30.06.2021

 



ЯХШИ ДЎСТ, ФИДОЙИ ИНСОН

Касбимиз ва ўзимиз севган машғулотлар орқали жуда кўп инсонлар билан танишамиз, фикрлашамиз, дўстлашамиз. Анчадан бери озарбайжон шоирларининг шеърларини таржима қилиб келаман. Шеърни шоир таржима қилиши керак, шоирликка иддао қилмайман. Лекин таржима қилсам кўнглим яйрайди, аллақандай ҳузурни туяман ва бу ҳисни таърифлай олмайман. Хуллас, таржима қиламан ва ўзимнинг мўъжазгина блогимга жойлайман. Шу блогдан хабардор бир йигит менга Озарбайжондан ёзиб қолди. Танишдик ва суҳбатидан хурсанд бўлдим. Нафақат озарбайжон шоир ва олимларини, балки бошқа қардош халқлар зиёлиларини ҳам яқиндан танир, улар билан доимий мулоқотда экан. Туркий халқлар шеърияти, фольклори ва мусиқа санъатидан бохабар бу инсон мени Озарбайжондаги кўпгина яхши шоирлар билан таништирди. Уларнинг шеърларини ҳам таржима қила бошладим. Бу инсонни Озарбайжоннинг таниқли шоири Шаҳриёр Оллоҳёрўғли “Жонли адабий кўприк” дея тўғри таъкидлабди:  “Жонли адабий кўприк. Санъат аҳли томонидан яхши таниш бўлган Элнур Бахиш ажойиб инсон. Элнурнинг дунёқараши ҳам ўзига хос. Ака укага беминнат кўмаклашмайдиган ҳозирги пайтда Элнур адабиёт ва санъат аҳлини беминнат дўстлаштириб, уларга самимий кўмаклашиб юришдан завқ олади. Бир-бирини танимайдиган шоирлар, ёзувчилар, хонандалар, бир сўз билан айтганда, санъат аҳли ўртасида жонли ва бағоят ишончли адабий кўприк вазифасини ўтайди.” Элнур Бахиш ана шундай фидойи, камтар ва олижаноб инсон. Қуйида унинг бир шеърини сизларга илиндим.

 

НИГОҲЛАР

Ҳаёт дафтарига ёзилур, гулим,

Сен билан ошино бўлган нигоҳлар.

Ширин хотирадир, ёдларда қолур,

Сарғайган нигоҳлар, сўлғин нигоҳлар.

 

Муҳаббатга тўла ул гўзал кунлар,

Ёдга тушган ҳамон қоврилар йиллар.

Сайрамас булбуллар, очилмас гуллар,

Йиғлайди кўзлари тўлган нигоҳлар.

 

Элнуринг қанчалар қийналди, Тангрим,

Севгининг ўзи ҳам бир дарддир, Тангрим.

Кўксимни ишқ ўти ўртайди, Тангрим,

Умримда абадий  қолган нигоҳлар.

Элнур Бахиш

Озарбайжон Журналистлар ва бастакорлар уюшмаси аъзоси

фольклоршунос бастакор, шоир ва ёзувчи.


Hiç yorum yok:

Yorum Gönder