10.02.2026

 


Сирли малҳам

Боязид Бистомий ҳазратлари замонасининг машҳур табибидан сўрабди:

— Эй табиби ҳозиқ! Сенда менинг дардимга ҳам дори топиларми?

Табиб сўрабди:

Қандай дард қийнаяпти сизни?

Боязид ҳазратлари:

— Гуноҳ деб аталгувчи дарди азимдан музтарибман, дебди.

Табиб икки қўлини очиб:

— Мен гуноҳ деб аталгувчи дардни билмасман ва унга қандай дори нафъ қилишидан ҳам бехабарман, - дебди ажабланиб.

Ўша ерда бу суҳбатга қулоқ солиб турган мажнунваш бир йигит сўзга аралашиб:

— Ота, сизнинг дардингизга нафъ қилгувчи дорини мен биламан, -дебди.

Боязид ҳазратлари қувонч билан:

— Айт унда, эй йигит! — дебди.

У йигитнинг орифу комил эканидан бехабар улус уни мажнуни девона, дарвеши бенаво дея масхара қилмоқни хуш кўрар экан. Йигит Бистомий ҳазатларига қараб дебди:

— Ўн дирҳам тавба илдизи ва ўн дирҳам истиғфор баргини олиб, уларни қалб ҳавончасига солинг ва тавҳид тўқмоғи билан эзинг! Инсоф элагидан ўтказиб, кўз ёшлари билан обдан қоринг! Сўнг ишқ тандирида сингитиб пиширинг! Ҳосил бўлган малҳамдан ҳар куни беш қошиқдан еб турсангиз, касалликдан асар ҳам қолмайди!

Буни эшитган Боязд Бистомий чуқур хўрсиниб дебди:

— Боракалло, ўғлим! Сенингдек орифларга “мажнун” деб, ўзини ақлли санаганларга таассуфлар бўлсин!

Қиссадан ҳисса шуки, тандаги касалликдан аввал, қалбдаги иллатдан қутилиш даркор. Қалб қаттиғлигини истиғфор кўз ёшлари юмшатгани сингари, руҳ равонлигини тавҳиду таваккул, тан соғлиғини эса покизалик асрагай. Бошқаларга муҳаббат ва меҳр кўзи ила боқмоқ инсонни икки дунё саодатига етказгай.

М.Йўлдошев таржимаси.

10.02.2026

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder