30.06.2021

 



ЯХШИ ДЎСТ, ФИДОЙИ ИНСОН

Касбимиз ва ўзимиз севган машғулотлар орқали жуда кўп инсонлар билан танишамиз, фикрлашамиз, дўстлашамиз. Анчадан бери озарбайжон шоирларининг шеърларини таржима қилиб келаман. Шеърни шоир таржима қилиши керак, шоирликка иддао қилмайман. Лекин таржима қилсам кўнглим яйрайди, аллақандай ҳузурни туяман ва бу ҳисни таърифлай олмайман. Хуллас, таржима қиламан ва ўзимнинг мўъжазгина блогимга жойлайман. Шу блогдан хабардор бир йигит менга Озарбайжондан ёзиб қолди. Танишдик ва суҳбатидан хурсанд бўлдим. Нафақат озарбайжон шоир ва олимларини, балки бошқа қардош халқлар зиёлиларини ҳам яқиндан танир, улар билан доимий мулоқотда экан. Туркий халқлар шеърияти, фольклори ва мусиқа санъатидан бохабар бу инсон мени Озарбайжондаги кўпгина яхши шоирлар билан таништирди. Уларнинг шеърларини ҳам таржима қила бошладим. Бу инсонни Озарбайжоннинг таниқли шоири Шаҳриёр Оллоҳёрўғли “Жонли адабий кўприк” дея тўғри таъкидлабди:  “Жонли адабий кўприк. Санъат аҳли томонидан яхши таниш бўлган Элнур Бахиш ажойиб инсон. Элнурнинг дунёқараши ҳам ўзига хос. Ака укага беминнат кўмаклашмайдиган ҳозирги пайтда Элнур адабиёт ва санъат аҳлини беминнат дўстлаштириб, уларга самимий кўмаклашиб юришдан завқ олади. Бир-бирини танимайдиган шоирлар, ёзувчилар, хонандалар, бир сўз билан айтганда, санъат аҳли ўртасида жонли ва бағоят ишончли адабий кўприк вазифасини ўтайди.” Элнур Бахиш ана шундай фидойи, камтар ва олижаноб инсон. Қуйида унинг бир шеърини сизларга илиндим.

 

НИГОҲЛАР

Ҳаёт дафтарига ёзилур, гулим,

Сен билан ошино бўлган нигоҳлар.

Ширин хотирадир, ёдларда қолур,

Сарғайган нигоҳлар, сўлғин нигоҳлар.

 

Муҳаббатга тўла ул гўзал кунлар,

Ёдга тушган ҳамон қоврилар йиллар.

Сайрамас булбуллар, очилмас гуллар,

Йиғлайди кўзлари тўлган нигоҳлар.

 

Элнуринг қанчалар қийналди, Тангрим,

Севгининг ўзи ҳам бир дарддир, Тангрим.

Кўксимни ишқ ўти ўртайди, Тангрим,

Умримда абадий  қолган нигоҳлар.

Элнур Бахиш

Озарбайжон Журналистлар ва бастакорлар уюшмаси аъзоси

фольклоршунос бастакор, шоир ва ёзувчи.


27.06.2021

Terane Turan Rehimli

ТАРОНА ТУРОН РАҲМЛИ

Озарбайжонлик таниқли шоира, ёзувчи, журналист, педагог ва олима Тарона Турон Раҳмли (Terane Turan Rehimli) Халқаро адабиёт жамиятининг Туркия ва Озарбайжон бўйича фаол аъзоси, Қозоғистоннинг “Дунё халқлари ёзувчилари жамияти” аъзоси. Тарона Турон Раҳмлининг шу кунга қадар 7 китоби, 400 дан ортиқ илмий-оммабоп мақоласи нашр қилинган. Асарлари кўплаб ғарб ва шарқ давлатларининг марказий газета ва журналларида чоп қилинган.

 

КЕЛ, СЕНГА ВАТАН  БЎЛАЙИН

 

Энди кутма мендан мени,

Нимам қолди бўлишгани.

Бу ватан сенга бормади,

Кел, сенга ватан бўлайин.

 

Кел, юмайлик кўзимизни,

Ҳасратларга қарамайлик.

Кетайлик, ғурбат ёқларга,

Ўзга йўлни йўл демайлик.

 

Ўзимга-ку керагим йўқ,

Кошки керак бўлсам сенга.

Жой ажратгин қучоғингдан

Кўмсинлар ўшал ватанга.

 

ҚАНЧА ШОИР БОР, ОЛЛОҲИМ!

 

Қанча шоир бор, Оллоҳим!

Шоир туғилгайми барча?

Бўйнида сўзнинг арқони

Шеърлар осилгайми шунча?

 

Барчаси шоҳ, сўз тахтида

Сўз сувтекин бўлган чоғда.

Қай бирлари кетар бахтдан

Қай бириси сўздан доғда.

