17.03.2023

 

ҚАМАР МОМО

ҳикоя

Қамар момо қўй-қўзиларини ҳайдаб тепаликка чиқди. Бу тепаликдан Аравон кафтдек кўриниб туради. Орқа томонда адоқсиз яйлов бор. Қишлоқ билан туташган томонида сой бўйидан тепаликка томон илон изи тупроқ йўл бошланади. Қамар момо ҳар куни шу йўлдан қўйларини ҳайдаб тепаликка чиқади. Қўйларини дарвозадан чиқариб солса ҳам бўлади. Қўйлар қишин-ёзин шу йўлдан бориб-қайтишади. Бироқ момо қўйларининг қўшнилар томорқасига кириб кетишидан қўрқади.

Момо тепаликка чиққанида 30-35 ёшли бир аёл ва тўрт-беш талаба расм тахталарини яйлов томонга тўғрилаб нималарнидир гурунглашиб турган эди.

Қамар момо ҳар куни ўтирадиган серсоя қайрағоч тагини эгаллаб олишган эди.

Рассом аёл момони кўриб қуюқ саломлашди.

- Момо қўй қўзиларингиз узоққа кетишмасин уларни чизмоқчиман. Сиз ҳам туринг қўлизни қошларингиз устига қўйиб олисларга қараб туринг, -деди ўз талабасига буюргандек.

Момо ҳам худди сеҳрлангандек унга беқусур итоаат қила бошлади. Рассом унинг ёнидан узоқлашиб талабаларга тушунтира кетади:

- Қаранг, диққат билан қаранг. Ранглардаги сўлғинликни ҳис қилишга ҳаракат қилинг. Енг ва этакларнинг бичимига, орнаментал безаклари ва узунлигига эътибор қилинг. Ковушининг устидаги тугмаси ҳам, йиртиғидан кўриниб турган товонини ҳам кўришингиз керак. Мана сизга экзотика. Шаҳарда ўтириб тополмайсиз бунақасини. Юз-қўлларидаги тиришларни кўряпсизми, 100 ёшли шаҳар аёлида ҳам бунақасини кўрмайсиз. Кўзингизни каттароқ очиб чизинг. Сюжет композицияларини шулар асосида шакллантиринг. Ҳис қилинг, тушуняпсизми? Эскизларингизда буларни кўришни хоҳлайман.

Момо ҳижолат бўла бошлади. Эданасини тузатиб, камзулини тўғрилаган бўлди. Кавушига бир қараб олиб, ўзича ичидан унга жавоб бера бошлади: “Мен тўйга кепмидим, ясан тусан қигани. Қўй боққани чиқовдим. Туш кўрибманми шаҳардан бунақанги олифталарнинг келишини. Билганимда, янги ғижим парангимни кийиб чиқардим. Айтсаммикан-аа. Кутиб туринглар кийиниб келаман, -десаммикан. Майли, деса уйга бориб нима дейман. Чол қурмағур нима хаёлга боради. Қирда жин-пин чалиб кетипти, деб ўйламейдими... Аммо ғижим парангим хўўп ярашадида ўзимга. Олдин ярашарди. Одам қариган сари жўхори қоровулга ўхшаб қоларкан. Нима кийсанг ҳам ярашмайди. Ғижим парангни қайнонам раҳматлик майда нақшлар билан тикиб берганди. Тўйларга кийиб кирганимда ҳамма кўзини мендан ололмай қоларди. Ўсмаю сурмаларнинг сарасидан бўларди уйда. Кўз тегмасин деб қўшa-қўша кўз туморлар тақиб юрардим. Кейинчалик ҳафсалаям қолмас экан. Анави олифталарга кулги бўлиш ҳам бор эканда кўргиликда. Шу кўйлакдаям чиқасанми бўлмаса, ўзингга қараб юрсанг бўлардию. Сен ким Қамарнисосанку. Қишлоқнинг тўю азаси сенсиз ўтмайди. Шу йиртиқ ковушда чиққанингга ўлайми?! Ўл-а, шарманда бўлдинг. Булар мени шарманда қилиб йиртиқ ковушда чизса газит ёки журналда чиқса қизларим кўриб уялар. Ҳамма гапирмайдими жуда ночор экан деб. Юзи тириш дейдими? Ёшим бир жойга боргандан кейин нима бўларди тиришмай?! Менам эдим сендек, сен ҳам бўласан мендек. Мен онамди қорнидан тиришиб буришиб тушибманми-ки, юзингда кўзинг демай айтяпсан. Буқоғимга ҳеч нима демади, ҳартугул. Ҳа, майли, булар ҳали ёш-да...”

Қамар момо хижолатдан юзи қизариб, рассом аёлга паст овозда  сасланди:

- Қизим, ҳой қизим, мени шу аҳволда чизиб юрманглар, тағин, одамлар нима дейди. Уйда янги кийимларим бор...

- Йўўқ сира хавотир олманг. Биз кўпроқ манзарага эътибор қаратиб чизамиз. Билинар-билинмас чиқади. Чизиб бўлгандан кейин кўрасиз. Сизга ёқмаса йиртиб ташлаймиз.

Момо ўйлай кетди: “Ҳар тугул маслаҳатлашадиган одамлар экан. Чизса чизаверсин майли. Мени ким таниб ўтирибди? Битта буришган кампир экан дейишса дейишар. Ёқмаса айтасиз деди-ю. Момо ковушга қараб ўзидан уялди. Оғилга, мол тагини тозалашга кийган ковушини артиб-нетмай келаверганига хайфланди. Бу ковушни ўғли шаҳардан олиб келган кунни аниқ эслайди. Саккизинчи московский калиш деб қанча қувонгани, қўшниларига мақтангани кўз олдидан ўтди. Бир куни тўйга кийиб чиққанида адаштириб пойма-пой кийиб чиққанини ҳам. Кейин ўғли топиб чиқиб бигиз билан тешиб бергани ва унга тугмача қадаб олганини ҳам аниқ эслайди. Шунгаям ўн йил бўлибди-я. Жони тошдан экан бу ковуш тушмагурни. Товони йиртилганини айтмаса усти бинойидай турибди. Орқасини кесиб ташлай дегандим ўзи. Шилўпка қилиб олсам шунчалик кулги бўлмасмидим.”

- Кўзларга қаранг, қовоқлар қатида киртайиб кетибди. Ҳаёт уни қандайин оғир имтиҳонлардан ўтказган бўлса?! Бу даражада ҳорғин нигоҳларни олдин сира кўрмаганман. Сиз кўрганмисиз? Мана менга қаранг. Қовоғим бир қават, момода эса бир неча қават. Кўряпсизларми? Айнан мана шу деталлар муҳим. Образ яратиш ўзича бўлмайди. Нигоҳлар муҳим. Мана шу нигоҳлар аёл ичидаги дардни сўзлаб бериши лозим. Турмуш ташвишлари, дард ва азоблари қаршисида мардона тура олиш учун инсонда қанча куч, қанча қудрат ва бардош керак, кошки мана шу имплицит мотивларни чиза олсангиз эди...

Момо рассом аёлнинг гапларини ҳавас ва ажабланиш билан тинглаб турарди: “Қара-я, шунча сўзни тасбеҳ донасидей қилиб дона-дона, тутилмай гапиришини. Булар кўп китоб ўқийди-да. Биз уйга у ёқ-бу ёқдан кеп қолган газетаниям ўқимаймиз, қатлама ўрашга ишлатамиз. Қовоқни қават дейдими, тушмагур? Қават эмас, ажин шекилли, кўзда қават нима қилади?” -деди момо бироз кулимсираб.

Унга қараб қўлидаги қалами билан нималарнидир ўлчашга уринаётган шляпали йигит бирдан тўхтаб:

- Бабушка, бабушка, посмейтесь немного. Улыбка вам очень идет. Кулинг, кулаверинг, -деди.  

Момо шляпали малла йигитнинг гапини тушунмаганидан кулгиси келди. Йигит эса мақсадига етгани учун миннатдор бўлди:

- Вот спасибо вам. Всегда улыбнитесь. Вам очень подойдет улыбка.

Ёши улуғроқ соқол-мўйлаби бир-бирига қоришган рассом киши палитрадаги қуримаган бўёқларни қўлидаги куракчасимон асбоб билан тозалар экан, бирдан тўхтади ва унинг бурнига тикилиб турди-да бир нимани кашф қилгандек юксак овозда сўзлай бошлади:

- Ким кўрди? Эътибор қилганларингиз бўлдими? Эҳ... Ҳақиқий рассом юзда биринчи бўлиб бурунни кўради. Бурун рассом учун бамисоли компас, тасаввур қилинг-ки, усиз манзилни топа олмайсиз. Ҳа, ҳа пешонага ва буруннинг шаклига қаранглар. Биласизларми, бу ҳудуд инсонига хос бурун эмас бу. Ўйлаб кўринглар-чи, бу бурун сизга қайси вилоят инсонини эслатади?!

Бу кишининг гаплари момонинг ҳайратини оширди. Бу ерлик эмаслигини билиб қолганига ажабланди: “Вой, тавба худоё! Билди тушмагур. Бу қишлоқданмаслигимни билди-ей, ўқимишли дегани барибир бошқача бўлади-да”.

- Тоғ қишлоғидан бўлсалар керак. Мен тожикми деб ўйладим, - деди унга яқин турган талабалардан бири. 

- Тўғри таҳмин, -деди ёши улуғ рассом.

"Момо бир сонияда бутун умрини қайта кўздан кечириб чиққандек бўлди. Ота-онаси билан юқори тоғ қишлоғида яшар эди. Қаттиқ қиш бўлган йили отаси овга кетиб қайтмади. Қор кўчкисида қолиб нобуд бўлган экан. Онаси эса Қамарнисони қишлоққа олиб тушиб, ҳозирги эрининг уйига ташлаб ўзи кўздан ғойиб бўлибди. Қамарнисо шу хондонда  то улғайиб, чиройи очилгунча юрди. Кейин хонадон улуғлари уни ўғилларига келин қилиб олиб беришди. Қамарнисо жуда чиройли келин бўлди. Унинг одобига, гўзаллигига ҳамма ҳавас қилар эди. Бурни қирра бўлгани боис эри “сенинг қарға бурнингга ошиқ бўлганман” дерди эркалатиб. У эса “қарға эмас қирғий бурун” дерди. Шу нарса ҳам суяк сураркан. Отасининг ҳам бурни худди шундай эди. Ўғлининг бурни ҳам қирғий бурун чиқди..."

- Иягида қандайдир яра изи бор. Кўрдингизми? Энди бу яра изисиз момонинг юзини тасаввур қилинг! Ўша яра пайдо бўлган пайтдаги ҳолатини кўз ўнгингиздан ўтказинг, – янада баландроқ овозда кўрсатмалар беришда давом этди рассом аёл.

Момо яна хотиралар домига чўмди: “Эҳ, ўша кунлар... Ҳаётимнинг энг оғриқли кунлари эди. Уруш бошланиб эримни фронтга олиб кетишадиган бўлишди. Эрим “агар менга у-бу гап бўлса, бошқа турмуш қурмайсан”, -деб шарт қўйди. “Хўп, тегмайман,”-дедим. Эрим чўнтагидаги пичоқчасини олиб оловда узоқ тоблади. Кейин бир ҳаракат билан юзимга тортмоқчи эди мен эпчиллик қилиб қочишга улгуриб қолдим. Шунда ҳам барибир пичоқ ўлгур иягимни кесиб кетди. Жоним ачиб дод солдим, “бу нима қилганингиз”, -десам, “агар, сўзингдан тонсанг, қиёматда шу излар далил бўлади,” –деди. Кейин, яра изи устига хина суриб “эсингдан чиқарма” – деб тайинлади. Урушга кетганига бир йил бўлмай “қора хат” келди. Шу куйи қораларга буриниб уйдан чиқмай яшай бошладим. Қайнона-қайнотам ўтиб кетгандан кейин маҳалла раиси урушдан ярадор бўлиб қайтган ветеран ўғлига мени олиб берди. Эримга берган сўзимни айтгандим, бу ёлғон гап, эскилик сарқитига ишонма, жуда кўнглинг бўлмаса, исмингни ўзгартирамиз, шунда шарт ўртадан кўтарилади, деб кўндиришди. Шу-шу исмим Қамарнисо бўлиб қолди. Олдинги исмим нима эди, ёдимдан ҳам чиқиб кетган”.

Рассом аёл эскизларни чизиб бўлгач, ранглар ҳақида сўзлай кетди:

- Олам ва унинг яратувчисини илм орқали теран англаш, шеърият орқали ҳис қилиш мумкин бўлганидек, табиат ранглари орқали чуқур идрок этиш имкони мавжуд. Рангларга эътибор қиляпсизми? Ҳамма нарсанинг ранги бор, ҳеч бири бошқасини такрорламайди. Майсалардаги яшилнинг турфа хиллигини акс эттириш учун фарқли тонларга диққат қилинг. Яшил ранг тинчлик, ҳузур, ҳаракат ва ҳаёт рамзи ҳисобланади. Сариқ ранг семантикасида хурсандлик, дўстлик, ишонч, ёрдам каби маънолар мужассам. Сариқнинг сарғиш, сарғимтир, зарғалдоқ, норинжий каби кўплаб тонлари бор. Ранглар палитрасига аҳамият бериб, уларни мутаносиб қўллаш орқали образни яққол тасвирлаш мумкин. Масалан, хонқизи қанотидаги қизилнинг муҳташамлигини кўряпсиз. Лекин ундаги қизил тонларининг мутаносиблигини ҳақиқий рассомларгина кўра оладилар. Ниначи кўзидаги ранглар мунтазамлиги унинг кўриш масофасини белгилашга хизмат қилади. Қанотларидаги нофармоннинг зарофатини  яна қаерда кўриш мумкин? Шу бувабангилардаги яшил ва ложуварднинг мувофиқлигига қаранг. Аравон сизга ана шундай ранглар симфониясини тақдим қилмоқда, ҳузур қилиб тингланг, ҳис қилинг, ичингизга тортинг ва рангларингизда акс эттиринг.

Момо рассом аёлнинг шоирлардек гапга чечанлигидан ҳайратга тушар, айрим сўзларини тушунмаса ҳам “яхши сўз бўлса керак” деб ўйлар эди: “Буни қаранг-а,  яшилнинг шунча тони бўларкан-да, биз тон-пон деб ўтирмай ҳаммасини зангори деб кетаверардик. Ложувардни-ку билмасдик ҳам. Уни тўқ кўк дердик, ҳамма тушунаверарди. Булар бошқача номлашар экан... Ажаб, ҳамма нарсанинг ранги бўлса, ғамнинг ҳам ранги бўлармикан? Қайғунинг ҳам, хотираларнинг  ҳам ранги бўлармикан-а? Менинг хотираларим ҳам, тушларим ҳам, орзуларим ҳам рангсиз, масалан. Ҳамма ўтлар зангори, яшил бўлади деб яшаб кетаверарканмиз, бу аёл бўлса яшилнинг ҳам эллик турини санади. Сариқ ё малла деб қўя қолар эканмиз. Минг хил сариқ бор экан-ку. Шу рангларни билмаганимиз учун ҳаётимиз ҳам рангсизгина бўлиб ўтиб кетаверар эканми, дейман-да...”

Шу пайт рассом аёл ёнида пастдан халлослаб чиқиб келган бир олифта рус кампири пайдо бўлди. Улар саломлашиб алланималарни гаплашишди. Рассом нимадандир норози оҳангда гапирар, рус кампир эса ялинганнамо бир нималарни тушунтирар эди. Кейин рассом аёл ўзи билан бирга келган ёшларга қараб, баланд овозда сўз бошлади:

- Эшитамиз, мени эшитинг, биз келишган натура, афсуски, бу момо эмас экан.  Ҳақиқий натурамиз мана энди етиб келибди. Танишинг - Надежда Акимовна. Узоқ йиллар мактабда чизмачиликдан дарс берган эканлар. Холостларни алмаштирамиз ва адир томонни фонга олиб Надежда Акимовнани чизамиз. Кийимидаги ранглар билан табиат ранглари ўртасидаги мутаносибликка диққат қиламиз.

Норози оҳангда бошланган ғала-ғовур кўп ўтмай тинди. Рассом аёл яна Қамарнисога қараб буйруқ бера бошлади:

- Хола, илтимос  бу фондан чиқинг, узр сўрайман, сизни натура деб ўйлабман. Кетишингиз мумкин...

Момо натура сўзига тушунмаса ҳам вазиятни фаҳмлади. “Демак, улар оппоқ шляпали, ўзига жуда ярашган кийимлар кийган, қўлида жимжимадор соябон тутган анжир тусли рус аёл расмини чизишмоқчи экан-да. Мен адашиб қўшилиб қолибман буларнинг орасига”.

Момо  аллақачон кўздан ғойиб бўлган қўйларини қидириб, қир томон шоша-пиша кетиб борар экан, хаёлан ўзини койиб борар эди: “Эҳ аттанг, атрофда шунча ранглар бор экан-у, сезмабмиз-аа, умрни ҳам бошдан оёқ беранг ўтказиб юборибмиз. Нимага шунча шошилдик? Қаерга шошдик? Шошилганда атрофингдаги шунча рангни кўрмай ўтиб кетаверар экансан-да. Ҳа, демак, расм деганлари одамга шошилмасдан яшашни ўргатар экан-да!”

Маъруфжон Йўлдошев

17 март, 2023 йил

 

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder