13.08.2020

Шукру Эрбош

 

ШУКРУ ЭРБОШ ШЕЪРЛАРИ

 

кўчалар бунча юкни қандай кўтарар, тангрим

бунча инсон ортиқ

бу оқшом ортиқ

бу ёмғир ортиқ

 

хоналар, тангрим, қандай чидар бунча бўшлиққа

оқшомга қадар

сабоҳга қадар

узоқларга қадар

 

инсон муҳаббатсиз қандайин яшар

орзудан кейин

жодудан кейин

кўз ёшдан кейин

 

замон, тангрим, бизни қандай улғайтар

гўзаллик бўлмаса

ёлғизлик бўлмаса

унутмоқ бўлмаса

 

ўлимга инсон қандай кўникар, тангрим

дарахтлар яшаса

булутлар яшаса

болалар яшаса...

 

Соғинч жилваси


Эгри чизиқлар хорғин,

Икки қошим орасида.

Икки қошим орасида оғриқ,

Кўзларимда оғриқ негадир,

Кўзларимда кучаяр ёнғин.

 

Бир ёнимда майда ташвишлар,

Рўзғор, нон ва майда-чуйда.

Ҳаётимга ошнодир бари.

Бир ёним бетиним қўшиқлар куйлар

Йўл, соғинч ва алланима.

Менинг энг гўзал тушларим

ичимда қолди.

 

Бир нималар камаймоқда кун сайин,

Бир ерларим эриб борар тинмайин.

Бошим узра айланмоқда бир булут.

Мен сут-мовий тонгларни орзуласам

Терсоқар сувларда чўкмоқда оқшом.

Турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси

 

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder