21.03.2023

 


Ёмғирдан сўнг...

Бугун эрта тонгдан ёмғир шаррос қуйди. Томчилар жаҳл отини қамчилаб-қамчилаб ёғди. Қуёш нурларига эликиб эндигина кўз очган бодом гулларини юлиб-юлқаб ёғди. Ўрик гулларини тепиб-тепкилаб ёғди. Дов-дарахт новдаларини безай бошлаган ҳаёт рангли нозик япроқларни ер билан яксон қилиб ёғди. Денгизни-да савалаб-савалаб ёғди. Бу жаҳлнинг сабаби не эди? Еру кўкни ларзага солган момқалдироқнинг ғазаби кимга эди? Кўкдаги ёмғир юкли булутларни қоқ иккига бўлиб чақнаган чақмоқнинг нафратдан муроди нима эди?

Ёмғир шиддат билан ёғди. Ахир баҳор ёмғирининг оти раҳмат ёмғири эмасмиди? Селдек вайронкор бўлмоқнинг маъноси недир? Ёз ёмғирини кулфат, куз ёмғирини баракат, қиш ёмғирини заҳмат деган халқнинг тажрибаси пучмиди ёхуд? Бегидир табассум мисоли кўнгилларга ҳаёт бағишлаётган нафис гулу чечакларнинг гуноҳи нима эди?

Шукрки, ёмғирнинг жаҳли узоқ чўзилмади. Қандай бошланган бўлса, шундай тинди қолди. Ёмғирдан олдин кўкни қоплаган ғубордан асар ҳам қолмади. Замину офоқни шунчалар мусаффо ҳаво қопладики, нигоҳлар сайру саёҳатдан ҳайратга айлана бошлади...

Шайх Саъдий бежиз айтмаган экан: “Оллоҳ сен учун хайрли бўлганни сендан яхшироқ билади.” Бас, шундай экан, Унинг ишига нега аралашасан, эй, саркаш кўнгил? Ахир, сенинг амолинг таваккул отига миниб, тафаккур оламига сайр этмоқ эмасми?! Тазоҳур китобини ўқиб, тажаллий ҳикматини уқиб ҳузур ила ҳушу томон юз бурганинг хайрлироқ эмасми?

20.03.2016. Измир. Қўноқ. Пиер кафе.

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder