17.10.2020

Вақиф Аслан

 


Вақиф Аслан

Vaqif Aslan

 

Онам, мен шаҳид бўлдим...


Онам, мен шаҳид бўлдим...

Шаҳидлик қандай бўлур

мен шунга шоҳид бўлдим.

Юртимга қурбон қилдим,

ширин жонимни, онам.

Суғордим тупроғимни

қизил қонимла, онам.

Шоҳона тур, қаддинг тут,

кўзингни артгин, онам.

Оловдай ёнма, сира,

мағрур тур, аза тутма.

Онам, ҳайр-дуо қил,

қасосимиз олинсин.

Юртнинг ҳар одимида

мадҳиялар янграсин.

Тикилсин байроғимиз

қонимиз оққан жойга.

Ўқлар тўқнашган сари

чақмоқлар чаққан жойга.

Унда қоним тўкилган

тупроққа қўйиблар бош

йиғласанг ҳўнграб, онам,

инграсанг ич-ичингдан.

Олган сари ҳалоллик

хоку тупроқ, тошлардан.

Онам, ўсиб чиқаман

сенинг кўз ёшларингдан.

Озарбайжон тилидан Маъруфжон Йўлдошев

10.10.2020

Салим Бабуллаўғлу

 


SƏLİM BABULLAOĞLU

САЛИМ БАБУЛЛАЎҒЛУ


Баъзан саҳарларда япроқ шивирлар,

аҳён-аҳён машиналар ғувури,

қоришганда саслар, шовқинлар,

азон товушига ўхшайди, ўғлим,

шуниси яхши...

 

Эҳтимол, саслар, шовқинлар,

“Оллоҳ буюк!” деяётгандир,

чунки ҳар бир яратилмишда

унинг сассиз имзоси бордир.

 

Мен кечалари тез-тез уйғонаман,

яъни, аслида сира ётмайман, ўғлим.

Айтайми, тунлари қандай йиғларман,

Нега ҳўнграрману йиғларман, ўғлим.

 

***

 

Сўзламоқ, юракдан сўзламоқ,

шеъриятнинг исмидир асли:

қофияларининг йўқлиги

бунинг аён тасдиғи.

 

Ҳамма юракдан сўзламайди-да,

асл масала шундадир, зотан:

қофияларнинг мавжудлиги-да,

буни тасдиқлайди, хавотир шундан.

 

Шеър – бўшлиқни тўлдирмоқ санъати

шундай демиш биров қачондир.

Бўшлиқ – шеъриятнинг салтанати,

шундай деди оз аввал кимдир.


Озарбайжон тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси