Ё ДАРВЕШ...
I
Ё Раббано хайр айла, Муҳаммадга
ёр айла...
- Қалб ҳам синадими? - сўради Огоҳ.
- Синиш ҳам гапми, чилпарчин бўлиб кетиши мумкин! -
деди дарвеш. - Аммо тош зарбидан эмас, ё товуш таъсиридан, ё сўз оҳангидан.
***
- Қандай дуо
қилсам, Оллоҳ даргоҳида қабул бўлади? - сўради Огоҳ.
- Қуруқ дуо
қилишни қўй! - деди дарвеш. - Мева олишни истаган дарахт экади.
***
- Қурбoн
байрами қачон бўлади? - сўради Огоҳ.
- Ҳақиқий қурбон
байрами қиёмат кунида бўлади! - деди дарвеш. - Мўминлар базмгоҳга киради, ҳўкизлар
кушхонага.
***
- Қушда қанот бору нега инсонда йўқ? - сўради Огоҳ.
- Инсоннинг қаноти қаноатидадир! - деди дарвеш. - Қаноат
инсонни қушлар етиб боролмайдиган юксакликларга олиб чиқади.
***
- Илоҳий ишқ
недир? - сўради Огоҳ.
- Мавлонодан эшит: “Эй кўнгил, сендан ишқ надур, деб
сўрасалар, айтгинки, сўраганлар билмагай, билганлар сўрамагай!” - деди дарвеш. –
Юкни кўтаришга кўзинг етмаса, унга толиб бўлма.
***
- Сўз
сўзламоқнинг қоидаси недир? - сўради Огоҳ.
- Сўз неъматдир, сўз ҳикматдир! - деди дарвеш. - Қоидасини
уқиб ол: сўзни сезиб сўзла, эшитганга малол келмасин; сўзни танлаб сўзла, тинглаган маржондек мунтазам десин; сўзни билиб сўзла, кимсанинг қалбига озор етмасин; сўзни ақл тарозисида тортиб сўзла, исрофинг кулфатидан тингловчига ҳам озор етмасин.
Ё Раббано хайр айла,
Муҳаммадга ёр айла...
Маъруфжон Йўлдошев
Hiç yorum yok:
Yorum Gönder