3.08.2020

Ҳақиқат ва Ёлғон




ҲАҚИҚАТ ВА ЁЛҒОН ҲАҚИДА АФСОНА
Қадим афсонага кўра, Ҳақиқат ва Ёлғон бир куни йўлда учрашиб қолишибди. Ёлғон:
– Анчадан бери бунақанги гўзал ҳавони кўрмагандим, қуёш нурларининг майинлигини қара! – дебди.
Ҳақиқат атрофда учиб юрган турфа қушларга, рангоранг капалакларга, гулу чаманларга завқ билан боқибди, мусаффо осмонга термулибди. Ҳаво ҳақиқатан жуда гўзал экан. Қуёш нурларининг майинлигига мафтун бўлибди. Ҳақиқат Ёлғоннинг рост гапларига ҳайрон қолиб йўлида давом этибди. Улар бир ҳовуз олдида тўхташибди. Ёлғон қўлини сувга солиб:
– Сувнинг илиқлигини қара. Кел, чўмиламиз! – дебди.
Ҳақиқат Ёлғоннинг сўзларига ишонмабди. Ёлғон:
– Худо ҳаққи рост гапиряпман, ишонмасанг ўзинг синаб кўр! – дебди.
Ҳақиқат сувга қўлини солса, чиндан ҳам сув роҳатижон экан. Иккаласи сувга тушиб мириқиб чўмилишибди. Ҳақиқат соҳилдан узоқлашган пайтда Ёлғон сувдан чиқибди ва Ҳақиқатнинг кийимларини кийиб қочиб кетибди.
Бундан ғазабланган Ҳақиқат Ёлғонни топиш учун йўлга тушибди. Ғазабнок Ҳақиқатни кўрган одамлар ундан юз ўгира бошлабди. Унинг гапларини эшитиш тугул оғиз очишига ҳам имкон беришмабди. Кечагина уни мадҳ этаётган оламон, усиз ҳаётнинг зулматдан фарқсиз эканлигини таъкидлашдан чарчамаётган аҳоли бугун уни кўрарга кўзи йўқ, ундан нафратланишаётган экан. Ҳақиқат бу ҳолдан қаттиқ изтироб чекиб, чекка бир қишлоқдаги сувсиз қудуққа тушиб то қиёмат ғойиб бўлибди.
Ёлғон нима қилибди, дейсизми? Ўша кундан буён Ҳақиқат либосида дунё кезиб юрганмиш. Бутун дунёдаги одамлар уни жуда яхши кўрар экан. Уйларида меҳмон қилишар, ҳаётини унинг тавсияларига кўра иншо этишар экан. Ҳамма унинг эртакларига бирдек ишонар, ширин ёлғонларининг сира тугамаслигини тилаб дуолар қилишар экан.
Аччиқ Ҳақиқатни эса халқ аллақачон унутиб юборибди. Уни эслайдиган одам дунёда қолмабди.
Орадан кўп вақт ўтибди. Бир подшоҳ ҳақидаги ҳақиқатдан хабардор бўлган сартарош Ҳақиқат ғойиб бўлган қудуққа бориб ҳайқирибди:
Искандарнинг шохи бор!
Искандарнинг шохи бор!
Искандарнинг шохи бор!
Яна орадан кўп давру даврон ўтибди. Кўҳна қудуқнинг ичидан қамиш ўсиб чиқибди. Уни кўрган чўпон қамишни кесиб най ясабди. Аммо уни чалмоқчи бўлган экан қўли қалтирабди, нафаси титраб бўғзига тиқилибди. Ўзида куч тўплаб, катта ишонч билан найни чалибди. Найдан шундай куй таралибдики, эшитган одам қулоғини қўллари билан беркитибди. Бундай нохуш куйни чалган бадният чўпонни юртдан бадарға қилибди. Чўпон хафа бўлиб найни ўша қудуққа ташлабди, қудуқни кўмиб, текислаб ташлаб йўлида давом этибди.
Замонлар ўзгарибди, одамлар ўзгарибди. Қудуқ ўрнидан яна қамишлар ўсиб чиқибди. Аммо энди юртда уни кесиб, най қилиб чаладиган чўпоннинг ўзи ҳам қолмаган экан... 


Hiç yorum yok:

Yorum Gönder