15.08.2020

РАСМИЯ СОБИР

 


RƏSMIYYƏ SABIR

РАСМИЯ СОБИР ШЕЪРЛАРИ

 

ОЛЛОҲИМ


Ўзинг тўккан дардларни

Мен тўплайман, Оллоҳим.

Қалбим тўла ғам-андуҳ

Сиқиляпман, Оллоҳим.

 

Бир умрда минг бир сир,

Оҳимдан тош ёрилар.

Дард келар қўша-қўша,

Титраяпман, Оллоҳим.

 

Бевақт ёғди-ей қорлар,

Сочимга паға-паға.

Бирам совуқ инсонлар

Яхлаяпман, Оллоҳим.

 

Сени туйганим ондан,

Рози эдим кечсам жондан.

Ўзим чиққан зинадан

Йиқиляпман, Оллоҳим.

 

СЎЗЛАР ТУГАГАН ЖОЙДА


Дунё сенга саволим,

Адолатинг қайдадир?

Булбул оғзида толқон,

Қарға сайрар жойдамиз.

 

Не дей золим фалакка

Мардлар муҳтож номардга.

Виждонлар кўр паришон,

Ҳақ унутган жойдамиз.

 

Ҳаёт бизни қилди хор,

Ичимизда минг бир зор.

Одамийлик саросар,

Увол бўлган жойдамиз.

 

Кам эмас сенинг ёшинг,

Не дардлар кўрди бошинг!

Жим бўл, иним Дадамўғли

Сўзлар битган жойдамиз.

 

Бахт кулмайди юзимизга

Кун боқмагай умримизга

Кафан бичар толе бизга

Дунё отлиғ гўрдамиз.

 

НЕГАТИВ


Бир умр бағишладим

Сенинг йўқлигингга.

Ёзилмаган

Ҳар бир шеъримда.

Олинмаган

Ҳар бир расмда.

Куйланмаган

Ҳар бир қўшиқда

Сен борсан.

Менинг севги саройимда

Ҳар доим кулли ихтиёрсан.

Сен

Яшалмаган кунларимнинг

Негативисан,

Буюк севгим.

 

СОЯ


Ҳеч нима ўлмайди,

Ҳаммасининг шакли ўзгарар.

Мен туғилганимдан бери

Шаклим ўзгаради.

Ўлим ҳам бир нави

шаклий ўзгариш.

Аввал соянг

Қисқара бошлайди.

Иккинчи курс пайтим

Фалсафадан дарс берган

Профессорнинг ўлимини

Соясининг қисқарганидан

Англаган эдим.

Ўргатган фалсафасининг

шакли ўзгарган эди.

Пора фалсафаси

Ялтоқлик фалсафаси

Устқурма фалсафаси

Гегел

Кант

Фрейд фалсафасини жини суймасди

Профессорнинг бўйи билан

сояси каби...

Ҳеч нима ўлмайди,

Ҳаммасининг шакли ўзгарар...

Озарбайжон тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси

15.08.2020.

14.08.2020

Ғаройиб жой номлари

 

ҒАРОЙИБ ЖОЙ НОМЛАРИ

Қадимдан қишлоқ, маҳалла ва шаҳарлар географик ўрни, ҳудуднинг табиий хусусиятлари, шу ерда яшовчи аҳолининг этник келиб чиқиши ёки асосий касб-корига кўра номлаб келинган. Шунингдек, муайян бир ҳудудга ном беришда тарихий, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлар ҳам ҳисобга олинган. Шу боис, Борсакелмас, Чарчаманг, Куйганёр, Қолган сир, Моховтовуқ, Оғзикенг, Чопон тиққан, Гадойтопмас, Кўккўз, Чивинтепа, Танга топди, Серка қирилди, Қумбойғунди, Қулбурун, Жумалоқ каби топонимлар ҳам ўша ерда яшаб ўтган аждодлардан қолган тарихий ёдгорликлар ҳисобланади. Бу номлар ўзида кўплаб халқ ривоят ва афсоналарининг пайдо бўлишига сабаб бўлган лисоний обидалардир. Бу номларни бугунги кунга тўғри келмайди дея ўзгартиришга шошилмаслик керак. Ўзгартириш қочмас, аввало, бу номлар атрофида пайдо бўлган турли фольклор материалларини йиғиш ва мутахассислар томонидан таҳлил қилишни ташкил қилиш керак. Узоқ даврлардан бери мавжуд бўлган қайси жой номи ҳақида ўша ерда яшовчи аҳолидан сўрасангиз, албатта бир-биридан қизиқ ҳикояларни айтиб беришади. Шунинг учун топонимлар халқнинг жонли хотираси ҳисобланади ва уларни тушуниб-тушунмай, алмаштириш ярамайди.

Бошқа мамлакатлар харитасига кўз ташласангиз бундан-да ғаройиб, кулгили ёки ваҳимали номларнинг мавжудлигини кўрасиз. Қизиғи шундаки, аксар мамлакатлар шундай ғаройиб номлардан туризмни ривожлантиришда ҳам кенг фойдаланишмоқда. Масалан, “шўрва” маъносидаги Supilinn (Эстония), “номсиз” маъносидаги Nameless (АҚШ), “дўзаҳ” маъносидаги Cehennem (Туркия) каби топонимларнинг борлигидан ўша ерда яшовчи аҳоли ҳам у ернинг бошқарувчилари ҳам уялишмаса керакки, ўзгартириш ҳақида ўйлашмайди.

Қуйидаги номлар ҳам ғаройибликда бир-биридан қолишмайди ва ҳар бирининг ўзига яраша қизиқарли ҳикояси бор:

Taumatawhakatangihangakoauauotamateaturipukakapikimaungahoronukupokaiwhenuakitanatahu. Янги Зеландиянинг шимолидаги орол номи бўлиб, 85 ҳарфдан иборат бу ном Guinness рекордлар китобига “дунёдаги энг узун топоним” сифатида кирган. Қисқартмасининг ўзи ҳам 57 ҳарфдан иборат: Taumatawhakatangihangakoauauotamateapokaiwhenuakitanatahu. Мазкур топоним маори тилида “Катта тиззали, тоғларга тирманган, бу атрофда кезиб тупроқ ютган Таматеанинг ўз севгилиси учун бурун флейтаси чалган тепалиги” маъносини билдирар экан.

Llanfairpwllgwyngyllgogerychwyrndrobwllllantysiliogogogoch топоними эса Англиянинг Уэльс ҳудудидаги Англси шаҳрига қарашли қасаба номи ҳисобланади. 58 ҳарфли бу топонимни аҳоли қисқартириб Llanfairpwllgwyngyll (Лланвайр-Пуллгуингилл) тарзида талаффуз қилишади. Мазкур топоним “Муқаддас Тсилиодаги ғорнинг яқинида шиддат билан айланган тўфон шамолларининг ўртасида оқ ёнғоқ дарахтлари ўсган чуқурликдаги муқаддас Марям ибодатхонаси” жойлашган қишлоқ деган маънони билдирар экан.

Chargoggagoggmanchauggagoggchaubunagungamaugg Массачусетс штатидаги (АҚШ) бир кўл номи. 45 ҳарфли бу лимнонимда 15 та “г” ҳарфи мавжуд. Nipmuck қабиласи тилида “Сен ўз томонингда, мен ўз томонимда балиқ овлайман, ўртага ҳеч ким тушмасин” деган маънони билдирар экан. Қисқартириб Chaubunagungamaug (Чаубунагунгамауг) тарзида ҳам ишлатилади. Бироқ  халқ “Webster кўли” дейишни маъқул кўрар экан.

Tweebuffelsmeteenskootmorsdoodgeskietfontein Жанубий Африкадаги бир қишлоқ номи “Бир отишда икки ҳўкиз ўлдирилган жой” маъносини билдирар экан.

Шунингдек, Äteritsiputeritsipuolilautatsijänkä (Финландия), Pekwachnamaykoskwaskwaypinwanik (Канада), Venkatanarasimharajuvaripeta (Ҳиндистон) каби мураккаб номларнинг ҳам қизиқарли тарихи бор.

Таиланд пойтахти Бангкокнинг қадимий номи ҳам энг узун бирикмали номлар сирасидан жой олган: Krungthep Mahanakhon Amonrattanakosin Mahintharayutthaya Mahadilokphop Noppharatratchathani Burirom-udomratchaniwet Mahasathan Amonphiman Awatansathit Sakkathattiya Witsanu Kamprasit. Бу ном “Висвакарманинг амрига биноан қурилган фаришталар шаҳри, буюк ўлимсизлар шаҳри, тўққиз гавҳарнинг шаҳри, қирол қароргоҳи, қироллик саройлари шаҳри, қиёфа алмаштирган тангриларнинг уйи” деган маънони билдирар экан.

Бундан ташқари бир ҳарфдан иборат топонимлар ҳам талайгина экан. Масалан, Норвегиядаги “кичик дарё” маъносини англатувчи Å дарё ва ҳудди шу номдаги қишлоқ, Швециядаги “орол” маъносини билдирувчи бир унлидан иборат Ö қишлоғи, Ветнамдаги U қасабаси номи шулар жумласидандир.

Хуллас, жой номлари миллатнинг лисоний обидаларидир. Мабодо, уларини ўзгартириш эҳтиёжи туғилса, қандай маънони билдириши ёки қандай талаффуз қилинишидан қатъи назар топонимист олимлар фикрига қулоқ тутиш зарур. Чунки ҳар бир ном ўз тарихига эга, унда ўша ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолининг ҳаёти, турмуш тарзи, орзу-умидлари, дунёқараши ва халқнинг тарихий хотираси ифодаланган бўлади. Ва яна алмаштириладиган янги номнинг тарихий анъана ва тилимиз табиатига мослигига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ўзбекча сўз-номлар ўрнига ўзга тилдаги "ялтироқ" сўзларни қўйиш катта хато бўлади.

Маъруфжон Йўлдошев

13.08.2020

Шукру Эрбош

 

ШУКРУ ЭРБОШ ШЕЪРЛАРИ

 

кўчалар бунча юкни қандай кўтарар, тангрим

бунча инсон ортиқ

бу оқшом ортиқ

бу ёмғир ортиқ

 

хоналар, тангрим, қандай чидар бунча бўшлиққа

оқшомга қадар

сабоҳга қадар

узоқларга қадар

 

инсон муҳаббатсиз қандайин яшар

орзудан кейин

жодудан кейин

кўз ёшдан кейин

 

замон, тангрим, бизни қандай улғайтар

гўзаллик бўлмаса

ёлғизлик бўлмаса

унутмоқ бўлмаса

 

ўлимга инсон қандай кўникар, тангрим

дарахтлар яшаса

булутлар яшаса

болалар яшаса...

 

Соғинч жилваси


Эгри чизиқлар хорғин,

Икки қошим орасида.

Икки қошим орасида оғриқ,

Кўзларимда оғриқ негадир,

Кўзларимда кучаяр ёнғин.

 

Бир ёнимда майда ташвишлар,

Рўзғор, нон ва майда-чуйда.

Ҳаётимга ошнодир бари.

Бир ёним бетиним қўшиқлар куйлар

Йўл, соғинч ва алланима.

Менинг энг гўзал тушларим

ичимда қолди.

 

Бир нималар камаймоқда кун сайин,

Бир ерларим эриб борар тинмайин.

Бошим узра айланмоқда бир булут.

Мен сут-мовий тонгларни орзуласам

Терсоқар сувларда чўкмоқда оқшом.

Турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси

 

Кўнул Ариф

 

Könül Arif

Йўллар кечирмайди кечикканларни...

 

Унутаман

 

Унутаман шеърларимни,

Унутаман...

Унутаман,

Кўр қудуққа ташланган,

Арқони узик челакдайин

Унутаман шеърларимни.

Бирин-кетин, секин-секин,

Унутаман...

 

Кечикма!

 

Яширасан кўзларинг намли гиламдек,

Яширасан изларим унутган йўлдан.

Ютиб кўз ёшингни аччиқ малҳамдек,

Қийналар руҳ озорларингдан.

Ёлғон сўздир: “Эркаклар йиғламас,

Йиғламас асло!”

Қайтинг уйингизга, янгидан бошланг,

Қайтинг, у йўлларга қайтмагайман мен

Қанча ойлар ўтди, қаранг, фаслимиз ўтди

Йўллар кечирмайди кечикканларни...

 

Кўрлик

Қай йўсин қарасанг, қараб боқ,

Уй ўша ҳолича жойида.

Тандаги виждон ҳам ўшандоқ

Оллоҳ жойлаб қўйган жойида

Келсанг гар...

Oh no! I’m not religious, baby!

Озарбайжон тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси

10.08.2020

Haqiqat izlab...

 


HAQIQAT IZLAB...

Qadim zamonda bir cholning uch o‘g‘li bor ekan. To‘ng‘ichi savdogar, o‘rtanchisi zargar, kenjasi esa anchayin xayolparast bo‘lib, bor vaqtini haqiqat izlash bilan o‘tkazar ekan. Uch o‘g‘il otasidan ruxsat olib, yurt kezishni ixtiyor qilishibdi. Bir yildan so‘ng uyga qaytganlarida har biri o‘z kasbi bilan bog‘liq orttirgan tajribalarini so‘zlab beradigan bo‘lishibdi. Oradan roppa-rosa bir yil o‘tib, to‘ng‘ich va o‘rtanchi o‘g‘il uyiga qaytibda. Ular otasiga ko‘rgan-kechirgan voqealarini oshirib-toshirib aytib berishibdi. Kichik o‘g‘ildan esa o‘sha ketganicha haligacha dom-darak yo‘q emish... 

Ma'rufjon Yo‘ldoshev

3.08.2020

Ё дарвеш... I



Ё ДАРВЕШ...

I

Ё Раббано хайр айла, Муҳаммадга ёр айла...

- Қалб ҳам синадими? - сўради Огоҳ.

- Синиш ҳам гапми, чилпарчин бўлиб кетиши мумкин! - деди дарвеш. - Аммо тош зарбидан эмас, ё товуш таъсиридан, ё сўз оҳангидан.

***

- Қандай дуо қилсам, Оллоҳ даргоҳида қабул бўлади? - сўради Огоҳ.

- Қуруқ дуо қилишни қўй! - деди дарвеш. - Мева олишни истаган дарахт экади.

***

- Қурбoн байрами қачон бўлади? - сўради Огоҳ.

- Ҳақиқий қурбон байрами қиёмат кунида бўлади! - деди дарвеш. - Мўминлар базмгоҳга киради, ҳўкизлар кушхонага.

***

- Қушда қанот бору нега инсонда йўқ? - сўради Огоҳ.

- Инсоннинг қаноти қаноатидадир! - деди дарвеш. - Қаноат инсонни қушлар етиб боролмайдиган юксакликларга олиб чиқади.

***

- Илоҳий ишқ недир? - сўради Огоҳ.

- Мавлонодан эшит: “Эй кўнгил, сендан ишқ надур, деб сўрасалар, айтгинки, сўраганлар билмагай, билганлар сўрамагай!” - деди дарвеш. – Юкни кўтаришга кўзинг етмаса, унга толиб бўлма.

***

- Сўз сўзламоқнинг қоидаси недир? - сўради Огоҳ.

- Сўз неъматдир, сўз ҳикматдир! - деди дарвеш. - Қоидасини уқиб ол: сўзни сезиб сўзла, эшитганга малол келмасин; сўзни танлаб сўзла, тинглаган маржондек мунтазам десин; сўзни билиб сўзла, кимсанинг қалбига озор етмасин; сўзни ақл тарозисида тортиб сўзла, исрофинг кулфатидан тингловчига ҳам озор етмасин.

Ё Раббано хайр айла, Муҳаммадга ёр айла...

Маъруфжон Йўлдошев