26.03.2023

 


МУНОЖОТ

Рамазон сарҳисоб ойи, дуо ва мағфират ойидир. Рамазонда оламу одам ғуборлардан, журму хатолардан покланади, янгиланади. Рамазон узилган ришталар тикланадиган, низолар барҳам топадиган, уришганлар ярашадиган мукаррам ойдир. Оламга меҳмон, дардларга дармондир, Рамазон. Рамазонга дуолар ярашади, муножотлар ярашади. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳнинг гўзал исмлари бор. Бас, Унга ўша (исмлар) билан дуо қилинглар!” (Аъроф, 180).

Илоҳо, Раббим сенсан! Мен бир ожиз қулингман, нафсимни тарбия қилишдан-да ночор бандангман. Ўзинг ислоҳ этмасанг, ҳолим паришондир, мени нафсим ихтиёрига ёлғиз ташлаб қўйма!

Илоҳо, сен Холиқсан! Мен Яратгувчининг меҳру маҳоратига тобе бечора махлуқман. Йўқдан бор қилмоқ, ҳар нени меъёру мунтазамликда бунёд қилмоқ, яратмоқ ўзинггагина хосдир, Эгам!

Илоҳо, сен Мусаввирсан! Оламда нимаики бўлса, барчасининг ижодкори ўзинг. Сенинг ижодингда зарра нуқсон йўқ, барчаси беқусур бенуқсон. Журму-хатоларим эса саркашлигим, бебошлигим ҳосиласидир. Ўзинг афв айла, Раббим!

Раззоқ ҳам ўзингсан, Илоҳо! Қуш-қумурсқадан тортиб, одамзодгача неъматингдан бенасиб қилмайсан. Сен ризқ ато этмасанг, ҳолимиз на бўлғай, ё Раҳим!

Илоҳо, ўзинг Малик уш-шонсан. Оламлар ва одамлар мамлукингдир, фуқароларингдир. Сенинг номинг ила ҳаёт мулкида жон сақлаймиз. 

Азиз ҳам ўзингсан, иззат ва азамат ҳам сенгагина ярашгайдир. Биз ноқобил бандаларингни ўзинг зиллат ботқоғидан озод қил. Иззатинг жилвалари билан фақирингни мунаваррар қил, қалбимни азаматинг ила муфаррах айла...

Ғаниййи мутлақ ҳам ўзингсан, Тангрим. Сен бермасанг, бу ғариб қулинг мушкулини қандай осон қилсин? Олаётган нафасим ҳам сенинг марҳаматинг нишонаси, кўзимнинг нури ҳам, сочим толасию қалбимдаги шукроналик туйғуси ҳам сенинг инъоминг, ҳатто дардим ҳам тортиғингдир, шукр ё Раббим.

Бақо диёрининг бонийси ҳам ўзинг, Ҳаййи боқий ҳам сенсан, парвардигор. Мен бир ўткинчи, фоний бир жонман. Оламдаги ҳар не муваққат, биргина ўзинг собиту мукаррамсан. Менинг заволимда сенинг сўнгсизлигинг намоён. Бу дунёга тақдир етовида келиб яна кетгувчи қулларингни ўзингга даҳлдор айла, Аллоҳим.

Илоҳо, Карим исмингга минг жон тасаддуқ. Неъматларинг, эҳсонларинг шукрини адо этишдан ожиз тангнафс қулингни афв айла, сенинг ризолигинг умиди ила ёлвормоқдан ўзга чора тополмаган нолакорман, ё Самийъ.

Ўзинг Муҳсинсан, дунёдаги барча яхшиликлар, эзгуликлар, гўзалликлар сенинг чиройингнинг жилвалари холос. Мен гуноҳкорман, яхшилик ва эзгулик улашишни ҳар қанча умид қилсам ҳам нафсим кибр ва ғараз ила кўзимни беркитмоқда. Қалби гидир, сувайдо қулингни афв эт, ё Жалил.

Ўзинг Ғафурсан, Илоҳо. Гуноҳларни бағишлагувчи, мағфират диёрининг соҳиби. Мени гуноҳларимдан фориғ айла. Сен кечирмасанг, бу нотавон қулинг жаҳаннам оташида ёнмоқдан қандай қутулсин, ё Мужиб.  

Азим уш-шонсан, Илоҳо. Азаматсан, забардастсан, куч-қудрат манбаи ҳам, Қодиру Муқтадир ҳам ўзингсан. Мен ҳақирман, ҳасман, ҳечман. Сен Қовийсан, ҳар нега кучинг-қудратинг етади. Сенинг кўмагингсиз ҳеч нимага мажолим етмайди, Аллоҳим.

Илоҳо, сен Аминсан. Мен сенинг ёдинг ила омондаман, қалбим номинг ила равшан бўлғай, ақлим, онгим сенинг тафаккуринг ила машғул бўлсагина таҳликадан йироқдир, Раббим. Қалбимга қўрқувни ҳам, ғулғулани ҳам, ишончни ҳам, ҳузур ва ҳаловатни ҳам ўзинг солгайсан. Бизни ҳаддимиздан баланд қўрқув ила имтиҳон айлама, ё Мажид.

Ўзинг Жаводсан, Илоҳо. Жўмардсан, саҳийсан, ҳеч нимага мухтож эмассан. Мен мухтожман, лутфу карамингга, саҳоватингга зорман, муштоқман, ўзингга мубталоман Аллоҳим.

Сен Мужийбсан, Илоҳо. Ёлвориб дуо қилишимнинг сабаби ҳам мухтожлигимдандир, Раббим. Сен дуоларимни қабул қилмасанг, қайси эшикни қоқай? Нолаларимни қабул айла, нафсимни мақбул айла, ё Зул жалоли вал икром.

Ўзинг Шофийсан, барча дарду аламларнинг шифоси сенда, беморларнинг дармони ўзингда. Биз хаста-нотавонлармиз. Ўзинг шифо бермасанг, бошқа қайси ҳозиқ табиб дардимизга чора топгай, ё Ҳакийм?

Ўзинг Раҳмон, ҳар нега етгувчи Кофий, сўзида тургувчи Вофий, қалбларга офият бергувчи Муофийсан ўзинг. Сен Аввалсан, сен Охирсан, сен Биру Борсан, Аллоҳим!

М.Йўлдошев
25.03.2023

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder