15.08.2020

РАСМИЯ СОБИР

 


RƏSMIYYƏ SABIR

РАСМИЯ СОБИР ШЕЪРЛАРИ

 

ОЛЛОҲИМ


Ўзинг тўккан дардларни

Мен тўплайман, Оллоҳим.

Қалбим тўла ғам-андуҳ

Сиқиляпман, Оллоҳим.

 

Бир умрда минг бир сир,

Оҳимдан тош ёрилар.

Дард келар қўша-қўша,

Титраяпман, Оллоҳим.

 

Бевақт ёғди-ей қорлар,

Сочимга паға-паға.

Бирам совуқ инсонлар

Яхлаяпман, Оллоҳим.

 

Сени туйганим ондан,

Рози эдим кечсам жондан.

Ўзим чиққан зинадан

Йиқиляпман, Оллоҳим.

 

СЎЗЛАР ТУГАГАН ЖОЙДА


Дунё сенга саволим,

Адолатинг қайдадир?

Булбул оғзида толқон,

Қарға сайрар жойдамиз.

 

Не дей золим фалакка

Мардлар муҳтож номардга.

Виждонлар кўр паришон,

Ҳақ унутган жойдамиз.

 

Ҳаёт бизни қилди хор,

Ичимизда минг бир зор.

Одамийлик саросар,

Увол бўлган жойдамиз.

 

Кам эмас сенинг ёшинг,

Не дардлар кўрди бошинг!

Жим бўл, иним Дадамўғли

Сўзлар битган жойдамиз.

 

Бахт кулмайди юзимизга

Кун боқмагай умримизга

Кафан бичар толе бизга

Дунё отлиғ гўрдамиз.

 

НЕГАТИВ


Бир умр бағишладим

Сенинг йўқлигингга.

Ёзилмаган

Ҳар бир шеъримда.

Олинмаган

Ҳар бир расмда.

Куйланмаган

Ҳар бир қўшиқда

Сен борсан.

Менинг севги саройимда

Ҳар доим кулли ихтиёрсан.

Сен

Яшалмаган кунларимнинг

Негативисан,

Буюк севгим.

 

СОЯ


Ҳеч нима ўлмайди,

Ҳаммасининг шакли ўзгарар.

Мен туғилганимдан бери

Шаклим ўзгаради.

Ўлим ҳам бир нави

шаклий ўзгариш.

Аввал соянг

Қисқара бошлайди.

Иккинчи курс пайтим

Фалсафадан дарс берган

Профессорнинг ўлимини

Соясининг қисқарганидан

Англаган эдим.

Ўргатган фалсафасининг

шакли ўзгарган эди.

Пора фалсафаси

Ялтоқлик фалсафаси

Устқурма фалсафаси

Гегел

Кант

Фрейд фалсафасини жини суймасди

Профессорнинг бўйи билан

сояси каби...

Ҳеч нима ўлмайди,

Ҳаммасининг шакли ўзгарар...

Озарбайжон тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси

15.08.2020.

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder