27.06.2021

Terane Turan Rehimli

ТАРОНА ТУРОН РАҲМЛИ

Озарбайжонлик таниқли шоира, ёзувчи, журналист, педагог ва олима Тарона Турон Раҳмли (Terane Turan Rehimli) Халқаро адабиёт жамиятининг Туркия ва Озарбайжон бўйича фаол аъзоси, Қозоғистоннинг “Дунё халқлари ёзувчилари жамияти” аъзоси. Тарона Турон Раҳмлининг шу кунга қадар 7 китоби, 400 дан ортиқ илмий-оммабоп мақоласи нашр қилинган. Асарлари кўплаб ғарб ва шарқ давлатларининг марказий газета ва журналларида чоп қилинган.

 

КЕЛ, СЕНГА ВАТАН  БЎЛАЙИН

 

Энди кутма мендан мени,

Нимам қолди бўлишгани.

Бу ватан сенга бормади,

Кел, сенга ватан бўлайин.

 

Кел, юмайлик кўзимизни,

Ҳасратларга қарамайлик.

Кетайлик, ғурбат ёқларга,

Ўзга йўлни йўл демайлик.

 

Ўзимга-ку керагим йўқ,

Кошки керак бўлсам сенга.

Жой ажратгин қучоғингдан

Кўмсинлар ўшал ватанга.

 

ҚАНЧА ШОИР БОР, ОЛЛОҲИМ!

 

Қанча шоир бор, Оллоҳим!

Шоир туғилгайми барча?

Бўйнида сўзнинг арқони

Шеърлар осилгайми шунча?

 

Барчаси шоҳ, сўз тахтида

Сўз сувтекин бўлган чоғда.

Қай бирлари кетар бахтдан

Қай бириси сўздан доғда.

 

Қул бўлдикку кул дунёда,

Чиқмоққа йўқ йўл дунёда.

Шоирга лиқ шу дунёда

Оллоҳ, дилим сиёҳ бунда.

 

ТОШДАН КУЧЛИ СЕВГИ

 

Яна кўзларим совқотди,

Боқишларинг мунча совуқ.

Тафтли тилинг қиров тутмиш,

Сўзларингда ҳарорат йўқ.

 

Киприкларинг музлаб қолмиш,

Сочларингга қорлар ёғмиш.

Гўё сенинг дудоғинг-ла

Қишнинг ёноғи ўпилмиш.

 

Ёнингда совқотди руҳим,

Юрагинг муз, қўлларинг қор.

Совуқман,  деб хафа бўлма,

Менда тошга ҳам севги бор.

 Маъруфжон Йўлдошев таржимаси

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder