31.12.2023

 


ЯНГИ ЙИЛ, ЯНГИ САҲИФА...

Ассалому алайкум!

Бугуннинг адоғида эски йилни кузатиб, янги йилга қадам қўямиз. Яшаб ўтилган йилнинг сўнгги дақиқалари, шахду шиддати ортиб бораётган сониялар, бу йилнинг рухсорига тўйиб олиш илинжида каттароқ очилаётган кўзлар, завқ ва ҳаяжондан катталашиб бораётган қароғлар,  тилга тўкилишдан ҳузурланаётган эзгу тилаклар...

Кўзлар соат милларига тикилган... Гўё соат бонг уриши билан мўъжиза юз берадигандек кутиш ҳаяжони... Ёшу қари умидбахш дуоларни кўк тоқига йўллайди. Кун давомида бу кўҳна гунбади гардонни эзгу тилаклар тутиб кетади. Бугун барча сўзлар шукр ва дуоларга айланиб даргоҳи Мужиб сари парвоз қилади...  

Луғатлардаги ижобий маъно юкли сўзларнинг савдоси қизигандан қизиган. Харидоргир сўзлар қулай қолипларга жойланган, ишлатишга тайёр, оласану йўллайверасан. Залварли сўзлар хос жумлаларда тортиқ қилинади, улар луғатларнинг сарғайган саҳифаларидан ҳассосият билан териб, танлаб олинади. Ҳеч ким айтмаган, ҳеч кимнинг ёдига тушмаган оҳорли сўзларни маржондек териб, бетакрор нутқи билан ҳаммани хайрон қилиб қўйиш умидида чопаётганларнинг ҳам бугун бозори чаққон...

Тўкин дастурхон устида, ҳаётидан мамнун инсонлар тилидаги истакларнинг салобатидан сўзлар хижолат. Юпун дастурхон атрофида айтилаётган тилакларнинг камтарлигидан виждонлар маҳжуб.

Аммо эзгу тилакларнинг ваҳдатидан дунё янада гўзаллашади. Кўнгиллар тилаклар селидан покланади. Нигоҳларда меҳри мунир аксланади. Одамзод аслига қайтади. Болалик онларини эслайди. Хотиралар уйғонса, қалб ғуборлардан тозаланади.

Миллар яквужуд бўлиб, эски йилнинг якуни ва янги йилнинг бошланишини эълон қилишга тайёр.

Интиқлик билан кутилган он яқин, илк дуолар, илк ҳаяжонлар... Ва умримизнинг очилажак яп-янги саҳифаси...

Янги йил барчамизга муборак бўлсин, азизлар!

31.12.2023

17.12.2023

 


Телефонга мубталоликдан қутилишнинг 2 йўли

Телефонга мубталолик бугунги кунда глобал муаммо. Бу касаллик ёш танламагани каби жинс, касб ёки ҳудуд ҳам танламайди. Телефон мубталолари диққатни жамлай олмаслик, уйқусизлик, фаромушлик, атрофда бўлиб ўтаётган воқеа-ҳодиса ва хабарлардан “қуруқ қолаётгандек” ҳиссиётга берилиш, ўзига ишончнинг йўқолиши кабилардан кўп шикоят қилишар экан. Интернетда бу балодан қутилиш учун кўп тавсиялар бор. Мен сизга иккита усулини айтай.  

1. Телефонни “учиш режими”га ўтказиш. Муҳим ишларни бажаришдан олдин ўзингизга овоз чиқариб шундай дейишингиз мумкин: “Биз учиш режимига ўтамиз. Самоларга парвоз қиламиз. Булутларнинг устига чиқамиз. Хаёл дунёси телефондагилардан кўра яхшироқ. Қани, кетдик!”

Телефоннинг “учиш режими”даги вақтини душанбадан бошлаб, секин-аста узайтириб бориб, якшанба куни телефонни тўлиқ “учиш режими”да тутишга одатланиш.

2. Телефон экранини “оқ-қора режим”га ўтказиш. Телефон очиқ турган пайтда экранни “оқ-қора режим”га ўтказиш орқали ижтимоий тармоқларнинг жозибадор рангин тузоғидан қутилиш мумкин. Трамоқлардаги ранго-ранг визуал материаллар онг остини бошқарадиган тузоқлардир. Оқ-қора рангда бўлса унчалик эътибор тортмаслиги мумкин. Зарурат бўлганда ҳаракатланувчи тугмани босиш орқали рангли экран режимига осонгина ўтиш мумкин экан.

Синаб кўринг, балки ишингизга яраб қолар. Телефондан ортиб қолган вақтни эса оилангизга ва китоб ўқишга сарфланг...

17.12.2023

12.12.2023

 


БАХТ...

Тун ярмида телефондан келган товуш эътиборимни тортди. Очиб қарадим. Нотаниш кимса. Бир савол йўллабди. “Сиз учун бахт нима?” Савол бор-йўғи шу. Бу соатда нега керак бўлди экан, шу саволни бериш? Жавоб бердим ҳам дейлик, нима ўзгаради менинг жавобим билан? Кун бўйи турли иш, ўй-ташвишлар билан чарчаган пайтингда бундай саволларга жавоб бериш тугул у ҳақда ўйлаш ҳам малол келади. Яримлаган тақризимни тугатишим керак, бир ёқдан ўқишим керак бўлган диссертация бор. Чалғимаслигим керак.

Телефонни ўчириб, диққатимни жамлашга ҳаракат қиламан. Бироқ “ким экан бу жаноб?”, “нега керак бўлди бу саволга жавоб?” ва бирин-кетин саволлар чиқиб келаверади. Ўйламаслик учун ҳар қанча ҳаракат қилмай, қуйилиб келаверади саволлар.

Телефонни олиб “қисқагина бўлса ҳам жавоб ёза қолай, эътиборсиз экан деб ўйламасин!” деган хаёл келади бирдан. Ортидан “ўйласа-ўйлайвермайдими, у ким, танимасам” дейман ўзимни ҳақли чиқариш учун. Диссертация ўқий бошладим. Жадидлар, алифбо, тил, унлилар, ундошлар... Ёпдим! Шундоқ ҳам кун бўйи халқаро анжуманда шу гапларни бот-бот эшитиб келгандим. Жадидлар, алифбо, тил, унлилар, ундошлар... 

Кел, ёзақолай, балки шунда чалғишлардан қутиларман. Бошлайман.

Салом, Умар бей!

“Бир сўз билан мен бахт деганда шуни тушунаман деб қўяқолсаммикин?” Ёзишдан тўхтайман. “Эҳтимол, шу одамдан жўяли гап чиқар деб ёзган бўлса-чи?” Ўзимни ақлли кўрсатишга ички эҳтиёж бордек кетма-кет келаётган саволлардан нафратлана бошлайман. “Хўп, майли, жавоб ёзма, лекин сен учун бахт нима ўзи?” Ўзингдан чиққан балога қайга борасан давога! Ёзаман. “Лекин нотаниш бир кимса учун эмас, ўзим учун ёзаман!” Бироз чучмал шарт. Ўзинг учун ёзишинг шартми? Ўзинг билсанг бўлди-да. Кимга ҳисоб берасан? Кимга керак бу тарздаги зўраки ҳисоб... Майли, ёзай-қутиламан!

Хуллас, мен учун бахт нима ўзи?

Салом, Умар бей!

Мендан бахт ҳақидаги фикримни сўрабсиз. Буни бир сўз билан тушунтиришнинг иложи бордир, эҳтимол. Лекин айнан қайси сўз билан тушунтириш мумкинлиги ҳақида ўйласам ўйларим чўзилиб кетади. Қисқа қилиб айтиш мумкин бўлса, бахт дегани мен учун ҳаётни бор бўйи билан яшаш дегани. Эҳтимол, баландпарвоз туюлаётгандир. Ўзимга ҳам шундай туюлди, лекин фикрларимни бор самимиятим билан ёзаётганимга ишончим комил. Соддароқ айтадиган бўлсам, ўзим ёқтирган ишга кўпроқ вақт ажрата олсам ўзимни бахтиёр ҳис қиламан. Эҳтимол, бахт дегани қадрдонлар билан учрашиш, ҳол-хотир сўраш, юракдан табассум қилиш ёки нотаниш инсонлар билан танишиш деганидир. Кимгадир чин дилдан ташаккур айтиш, кимгадир салом бериш, кимгадир “Ҳорманг!” дея олишдир. “Яхшиям борсиз!” дея олмоқ буюк саодатдир, эҳтимол. Янада аниқроқ айтсак, ота-онангизнинг борлиги, соғлиги энг буюк бахтиёрликдир, ёки оилангиз, фарзандларингиз бахт деган тушунчанинг шаклу шамойили эмасмикин? Ишдан чарчаб чиққанингизда “тезроқ борақолай” дея интиққан уйингиз бахт яшайдиган манзилдир,эҳтимол. Гоҳ қуёш, гоҳ ой, гоҳ танни яйратиб эсадиган шамол шаклида намоён бўлмасмикин? Баъзида майин ёмғир, баъзан оппоқ қор бўлиб кўринмайдими ўша мубҳам тушунча? Баъзан бахт дегани шунчаки чуқур-чуқур нафас олабилмоқликдир, дегинг келади. Ёки ҳар нени унутиб сокин ва некбин юриш, атрофингда ҳар сония рўй бераётган мўъжизаларни кўрабилмоқликнинг ўзи катта саодат, демоқчи бўласан... 

Балки бахтни инидан учирма бўлиб, учишга чоғланаётган полапондан сўраш керакдир?...

Эҳтимол, тун ярмида шу саволга жавоб беришга уринишнинг ўзи бахтдир...

Кўряпсизми, жаноб Умар, саволингизга жавоб бериш учун қанча ҳаракат қилсам, шунча саволларга кўмилиб боряпман. Ҳар не бўлганда ҳам, агар бахтни узоқлардан, истиқболдан қидирсангиз уни топишингиз даргумон. Бахтни кўриш учун ортга боқиш керак. Негаки, бахт яшаб ўтилган онларда, юрилган изларда, айтилган сўзларда ўзини кўрсатади. Бахт қидириладиган нарса эмас, у йўқолмаганки, изласангиз. У бор, ҳамиша бўлган. Атрофда сочилиб ётибди бахт деганлари. Ҳамма гап уни кўра билишда, англай олишда.

12.12.2023