчиси, шароити сабаб, иккинчиси эса, садоқати туфайли. Имонли кекса онаси бор. Кўзлари кўрмайди, қўл-оёғи ишламайди. Увайс кундузлари чўпонлик қилиб туя боқади. Топган ақчаси ўзи ва онасига сарфлашга ҳам базўр етади.

- Биз ҳам уни кўрамизми?

Расулуллоҳ бу савол эгаси Абу Бакрга қараб:

 - Сен уни бу замонда кўра олмайсан, -дедилар.

Муборак юзларини ҳазрати Али ва ҳазрати Умарга буриб:

- Сизлар уни кўрасизлар. Бадани сертук, чап биқинида ва кафтида бир кумуш танга қадар оқи бор. Бу пес касаллиги эмас. Уни кўрганда менинг саломимни етказинг ва умматим ҳақига дуо қилишини сўранг, -дея марҳамат қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмасдан Қоронга қайтган Увайс яна чўпонлик ила машғул бўлди. Қорон халқи унга девонадек муомала қиларди. У эса ҳеч ким билан иши йўқ, ўз хаёллари оғушида ибодатдан сармаст бўлиб кун кечирарди. Қалбидаги Аллоҳ ва унинг хабибига бўлган севгиси бетиним ортиб борар эди.

***

Пайғамбар алайҳиссалом бетоб бўлиб ётиб қолдилар. Саҳобаи киром:

- Ё набийаллоҳ ҳирқаи шарифингизни кимга берайлик? - дедилар.

Расулуллоҳ:

- Увайс Қоронийга, - дея марҳамат қилдилар.

Бу  орада пайғамбар алайҳиссалом вафот этди ва унинг васиятига кўра ҳазрати Али ҳазрати Умар билан бирга ҳирқаи шарифни Увайсга топшириш учун йўлга чиқишди. Куфа шаҳрига келганларида бир масжидга тўхтаб намоз қилди. Умар розиаллоҳу анҳу хутба асносида:

 - Эй наждликлар, ўрнингиздан туринг, – деди.

Наждликлар ўринларидан турдилар.

- Ичингизда Қорон қишлоғидан бирор киши борми? - сўради ҳазрати Умар.

Жамоат ичидан “Ҳа” деган овоз эшитилди ва бир неча киши олдинга чиқди. Ҳазрати Умар уларга разм солиб чиққач, Увайс ҳақида сўради.

- Ҳа, биламиз, аммо у сиз қидираётган зот бўлмаса керак. Ўзи девона дарбадар одам. Ҳеч кимга қўшилмайди,  одамови.

- Ҳа, айнан, ўша зот керак бизга. Уни қаердан топишимиз мумкин?

- Арно водийсида туяларимизни ўтлатиб юрибди. Оқшом туяларни қайтариб олиб келганида унга егулик берамиз. Соч-соқоли ўсган, шаҳарга қадам босмайди. Ҳеч ким билан суҳбатлашмайди ҳам. Одамлар еган нарсани емайди, қайғу нима, хурсандчилик нима фарқига ҳам бормайди. Инсонлар кулса у йиғлайди, одамлар йиғлаганда эса у кулади, хуллас Аллоҳнинг девонаси.

Ҳазрати Умар:

- Худди ўзи, биз уни топишимиз керак, -деди. Ва наждликлар кўрсатган манзил сари Ҳазрати Али билан йўлга тушди.

***

Бепоён қумистон ўз бағрида саодатли икки отлиқнинг елдек учиб бораётганидан сармаст эди. Аҳён-аҳёнда кўриниб қоладиган кўрсичқон, калтакесак, чўл бургутлари неки жонзот бўлса, барчаси суворийлар ортидан қараб қолишди. Хабибуллоҳнинг ҳирқаи шарифларини олиб кетаётган отлиқлар ўтган йўлдан беҳишт боғларининг ифори атрофга ёйилар эди.   

Ниҳоят айтилган манзилга етиб бордилар. Увайс намоз ўқиётган эди. Атрофни ипакдек майин бир нур қоплаган эди. Туялар гўё сарбон етовида юргандек  атрофда ўзлари ўтлаб юрарди. Саодатли суворийлар гўё бахмал водийларда боқилгандек дуркун ва тўқ туяларга қараб кутиб ўтирдилар. Увайс тасбеҳ ўгириб бўлгач муножотга қўл очди. Атрофдаги туялар ҳам яқинлашиб чўк тушди, жазирама чўл қуёшини марҳамат булутлари тўсди. Атрофда неки дов-дарахт бўлса, ҳаммаси мусаллам бўлди. Увайс кўзда шашқатор ёш ила нола қила бошлади:

Илоҳо, Раббим сенсан! Мен бир ожиз қулингман, нафсимни тарбия қилишдан-да ночор бандангман. Ўзинг ислоҳ этмасанг, ҳолим паришондир, мени нафсим ихтиёрига ёлғиз ташлаб қўйма!

Илоҳо, сен Холиқсан! Мен Яратгувчининг меҳру маҳоратига тобе бечора махлуқман. Йўқдан бор қилмоқ, ҳар нени меъёру мунтазамликда бунёд қилмоқ, яратмоқ ўзинггагина хосдир, Эгам!

Илоҳо, сен Мусаввирсан! Оламда нимаики бўлса, барчасининг ижодкори ўзинг. Сенинг ижодингда зарра нуқсон йўқ, барчаси беқусур бенуқсон. Журму-хатоларим эса саркашлигим, бебошлигим ҳосиласидир. Ўзинг афв айла, Аллоҳим!

Бақо диёрининг бонийси ҳам ўзинг, Ҳаййи боқий ҳам сенсан, парвардигор. Мен бир ўткинчи, фоний бир жонман. Оламдаги ҳар не муваққат, биргина ўзинг собиту мукаррамсан. Менинг заволимда сенинг сўнгсизлигинг намоён. Бу дунёга тақдир етовида келиб яна кетгувчи қулларингни ўзингга даҳлдор айла, Аллоҳим.

Увайс намоз ва салавотларини тугатиб икки ёнига салом бериб, ўрнидан турди. Тасбеҳ доналаридек мунтазам муножот таъсиридан базўр ўзига келган ҳазрати Умар ҳам ўрнидан туриб унга яқинлашди ва саломлашди.

- Исминг недир? - деди ҳазрати Умар.

- Абдуллоҳ, яъни Аллоҳнинг қули, – деди Увайс.

- Ҳаммамиз Аллоҳнинг қулларимиз, ўз исминг недир?

- Увайс!

- Ўнг кафтингни кўрсат-чи!

Увайс хижолат тортиб секингина кафтини очди. Ҳазрати Умар:

- Аллоҳнинг расули сенга салом йўллади. Мана бу муборак ҳирқаларини бериб “Кийсин ва умматимга дуо қилсин” дея васият қилдилар, - деди.

Увайснинг кўзлари ёшга тўлди. Ўзини тутиб туролмай ҳўнграб юборди. Унинг йиғисига саҳобаи киром ҳам қўшилди.  

- Ё Умар, мен нотавон, ожиз ва гуноҳкор бир қул бўлсам. Марҳамат қилиб, ўйлаб кўринг, бу омонат бошқасига бўлмасин тағин...

Ҳазрати Умар ҳўнг-ҳўнг йиғлаётган расулуллоҳ ошиғини юпатиб:

- Йўқ, эй Увайс, биз қидирган зот сенсан. Расулуллоҳ айнан сени  таъриф этган эдилар, - деди.

Шундан сўнг, Увайс ҳирқаи шарифни қўлларига олиб ҳидлади, юз-кўзларига сурди. Кейин “Сизлар шу ерда кутиб туринг” дея уларнинг ёнидан узоқлашди. Нарироқ бориб ҳирқаи шарифни тош устига қўйиб, ўзи қиблага юз буриб сажда қилди, гуноҳкорлар учун мағфират тилади, сўнг деди:

- Раббим, сарвари олам, фахри коинот хабибинг мен фақир ва ожиз қулингга ҳазрати Умар ва ҳазрати Алидан ҳирқаи шарифларини йўллабди. Саодат мулкининг султони уммати Муҳаммадий учун дуо қилишимни сўрабди. Менингдек бир ғарибондан сўрабди. Расули акрам тоғ бўлса, мен чумолининг оёғича ҳам эмасман-ку, Аллоҳнинг элчиси уммон бўлса, мен уммон тубидаги қумнинг бир зарраси ҳам эмасман-ку... Эй, оламлар соҳиби, гуноҳкор банданг ҳузурингга ёлвориб келди, қабул айла. Эй, марҳаматлиларнинг энг марҳаматлиси,  умидвор қулингни ноумид қилма, зикрингла сарафроз дилини қаҳрингла дилсўз этма!

Увайс кўзда ёши қуриб, ўзига келгач, ҳирқаи шарифни авайлаб очиб, ҳидлаб-ҳидлаб кийди.

Ўша куни дунёнинг энг бахтиёр қули уйига пайғамбар хирқасида қайтди. Бу хабарга ишонган ҳам, ишонмаган ҳам Увайс Қороний ҳужрасига оқиб кела бошлади. Шундай қилиб, Увайс бин Амир Қорон қишлоғининг энг мўътабар кишисига айланади. Халқ йиллар бўйи Увайснинг устидан кулганига пушаймон бўлди. Уни зиёрат қилиш учун келадиганлар сони кундан-кун ортаверади. Увайсни халқ Вайсал Қороний дея ҳурмат иззат қила бошлади. Бундай эътироф ва иззат-икромдан беҳузур бўлган Увайс онаси вафот этганлиги ва уни бу қишлоққа боғлаб турган ҳеч ким қолмаганлиги сабаб қишлоқни тарк этишга қарор қилади. У Куфа чўлларида кимсасиз водийларда, табиат қўйнида ва узлатда Аллоҳга илтижо қилиб яшай бошлади. Куфада ҳам ҳамма уни қидирар, дуо қилишини тилаб ортидан эргашарди. Шу боис у Куфада ҳам сирга айланган эди.

***

Куфа жомеъ масжиди. Обидлар мажлисида кимдир у ҳақда сўз очди. Кўпдан бери кўринмай қолганига хавотир олишган эди. Ҳарим бин Ҳайён исмли мўътабар зоҳид уни кўрганлиги ҳақида аҳли мажлисга гапириб берди:

- Мен унинг Куфада эканлигини билиб кўп қидирдим, аммо сира учрата олмадим. Бир куни Фирот дарёси ёқалаб кетаётсам, қоқсуяк бир қария таҳорат олаётган экан. У ҳақида кўп эшитганим учун таҳминлаб яқинлашдим. Салом бердим, алик олди. Қўл узатиб файз олмоқ истагандим, у хоҳламади. Аллоҳ сенга марҳамат қилсин, сени афв этсин, эй Увайс. Ҳолинг нечук? - дедим. Уни кўриб турганимга ўзим ҳам ишонмас эдим. Бу ҳолда кўраман деб ўйламагандим. Ичимдан бир нола вулқондек отилиб чиқди. Ҳўнгур-ҳўнгур йиғладим, унга қаттиқ ачингандим. Чунки озиб чўпдек бўлиб қолган эди. У ҳам чидаб тура олмади чоғи йиғлаб юборди ва деди:

- Аллоҳ умрингни хайрли-баракотли қилсин, эй Ҳарим бин Ҳайён. Ўзинг тузукмисан, иним? Мени қандай топдинг?

Мен эса:

- Исмимни ва отамнинг исмини қаёқдан билдинг, эй Аллоҳнинг суюкли қули? - дедим.

- Ҳар нени билгувчи ва ҳар недан хабар бергувчи аён қилди. Руҳим сенинг руҳингни таниди. Чунки мўъминларнинг руҳлари бир-бирларини танийди, кўрмасалар ҳам... - деди.

- Расулуллоҳ ҳақида сўзлаб бер менга, - дедим.

