22.05.2022

Чопаётган одам

 



ЧОПАЁТГАН ОДАМ

Асрлар давомида одамзод излаётган ягона нарсанинг бахт эканлиги ҳақида кўп гаплар айтилди. Бахт ҳақида қанча китоблар, қанча ривоятлар, мақолу маталлар айтилди ва ёзилди. Минг йил олдин ҳам ундан олдин ҳам одамлар муттасил сирли ва тасаввури мушкул бахтни қидириб яшади. Ҳозир ҳам одамзод бетиним бахтни излаш билан овора. Гоҳ афсонавий қушлар қанотида келиши, гоҳ оппоқ отда, гоҳ асрорангиз бир туннинг энг сокин палласи – лайлатул қадрда келиши ривоят қилинадиган бахтнинг келишига одамзод асрлардир муштоқ ва интизор.  Аслида бошқа бир савол бор. Бахт дегани ҳақиқатан ҳам ҳаммани бахтиёр қилишга қодир қудратми? Ёки бахт ҳаммада ҳам муттасил кутиладиган ва бардошлар тугаб, умидлар сўнганда келадиган ёки мавжудиятини баъзан келиб кетгандан кейин ҳис қилдирадиган борлиқми? 

Қадим замонлардан бери донишмандлар бахтни излашдан воз кечишни уқтирадилар. Сокин ва секин яшашнинг афзаллигини айтадилар. Чунки қидираётган одам излаган нарсасини тезроқ топгиси келади. Тезлашгани сайин бахт қўлини узатаётгандек бўлаверади. Бани башар ҳам унга етиб олиш пайида тезроқ ва янада тезроқ чопаверади. Чопиб кетаётган одам атрофини кўра олмайди, бир чумолининг бир дона буғдой донасини қандай мамнуният билан инига ташиб кетаётганини кўра олмайди, масалан. Бир қуш полапонини қандай овқатлантираётганини кузатиш имконидан маҳрум, масалан.  Чопаётган одам етишмоқчи бўлгани бахт бўлгани тақдирда ҳам ҳаёт гўзалликларидан маҳрум одамдир! Маҳрумият масканида бахтга ўрин йўқ, масалан!

Бахтга эришдим, бахтлиман деган инсонларнинг юз-кўзига синчиклаб қараганмисиз? Ҳаёт уларни қанчалар чарчатганлигини сезмаслигингиз мумкин эмас. “Шуни қилсам бахтли бўламан”. “Шунга эришсам бахтиёр бўламан”. “Шу нарса насиб қилса, биздан бахтиёр инсон бўлмайди”... Истаклар юкидан, орзулар залворидан жуссалари эгилган, хаёллари паришон. Уларни уҳдаларидан олиб ташлаш эсларига ҳам келмайди. Энг ёмони ўзлари улардан воз кечишни истамайдилар.

Хаёл ва орзуларимизни задалаган афсусларни ҳақиқатан ҳам ўша сирли куч, кўринмас қудрат – бахт деганлари кетказа олишига   кўзимиз етадими? Бизга керак бўлган нарса ва ҳаётимизни узайтирадиган нарса чиндан ҳам ўша мавҳум мавжудот бахтмикан ўзи? “Бахтлиман, бундан ортиғи керак эмас менга”, деганларнинг ҳаёти ҳақиқатан ҳам кошки ва афсусларсиз дунёмикан?

Бизга керак бўлган нарса аслида бахт эмас – ҳис қилабилмоқликдир, эҳтимол. Онни, оламни, одамни ҳис қилабилмоқ! Оллоҳни бутун вужудинг билан ҳис қилмоқ ва бағрингни тўлдириб ичингга тортмоқликдир, эҳтимол. Ичингдаги Оллоҳ билан суҳбати аржуманд қурмоқ ўша шаклу шамойили мубҳам бахтдан кўра муфид ва мужиброқ эмасми? Қўрқувни ҳис қилмоқ муҳимроқ эмасми, ҳаммасидан?! Яқинларингдан, яқинингдан ҳам яқинроқ туйғуларингдан ажралиб қолишдан қўрқиш ҳисси, масалан. Тушуняпсанми, Огоҳ?!

Бас, шундай экан, бахт қидиришни тўхтат! Шоҳ томирларингда оқаётган ҲАЁТни ҳис қил! Сен шуни ҳис қилсанг, бошқа ҳаммаси беҳуда амал эканлигини англайсан. Негами? Чунки, ҳис қилинмаган ҳаёт яшалмаган ҳаётдир!

М.Йўлдошев