 

Қул бўлдикку кул дунёда,

Чиқмоққа йўқ йўл дунёда.

Шоирга лиқ шу дунёда

Оллоҳ, дилим сиёҳ бунда.

 

ТОШДАН КУЧЛИ СЕВГИ

 

Яна кўзларим совқотди,

Боқишларинг мунча совуқ.

Тафтли тилинг қиров тутмиш,

Сўзларингда ҳарорат йўқ.

 

Киприкларинг музлаб қолмиш,

Сочларингга қорлар ёғмиш.

Гўё сенинг дудоғинг-ла

Қишнинг ёноғи ўпилмиш.

 

Ёнингда совқотди руҳим,

Юрагинг муз, қўлларинг қор.

Совуқман,  деб хафа бўлма,

Менда тошга ҳам севги бор.

 Маъруфжон Йўлдошев таржимаси

26.06.2021

Telman Hüseynоv

 



ТЕЛМАН ҲУСЕЙИН

Озарбайжоннинг таниқли шоирларидан Телман Ҳусейин  (Hüseynоv Telman Canbaхış оğlu) шеърият оламига талабалик йиллари кириб келган. Унинг илк шеърлари 1968 йилда “Генж муаллим” газетасида босилиб чиққан. Шундан сўнг шоирнинг “Təzə tanışlarım” (1982), “Məni bağışla” (1987), “Üşüyən nəğmə” (1992), “Çığırğandan gələn səs” (2008), “Payın çох оlsun, dünya” (2010) каби китоблари чоп этилган. Уни халқ Дада Телман деб ардоқлайди. Телман Ҳусейин  1998 йилдан бери Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси сифатида фаолият олиб боради.


ОЛАБЎЖИЛАР

 

Болаларни бўжилар-ла қўрқитмангиз,

Уйқусини бузиб, кучдан қолдирмангиз.

Юрагида қолиб кетар, жондан кетмас,

Чиқиб кетмас хаёлидан олабўжилар.

 

Болаликда мени  шундай қўрқитганлар

Овозимни бешикданоқ ўчирганлар.

Йиғласам гар, бўжиларни эслатганлар,

Олабўжи келди дея ухлатганлар.


Қирқдан ошдим,  ортда қолди болалигим,

Бундан буён тақдиримда тўфонлар бор.

Ортда қолди ўйинчоқли хуш онларим,

Қайтгим келса, дедиларки: бўжилар бор.

 

Бурчак бурчакларда мўралаб доим,

Кўзин гўлайтириб қўрқитар мени.

Кўзимни юмганда ва ё очганда

Гўё кунжакларда кутарлар мени.

 

Йиртдим кўйлагимни, ковушларимни,

Отамни бўжилар олиб кетганмиш.

Балки уруш деганлари шундай бўжидир,

Олиб кетганини қайтиб бермасмиш.

 

Бўй чўзиб, ёр севдим, улғайдим, дедим,

Ҳадикли кунларим  битмишдир, дедим.

Бу қишлоқдан бир қиз кўчиб кетганин

Эй воҳ, тонг саҳарда, тўйда эшитдим.

 

Югурдим, елдим эшикма-эшик,

Кўрганлар бу ҳолим чавандоз деди.

Қизини сўрасам, онаси кулиб:

“Эҳ, болам, бўжилар опкетти” - деди.

 

Ошкора бўжи бор, яширин бўжи бор.

Ошкора бўжилар ёнингда доим.

Ўн йиллик ва ё ўн беш йиллик дўст,

Бир онда бўжига айланар, қоим.

 

Уйда бўжиларга назир берарлар.

Бўлмаса, бор-йўғим олиб кетармиш.

Маошимни ҳатто бўлиб берарлар,

Сўнг дерлар: “Ярмини бўжи опкетти”.

 

Менга айтадирлар: “Пишиқ бўл ўғлим!”

Дўстларнинг таънаси бежиз бўлмагай.

Отай десам, бошга бало бу одатим,

Ўшал онда бўжилар ҳам  тек турмагай.

 

Болаларни бўжилар-ла қўрқитмангиз,

Уйқусини бузиб, кучдан қолдирмангиз.

Юрагида қолиб кетар, жондан кетмас,

Чиқиб кетмас хаёлидан олабўжилар.

 Озарбайжон тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржима қилди.

Adile Nezer

 

ОДИЛА НАЗАР

Филология фанлари доктори, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Маҳмуд Кошғарий мукофоти совриндори

 

Камончи,  бир шеър чал,

бир шеър чиз,  мусаввир.

Бир озодлик алласин йиғла,

шаҳид онаси –

совқотгим келди. . .

 

ҲУ... ДАЛИ...

 

Севгилим, қулоқ сол, нола-фиғона,

Тингла, боқ, не дегай бу дали, дали.

Сочимни кўзимдан олсам гар ёна –

Унда кўр, фарёдин, Ҳу дали, дали...

 

Сўзинг сўзим эди, онтинг қасамим,

Эгдинг, эгилмадим, аммоки синдим.

Мен оташ-оловсиз ёндим-да ёндим,

Азоб оташимга сув дали, дали...

 

Бу ерда бир дали қулинг ўйнайди,

Ахтариб тополмай йўлин, ўйнайди.

Тушиб кўлнинг ўртасига ўйнайди

Охирги рақсини ул дали, дали...

 

Бир оғриқ, бир азоб солибди чангал,

Кўзимни очирмас бу тўзон, чанг, кел.

Ким келар ё келмас, ўлурман, сен кел,

Мени кўз ёшингла юв, юв, дали, дали...

 

КЕЛМА, КЕЛМА

 

Қалбимда оташ, тилимда сўз

Тугади, келма, келма.

У маъсум қиз мени йиғлатди

Кетди, келма, келма.

 

Ҳар ҳузун они ҳузундир,

Мавло қилур барин ҳисоб.

Сенга бўлган ишончимни

Қилдинг сароб, келма, келма.

 

Кимдир севги гулин экмиш,

Ким мевадан шарбат олмиш.

Хафа қилдинг ёт бир ерда,

Тутди мени, келма, келма.

 

Ёшлик даври келди кечди,

Гул ғунчаси сўлди кетди.

Дўстлар кетди, кетганидан

Келгани кўп, келма, келма.

 

Одиланинг сассиз саси,

Ортиқ қолмади мадори.

Йўлда умид кемаси ғарқ

Бўлди ахир, келма, келма.

 

ДЕРАЗАМ ЁПИҚ

 

Деразам ёпиқдир, эшигимда қулф,

Хонамда буриқсиб ўрлайди тутун.

Бошимнинг устида қора булутлар

Бир кеча тинмади, ёғди қалбимга.

 

Қўл узатсанг қўл, жон десанг-да жон,

Кўнгил ўхшашини кўз тополмади.

Эгнимга оташдан, оловдан, ўтдан,

Кўйлак кийдирдилар, сўз тополмадим.

 

Ҳайдадим бошдаги йилдиримларни,

Унутдим ўзимни, чиқдим ёдимдан.

Шамоллар супурди момқалдироқни,

Ҳеч бир из қолмади сўнг одимимдан.

 

Бу кўзсиз, қулоқсиз, қўлсиз, оёқсиз,

Замондан бўлмадим сира умидвор.

Энди тубсиз жарнинг ёқасидаман.

Деразам ёпиқдир, эшигимда қулф...

                                    Озарбайжон тилидан М.Йўлдошев таржимаси

25.06.2021

İSGƏNDƏR FƏRHADOĞLU


 

ISKANDAR FARHODO‘G‘LI

Ozarbayjon Yozuvchilar uyushmasi a’zosi, bolalar shoiri va yozuvchisi.

 

TO‘RT RANGLI QALAM

 

Istasa u yuz so‘zni,

Bir ohangda yozadi.

Istasa bitta so‘zni,

To'rtta rangda yozadi...

Sen aldamagin meni,

Qizilda u yozganmiş.

Haqni ko‘kda, yashilda,

Qorada yozgan u emiş.

Orqadan tuhmat qilib,

Yuzga kulgan u emiş.

To‘rt so‘zli, to‘rt sifatli,

To'rt rangli Qalam emish...

 

KITOB

 

Tushib nodon qo‘liga,

Bir dohiyning asari.

Bir marta o'qilmagan

Uzoq yillardan beri.

Tokchada chang ostida,

Necha yillar yotdi u.

Tokcha, muqova rangi,

Bir-biriga mos edi...

 

QILQALAM

 

Qilqalam tosh-u, devor,

Go‘zal naqsh chizardi.

Oddiy, jonsiz qog‘ozga,

Yangi hayot berardi.

 

Va lek hamma qo‘rqardi,

Uning bu amalidan,

Dog‘ qolishi mumkin-da,

Axir uning izidan...

 

PICHOQLAR

 

Pichoq dedi pichoqqa:

"Bir qo‘ldan chiqmas sado!

Kel, birlashaylik,

                         shunda,

Kuch tog‘ni qilar ado.

 

Birlashdilar...

                         Ularning

Bu ishi xato bo‘ldi.

Ikki pichoq bir onda,

Shunchaki qaychi bo‘ldi...

 

O‘RGIMCHAK HAYVONOT BOG‘IDA

 

Fil qafasi chetiga,

Tho'r solgandi o'rgimchak.

Birdan uning to'riga,

Tushib qoldi chivincha.

Dedi: - Qarang qo'limda,

Xartumli nahanglar bor.

Bir qarang, qafasimda,

Sherlar-u yo'lbarslar bor!..