- Мен уни кўрмадим. У ҳақда бошқалардан эшитганман. Ҳадис айтиш одатим йўқ, муҳаддислар, муфтилар ва музаккирлар бу ишнинг усталаридир. Уларнинг ишига аралашишни истамайман. Менинг машғулиятим бошқа, - деди.

- Менга бир оят ўқиб бер, сендан эшитай, - дедим. У қўлимни тутиб дуо қилди. Кейин Аллоҳ таоло бир оятда “Жинларни ва инсонларни мени танисинлар, ибодат қилсинлар  дея яратдим”, бошқа бир оятда “Кўкни, ерни ва иккови орасидагиларни ўйин бўлсин дея яратмадим” дея марҳамат қилдилар. “Иннаҳу ҳувал азизур-раҳмим”га қадар ўқиди. Сўнг шундай бир ҳайқирдиларки, ақлдан оздими деб ўйладим. У ўзига келиб:

- Эй Ҳайённинг ўғли, сен бу ерга нега келдинг? - деди.

- Сени танимоқ, суҳбатлашмоқ орзусида келгандим...

- Аллоҳ таолони таниган инсонга бандаси на даркор? Мен шуни англай олмайман... - деди Увайс.

- Менга насиҳат қил, васият қил! – дедим.

- Ёстиққа бош қўйганингда ўлимни ёстиқ остида деб бил. Уйғонганингда қаршингда турганини ҳис қил. Гуноҳларингнинг кичиклигини эмас, у билан осий бўлмоқнинг маҳобатини идрок эт. Гуноҳингни кичик деб ўйлаш билан ундан манъ этган Раббингни кичрайтирган бўласан. Журминг зарра қадар бўлса ҳам уни катта гуноҳ деб қабул қилсанг, Раббингни акбар деб ҳурмат бажо келтирган бўласан, - дея насиҳат қилди Увайс.

- Қаерда яшасам хайрлироқ бўлур? - дея сўрадим.

- Шомда, - дея тавсия қилди.

- У ерда ҳаёт қандай?

- Минг афсус, қалбинг шубҳа ила тўлиб тошибди, унда насиҳатга жой қолмабди-ку! - деди.

-Яна насиҳат қил, ўтинаман, - дедим.

- Эй Ҳайённинг ўғли, отанг ўлди, Одам алайҳиссалом ўлди, Довуд алайҳиссалом, Муҳаммад расулуллоҳ ўлди. Ҳалифаси ҳазрати Абу Бакр ўлди, ҳазрати Умар ҳам ўлди. Оҳҳ Умар!.. Оҳҳ Умар... - деди кўзига ёш олиб.

- Аллоҳ раҳмат қилсин, аммо Ҳазрати Умар ҳаёт-ку, - дедим.

- Аллоҳ таоло унинг ўлганини менга аён қилди. Биз ҳам ўткинчимиз, навбат бизга ҳам келади, - деди ва қўшиб қўйди: - Аллоҳнинг китобидан ва унда кўрсатилган сироти мустақиймдан оғишма ва ўлимни унутма, - деди.

- Яна нималар деди эй Ҳайён? - деди ўтирганлардан бири.

Яна:

- Қавминг, қариндошларинг ҳузурига бор, Аллоҳнинг бандаларига насиҳат қилишдан тўхтама. Аҳли суннатдан айрилма, - деди ва яна анча дуо қилди. Кейин - Эй Ҳарим бин Ҳайён энди бор бошқа менга кўринма, мен ҳам сени кўрмайин. Мени дуо билан эсла, мен ҳам сени дуоларда эслаб тураман. Сен бу томондан кет, мен эса бу ёнга кетаман, - деди. Унга эргашмоқчи бўлгандим рухсат бермади. Кетар чоғи кўзлари ёшга тўлганини кўрдим. Мен ҳам йиғладим. Орқасидан то кўздан ғойиб бўлгунча қараб қолдим. Шундан буён дарагини эшитмадим.

Аҳли мажлисдан бири:

- Мен уни Маккада ҳаж замони кўргандим. Мадина зиёратида расулуллоҳнинг мақбарасини кўрсатишди. Зиёрат қиладими, деб тўхташса Увайс ўзидан кетиб йиқилди, хушига келганида эса “Мени бу ердан тезроқ олиб кетинг, расулуллоҳ дафн қилинган диёрда мен қандай яшашим мумкин” – дея ёлворган эди.

Ўтирганлар орасида Рабъи бин Ҳайсам ҳам бор эди. Томоқ қириб аста сўз бошлади:

- Мен ҳам Увайсни зиёрат қилиш учун бордим. Бомдодни ўқир эди. Тугатди, тасбеҳ ўгириб бўлгунча кута қолай дедим. Кун қошга келди. Нафл намозини ўқиди. Туш бўлди, пешин намозини ўқиди. Хуллас уч кун намозни тугатиб ташқарига чиқмади. Емади, ухламади. Тўртинчи кун унга яқин бориб хабар олдим. Кўзи илиниб мудраяпти. Бир сесканиб ўзига келди ва муножотни бошлади: “Ё раббим, махмур кўздан, тўймас нафсдан сенга сиғинаман” - деди. Мен эсанкираб қолдим ва менга шу сўзнинг ўзи етади деб ортимга қайтдим, - деди.

Унинг сўзини маъқуллаган бошқа мўйсафид ҳам Увайс ҳақида билганларини гапириб берди:

- Кечалари ухламаслигини эшитганим учун ўзим кўриб гувоҳ бўлай деб уни кузатдим. Бир кеча “бугун қиём куни” деб, бошқа куни “бугун руку кечаси” деб, “бугун сажда кечаси” деб ибодатла ўтказар эди.

Мен ҳам уни зиёрат қилишга бордим дея сўз олди бошқа бир мўйсафид:

- Эй Аллоҳнинг суюкли қули, менга насиҳат қил, - дедим.

- Аллоҳу таолони биласанми? - деди.

- Ҳа, - дедим.

- Унда Аллоҳ таолодан ғайрисини билмай қўя қол. Шунинг ўзи кифоя, - деди.

- Яна бир насиҳат қил, - дедим.

- Аллоҳу таоло сени биладими? - деб сўради.

- Ҳа, - дедим.

- Ундай бўлса, Аллоҳ таолодан ўзгаси сени билмай қўя қолсин. Аллоҳ таолонинг ўзи сенга кифоядир, - деди.

Мажлис аҳли суҳбатга қулоқ солиб ўтирган ёш мулла ҳам қатордан қолмади:

- Бир куни Куфа қалъаси яқинида уни учратиб қолдим ва “Эй вафо ва садоқат тимсоли бўлган зот, бунча риёзатинг ортидан нима топдинг?” - деб сўрадим.

У қайрилиб бир қаради-да:

- Юксакларни кўзлагандим, тавозени топдим. Иззат қидиргандим, халққа насиҳат қилишни топдим. Асолат қидиргандим, тақвони топдим. Шон-шуҳрат ахтаргандим, қаноатни топдим. Ҳузур-ҳаловат қидиргандим, зуҳдни топдим. Бойлик излагандим, таваккулни топдим, - дедию шитоб билан дашт томон юриб кетди. Кейинроқ эшитдимки, ҳазрати Али билан бирга Сиффин ғазотига қўшилиб ислом қўшинга илҳом берибди. Аммо ўзи шаҳид тушибди. Қабилалар ўртасида ихтилоф чиқмасин дея, ҳазрати Али учта бир хил тобут ясатибди ва биттасининг ичига Увайс Қороний жасадини, қолганларига бошқа жасадларни жойлаб, уч қабилага танлашни буюрибди. Ҳар учала қабиланинг улуғлари “Увайс Қороний жасадини биз олдик”, - дея чекига тушган тобутни кўтариб олиб кетишаверибди. Ҳирқаи шарифни эса акаларининг ўғлига омонат қилишибди.

Вақт алламаҳал бўлган эди. Масжиддагилар уни ёд этиб ҳақларига дуоларнинг маҳбуби Вайсал Қороний муножоти ила дуо қилдилар:

Ё Мужийб Аллоҳ. Ёлвориб дуо қилишимизнинг сабаби мухтожлигимиздандир. Нолаларимизни қабул айла, нафсимизни мақбул айла, ё Зул жалоли вал икром. Ўзинг Шофийсан, барча дарду аламларнинг шифоси сенда, беморларнинг дармони ўзингда. Биз хаста-нотавонлармиз. Ўзинг шифо бермасанг, бошқа қайси ҳозиқ табиб дардимизга чора топгай, ё Ҳакийм? Ўзинг Раҳмон, ҳар нега етгувчи Кофий, сўзида тургувчи Вофий, қалбларга офият бергувчи Муофийсан ўзинг. Сен Аввалсан, сен Охирсан, сен Биру Борсан, Аллоҳим!..

Маъруфжон Йўлдошев
31.03.2023. Рамазон ойи.


26.03.2023

 


МУНОЖОТ

Рамазон сарҳисоб ойи, дуо ва мағфират ойидир. Рамазонда оламу одам ғуборлардан, журму хатолардан покланади, янгиланади. Рамазон узилган ришталар тикланадиган, низолар барҳам топадиган, уришганлар ярашадиган мукаррам ойдир. Оламга меҳмон, дардларга дармондир, Рамазон. Рамазонга дуолар ярашади, муножотлар ярашади. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳнинг гўзал исмлари бор. Бас, Унга ўша (исмлар) билан дуо қилинглар!” (Аъроф, 180).

Илоҳо, Раббим сенсан! Мен бир ожиз қулингман, нафсимни тарбия қилишдан-да ночор бандангман. Ўзинг ислоҳ этмасанг, ҳолим паришондир, мени нафсим ихтиёрига ёлғиз ташлаб қўйма!

Илоҳо, сен Холиқсан! Мен Яратгувчининг меҳру маҳоратига тобе бечора махлуқман. Йўқдан бор қилмоқ, ҳар нени меъёру мунтазамликда бунёд қилмоқ, яратмоқ ўзинггагина хосдир, Эгам!

Илоҳо, сен Мусаввирсан! Оламда нимаики бўлса, барчасининг ижодкори ўзинг. Сенинг ижодингда зарра нуқсон йўқ, барчаси беқусур бенуқсон. Журму-хатоларим эса саркашлигим, бебошлигим ҳосиласидир. Ўзинг афв айла, Раббим!

Раззоқ ҳам ўзингсан, Илоҳо! Қуш-қумурсқадан тортиб, одамзодгача неъматингдан бенасиб қилмайсан. Сен ризқ ато этмасанг, ҳолимиз на бўлғай, ё Раҳим!

Илоҳо, ўзинг Малик уш-шонсан. Оламлар ва одамлар мамлукингдир, фуқароларингдир. Сенинг номинг ила ҳаёт мулкида жон сақлаймиз. 

Азиз ҳам ўзингсан, иззат ва азамат ҳам сенгагина ярашгайдир. Биз ноқобил бандаларингни ўзинг зиллат ботқоғидан озод қил. Иззатинг жилвалари билан фақирингни мунаваррар қил, қалбимни азаматинг ила муфаррах айла...

Ғаниййи мутлақ ҳам ўзингсан, Тангрим. Сен бермасанг, бу ғариб қулинг мушкулини қандай осон қилсин? Олаётган нафасим ҳам сенинг марҳаматинг нишонаси, кўзимнинг нури ҳам, сочим толасию қалбимдаги шукроналик туйғуси ҳам сенинг инъоминг, ҳатто дардим ҳам тортиғингдир, шукр ё Раббим.

Бақо диёрининг бонийси ҳам ўзинг, Ҳаййи боқий ҳам сенсан, парвардигор. Мен бир ўткинчи, фоний бир жонман. Оламдаги ҳар не муваққат, биргина ўзинг собиту мукаррамсан. Менинг заволимда сенинг сўнгсизлигинг намоён. Бу дунёга тақдир етовида келиб яна кетгувчи қулларингни ўзингга даҳлдор айла, Аллоҳим.

Илоҳо, Карим исмингга минг жон тасаддуқ. Неъматларинг, эҳсонларинг шукрини адо этишдан ожиз тангнафс қулингни афв айла, сенинг ризолигинг умиди ила ёлвормоқдан ўзга чора тополмаган нолакорман, ё Самийъ.

Ўзинг Муҳсинсан, дунёдаги барча яхшиликлар, эзгуликлар, гўзалликлар сенинг чиройингнинг жилвалари холос. Мен гуноҳкорман, яхшилик ва эзгулик улашишни ҳар қанча умид қилсам ҳам нафсим кибр ва ғараз ила кўзимни беркитмоқда. Қалби гидир, сувайдо қулингни афв эт, ё Жалил.

Ўзинг Ғафурсан, Илоҳо. Гуноҳларни бағишлагувчи, мағфират диёрининг соҳиби. Мени гуноҳларимдан фориғ айла. Сен кечирмасанг, бу нотавон қулинг жаҳаннам оташида ёнмоқдан қандай қутулсин, ё Мужиб.  

Азим уш-шонсан, Илоҳо. Азаматсан, забардастсан, куч-қудрат манбаи ҳам, Қодиру Муқтадир ҳам ўзингсан. Мен ҳақирман, ҳасман, ҳечман. Сен Қовийсан, ҳар нега кучинг-қудратинг етади. Сенинг кўмагингсиз ҳеч нимага мажолим етмайди, Аллоҳим.

Илоҳо, сен Аминсан. Мен сенинг ёдинг ила омондаман, қалбим номинг ила равшан бўлғай, ақлим, онгим сенинг тафаккуринг ила машғул бўлсагина таҳликадан йироқдир, Раббим. Қалбимга қўрқувни ҳам, ғулғулани ҳам, ишончни ҳам, ҳузур ва ҳаловатни ҳам ўзинг солгайсан. Бизни ҳаддимиздан баланд қўрқув ила имтиҳон айлама, ё Мажид.

Ўзинг Жаводсан, Илоҳо. Жўмардсан, саҳийсан, ҳеч нимага мухтож эмассан. Мен мухтожман, лутфу карамингга, саҳоватингга зорман, муштоқман, ўзингга мубталоман Аллоҳим.

Сен Мужийбсан, Илоҳо. Ёлвориб дуо қилишимнинг сабаби ҳам мухтожлигимдандир, Раббим. Сен дуоларимни қабул қилмасанг, қайси эшикни қоқай? Нолаларимни қабул айла, нафсимни мақбул айла, ё Зул жалоли вал икром.

Ўзинг Шофийсан, барча дарду аламларнинг шифоси сенда, беморларнинг дармони ўзингда. Биз хаста-нотавонлармиз. Ўзинг шифо бермасанг, бошқа қайси ҳозиқ табиб дардимизга чора топгай, ё Ҳакийм?

Ўзинг Раҳмон, ҳар нега етгувчи Кофий, сўзида тургувчи Вофий, қалбларга офият бергувчи Муофийсан ўзинг. Сен Аввалсан, сен Охирсан, сен Биру Борсан, Аллоҳим!

М.Йўлдошев
25.03.2023

24.03.2023

 


ДОНИШМАНД РАССОМ ВА ШОГИРДИ

Ҳиндистонда жуда машҳур бир рассом бор экан. Халқ уни Ранга Гуру - “рангларнинг донишманди” деб эъзозлар экан.

Унинг истеъдодли шогирдларидан бири рассом Раcичи таҳсилини тамомлаб, энг яхши асарини баҳолаш учун устози Ранга Гуруга олиб борибди. Устози шогирдининг беқусур асарини мамнуният билан томошо қилибди ва:

– Азизим Расичи, сен энди моҳир рассом бўлдинг, бундан буён сенга баҳони халқ беради. Бу гўзал асарингни шаҳарнинг энг гавжум майдонига олиб бориб, ҳамма кўрадиган бир жойга ил ва ёнига қизил қалам ҳам қўйиб, одамлардан расмдаги ўзлари ёқтирмаган жойларни белгилаб қўйишларини сўраб матн қолдир, -дебди.

Раcичи устозидан миннатдор бўлиб, шаҳар марказига йўл олибди. Майдоннинг баланд ва ҳаммага кўринадиган жойига ўзи чизган асарни қўйибди. Устози айтганидек матн ва қаламни ҳам расм ёнига қўйиб, уйига қайтибди. Орадан бир кун ўтиб яна майдонга расмни кўриш учун борибди. Қарасаки, расмнинг ҳамма жойига қизил қалам билан чизиб ташланган, расм деярли кўринмай қолган экан. Халқни ҳайратга тушириш умидида бор истеъдоди ва қалб қўрини сарфлаб чизган расми атайин қилингандек, қизил қаламда бўяб ташланган экан. У жуда хафа бўлиб, устози Ранга Гуру ҳузурига қайтибди. Донишманд мусаввир эса бунинг учун хафа бўлмаслигини ва худди шу расмни яна қайтадан чизишини буюрибди. Расичи устозининг топшириғини аъло даражада бажариб олиб келибди. Ранга Гуру унга асарини яна ўша майдонга олиб бориб аввалги жойига қўйишни ва ёнига турли рангдаги мойбўёқларга тўла палитра ва бир нечта қилқалам қўйишни таъкидлабди. Бу сафар одамлардан расмнинг ўзларига ёқмаган қисмларини мойбўёқ ёрдамида бемалол тузатишлари мумкинлиги ҳақидаги матнни қолдирибди. Раcичи минг хавотир билан яна уйига қайтибди. Орадан бир неча кун ўтиб расм ҳолидан хабар олиш мақсадида майдон сари йўл олибди. Умидсиз ҳолда майдонга етиб бориб не кўз билан кўрсинки, расм қандай ташлаб кетилган бўлса ўшандай турганмиш. Ҳеч бир ерига тегилмаган, қилқаламлар ҳам топ-тоза, бўёқлар ҳам очилмаган. У буни кўриб жуда хурсанд бўлибди ва расмни олиб устозининг ҳузурига чопибди. Ранга Гуру шогирдининг қувончини кузатиб туриб шундай дебди:

– Азизим Раcичи, кўрдингми, агар одамларга имконият берилса, юзингда кўзинг борми демасдан шафқатсизларча танқид қилишаверади. Умрида қалам ушлаб кўрмаган, ўзи биронта расм чизиб қойиллатмаган инсонлар ҳам хатоларингни кўрсатиб, бебаҳо асаринг устидан аёвсиз чизиб ташлашди. Танқид қилиш осон ва ҳар ким истаган нарсадан қусур топа олади. Иккинчи марта улардан расмдаги хатоли жойларни тузатишлари мумкинлигини сўраганингда ҳеч бири бунга ботина олмади. Чунки хатони тузатиш учун ақл керак, фаросат керак, билим, савия, маҳорат керак бўлади. Муаммога конструктив ёндашиш учун муайян тайёргарлик талаб қилинади. Ҳеч ким ўзи билмаган муаммога ечим қидирмайди. Жамиятда яхши рассом бўлишнинг ўзи кифоя қилмайди. Халқ ўзлари донишманд деб билган усталарнигина гуру деб ҳурмат қилади. Улар танимаган рассом дунёнинг энг моҳир рассоми бўлган тақдирда ҳам эътироф қилишмайди. Шунинг учун асарларингни танимаган-билмаган инсонларга тақдим қилма, улар билан баҳслашиб ҳам ўтирма.

Хулоса шуки, бошқаларнинг нияти, орзу ва хаёллари билан заррача қизиқмайдиган худандишларнинг мақтовларига, кибри илмидан баланд танқидфурушларнинг танқидларига ҳеч кимнинг куни қолмасин.

24.03.2023

#таржима