23.07.2023


 

Адибни уялтирган қизлар

Катта бир оромгоҳда ёш ижодкорлар анжумани бўлиб ўтди. Суҳбат, маъруза ва мушоираларни ижтимоий тармоқлардан кузатиб бордим. Ёшлар учун чин маънода маҳорат мактаби. Умуман олганда, авлодлар учрашуви. Уларни кузатиб, жуда кўп саволларга жавоб топиш мумкин. Ўқиётган шеърлари, кўтараётган муаммолари, ўйлаётган ўйлари... Миллатнинг катта-кичик зиёлиларининг бугунги дарди, ташвиши, орзу-умидлари ҳақида озми-кўпми хабардор бўласиз. Бир суҳбат эътиборимни тортди. Ўртоқлашмасам бўлмайди.

Миллат ардоқлаган улуғ адиб сўри тўрида ўтириб хонтахта атрофига йиғилган бир гуруҳ қизларга адабиётнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб берди. Адабиётнинг бош мавзуси нима бўлиши керагу, бугун нималар ҳақида ёзилаётганини куйиниб гапирди. Адабиётнинг муқаддас юкини елкаларида ташиган буюкларни ибрат қилиб кўрсатди. Ғарбдан, шарқдан, ўзимиздан, яқин-йироқдан мисоллар келтириб, катта адабиёт ҳақида фикрларини ўртага ташлади. Адибнинг сўл томонида ҳали кимлиги жуссасига ўтирмаган, бир нима ёзиб қойиллатмаган, қисқаси, устозлар олдида ўтириш одобини ўрганмаган бир ўспирин жой олган. Баъзи-баъзида адибнинг гапини бўлишдек журъаткорлигини ёшлигига йўйиб қўя қолиш мумкиндир. Бироқ ёзувчига берилган саволларга ҳам ўзи жавоб беришга чоғланиши ғашингизга тегади. Қўлидаги қаламни ўйнатиши, ўзини тутиши, тинимсиз тиз-оёқ алмашинавериши суҳбатдан чалғитади. Ёзувчининг сабрига қойил қоласиз. Бошқа одам бўлса, “қуртинг борми, намунча питирлайсан” девориши ҳам ҳеч гапмас. Ёзувчи ҳам одам-да, барибир чидай олмади. “Дўстим, сиз билан танишмадик-а”, - деворди. Шапалоқ қаёқдан келди, енгиладаб ўспирин билмай қолди. Қўлини кўксига қўйиб ўзини таништирди. Ёзувчи яна ўз услубини гапиртирди. “Абитуриент дейдими? Бизнинг даврда унча-мунча нарса ёзиб танилсангиз ҳам катта устозлар ёнига яқинлаштиришмасди. Ҳой, йигит, нари бор, оёқ остида аралашмагин”, – деб ташлашарди. Ўспирин адиб ишорасини сезмади ҳам. Қайтанга, “ёшларга яратилган имкониятлардан мамнун ҳолда” билганини давом эттираверди.

Адиб йиғилганларнинг кўзига қараб чиқди. Маъно қидирди, адабиёт ахтарди. Суҳбат асносида айрим иқтибосларни келтириб “шу кўккўз қизим билади” деди, бироз таскин топгандек. Яна кимгадир ишора қилиб, “бу қиз ҳам газетада ишлайди, билади”, -деди. Ва адиб ўзи айтаётган гапларнинг етарли даражада англанмаётганидан зерика бошлади. Кейин ўртага савол ташлади:

- Қани айтинглар-чи, бугун адабиётимизга нима етишмаяпти?

Ўтирганлар орасидан ҳозиржавоб бир қиз ўзича ҳазил қилган бўлди:

- Шароит етишмаяпти, -деди ва беўхшов қилиб кулди.

Адибнинг энсаси қотгандек бўлди. “Йўў энди...” – дейиш билан чекланди.

Дадилроқ бир қиз жавоб берган бўлди:

- Адабиётимизга аёл образи етишмаяпти.

Адиб жавобнинг моҳияти ҳақида ўйлай бошлаган ҳам эди-ки, қизлардан бири гапни илиб кетди.

- Фоҳишанинг қалби, дарди ҳақида ёзиш керак, шунда одамлар уни тушунади, деди. Яна узоқ гапирди. Адиб ўзига хос оҳангда вазминлик билан жавоб бера бошлади.

“Бир ёш қизни биламан. Истеъдодли қиз. Шундай масалаларни вульгар бир услубда ёзишга ҳаракат қилади.” Енгиладаб ўспирин гапга аралашди: “Откровеннийроқ, очиқроқ, тўғрими, устоз?”

Адиб эътибор қилмасдан сўзида давом этди: “Мен фоҳишаман” деган шеъри бор, масалан. Яъни честнийман, иккиюзламачи эмасман, демоқчи.

Ўспирин яна устоз тополмаган сўзни топиб берди: “кўзбўямачи, тўғрими, устоз?”

Устоз сабр билан гапини давом эттирди. Адабиётнинг муқаддас аъмоли ҳақида жуда асосли фикрларни айтди. Ўспирин енгилгина бошини лиқиллатиб маъқуллаб турди. Қизлар эса ёзувчини янада очиқроқ гапиришга ундайверди.

Ёзувчи уялди. Эҳтимол мавзунинг юкидандир, эҳтимол савиясизликдан... Юзи-кўзидан ўнғайсиз вазиятга тушганлиги сезиларди. Нажот қидиргандек атрофига бир қараб олди. Ва аёл кўнгли, дарди, аёл қалбининг тубидаги сирлар ҳақида ёзиш мумкинлиги, лекин аёлни тўлиқ англаш мумкин эмаслиги ҳақида гапириб бўлиб, “Бу мавзуни фалон ёзувчи синглимиз яхши уддалайди. Уни чақиринглар”, - деди ёнидаги масъулларга қараб. Кўп ўтмай, адибани топиб келишди. Уни қизлар кўтарган нозик мавзуларни яхши биладиган одам сифатида тақдим қилди. Ўзи эса жойини адибага бўшатиб қочиб қолди. Ортидан қизлар “расмга тушиб қолайлик” дея шовқин кўтаришди. Ёзувчи югурганида борми, ортидан қувлашлари ҳам мумкин эди, эҳтимол.

Тасвир шу ерда тугади.

20.07.2023

18.07.2023

 


ТЕРАКЛАР ШОВУРИ

Водийга йўли тушган меҳмонларнинг эътиборини шовуллаб турган теракзорлар тортиши табиий ҳол. Уларнинг йўл бўйидаги алпкелбат тераклар ҳақида тўлқинланиб, кўзлари ҳайратга тўлиб гапиришларидан қувонамиз. Юртинг ҳақида, меҳмондўст ва ширинсухан одамларинг ҳақида мақтов эшитиш кимга ёқмайди, дейсиз? Довондан ўтиб, шаҳри азимга яқинлашганингизда сизни тераклар шовури кутиб олади. Тоғлари, тўқайлари, ўрмон ва даштларида ҳам, қишлоқ кўчалари, хонадон томорқаларию катта-кичик майдонларида ҳам аскарлардек мағрур теракларни кўрасиз. Енгил шабада эсганда бутун водий тераклар куйидан маст бўлади. Шамоллар забтига олганида эса уларнинг шовури дилингизга қўрқув солади.

Меҳмонлар теракларга ҳайрат билан боқишлари мумкин, теракзорлар ҳақида соатлаб гапиришлари мумкин. Тераклардан келадиган даромадни чамалашлари ҳам, улардан ясаладиган анжомларни ҳисоб-китоб қилишлари ҳам мумкин. Бироқ улар бир нарсани билишмайди. Тераклар водий халқи учун шунчаки маиший эҳтиёж манбаи эмас, улар бу халқнинг виждони, ор-номуси, орзу-армонларининг дарахт шамойилидаги ифодасидир.

Яна меҳмонлар билмайдиган қадим бир ривоят бор. Кимдир уни Худоёрхонга боғлаб айтиб юради, яна кимдир Маллахон замонасига тақайди. Олимхон дегувчилар ҳам, Умархонга нисбат берувчилар ҳам бор. Майли, сиз узумини енгу боғини суриштирманг. Фақат водийга йўлингиз тушганда, теракларни кўрганда шу ривоятни эслаб қўйсангиз бас.

Хуллас, Қўқон хонларидан бири ўрдасидан жума масжидгача борар йўлининг икки четига мажнунтол, чинор, садақайрағоч каби серсоя дарахтлар экилган экан. Хон бу йўлдан юрганда қай бир дарахт бош эгиб, қай бирлари соясини тўшаб таъзим бажо қилиб тураркан. Бироқ дарахтлар орасида битта терак ҳам бор экан. У  хон ўтаётганда бошқалардек салом учун эгилмас, соясини пояндоз қилмас экан. Ҳар доим қадди тик, сарафроз турар экан. Бу ҳол хонга ёқмабди. “Нега ҳамма дарахтлар эгилади-ю, бу алифдек расо тураверади?” –дея ўйга толибди. Кунларнинг бирида теракка узоқ қараб турибди-да: “Бу дарахт кимники?” – дебди атрофида гирдикапалак удайчига қараб.

Удайчи: “Бу сарой муддарисининг тераги, – дебди. Ўғли давлати безавол ва тахти саодат учун бўлган жангда шаҳодат шарбатини ичган. Шундан сўнг отаси бўлмиш мударрис жаноблари тарки маслак қилиб, кулбасига беркинган, шуурини ҳам йўқотган деб эшитамиз, айтишларича, бу теракни ўғлим, деб у билан суҳбати роз қилар эмиш”, - дебди. Хон: “Буни кесиб ташланглар, менинг мударрисим ўз шаънига ярашадиган иш қилмоғи лозим”, -дебди. Удайчи амрни олибоқ, ишга киришибди. Мударриснинг қаршилигига қарамасдан дарахтни кесиб ташлабди.

Кекса мударрис бундан қаттиқ азобланибди. Нима қилса ҳам ичидаги оловни сўндира олмабди ва хонга қарши ўч олиш режасини туза бошлабди.

Кесилган терак шохларидан минг дона қаламча кесиб олиб, тупроққа кўмибди. Қаламчалар илдиз отиб, ниҳолга айланибди. Кун, ой эмас, эртаклардагидек соат сайин бўй чўзиб, кўзга кўрина бошлабди. Чол ниҳолларни кўчириб, ҳар куни шаҳарнинг турли жойларига экиб кела бошлабди. Вақт ўтиб кучдан қолибди, қуввати ва сиҳҳатини йўқотибди. Жума кунларидан бирида хоннинг йўлини пойлаб, масжид олдида кутиб турибди. Хон яқинлашганда бор кучини тўплаб арзини айтишга изн сўрабди. Мулозимлар уни йўлдан четлатмоқчи бўлишса, хон марҳамат кўрсатиб сўзлашга рухсат берибди. Чол дадил овозда сўзлай бошлабди:

“Хоним, мен бир умр сизга садоқат билан хизмат қилдим, шундай ниятда яшадим ва ўғлимни ҳам сизга садоқат руҳида тарбияладим. У ҳам сиз учун жонини беришга тайёр бўлиб улғайди ва шундай ҳам бўлди. Шаън-шавкатингиз учун жангда шаҳид бўлди. Душманга мардона қараб жон таслим қилди. Мен унинг хотирасини яшатмоқ учун дарвоза олдига терак экдим. Уни ўғлим деб билдим. Кези келса, у билан суҳбатлашдим, дардлашдим. У менинг энг яхши суҳбатдошим эди. Дардимни айтсам, япроқларини шитирлатиб жавоб қайтарарди. Мен уни тушунар эдим. У ҳам мени тўлиқ англаб турар эди. Аммо.... Аммо сизнинг буйруғингиз билан ўша терагимни, ўғлим деб авайлаганим, болам деб эъзозлаганим терагимни кесиб ташладилар. Битта терак яшаса нима бўлар эди? Шунча жон, мўр-малах, одамзод сиққан заминга биттагина терак сиғмай қолармиди, хоним! Мен... Мен сиздан ўч олишга қарор қилдим ва сиз юрадиган йўлларнинг ҳар бирига ва кўзингиз тушадиган, кўзингиз кўрадиган ҳамма жойга терак экиб чиқдим!

Қаерда терак кўрсангиз билинг-ки, у менинг сизга қарши исёним! Қаерда бир туп терак кўрсангиз билинг-ки, у менинг сизга бўлган нафратим. Қаерда теракзор кўрсангиз билинг-ки, улар менинг Оллоҳга нолаларим ва сиздан арзи додимдир. Мен ўчимни олдим сиздан, хоқоним. Мен сиздан кучли эканлигимни исботладим. Сиз ожиз ва нотавонсиз, хон ҳазратлари!..

Сиз битта терак кесгандингиз, улар мингта терак бўлиб қайтиб келади. Шикорга чиқасизми, сайрга чиқасизми, қаерга ва нима мақсадда чиқсангиз ҳам атрофда тераклар шовурини эшитасиз. Улар сизни лаънатлаётган бўлади. Тавқи лаънат бўлдингиз, хоним! Умрингизнинг охиригача терак шовуридан қўрқиб, қулоқларингизни беркитиб, теракларга қарай олмай яшашга маҳкумсиз!

Марҳамат, энди мени ҳам ўлдиринг, хоним! Зора, битта қасос минглаб, миллионлаб қасосга айланиб қайтса....

М.Йўлдошев

16.07.2023/Довон

12.07.2023

 


ҚАНИЙДИ...

 Бекатда автобус кутаётган кекса онахон ёнига қирқларни қоралаган, юпун кийинган бир аёл яқинлашди. Енгилгина салом берди. Онахон алик олгач, қўл узатиб кўришди ва ёнидан жой кўрсатар экан унга бош-оёқ разм солди. Шу бир қарашининг ўзидаёқ, кўп сўроқларига жавоб олгандек бўлди. "Демак, қўшни яна келинини ҳайдаган. Қўлига пул ҳам бермаган бўлса керак. Бу қандай инсофсизликки, бир инсонни шу аҳволда кўчага ҳайдаса?! Бу қандай виждонсизликки, ҳомиладор аёлнинг дилини хун қилиб, уйидан қувса..."

 Келин хижолат бўлиб:

 - Йўқ безовта бўлманг, Мўътабар опоқи, мен озгина юрай деб чиққандим. Ойижон шу баҳона онажонизниям кўриб келинг, дегандилар...

 - Вой, Назиражон қизим, шу аҳволдами? Унақа қилманг-а, қизим. Шундай борсангиз онангиз ҳам хавотир олади, ахир... Чиройли кўйлакларингиз кўп-ку, югуриб кириб кийволинг, жон қизим.

 - Ҳаа ...

 Келин томоғига тиқилган йиғини аранг тўхтатди. Ичидан отилишга тайёр вулқонни базўр тўхтатди. Бахтига автобус келиб қолди.

 - Вой, автобус келди... Мен борақолай опоқи, яхши қолинг, ўтинг бизникига...

 - Назирахон, шошиб чиқиб сумка ҳам олмабсиз, пулингиз йўқдир, болам, тўхтанг.

 Мўътабар ая сумкасидан пул олиб автобус томон юрди.

Назира нимадир демоқчи бўлди-ю, кўзидан дувиллаб ёш тўкилди. Ҳиқчиб-ҳиқчиб ўзини босмоқчи бўлди. Кўзларини юмди. Поёнсиз дала-даштга тушиб қолгандек ҳис қилди ўзини. Нажот сўраб бор овозида ҳайқираётгандек эди... Келин қўллари билан кўз ёшларини артиш ўрнига қулоқларини бор кучи билан, бутун қувватини ишга солиб беркитишга ҳаракат қилар эди. Гўё даҳшатли чинқириқ, чидаб бўлмас ҳайқириқдан шу зайлда ўзини сақлаб қолмоқчи эди.

Эндигина ҳаракатланган автобус Мўътабар аянинг жарангдор овозидан тўхтади. Онахон автобусга яқинлашиб қўлидаги пулни Назирага тутқазди.

 - Раҳмат, мендан қайтмаса худодан қайтсин...

 - Унақа деманг, қизим, мен кампирни пулини хурсанд бўлиб олинг, қайтараман деб ўйламанг, ўзим ўргилай сиздан.

 - Қанийди...

Автобус йўловчилар норозилигига дош беролмади. Бир силкиниб йўлида давом этди. Эшиклар ёпилиб, бекат кўринмай қолгунча миннатдор бир нигоҳ онахонга боқиб, бор дардини айтиб олди.

 Автобус бекатдан узоқлашиб, кўринмай қолгунча шафқатли бир нигоҳ унга боқиб алам ва ачиниш билан ичидагиларни тўкиб солди.

 Ҳеч бир сўз оғиздан шунчаки чиқмайди, ахир. Ўзи билан жуда кўп ўйларни, тушунчаларни, тасаввур ва таассуротларни ҳам олиб чиқади. Ташвишлар, ҳадиклар, хаёллар, орзулар, дардлар ҳам эргашиб чиқади ўша сўз билан бирга. "Қанийди..." шу афсус қушининг қанотларига беркинган қанча дард бор, тушуняпсизми? Бу қушча қафас эшигини очиб, шунчаки кўнгли тусагани учун чиқиб келмади. У қафас симларини синдириб, ёқиб, парчалаб, ўзи ҳам минг бир тилим тилиниб, бағри буди пораланиб чиқиб келди. “Қанийди...” Бу сўзона сўз қаҳрини тасаввур қиляпсизми?! Иброҳим алайҳиссалом отилган оташ бунинг олдида мулзам бўлиб кулга айланар эди... Шу сўз сабаб тўкилган кўз ёшлардаги исён олдида Нуҳ тўфони маҳжубиятдан, сароб бўлар эди, балки! Айюб алайҳиссалом дардини тилга олишдан ор қиларди, эҳтимол...   

Аммо ўша сўз айтилди...

 “Қанийди...”

 ... Дунё терсига айланмади, автобус ҳам батанг йўлида давом этаверди. Тонг отаверди, Қуёш ҳам ўз вақтида чиқиб ботаверди.

 Демак, демак-ки, Сўзнинг кучи қолмабди. Сўз қарибди, қартайибди, олдинги шиддати қолмабди. Аввалги сиёсати қандай эди-я... Наҳот, одамзод ҳаммасини шунчалик тез унутса... Ахир бир пайтлар “Кун!” деган сўз ҳайбатидан оламлар яралмаганмиди? Бу сўз янграганда бежилов олам тартибга келмаганмиди? Низом-интизомга бўйсунмаганмиди? Наҳот бу одамзод шунчалар нонкўр бўлса...  Наҳот “Кун фаякун!” жиддиятини, мазмун-мундарижасини англашдан ожиз ва нотавон бўлса?!..

 Мўътабар ая  бекатда нега ўтирганини ҳам унутди. Эслашга уринди. Нега бу ерда? Қаерга кетмоқчи? Қайси автобусни кутяпти? Автобус ўтадими ўзи бу ердан? Соат неча бўлди? Қачон чиққан эди бу ерга? Эшигини қулфлаганмиди, ишқилиб? "Кейинги пайтда нотинч юртлардан  ҳар хил бўлмағур инсонлар келиб ўрнашаётганмиш. Вужуди расм дафтарига айланган ажнабийлар кўпайиб қолди шаҳарда. Аёлми-эркакми билиб бўлмайди баъзиларини..."  Онахон нимчасининг чўнтакларини қидирди. Калит топилмади. Эшикда қолдирганмикан? Балки ичкарида қолгандир. Энг ёмони шу. Ичкарида қолдирган бўлса, ўғли ўликдек қотиб ухлаб ётган бўлади. Уни қўнғироқ чалиб эмас, Николайнинг замбарагини отиб ҳам уйғотиб бўлмайди. "Эҳ, болам тушмагур-а... Бошқаларнинг боласидек тек юрсанг, бирор касб-ҳунарнинг бошини тутсанг бўлмасмиди..."

 ***

 Автобус шаҳар кўчаларидан елдек учиб бормоқда. Ичида қанча йўловчи бўлса, ҳаммасининг боши узра чарх ураётган таниш қушча “Қанийди...” Аслида ҳар бир инсоннинг қалб тубида шу шафқатсиз қуш яшайди. Кимдир уни қалбининг энг чуқур гўшасидаги қафасга жойлаган бўлса, кимдир тилининг тагида тутқунликда сақлайди. Надомат қуши “Қанийди...”  деб сайраб қолса борми, оламни ҳайқириқлар тутиб кетади. Заминга фарёдлар ёғилади тун бўлиб... У шундайин ҳайқириқки, занглаб ётган темирларни ларзага солишга қодир. У шундай фарёдки, асрлар билан сирлашган қояларни ун-урвоқ қилишга муқтадир. Бироқ, минг афсуски, қалби мудраган касларга жин ҳам урмайди...

- Синглим, охирги бекат, тушасизми, йўқми?

 Автобус нозирининг овозидан чўчиб тушган Назира сапчиб ўрнидан турди. Ғижимланган қоғоз пулни унга узатиб автобусдан тушди. Йўл четида қаён борарини билолмай узоқ ўйланиб қолди. У ўзини машиналардан кўтарилиб ҳавога қоришаётган чангга ўхшатди. Чанг-ғуборга қўшилиб ҳавода жисмсиз-бадансиз, унсиз-садосиз, сарсон-саргардон учиб бораётгандек эди. У ҳавога кўтарилган сари улканлашиб, баҳайбатлашиб борар, булутлардан-да ҳайбатли чангга айланиб борар эди. Улкан бир чанг. Кўклардан замин узра қараб турган ҳайратангиз чанг! Одамлар нафратидан, кин-адоватидан, ғазаб ва аламидан кўтарилган ғубор...   

 Самоларда

Учиб юрган чангман мен.

Кўкдан ерга

Қараб турган кўзман мен.

Мен бир кўзман

киприги йўқ, қоши йўқ.

Мен бир чангман

оёғи йўқ, боши йўқ...

Ҳасад билан

одамларга, ҳайвонларга, қушларга.

ёғиламан бу дунёнинг шўрига.

Улкан чанг заррасидек

бу дунё ҳам чанг бўлар

минг-минг юлдуз ичида.

Бу дунёнинг ичи чангдир.

Бу дунё чанг ичида.

Ости ҳам усти ҳам

чангдир, чанг.

Бу дунёнинг

аввали ҳам охири ҳам

чангдир, чанг.

Мен бир чангман

билмам, қай бир чангдан қўпганман.

Ё аввалдан,

ё охирдан қўпганман.[1]

Қийрихон дарвоза очилиб, ичкаридан онасининг товуши эшитилди. Соғинч, ҳасрат, афсус, шафқат ва яна кўплаб маъноларни ортмоқлаб олган бу товушдан ўзига келган Назира ҳўнграб йиғлаб юборди. Она ҳам уни бағрига босиб уввос солиб йиғлади. Бу йиғи-фарёд қаршисида осмон ҳам ғалаёнга келди. Чақмоқлар чақди, самонинг этаги йиртилди. Ёмғир аввал дўлга айланиб, дунёдан аламини ола бошлади. Дарахтлар шохини эгиб-синдириб ташлади, баргларини юлиб-юлқалади. Кейин сел бўлиб уловларни, катта-кичик буюмларни оқиза бошлади. Қаердадир ер ўпирилиб устидагиларни комига торта бошлади. Бироқ одамлар... Улар инларига биқиниб олиб “ўт балосидан, сув балосидан ўзинг асра” дея безбетларча дуо қилиб, калима қайтариб ўтиришарди. Улар “бало” деб атаётган офатларнинг бир бегуноҳ аёл кўзидан оқаётган ёшлар эканини қаёқдан ҳам билишсин...

 ***

 Мўътабар ая уйига яқинлашиб, очиқ қолган эшикдан ичкарига мўралади. Диванда хуррак отиб ухлаб ётган ўғлини кўриб хотиржам бўлди. "Ҳартугул ҳеч ким кирмабди. Кирса ҳам нимани ўғирларди? Бир жойга бекитиб қўйган тиллолари бўлмаса, пули-ку, чўнтагини тўлдирмайди. Эски-туски буюмлар шундоқ ҳам ҳеч кимга керак эмас...  Ая ўғлининг бош томонига ўтириб, унинг қош-кўзларига тикилди. Қуйиб қўйгандек отасининг ўзи-я. Қалин қора қошлари, бўртиб чиққан жағ ва ёноқлари, бетартиб ўсган соқол-мўйлаби... "Мирвоҳид эшон, кўриб қўйинг, ўғлингиз соғ-омон катта бўлди. Ўзим емадим едирдим, ичмадим ичирдим. Сиз ўзингизни яхши кўрардингиз. “Их” деб узала тушдингиз-у кетвордингиз... Бирон жойингиз оғриб ётганингизда ҳам бунча алам қилмасди. Хайр-хўшни насия қилиб ўзингиз кетвордингиз-а, шунча ташвишни менга юклаб... Сиздан кейин турмуш қилмадим. Шундоқ ҳам ёшим улғайиб, кўзим кўкарганда топганим шу қора кўз бўлди. Унинг учун ишладим, елиб-югурдим. Энг яхши мактабларга бердим. Олим бўлсин деб, университетларда ўқитдим. Нима бўлди-ю бунинг кўнгли бир қизга тушди. Бир кўрсангиз эди, атрофимда гирдикапалак бўлишларини бир кўришингиз керак эди-да... Унга энг керак бўладиган пайти кетиб қолдингиз, отаси... Иш буюрсам, юриб эмас югуриб бажаради, хаёли аллақандай паришон, ўзи гапириб ўзи кулади. Тезроқ ишини битириб овқатиниям чала еб қўшни маҳаллага чопади. Ўзига чунонам оро беради-ки, кўриб кўзим қувнайди. Илоҳим, яхши оиладан бўлсин, дея дуо қилдим. Тезроқ менга ёрилса-ю совчиликка югурсам, деб оғзини пойладим.  Бироқ у менга айтгунича қизни қўшни Марҳаматойнинг ўғлига берворишди. Бизни камбағал деб менсимадилар, “эркаги йўқ уйга қиз бермайман”, -деганмиш отаси. Энди бунингизни кўринг, аламини ароқдан ола бошлади. Куну тун ичкиликка ружу қўйди. Эпга келар, деб уйлантирдим, ажрашди, яна бошқа жувон олиб бердим, йил ўтмай унинг ҳам жавобини берди. Ишини ҳам ташлаб, бекорчига айланди. Туппа-тузук одам бир зумда бедаво-ю бенавога айланганини олдин кўрмаган эканман. Севги ўлсин-а, севги... Бинойидек ўғлимизни адо қилди. Йиғладим, ёлвордим, ялиндим чикора... Сизнинг ўрнингиз бўлак экан. Нега ташлаб кетдингиз, Мирвоҳид эшон... Мен кетсам, бу кўчаларда қолиб кетади энди. Мени ер устида ушлаб турган куч шу бўлса керак. Бўлмаса, аллақачон мен ҳам ортингиздан кетворган бўлардим... Назирани бугун кўрдим. Марҳаматхон яна уни ҳайдабди. Қанийди, ўғлимга беришганида... Қанийди, ўзим келин қилганимда... Тақдир экан-да, отаси, қорнини тўйдиришга кучим етди, ўқитишга кучим етди, кўчада қолдирмадим, юпун қўймадим, бировдан олдин, бировдан кейин яшадик. Аммо тақдирнинг битигига аралаша олмадим. Тақдир ҳукмига на сўзим ўтди, на кучим етди. Назира ҳам яшаб ичи чиқмади, бечорагина... Бир этак қизи бор, кўргани ғурбат, кўргани таъна-дашном. Шу ҳаётга келиб муштипар нимани кўрди? Шундай ҳаётни у истабдими? Бошқалар қатори бағри бут яшашга ҳаққи йўқмиди? Қайси айби учун бундай жазога мубтало бўлди? Ўғлимиз-чи, унинг айби нима? Отаси эрта ўлиб кетганими? Етиммас-ку, ҳукматдай онаси бор, ахир. Кимдан ками бор эди? Эҳҳ, одамзод-а, бу дунёга нимага келганини ҳам билмайди. Минг йил яшаб Нуҳ пайғамбар нима кўрди-ю, юз йил яшаб сен нимага эришардинг..."

 ***

 Нигоҳлар тўқнашганда, сўзлар қобиқдан иборат эканлигини англаб маҳжуб бўларкан. Она ва қизнинг кўз ёшлари қаршисида сўзлар нима бўпти?! Она ва қизнинг суҳбати учун сўзларга эҳтиёж йўқ эди, асли. Уларнинг кўзларидан оқаётган ёшлардаги сўзларни дунёнинг ҳеч бир луғати изоҳлаб беролмайди, ахир. Уларнинг боши узра чирқиллаб қанот қоқаётган таассуф қушларининг овозини тиндира оладиган қудрат борми дунёда?! Аммо она бағрига бош қўйган қизнинг ҳовури босилди, онанинг юраги эса оз бўлса ҳам таскин топди. Тақдир ҳукмлари қаршисида онанинг бўйни қилдан нозик. Қиз ҳам азал битикларини ўқишдан маҳрум. Уларнинг қалбида вулқондек портлашга тайёр исённи бостирган куч эса таслимият эди. Буюк қудрат қаршисида ажзиятини ҳис қилган, таслимият шарбатидан татиб кўрган зотларгина ички исёнини бостиришга қодир бўлади...

 ***

 Ҳаёт давом этаверади, фасллар аламашаверади, чархпалак кимнидир олиб, кимнидир ташлаб айланаверади. Бекатларга кимдир келар, кимдир кетаверади. Автобуслар кимларнидир олиб, кимларнидир қолдириб йўлида давом этаверади. Ҳар тонг умидлар уйғонаверади, сўнаверади.  Одамзод эса бу муаззам интизомни уқиб-уқмай “яшадим”, -деб ўтиб кетаверади... 

Қанийди, ҳаммаси бошқача бўлса... Қанийди...

                                                                                             М.Йўлдошев

12.07.2023.



[1] Рамиз Равшан шеъридан парча (таржима бизники)