18.07.2023

 


ТЕРАКЛАР ШОВУРИ

Водийга йўли тушган меҳмонларнинг эътиборини шовуллаб турган теракзорлар тортиши табиий ҳол. Уларнинг йўл бўйидаги алпкелбат тераклар ҳақида тўлқинланиб, кўзлари ҳайратга тўлиб гапиришларидан қувонамиз. Юртинг ҳақида, меҳмондўст ва ширинсухан одамларинг ҳақида мақтов эшитиш кимга ёқмайди, дейсиз? Довондан ўтиб, шаҳри азимга яқинлашганингизда сизни тераклар шовури кутиб олади. Тоғлари, тўқайлари, ўрмон ва даштларида ҳам, қишлоқ кўчалари, хонадон томорқаларию катта-кичик майдонларида ҳам аскарлардек мағрур теракларни кўрасиз. Енгил шабада эсганда бутун водий тераклар куйидан маст бўлади. Шамоллар забтига олганида эса уларнинг шовури дилингизга қўрқув солади.

Меҳмонлар теракларга ҳайрат билан боқишлари мумкин, теракзорлар ҳақида соатлаб гапиришлари мумкин. Тераклардан келадиган даромадни чамалашлари ҳам, улардан ясаладиган анжомларни ҳисоб-китоб қилишлари ҳам мумкин. Бироқ улар бир нарсани билишмайди. Тераклар водий халқи учун шунчаки маиший эҳтиёж манбаи эмас, улар бу халқнинг виждони, ор-номуси, орзу-армонларининг дарахт шамойилидаги ифодасидир.

Яна меҳмонлар билмайдиган қадим бир ривоят бор. Кимдир уни Худоёрхонга боғлаб айтиб юради, яна кимдир Маллахон замонасига тақайди. Олимхон дегувчилар ҳам, Умархонга нисбат берувчилар ҳам бор. Майли, сиз узумини енгу боғини суриштирманг. Фақат водийга йўлингиз тушганда, теракларни кўрганда шу ривоятни эслаб қўйсангиз бас.

Хуллас, Қўқон хонларидан бири ўрдасидан жума масжидгача борар йўлининг икки четига мажнунтол, чинор, садақайрағоч каби серсоя дарахтлар экилган экан. Хон бу йўлдан юрганда қай бир дарахт бош эгиб, қай бирлари соясини тўшаб таъзим бажо қилиб тураркан. Бироқ дарахтлар орасида битта терак ҳам бор экан. У  хон ўтаётганда бошқалардек салом учун эгилмас, соясини пояндоз қилмас экан. Ҳар доим қадди тик, сарафроз турар экан. Бу ҳол хонга ёқмабди. “Нега ҳамма дарахтлар эгилади-ю, бу алифдек расо тураверади?” –дея ўйга толибди. Кунларнинг бирида теракка узоқ қараб турибди-да: “Бу дарахт кимники?” – дебди атрофида гирдикапалак удайчига қараб.

Удайчи: “Бу сарой муддарисининг тераги, – дебди. Ўғли давлати безавол ва тахти саодат учун бўлган жангда шаҳодат шарбатини ичган. Шундан сўнг отаси бўлмиш мударрис жаноблари тарки маслак қилиб, кулбасига беркинган, шуурини ҳам йўқотган деб эшитамиз, айтишларича, бу теракни ўғлим, деб у билан суҳбати роз қилар эмиш”, - дебди. Хон: “Буни кесиб ташланглар, менинг мударрисим ўз шаънига ярашадиган иш қилмоғи лозим”, -дебди. Удайчи амрни олибоқ, ишга киришибди. Мударриснинг қаршилигига қарамасдан дарахтни кесиб ташлабди.

Кекса мударрис бундан қаттиқ азобланибди. Нима қилса ҳам ичидаги оловни сўндира олмабди ва хонга қарши ўч олиш режасини туза бошлабди.

Кесилган терак шохларидан минг дона қаламча кесиб олиб, тупроққа кўмибди. Қаламчалар илдиз отиб, ниҳолга айланибди. Кун, ой эмас, эртаклардагидек соат сайин бўй чўзиб, кўзга кўрина бошлабди. Чол ниҳолларни кўчириб, ҳар куни шаҳарнинг турли жойларига экиб кела бошлабди. Вақт ўтиб кучдан қолибди, қуввати ва сиҳҳатини йўқотибди. Жума кунларидан бирида хоннинг йўлини пойлаб, масжид олдида кутиб турибди. Хон яқинлашганда бор кучини тўплаб арзини айтишга изн сўрабди. Мулозимлар уни йўлдан четлатмоқчи бўлишса, хон марҳамат кўрсатиб сўзлашга рухсат берибди. Чол дадил овозда сўзлай бошлабди:

“Хоним, мен бир умр сизга садоқат билан хизмат қилдим, шундай ниятда яшадим ва ўғлимни ҳам сизга садоқат руҳида тарбияладим. У ҳам сиз учун жонини беришга тайёр бўлиб улғайди ва шундай ҳам бўлди. Шаън-шавкатингиз учун жангда шаҳид бўлди. Душманга мардона қараб жон таслим қилди. Мен унинг хотирасини яшатмоқ учун дарвоза олдига терак экдим. Уни ўғлим деб билдим. Кези келса, у билан суҳбатлашдим, дардлашдим. У менинг энг яхши суҳбатдошим эди. Дардимни айтсам, япроқларини шитирлатиб жавоб қайтарарди. Мен уни тушунар эдим. У ҳам мени тўлиқ англаб турар эди. Аммо.... Аммо сизнинг буйруғингиз билан ўша терагимни, ўғлим деб авайлаганим, болам деб эъзозлаганим терагимни кесиб ташладилар. Битта терак яшаса нима бўлар эди? Шунча жон, мўр-малах, одамзод сиққан заминга биттагина терак сиғмай қолармиди, хоним! Мен... Мен сиздан ўч олишга қарор қилдим ва сиз юрадиган йўлларнинг ҳар бирига ва кўзингиз тушадиган, кўзингиз кўрадиган ҳамма жойга терак экиб чиқдим!

Қаерда терак кўрсангиз билинг-ки, у менинг сизга қарши исёним! Қаерда бир туп терак кўрсангиз билинг-ки, у менинг сизга бўлган нафратим. Қаерда теракзор кўрсангиз билинг-ки, улар менинг Оллоҳга нолаларим ва сиздан арзи додимдир. Мен ўчимни олдим сиздан, хоқоним. Мен сиздан кучли эканлигимни исботладим. Сиз ожиз ва нотавонсиз, хон ҳазратлари!..

Сиз битта терак кесгандингиз, улар мингта терак бўлиб қайтиб келади. Шикорга чиқасизми, сайрга чиқасизми, қаерга ва нима мақсадда чиқсангиз ҳам атрофда тераклар шовурини эшитасиз. Улар сизни лаънатлаётган бўлади. Тавқи лаънат бўлдингиз, хоним! Умрингизнинг охиригача терак шовуридан қўрқиб, қулоқларингизни беркитиб, теракларга қарай олмай яшашга маҳкумсиз!

Марҳамат, энди мени ҳам ўлдиринг, хоним! Зора, битта қасос минглаб, миллионлаб қасосга айланиб қайтса....

М.Йўлдошев

16.07.2023/Довон

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder