26.01.2023

Шамс ва Мавлоно

 


ШАМС ва МАВЛОНО

Мадрасада сабоқ тугаши билан ўсмирлик остонасига эндигина қадам босган толиби илмлар ташқарига чиқишди. Дарсхонада ёлғиз Шамс қолган эди. Мударрис хаёллар оғушида ўтирган Шамснинг ёнига келиб сўради:

- Эй, Муҳаммад Шамсиддин, нега хомушсан?

- Эй, пири фано, рижоли ғайб устоз, мен шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат боғининг меваларини тотиб бўлдим, сирларини шарбат янглиғ ичиб бўлдим.

- Биз ҳали шариат баҳсини тугатмадик!

- Шариат дерки, сендаги сеники, мендаги меники. Тариқат айтади: Сендаги сеники, мендаги ҳам сеники. Маърифат айтади: На меники бор, на сеники. Ҳақиқат айтади: На сен борсан, на мен! Мен англашим керак бўлганини англаб бўлдим. Мен энди кўлмакдаги нурнинг харидори эмасман, Нур ан-нурга толибман. Кўнгил ўзга манзилларни ихтиёр қилмоқда. Қуш бўлиб учмоқни истайман.

***

Шамс мадрасани тарк этди. Ейиш-ичишдан тийилди, дунёдан алоқасини узди. Қирқ кун хос ул-хаввос рўзасини тутди. У илоҳий ишқ уммонига бутунлай ғарқ бўлган эди. Отаси Али Маликдод унга:

ғлим, сенинг бу ҳолингни англолмай қийналиб кетдим. Қачонгача ўзингни азоблайсан? – деди.

- Ота, эсингиздами, товуғимиз курка бўлганида тухумлари орасига бир дона ғоз тухумини ҳам қўшиб қўйгандик. Жўжалар очиб чиқди. Она товуқ уларни ариқ бўйига олиб борди. Шунда ғоз боласи ўзини сувга отди. Она товуқ уни қутқариш учун чирқиллаб бир ҳол бўлганди. Ғоз боласининг эса парвойи палак, сувда маза қилиб сузиб ўйнаганди. Ўшанда англаган эдим, мен ҳам товуқнинг шафқатли бағрида дунёга келган бир ғоз боласи эканимни. Ота, менга рухсат беринг, сўфийлар билан олам кезай, мабдаи нуримни топай.

Онаси ўғлининг кун сайин озиб-тўзиб бораётганини кўриб насиҳат қилди:

- Ҳали ёшсан болам, ҳар нарсанинг ўз вақти бор. Баҳор келмай очилган гулни кўрганмисан? Кундуз чиққан ойнинг кимга нафи бор? Қаноти чиқмай учишга чоғланган полапоннинг оқибати сабоқ бўлмайдими сенга?

- Волидам, ройиҳаи жаннатим, райҳон бўйли оёқларингиз остида ўтирмоқни истамасмидим? Меҳру марҳаматингиз булоғидан қониб сув ичиш менга ёқмайди деб ўйлайсизми? Қалбимда шундай бир гул очилдики, ҳеч қандай қаҳратон қиш унга нуқс этолмайди. Осмонимда шундай Ой балқидики, Қуёш нури у билан бўйлашолмайди. Учишга шунчалар тайёр бўлдимки, энди менга қанотнинг кераги йўқ. 

***

Шамс аҳли муҳаббат маскани – сўфийлар даргоҳига борди.

- Хуш келибсан, эй нур юзли, мақсадинг недир?

- Хом эди, пишди, оловда куймасидан топгани келдим.

- Илм недир, эй толиби нур?

- Илм уч нарсадан иборатдир: зокир тил, шокир қалб ва собир бадан.

- Юкимиз тошдан оғир, кучинг етарми?

- Севмаганга чумоли ҳам юк, севганга филлар ҳам чумолидек гап. Агар инсон ошиқ бўлса ва ишонса тоғни ҳам елкасида таший олади.

- Ниманинг меъёри афзалу ниманинг ортиғи?

- Ҳар нарсанинг меъёри яхши. Одобнинг эса ортиғи.

- Эй ҳизрмашраб, сафимизга қўшил, файзи илоҳийда насибанг бор экан, бир ҳалқа бўл ўттиз тўққиз эдик, қирқ бўламиз.

Сўфийлар унинг шиддату шаҳдини кўриб аввал “Шамсиддин Парранда” деб атадилар. Илмини кўриб “Комили Табризий” дедилар. Фитратига қараб “Шамси Қаландарий” дедилар. Далолатига қарабҲужжат ул-Шамс” дедилар. Моҳиятига қараб “Шамси Ботиний” дедилар. Сўзларидаги қатъиятга қараб “Шамси Маломатий” дедилар. Ранги рўйига қараб эса “Шамси Кибриди Ахмарий” дедилар.

***

Унинг исми авлиёлар мажлисининг мавзусига, ошиқлар суҳбатининг мазмунига айланган эди. Мамлакатда унинг исмини эшитмаган зот ва сўзлари кириб бормаган хонадон қолмаган эди. Ҳамма унга мурид бўлмоқни орзу қиларди. У эса ҳеч кимни ихтиёр қилмас эди.

Бир куни машҳур сўфий шайҳ Авҳодуддин Кирмоний билан суҳбатлашиб қолди. Кирмонийдан тунлари нималар билан машғуллигини сўради. Кирмоний “тунни тахайюл билан, зикру ибодат билан ўтказяпман” демоқчи бўлдию тилига шу сўзлар илинди:

- Ойни тоғорадаги сувда томоша қиляпман.

Шамс:

- Бўйнингда ғудданг бормики ойни томоша қилмоқ учун тоғорадаги сувга боқасан? Бошингни кўтариб кўкка боқсанг бўлмайдими? Ўзингга ҳозиқ табиб топ, бўлмаса ҳақиқатга эмас унинг соясига қараш билан умринг ўтади! - деди.

Кирмоний ҳазратлари Шамснинг қўлини тутиб муридликка олишини сўраб ёлворди. Шамснинг жавоби қатъий:  

- Сен менинг дўстлигимга бардош бера олмайсан!

Аммо Авҳодуддин унинг этагини тутиб ёлворишда давом этди. Шамс бозорга яқинлашгач деди:

- Кел, унда бирга шу бозор ўртасида шароб ичамиз, жавобимни кейин айтаман.

Кирмоний:

- Бу ҳаром ичгулик билан мени имтиҳон қилма.

- Майли, унда сен ичма, менга шароб топиб келтир!

- Ҳаромни ичмаганим каби пок қўлимни ҳам булғамайман.

- Мен ичиб бўлгунимча ёнимда ўтир унда.

- Ҳаромга яқин йўламайман ҳам.

- Ундай бўлса, мендан йироқ юр. Менга ҳамрох бўлолмайсан. Менга ҳамрох бўлмоқ истасанг аввало ҳамҳол бўласан, бутун ор-номусинг, обрўйинг, шон-шуҳратингни бир қадаҳ шаробга алмашишга тайёр бўласан. Бу майдон эранлар майдони, унда заифларга ўрин йўқ. Ва яна шуни унутма, мен мурид эмас, шайх излаяпман. Ҳақиқатни ипак тўшакларда ўтириб қидирадиган шайҳ менга керак эмас... Бу йўл машаққат ва муҳаббат йўли, Кирмоний афанди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳовлисида яшаган молу мулксиз асҳоби суффа мисоли бу дунёдан юз ўгирмас экансан йўлдошим бўлолмайсан. Одамлар шароб ичиб сархуш бўлади. Ишқ аҳли эса ичмай туриб маст бўлади. Сен буни англай олмадинг!

Кирмоний таслимият имтиҳонидан ўта олмади. Шамснинг асл мақсадини идрок эта олмади.

***

Шамс бир кеча туш кўрди. Ям-яшил водийда бир авлиё зот билан суҳбат қуриб ўтирибди. Улар суҳбатлашиб ўтиришибдию атрофида бутун олам гирдоб мисоли айланмоқда. Гирдоб дунёга оид нимаики бор бўлса ҳаммасини ютиб бормоқда. Улар ўтирган яшил манзил ҳам, шаҳару қишлоқлар, тоғу тошлар ҳам ютилиб кетди. Макону замон ғойиб бўлди. Унинг ўрнида мунаввар бир бўшлиқ пайдо бўлди. Мусаллам икки вужуд қолди. Мукаррам икки руҳ қолди. Уларнинг бири нур, иккинчиси мунир эди. Бири сўз бўлса, иккинчиси маъно эди.

Шамс уйғониб кетди. Тушининг таъсиридан ўзига келолмай юрди. Яна икки кеча айни ўша тушни кўрди. Бу гал у муршиди комилнинг Рум диёрида эканлигини билди. Аммо вуслат вақти келгунига қадар сабр қилиши танбеҳланади. Шамс ўша қутлуғ кун орзуси билан яшай бошлайди. Энди ҳаётиниг мақсади, мазмуни бор эди. Шамс илоҳий тажаллидан маст бўлди. Мушоҳада уммонига ғарқ бўлди. Шомга келган ҳар карвондан уни излади. Кўкдан учиб ўтган ҳар қушдан уни сўради. Ҳар тонг қуёш нурларига уни кўриш умиди билан боқди.

Ниҳоят бир садо келди:

- Модомики шунчалар истайсан, шукрига нима ваъда қиласан?

- Бошимни!

- Сен қидирган миръоти мужалло Рум диёрида маскун. Улус уни Мавлоно дейди, отаси султонул уламо Баҳоуддин Валад. Қўниё шаҳрига бор, у йўлингга интизор.

Сафар вақти етиб келган эди. Чанқаган одам сув қидиради, сув ҳам чанқаганларга муштоқ бўлади. Шамс бошни фидо қилгани йўлга чиқди. Узоқ йўл юриб Кўнияга етиб келади.

***

Мавлоно Жалолиддин хонадонида суҳбат қизиди. Шамс Жалолиддини тинглар, унинг илмига қойил қолиб саволлар берарди. Жалолиддин илмда уммон эди. Илм қаерда бўлса бориб ўрганиб келарди. Шомда ҳадис илмидан сабоқ олди. Кўп ўтмай мударрис унга: “Жалолиддин, сиз энди мадрасамизга келиб вақтингизни зое қилманг. Сизга илм ўргатадиган олиму уламо бу шаҳарда қолмади ҳисоб. Сиз ўзингиз илм шаҳри бўлдингиз. Энди толиби илмлар сизга борсинлар,” дея уни юртига кузатиб қўйган эди.

- Сен буларни қаердан ўргандинг, эй илм денгизининг ғаввоси?

- Мана булардан... Ичида саккиз аср аввал битилган китоблар ҳам бор, ҳатто шундайлари борки, ўқиб шарҳлаганим билан уни англайдиган баҳри муҳаббат йўқ.

- Ўша баҳр менман!

- Тушунмайсан, аввал мана бу китобларнинг барини ўқиб чиқишинг керак.

Шамс ўрнидан туриб, китобларни бирин-кетин ҳовузга ота бошлади. Мавлоно Шамснинг хатти-ҳаракатини сас-садосиз кузатар экан, ажиб бир манзаранинг шоҳиди бўлди. Китоблар сувга тушгач, унинг қатларидаги сўзлар гўё озод бўлган қушлар каби саҳифаларни тарк этарди. Улар Шамсдан миннатдор бўлиб сувда рақс этарди. Мавлоно ўзидан нафратланиб кетди. Кўп ўтмай жавонда китоб қолмади. Ҳовуз суви қоп-қора тусга кирди. 

- Маҳзунлигинг сабаби недир?

- Отам муборак қўллари билан шарҳлар ёзган бир китоб бор эди. Уни қўлга олганда отамни кўргандек бўлардим. Хаста бўлсам ҳам ўша китобдан куч олардим. Сафарга кетаётиб хайрлашар, келганда саломлашар эдим...

Шамс:

- Шунчалик хотири бор экан унда қайтарайлик, деди ва тундек қорайган ҳовузга қўлини тиқиб бир китобни олди ва, - Мана шумиди? – деди.

Мавлоно Шамснинг қўлидаги қуп-қуруқ китобни кўриб ҳайратини яширолмади:

- Бу қандай бўлди?

- Тушунолмайсан!

Мавлоно ҳақиқатнинг шаклда эмас, шамойилда, моддада эмас руҳда, жисмда эмас, кўнгилда эканлигини англаган эди.

Шамс ўзи қидирган пири поктийнатни, илмда ва ҳилмда беназир муршидни топган эди. Мавлонога қараб деди:

- Олим эдинг, ориф бўлдинг. Энди ошиқ бўлишга мажолинг борми?

- Хом эдим, пишдим, куйдим... Менинг ҳолимдан не англадинг, эй маънолар оламининг қуёши?

- Англадимки, кўлмак елвизакда ҳам чайқалаверади. Уммонларнинг тўлқини муҳаббатнинг маҳобатидандир. Англадимки, теран ва асрорангиз бўлган нарсалар сокин бўлади. Англадимки, сокин бўлган нарсалар теран ва ҳайбатли бўлади.

Мавлоно ўрнидан шахт ила турди. Ўнг қўлини юқори, сўл қўлини қуйи қилиб рақси самони бошлади. Само найзанлари “Фараҳфазо” куйини чалиб уни кўкларга чорламоққа бошлади.

Шамси Табризий “Само Ҳақдан ёғилган маънодир, ҳақиқатнинг юксак мақомидир. Ул мақомда Ҳақдан ўзгага жой йўқ” деди ва Қандолатчилар карвонсаройи томон йўл олди.

***.

Мавлоно муридлари қуршовида заргар дўкони олдидан ўтиб бормоқда. Ичкарида заргар кулча олтинни тўқмоқ билан уриб ишлов бермоқда. Бир маромда эшитилаётган тўқмоқ товуши Мавлонога қаттиқ таъсир қилди. Бир муддат тўхтаб мушоҳадага толди. Товушлар тўхтагач, муридларига деди:

- Кўрмайсизми, ҳатто олтинни ҳам уриб шаклдан шаклга солишади. Нозик буюмлар энг кўп оловга ва ишловга тобе тутилган бўлади. Синовлардан шикоят қилаверманг, эҳтимол сиздан подшоҳлар бармоғига лойиқ узук ясашаётгандир.

Шогирдлар юзида табассум пайдо бўлди. Соддароқ бири дарҳол ўзини олтиндан ишланган ноёб узук эканини тасаввур қила бошлади. Бошқа бир шогирди буни сезиб, ҳазил қилди:

- Устоз, ичимиздан баъзи бировлар олтин ила кимсаннинг фарқига бормасалар-да, бир зумда подшоҳлар бармоғидаги узукка айлана қолди.

Енгил кулги кўтарилди. Мавлоно насиҳат қилди: Ҳа, ҳою ҳавас тириклик безаги, бироқ ўйларинг сўзларингга, сўзларинг феълингга, феълинг тақдирингга нуқс этади. Шу боис гўзал ўйламоқ,  умрни гўзал ўтказмоқ даркор.

***.

Шом намозидан сўнг масжиддан қайтган Шамси Табризий ва Мавлоно ҳовлининг этагидаги хос ҳужрага ўтишди. Бу ҳужра Мавлононинг мушоҳада ва мутолаа даргоҳи бўлгани боис ўғли Султон Валаддан бошқа ҳеч ким у ерга кира олмас эди. Ҳатто энг яқин муридлари ҳам ҳужрага киришмас, Мавлононинг чиқишини остонада кутиб туришарди. Хотини Киро хоним ўғлини чақириб, сўради:

- Ўғлим, ичкарида нима гап? Нималар ҳақида суҳбатлашишяпти? Бирор нима олиб кириб қўй, ёки айвонга дастурхон тузайликми?

- Волидам, уч соатдан ошди ҳамки лом-мим демай ўтиришибди. Падари бузрукворни ўзингиз биласиз, безовта қилмаслигимизни танбеҳлаганлар.

- Ҳа, сен кўз-қулоқ бўл, нимадир керак бўлса, қидириб қолишмасин. Одатда, бундай суҳбатдан сўнг хушоб сўраб қолади. Ўрик ва жийдадан хушоб тайёрлаб қўйганман.

- Хўп, волидам. Ижозат бўлди дегунча кириб сўрайман.   

Хос ҳужра хослар суҳбатидан мунаввар масканга айланган эди. Шам атрофида учиб диққатни паришон қилгувчи парвоналар ҳам бугун парвозни унутиб сукут ичида суҳбатга ғарқ бўлган эдилар.  Парвоналаргина эмас шуур ҳам, забон ҳам,  сўзлар ҳам, маънолар ҳам бугун ўз маслагини буткул унутган эди. Суҳбати хос эса давом этарди:

- Нафсинг ила курашмоқ, риёзат чекмоқ ва зоҳирий илмлар билан машғул бўлмоқдан муродинг недир? - сўради Шамс.

- Шариат суннати ва одоби йўлидан кетмоқдир мақсадим. - деди Мавлоно.

- Буларнинг бари қобиқ холос-ку! - деди Шамс.

- Хўп, ундан ичкарида нима бор унда? - сўради Мавлоно.

- Қобиқ ичида илм бор. Шундай илмки, сени Маълумга етказгай. - деди Шамс.

- Маълумга етмоқ учун қайси илмни ўрганмоқ керак?

- Аввало “сир”ни англамоқ керак. Сир эса “сир сақловчи”да.

- Бу жумбоқни англамоқ денгиз тубидан маржон олиб чиқмоқдан-да мураккаб эмасми, пири пок!

- Шундай бир нақл бор. Ҳазрати Муҳаммад (сав) ўз такомилининг чўққиси бўлмиш Меърожга юксалган пайтда кўплаб сирлардан огоҳ бўлган эди. Бир куни шу ҳақида тафаккур қилиб ўтирганларида ёнларига Ҳазрати Али кириб келиб, “Ё, расулуллоҳ, бунчалик маҳзунлигингиз сабаби недир, бирор ташвишингиз борми?, дея сўрабди. Расули акрам “Йўқ, менга аён қилинган сирлар ҳақида ўйлаб ўтиргандим” дебди. Ҳазрати Али “Менга ҳам озроқ айтиб беринг, воқиф бўлишни истайман” дебди. “Кўтара олмайсан, бардошинг етмайди, эй, Али! дебди пайғамбар алайҳиссалом. Аммо унинг кўзларидаги истакни кўриб, илоҳий ишқ сирини ҳазрати Алига айтибди. У шундай сир эканки, маҳобатига Ҳазрати Али бардош бера олмабди. Маккаи мукаррама кўчаларига чиқиб ҳайқирмоқ истабди. Ҳаммани бу сирдан воқиф қилмагунча ичидаги оловни сўндиришнинг иложи йўқдек туюлибди. Аммо сир деб аталган бу оғир юкни бошқаларга ошкор қилмасликка сўз бергани учун шаҳар четидаги ташландиқ бир қудуққа айтишга қарор қилибди. Қудуқ ҳам сирнинг юкига дош беролмай жўшиб тошибди. Атрофда кўл пайдо бўлибди. Кўлда қамишлар ўсиб чиқибди. Бир чўпон қамишни кесиб най ясабди. Чалса шундай бир куй таралибдики, атрофдаги жонлилар, ўсимликлар маст бўлиб қолибди. Бир куни Ҳазрати Муҳаммад (сав) Ҳазрати Али билан бирга чўлда кетаётса, чўпон чалаётган куйни эшитиб тўхтаб қолибди. Алига қараб, “Сен сирни бировга айтганмидинг? деб сўрабди. Ҳазрати Али бўлган воқеани айтиб берибди. Пайғамбар алайҳиссалом куй таралаётган томонга боқиб, “Бу қамиш қиёматга қадар менинг сиримни тараннум қилади, аммо қалби очиқ, пок ва комил инсонларгина бу сирни англагайлар” дебди. Сўфийлар найни шунинг учун сир ташувчи - сирбон дейишади.

Мавлоно тафаккур денгизига ғарқ бўлди. Унинг қаршисида турган зоти мукаррам инсон қиёфасидаги най эди. Найдан таралаётган куй уҳровий сирларни тараннум қилардию у эса англашдан маҳрум лолу безабон эди.

Бишнав аз най чун ҳикоят микўнад,

Аз жудойиҳо шикоят микўнад.

Тингла, найни не ҳикоятлар қилур,

Айрилиқдан не шикоятлар қилур.

***

Жалолиддин айвонда ўғли Амир  Музаффариддинга майин оҳангда алла айтиб ўтирган Киро хотуннинг ёнига келиб ўтирди. Ўғлига термулди. Киро хотун алла айтишни тўхтатиб унга ажабланиб қаради. Жалолиддин ўғлини уйғотиб юбормаслик учун пичирлагандек паст овозда сўзлай бошлади:

- Болалигимда отамнинг ёнларида ўтириб орифлар суҳбатини кўп тинглардим. Баъзан варажага тушиб ўзимдан кетиб қолсам орифлар даврасига олиб ҳу-ҳу” дея дуо қилишар экан. Волидам Мўмина хотуннинг овозини эшитгандек бўламан сен алла айтсанг...

Ҳу ҳу ҳу Оллоҳ ҳу

Бу сенга осон ҳу...

Бизга шифо бер ўзинг

Катта бўлсин бу қулинг

Ҳу ҳу ҳу Оллоҳ ҳу...

- Ҳазратим, Оллоҳ сизни бархудор қилсин. Ваража они қанча давом этар эди?

- Сен бир такбир муддати деб бил, мен минг такбир. Охирги марта беш ёшимда шундай ҳолга тушдим. Ўшанда кўрганларимни таърифлашга дунёдаги жами тилларнинг хазинасини йиғсанг ҳам озлик қилади. Чунки сўз билан таърифлаб бўлмайдиган, идрокка махсус ажиб манзараларни кўрган эдим. Хушим танимга қайтгач, падари бузрукнинг тизларида худди Амир Музаффариддин мисоли дунёбехабар ётган эканман. Кўзимни очибоқ “Отажон, қани улар? деб сўраганим ҳали ҳануз ёдимда.

- Кимларни кўрган эдингиз ўшанда?

- Аниқ эслолмайман, аммо отам “Худовандигор, ўғлим, сенга кўринганлар ғайб оламининг сокинларидир. Улар Оллоҳнинг лутфи ва иноятига мазҳар қилмоқ ниятида ташриф буюрган фаришталар, мўмин жинлар ва авлиёуллоҳлардир. Улардан чўчима. - деган эдилар.

- Улар бирор нима дейишганмиди?

- Қўлимдан тутиб ғайб боғларини сайр қилдирган мўйсафиднинг сўзлари кейинчалик ҳаётимнинг мазмунига айланиб кетди. Эшит Кира хотун, ўғлимиз Музаффариддинга ҳам уларни эслатиб тур. Ўша нур юзли мўйсафид: “Агар сен ҳам биз билан шу жойда бўлишни хоҳласанг, сўзимизни унутма: Ҳамма билан дўст бўл. Ҳеч кимга хасад қилма. Ҳеч кимни муҳокама қилма. Одамлар суратини безатса, сен сийратингни беза. Одамлар бошқалар айбидан сўз очса, сен ўз қусурингни ўйла. Яраларга малҳам бўл, шифо бўл зиён бўлма. Шамдек ёш тўк, кўнгил уйинг чароғон бўлсин. Қулоғингда тут: ўйларинг сўзларингга, сўзларинг феълингга, феълинг тақдирингга нуқс этади. Гўзал ўйла, гўзал яша! деган эди. Ва яна Ҳу”нинг сирини англа ва ошкор этма дегани ҳамон ёдимда.

- “Ҳу” авлиёлар тасбеҳи, дерди раҳматли волидам.

- Ҳа, шундай, Кира хотун. Жуда теран мавзу. Ҳу” руҳ қушининг исми. Жуда нозик ва майин қуш. Унинг макони қалб қафасида. Озиғи: калимаи тавҳид. Агар одам у қушни йўқлаб турмаса, қафас қаттиқлашиб нафас қушини сиқиб қўяди. Ҳу” қуши яшаб туриши учун мунтазам калимаи тавҳидни ёд этмоқ лозим. Уни такрор этмаган инсонлар эса қалбида ўлик қушни ташиб юради. Ва ундай қалб ундуқ мисоли бадбўй бўлади. Баданни тарк этган ҳу”нинг макони эса Аршдир. Ҳу” Оллоҳ исмларининг моҳияти, ботини ва ҳақиқатидир. Уни англаганлар мақомларнинг энг мўътабарига мазҳар бўлади...

Кира хотуннинг оёқлари устидаги ёстиқда мириқиб ухлаб ётган Амир Музаффариддин безовталаниб кўзларини очди. Кира хотун оёқларини бешикдек тебратиб алла айта бошлади.

Ҳу ҳу ҳу Оллоҳ ҳу

Бу сенга осон ҳу

Бизга шифо бер ўзинг

Катта бўлсин бу қулинг

Ҳу ҳу ҳу Оллоҳ ҳу...

Жалолиддин ўрнидан туриб ҳовлига чиқди, осмондаги беадад юлдузларга боқиб хаёлга толди. Қоронғузорда кўкдан ёғилаётган оҳангларга қулоқ тутди, сас шамойилидаги дуолар оламни қоплади. Ҳу-ҳу... Енгил насим орифлар дуосини олислардан келтириб унинг устидан сочар эди гўё ҳу-ҳу... Айвон тоқидаги қумрилар ҳам аҳён-аҳён шу сирли оҳангда сирлашгандек  овоз чиқариб қўйишар эди ҳу-ҳу... Еру кўкни муаззам оҳанг тутиб кетди. Тун ила тонг оламни бўлишаётган паллада кўкларнинг бағридан отилиб чиқди ҳу-ҳу... Юлдузлар самони тарк этаётиб чиқарган товушлари ҳам шу мазмунда эди ҳу-ҳу... Дарвешлар тасбеҳидан тўкилиб бораётган фарёдлар ҳам шу маромда янгради ҳу-ҳу... Жалолиддин бу оҳанглар оғушида, сир даргоҳида тунни бедор ўтказди.

Боби асрорнинг калити эди ҳу...

Беҳишт райҳонларининг ифори эди ҳу...

Жон қушининг тасаддуғи эди ҳу...

Ҳу...

Музаффариддинни ухлатиб Жалолиддин ўтирган айвонга ўтган Киро хотун сўз очди:

- У зоти киром бизга келгандан буён ҳар нени унуттингиз, ҳазратим. Баъзан менинг бор-йўқлигимни ҳам унутиб қўйди, деган ўйдан озурдаман. Бунчалик сукутингизнинг маъноси нима экан?

Мавлоно чуқур тин олиб сўз бошлади:  

- Модомики инсон экансан, модомики, эшита оласан, ўйлайсан ва сезасан... Буюк ҳақиқатни топиш учун кўнглингни ва идрокингни ишга соласан. Ҳисларингни ва топганларингни сўзлайсан. Сен сўзлай олмасанг, руҳинг восил бўлган сирларни шеърга соласан, соз ва само ила баён қиласан. Булар билан ҳам айта олмайдиган даражада буюк сир соҳиби бўлсанг унда сукут сақлайсан, Киро хотун. Денгиз соҳилигача из бор. Денгизга киргандан кейин на из қолар на нишон. Оллоҳнинг дўстлари Оллоҳнинг авлиёларидир. Хоҳла Уни кўр, хоҳла мени. Эй, излаётган киши, мен Уман, У эса мендир.

Киро хотун унинг гапларини англашга ҳарчанд ҳаракат қилмасин, ўзи қидирган жавобни топа олмади. “Бизнинг ақлимиз етмайдиган нима сир бор эканки, мендан ҳам сақлайсиз. Мадраса сабоқларини тарк этдингиз, муридларингиз ҳам илҳақ, қози ҳазратлари одам йўллаб чақирсалар ҳам бормадингиз, бу паришонлик хайр аломати эмас, ахир” дея нолиб ўрнидан туриб, ичкарига кириб кетмоқчи эди Жалолиддин яна сўз бошлади:

Тингла, бир ривоят айтиб берай, балки шунда англарсан.

Бир найчининг ажали етиб, жон берар пайтида биров ундан сўрабди:

- Эй, сирлар уммони қаршисида турган нотавон, аҳволинг қалай, нималарни ўйлаяпсан?

Найчи оҳ чекиб, дебди:

- Ҳолимни ҳеч айта олмасман, аммо сезаяпманки, бир умр ел пуфлаб келибман, оқибатда эса тупроққа кетаяпман, вассалом.

Киро хотуннинг ажабланиб турганини кўрган Жалолиддин изоҳлаган бўлди:

- Мадрасада эл-улусга сабоқ беришим, ҳар мавзуда панду насиҳат қилишим, нутқ ирод қилишим ва бошдан охир ҳаётим ўша найчининг  биргина афсусидан аъломиди, деб сўрсасанг, менга тааллуқли бўлган васфларнинг барчасини ўша биргина афсусга алмашган бўлар эдим. Тушуняпсанми, Киро хотун. Шунча ўқибману бир найзаннинг ақли етган маънони илғай олмабман. Англаганимда эди, ҳеч йўқ, товус қушига ўхшаб фақат қанот ва думингга маҳлиё бўлавермай, баъзан оёқларингга ҳам қараб тур, Жалолиддин, демасмидим! Дарахт соясида ўтиришни орзу қилавермасдан ниҳол эк, барака топгур, демасмидим! Тўй-ҳашамларда ясан-тусан қилган чоғим, эй, зарбоф тўн ва олтин камарлар тақишга ўрганган одам! Сенинг ҳам чоксиз либос киядиган кунинг келади, хушёр бўл, демасмидим! Нари борса, кўнглингни покламасдан, тинмай таҳорат олганинг нимаси, демасмидим, хотун?! Эҳ! Мен шундай инсонларни кўрдимки, кийгани кийими йўқ; шундай кийимларни кўрдимки, ичида инсон йўқ. Шамс эса маънолар оламининг қуёши, ҳақиқат диёрининг меҳроби, тушуняпсанми, Киро хотун...

***

Шамси Табризий билан Мавлоно Румий уч ойдирки ҳужрадан чиққани йўқ. Шайҳлар фитнани қўзғадилар: Бу одамнинг нимаси Мавлонони ўзига жалб қилди экан? На илми бор, на одоби. Уни назар аҳли ё кўнгил кўзи очиқ одам дейишга бир далил йўқ. Мавлоно яхши иш қилмаяпти.

Халқ ҳужра ёнига келиб баланд овозда суҳбатлашаётган бир пайтда дарвоза очилиб ичкаридан Жалолиддин чиқди. Одамлар орасидан жимгина ўтиб шаҳар томон йўл олди. Халқ унинг ортидан эргашди. Мавлононинг бозор яқинидаги майхонага кириб кетганини кўрган халқ ҳайратдан ҳангу манг бўлди. Кўп ўтмай, қўлида бир тулум май билан чиқди ва яна ҳужрасига қайтди. Уни изма-из таъқиб қилиб келган оломон ким ўзарга бақира бошлади:

- Бу қандай бедодлик, бу қандай уятсизлик, фариштадек одамни шаробга ўргатибди.

- Шайҳимизни бутунлай ўзига тобе қилиб олди. Унинг суҳбатини тинглаш тугул юзини кўришдан ҳам маҳрум бўлиб қолдик.

- Ирмоқ сомон чўпини оқизиб кетгани мисоли шайҳимизни йироқларга олиб кетди.

-Бу одам сеҳрбоз бўлса керак. Шайҳимизни унинг жодусидан қутқаришимиз керак.

- Ким ўзи бу одам на дину диёнатини биламиз, на кимлигини биламиз. Қаёқдан келди ўзи бу жодугар?

- Бутун халқни шайҳимизнинг ваъзидан маҳрум қилди. Юртдан файзу барака кетди.

-Бу жодугар майхўрни адабини бериб қўйиш керак.

- Жодугарга ўлим!

Жаҳлдан қутурган оломон ҳужрага бостириб кирди. Танча устида турган шароб тулумини олиб ерга урган эдилар, тулум ёрилиб ичидан гул шарбати тўкилди. Бутун ҳужра жаннат боғидек мусаҳҳар ифорга тўлди. Жаҳл отига миниб кирганлар бу нафис ҳиддан масту мулзам бўлиб чиқдилар. Қадим Қўниёни ишқ атри - беҳиштий мушк ифори тутиб кетди.

Бироқ эл оғзига элак тутиб бўлмас, наъраларни тўхтатиб бўлмас эди. Шамс бу дашномларни билгани боис оломон қаршисига чиқишдан ўзини тияр эди. Бир ёндан Жалолиддиннинг оиласида ҳам норизолик авж ола бошлаган, халқ ичида тарқаган турли фисқ-фасод уларнинг кўнглига ботаётган эди. Шу боис  Жалолиддиннинг илтижоларига ҳам қарамай, 643 йил, шаввол ойининг сўнгги пайшанба куни (1246 йилнинг 15 февраль) Шамс юртига қайтиб кетди.

Шамси Табризий Мавлоно Румийга ойна бўлди. Мавлоно Шамс ойнасида ўзини кўрди. Бошқача айтганда, қалбидаги Оллоҳга муҳаббатининг тажаллисини кўрди. Мавлоно очилишга тайёр ғунча эди, Шамс насим бўлиб унинг очилишига имкон яратди. Мавлоно бир ишқ шароби эди, Шамс эса унга қадаҳ.

Эшитдимки, бизни ташлаб кетгали азм этибсан, этма!

Ўзга бир дил, ўзга бир дўстга майл этибсан, этма!

 

Сен ёт эллар оламида не изларсен, айт, эй бегона,

Қайси хастадилни қийнагали қасд этарсен, этма!

 

Ажратмагин бизни биздан, кетма ул элларга, ёбонга,

Бошқаларга боқма, назар этгали майл этибсан, этма!

 

Эй, Ой, кўҳна фалак харобу паришон бўлмиш сен учун

Бизни нечун бундоқ харобу паришон этарсен, этма!

 

Эй мақоми ломаконим, бор ила йўқлик ароси сен учун

Сен маконни, бору будни тарк этармишсан, этма!

 

Сен кетсанг гар Ой на қилғай, кул бўлур ғамдан тайин,

Ойни ҳам харобу забун этгали майл этибсан, этма!

Орадан бир йил ўтиб, 1247 йилда Шамс яна Қўниёга қайтди. Бироқ кўп қолмади. Пайғамбар ёшини бўйлаган Шамсни дарбадарлик анча толиқтирган эди. Мавлонони “йўлдан оздирган”ликда айблаган жоҳил оломон яна ғалаёнга келди. Шамс яна сир каби ғойиб бўлди. Қўниёнинг  Шом гузаргоҳида мутаассиблар томонидан тошбўрон қилиб ўлдирди, деган хабар Мавлонони гўё ақлдан оздирган эди. Мавлоно уйини-да тарк этиб, шаҳару қишлоқларни кезиб Шамсни қидирди. Ўтган-кетгандан уни сўради. Бир одам Шомда кўрдим деди. Мавлоно бу хабарга суюнчи сифатида устидаги кийимини, салласини берди. Яқинлари бу одам ёлғон айтяпти, у Шамсни танимайди - деса, Мавлоно ҳа тўғри айтяпсан, у ёлғон гапиряпти, шунинг учун устимдаги бор кийимимни бердим. Агар рост гапирганида жонимни берардим-ку” -деди.

Шамс ғойиб бўлгач, Мавлоно уни бетиним қидирди. Икки марта Шомга борди. Йўқламаган кишиси қолмади. Кейин... кейин эса унинг ўзида эканлигини англади. Жисман тополмадим, аммо унинг нури менинг ичимда. Уни қидирганлар овора бўлмасинлар у нур менда...

Мавлоно ўнг қўлини кўкка, чап қўлини  ерга узатиб рақси самони бошлади, самолардан найнинг ипакдек майин ва фараҳбахш оҳанглари тарала бошлади. Мавлононинг тилидан тўкилаётган сўзлар шеър бўлиб оламга ёйиларди:

Биз севсак гар, ер бўламиз,

Биз севсак гар, сел бўламиз. 

Биз севсак гар, лол бўламиз,

Биз севсак гар, жон бўламиз.

Кўкда момоқалдироқ гулдуради. Булутлар бағрини чок қилиб чақмоқ чақнади. Ёмғир шаррос қуйди. Мавлоно жўшиб-жўшиб, ўзидан кечиб-кечиб, йиғлаб-йиғлаб айланар эди. Кўк тоқидан эса маънолар султони, Мавлононинг мўътабар ҳабиби, пири аржуманди Шамс ҳазратларининг муборак саси ёмғир бўлиб ёғилар эди:

Баъзан узоқлашмоқ керак, яқинлашмоқ учун.

Баъзан эсламоқ керак, эсланмоқ учун.

Баъзан йиғламоқ керак, очилмоқ учун.

Баъзан сукут яхшидир, тингламоқ учун.

 

Маъруфжон Йўлдошев