4.06.2023

 


ХАЁЛ РИЗО

        Хаёл Ризо (1980.17.04) — шоир, журналист, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси бошқарув кенгаши аъзоси, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати раҳбари, Микайил Мушфиқ ҳайъати раиси, ayb.az сайти бош муҳаррири.

 

УЙСИЗ ЭШИК

Салом, зангор эшик,

салом, оқ эшик.

Қадим темирлардан

қадимроқ эшик.

Қизили десангиз,

сариғи ҳам бор.

Эртадан умидвор кутгани ҳам бор.

Йиқилган-тўкилган харобазорда

Хастаҳол, бемажол ётгани ҳам бор...

Салом, бағри бут эшик,

салом, тул эшик.

Салом, оға эшик,

салом, қул эшик.

Ташласанг бефойда,

сотсанг  пул эшик.

Салом, ҳаёт эшик,

салом, йўл эшик.

Салом, хон дарвоза,

салом, ён эшик.

Назардан, фитнадан

қўригай тетик

гардани тақали

тақадор эшик.

Салом, ўттиз тўққиз,

Салом, қирқ эшик.

Салом, суянмоқдан

униққан эшик.

Ҳар кун минг тепкига

чидаган қулдек

сабрли, бардошли

эҳ, мискин эшик.

Салом, эзгу эшик,

салом, ёт эшик,

салом, зангдор эшик,

ҳашамдор эшик.

Салом, олтин эшик,

салом, мис эшик.

Қора эшик, салом,

овора эшик.

Салом, хароб эшик,

яп-янги эшик.

Салом, уйсиз эшик,

энг азиз эшик.

 

ЕТИМ ЭШИК

Салом уйсиз эшик,

энг азиз эшик...

Салом, ожиз эшик,

нотавон эшик...

Салом, кўк юзининг

такбир эшиги,

салом, ер юзининг асир эшиги...

Йўқсул инсонларнинг касир эшиги!

Салом, жаннат эшик, жаҳаннам эшик,

юраги ярали, кўзлари намли,

кимлар учун иқбол, тахт эшик.

Бироз сархуш эшик, бироз бахт эшик.

Салом, асаб эшик,

салом, ҳирс эшик.

Салом, ҳожат эшик,

салом, терс эшик.

кўзларида ойнак,

қўлида асо,

тишлари чириган, эй, шикаст эшик.

Салом, маҳкам эшик,

салом, берк эшик.

Салом, олим эшик,

салом, тарк эшик.

Ҳунармандга мадад,

умидбахш чироқ,

Етим-есир учун

кенг макон эшик.

Салом, сингил эшик,

эй, қардош эшик.

Отам-онам эшик,

ҳам сирдош эшик.

Муштга айланган,

темирга дўнан,

дардларга ҳамроз,

ватандош эшик!

Салом, номус тоғи,

виждон ўчоғи.

Ғурурим, шарафим, шонимсан эшик,

салом, кўзи йўлда, қулоғи сасда

кимсасиз, бенаво, эй, етим эшик...

Озарбайжон тилидан М.Йўлдошев таржимаси