Хуан Рульфо
Хуан Рульфо (1917–1986) - мексикалик ёзувчи,
сценарист ва фотограф, Лотин Америка адабиётининг таниқли намояндаларидан бири. У
“магик реализм” оқимига катта таъсир кўрсатган. Рульфонинг асосий асарлари — “Педро Парамо” (1955)
романи ва “Эл Ллано дар лламас” (1953) ҳикоялар тўпламидир. Унинг ёзиш услуби
қисqa, пурмаъно ва таъсирчан бўлиб, Мексика қишлоқларининг қайғули ҳаёти, ёлғизлик ва ўлим
мавзуларини чуқур ёритади. “Менинг отам” ҳикоясида отасининг фожиали ўлими ва
бу воқеанинг оилага таъсири бола нигоҳидан ёритилган. Боланинг ўлим хабари
қаршисидаги карахтлиги ниҳоятда содда ва таъсирли тасвирланган.
«МЕНИНГ ОТАМ»
ҳикоя
Менинг отам яхши инсон эди. У тириклигида бу
дунёда яхши нарсанинг ўзи йўқ эди. Эртага нима қилиш кераклигини ҳеч ким билмасди, чунки эртанги кунга ишонч қолмаганди, бугун эса ҳали
тугамаганди. Ҳаво ҳам ёмон эди, кўз кўзни кўрмас, ҳеч нарсани англаб бўлмас эди: кун чиқдими, шамол қаердан эсади –
шимолданми, жанубданми?
Дунёда яхши нарсанинг ўзи қолмаган эди. Отам эса яхши инсон эди, ҳаётга ишонарди.
Уни тонг отар маҳал ўлдирдилар, лекин у ўлдирилганини, нега ва қаерда ўлганини ҳам тушунмай қолди. Уни ўлдиришди, унинг учун ҳаёт тугади. Бошқалар учун эса у ҳали ҳаёт эди ва дунё аста-секин тинчиб, ўзгара бошлаганди, ҳатто ёмғир томчилай бошлаганди; одамлар ёмғирга боқиб, яна умидлана бошлаган эдилар.
Менинг отам қоронғи тунда, тонг ёруғидан
бехабар ўтди. Уни ота-боболар
урфига кўра кафанладилар ва
шундай дафн қилишдики, гўё у ҳам оддий одамлардан бири эди. Бизга дедилар: “Отангиз вафот этди, у тонгга яқин, ҳамма донг қотиб
ухлаб ётганда, болалар туғилган,
ўлимга маҳкумлар отилган вақтда ўлди. Туннинг бу ғамгин вақтида одамлар ярим
уйқуда бўлади, алмойи-жалмойи тушлар кўради, лекин шундай тушларга ҳам эҳтиёж бор.”
– Сизнинг отангиз вафот этди.
Тушимда бир кичик оҳуни қучоқлаб турганмишман. У худди қаноти қайрилган қушдайин чорасиз, ухлаб ётган одамнинг юрагидай сокин ва маъсум эди.
– Унинг умри қисқа экан.
Туннинг энг қоронғи, энг қуюқ, энг қаттиқ вақти эди, тонг отишига оз қолганди. Ҳамма нарса бирдан узоқлашиб кетгандек эди. Мен англадимки, йиғлашим керак, ҳеч бўлмаса бир томчи кўз ёш чиқиши учун юрагимни сиқишим керак. Хўнграб йиғлашга уринардим. Юрагимни эзиш учун чиранардим, мудраган юрагимни болға билан эзиб-эзиб
оғритгим келарди. Биргина ниятим,
мақсадим дод солиб йиғлаш эди. Йиғлайки, дардим тилга тўкилсин.
– Оҳу боласи ўлибди. Қучоғингдаги жонивор ўлик.
Майли, қўяверинг, бу тушимни кўриб тугатайин. Қолган
нарсаларнинг барчаси ёлғон! Мен ухлаб ётганда ҳеч ким ўлмайди.
– Соат уч бўлди, отангизнинг жасадини олиб
келдик. Уни бугун
тунда ўлдиришибди.
– Сен ким ҳақида гапираяпсан? Менинг отам ҳақидами? У ўлмайди. Ҳеч ким унга ёмонлик қила
олмайди. Акс ҳолда, ер юзида қиёмат қўпади, дунё вайрон бўлади. Одамларнинг қўллари синади, ҳаёт инсонлар учун маъносини йўқотади. Отам
бизга ҳаёт берган, биз у туфайли ёруғ дунёни кўряпмиз. У ўлмайди, ўла олмайди.
– Уни ўлдиришибди.
– Қачон? Соат нечада?
Менинг қимирлашга мажолим қолмади, лекин дунё нимадир сезди шекилли.
– Тун. Тўхта. Тўхта, унга қара.
– Сен мени алдаяпсан.
– Дафн бугун.
– Ҳеч қандай дафн бўлмайди. Менинг отам ўлмайди.
У биздан кўпроқ
яшайди. У бизга ўхшамайди, у умри давомида фақирлик, эҳтиёж нималигини билмаган...
– Демак, сен унга қарашни хоҳламайсанми? Тур,
ҳализамон унинг яқинлари, танишлари келиб улгурмади, отангга яқинлаш.
– Отам ўлмаган. Сен мени ёмон кўрасан. Ёмон кўрганинг учун ҳам мени қасддан уйғотяпсан. Қўй, бу тушимни кўриб тугатайин.
– Майли, сен айтгандек бўлсин, лекин эслаб қол, уни тушдан кейин дафн қилишади.
– Чироқни ўчир. Чироқни ўчир ва ўзинг чиқиб кет. Агар отам ростдан
ўлган бўлса, унда нега куляпсан? Чиқиб кет! Оҳу боласи ухлаяпти. Уни уйғотиб юборасан. Мен сенинг кимлигингни биламан. Фақат шайтонгина тунлари бузғунчилик қилиб, уйқудаги инсонларни қўрқитади. Отам ўлмаган, сен фақат ёлғон
гапираяпсан. Алдаяпсан. Мени алдаяпсан, холос! Даф бўл!
Кўз ёшларим қон равон бўлди. Узоқдан онамнинг йиғисини эшитганимда эса
қоним селга айланди.
👍
YanıtlaSil