14.08.2020

Ғаройиб жой номлари

 

ҒАРОЙИБ ЖОЙ НОМЛАРИ

Қадимдан қишлоқ, маҳалла ва шаҳарлар географик ўрни, ҳудуднинг табиий хусусиятлари, шу ерда яшовчи аҳолининг этник келиб чиқиши ёки асосий касб-корига кўра номлаб келинган. Шунингдек, муайян бир ҳудудга ном беришда тарихий, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлар ҳам ҳисобга олинган. Шу боис, Борсакелмас, Чарчаманг, Куйганёр, Қолган сир, Моховтовуқ, Оғзикенг, Чопон тиққан, Гадойтопмас, Кўккўз, Чивинтепа, Танга топди, Серка қирилди, Қумбойғунди, Қулбурун, Жумалоқ каби топонимлар ҳам ўша ерда яшаб ўтган аждодлардан қолган тарихий ёдгорликлар ҳисобланади. Бу номлар ўзида кўплаб халқ ривоят ва афсоналарининг пайдо бўлишига сабаб бўлган лисоний обидалардир. Бу номларни бугунги кунга тўғри келмайди дея ўзгартиришга шошилмаслик керак. Ўзгартириш қочмас, аввало, бу номлар атрофида пайдо бўлган турли фольклор материалларини йиғиш ва мутахассислар томонидан таҳлил қилишни ташкил қилиш керак. Узоқ даврлардан бери мавжуд бўлган қайси жой номи ҳақида ўша ерда яшовчи аҳолидан сўрасангиз, албатта бир-биридан қизиқ ҳикояларни айтиб беришади. Шунинг учун топонимлар халқнинг жонли хотираси ҳисобланади ва уларни тушуниб-тушунмай, алмаштириш ярамайди.

Бошқа мамлакатлар харитасига кўз ташласангиз бундан-да ғаройиб, кулгили ёки ваҳимали номларнинг мавжудлигини кўрасиз. Қизиғи шундаки, аксар мамлакатлар шундай ғаройиб номлардан туризмни ривожлантиришда ҳам кенг фойдаланишмоқда. Масалан, “шўрва” маъносидаги Supilinn (Эстония), “номсиз” маъносидаги Nameless (АҚШ), “дўзаҳ” маъносидаги Cehennem (Туркия) каби топонимларнинг борлигидан ўша ерда яшовчи аҳоли ҳам у ернинг бошқарувчилари ҳам уялишмаса керакки, ўзгартириш ҳақида ўйлашмайди.

Қуйидаги номлар ҳам ғаройибликда бир-биридан қолишмайди ва ҳар бирининг ўзига яраша қизиқарли ҳикояси бор:

Taumatawhakatangihangakoauauotamateaturipukakapikimaungahoronukupokaiwhenuakitanatahu. Янги Зеландиянинг шимолидаги орол номи бўлиб, 85 ҳарфдан иборат бу ном Guinness рекордлар китобига “дунёдаги энг узун топоним” сифатида кирган. Қисқартмасининг ўзи ҳам 57 ҳарфдан иборат: Taumatawhakatangihangakoauauotamateapokaiwhenuakitanatahu. Мазкур топоним маори тилида “Катта тиззали, тоғларга тирманган, бу атрофда кезиб тупроқ ютган Таматеанинг ўз севгилиси учун бурун флейтаси чалган тепалиги” маъносини билдирар экан.

Llanfairpwllgwyngyllgogerychwyrndrobwllllantysiliogogogoch топоними эса Англиянинг Уэльс ҳудудидаги Англси шаҳрига қарашли қасаба номи ҳисобланади. 58 ҳарфли бу топонимни аҳоли қисқартириб Llanfairpwllgwyngyll (Лланвайр-Пуллгуингилл) тарзида талаффуз қилишади. Мазкур топоним “Муқаддас Тсилиодаги ғорнинг яқинида шиддат билан айланган тўфон шамолларининг ўртасида оқ ёнғоқ дарахтлари ўсган чуқурликдаги муқаддас Марям ибодатхонаси” жойлашган қишлоқ деган маънони билдирар экан.

Chargoggagoggmanchauggagoggchaubunagungamaugg Массачусетс штатидаги (АҚШ) бир кўл номи. 45 ҳарфли бу лимнонимда 15 та “г” ҳарфи мавжуд. Nipmuck қабиласи тилида “Сен ўз томонингда, мен ўз томонимда балиқ овлайман, ўртага ҳеч ким тушмасин” деган маънони билдирар экан. Қисқартириб Chaubunagungamaug (Чаубунагунгамауг) тарзида ҳам ишлатилади. Бироқ  халқ “Webster кўли” дейишни маъқул кўрар экан.

Tweebuffelsmeteenskootmorsdoodgeskietfontein Жанубий Африкадаги бир қишлоқ номи “Бир отишда икки ҳўкиз ўлдирилган жой” маъносини билдирар экан.

Шунингдек, Äteritsiputeritsipuolilautatsijänkä (Финландия), Pekwachnamaykoskwaskwaypinwanik (Канада), Venkatanarasimharajuvaripeta (Ҳиндистон) каби мураккаб номларнинг ҳам қизиқарли тарихи бор.

Таиланд пойтахти Бангкокнинг қадимий номи ҳам энг узун бирикмали номлар сирасидан жой олган: Krungthep Mahanakhon Amonrattanakosin Mahintharayutthaya Mahadilokphop Noppharatratchathani Burirom-udomratchaniwet Mahasathan Amonphiman Awatansathit Sakkathattiya Witsanu Kamprasit. Бу ном “Висвакарманинг амрига биноан қурилган фаришталар шаҳри, буюк ўлимсизлар шаҳри, тўққиз гавҳарнинг шаҳри, қирол қароргоҳи, қироллик саройлари шаҳри, қиёфа алмаштирган тангриларнинг уйи” деган маънони билдирар экан.

Бундан ташқари бир ҳарфдан иборат топонимлар ҳам талайгина экан. Масалан, Норвегиядаги “кичик дарё” маъносини англатувчи Å дарё ва ҳудди шу номдаги қишлоқ, Швециядаги “орол” маъносини билдирувчи бир унлидан иборат Ö қишлоғи, Ветнамдаги U қасабаси номи шулар жумласидандир.

Хуллас, жой номлари миллатнинг лисоний обидаларидир. Мабодо, уларини ўзгартириш эҳтиёжи туғилса, қандай маънони билдириши ёки қандай талаффуз қилинишидан қатъи назар топонимист олимлар фикрига қулоқ тутиш зарур. Чунки ҳар бир ном ўз тарихига эга, унда ўша ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолининг ҳаёти, турмуш тарзи, орзу-умидлари, дунёқараши ва халқнинг тарихий хотираси ифодаланган бўлади. Ва яна алмаштириладиган янги номнинг тарихий анъана ва тилимиз табиатига мослигига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ўзбекча сўз-номлар ўрнига ўзга тилдаги "ялтироқ" сўзларни қўйиш катта хато бўлади.

Маъруфжон Йўлдошев

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder