Дардимга дармон изладим...
XVII асрнинг буюк тасаввуф арбоби, шоир ва муршиди Ниёзий Мисрий ҳақиқатни айтгани учун сургун қилинди. Аммо унинг овози асрлар оша ҳамон қалбларга етиб келмоқда. Унинг ҳаёти сабр, маърифат ва Ҳаққа муҳаббатнинг ёрқин намунасидир.
Малатядан бошланган маърифат сафари
Ҳалватия тариқатининг Мисрия тармоғига асос солган Ниёзий Мисрий (асл исми Муҳаммад ибн Али Чалабий) 1618 йилда Малатянинг Ишпўзи қишлоғида таваллуд топган. У илм аҳли хонадонида ўсди. Болалигидан Қуръони карим, ҳадис, тафсир, фиқҳ ва тасаввуф илмларини пухта ўзлаштирди. Илм излаш иштиёқи уни Бағдод, Қоҳира ва Истанбул каби ислом оламининг йирик илм марказларига етаклади. Қоҳирада у машҳур Ал-Азҳарда таълим олди ва илм берди. Бу давр унинг илм ва ирфондаги камолот босқичига айланди.
«Илм инсонни юксалтирса, тасаввуф унинг қалбини поклайди.»
Уммий Синон мактабида камол топган мурид
Ниёзийи Мисрийнинг ҳаётидаги энг муҳим бурилишлардан бири Элмалида буюк шайх Уммий Синон хизматига кириши бўлди. Тўққиз йил давомида у нафс тарбияси билан машғул бўлди. Оддий хизматларни сидқидилдан бажарди: ўтин ташиди, тегирмонда буғдой чиқарди, ошхонада хизматкор бўлди. Елкалари яра бўлди, аммо қалби нурга тўлди. 39 ёшида шайхи унга хирқа кийдириб, иршод қилишга ижозат берди.
Шеърларидаги илоҳий муҳаббат
Ниёзий Мисрий тасаввуф шеъриятининг энг ёрқин намояндаларидан бири ҳисобланади. Унинг шеърларида Аллоҳга муҳаббат, инсон қалби, нафс тарбияси ва маърифат ҳақида теран фикрлар мужассам.
«Танда жоним жонда жононимдир Оллоҳ Ҳу деган,
Дийда сиррим сарда субҳонимдир Оллоҳ Ҳу деган.»
Унинг ҳар бир ғазали инсонни ташқи дунёдан кўра қалб оламини кашф этишга ундайди.
Ҳақиқатгўй шайх
Бурсадаги фаолияти давомида Ниёзий Мисрийнинг шуҳрати бутун Усмонли давлатига ёйилди. Султон Муҳаммад IV уни Истанбулга чақириб, Аё София масжидида ваъз қилиш вазифасини берди. Аммо унинг халқ дардини очиқ айтиши, давлатдаги порахўрлик, зулм ва адолатсизликни қаттиқ танқид қилиши айрим амалдорларнинг ғазабига сабаб бўлди. У айбдорларни яширмади, ҳатто уларнинг исмларини ҳам тилга оларди.
«Ҳақ сўз баъзан энг оғир жазога сабаб бўлади.»
Сургунга етаклаган жасорат
Ниёзий Мисрийнинг сургун қилинишига сабаб бўлган воқеалардан бири овоз чиқариб зикр қилиш масаласи эди. Ванлик Меҳмад Афанди бу амални тақиқлаганда, Ниёзий Мисрий бу қарорга қарши чиқди. Саройдаги таъсирли шахслар босими остида у Лимни оролига сургун қилинди. Бироқ у ҳақиқатдан чекинмади.
Занжирли синов йиллари
Лимни оролида кечган йиллар унинг ҳаётидаги энг оғир давр бўлди. Манбаларга кўра, у айрим кунлари оч қолган, овқатига заҳар қўшилган, мунтазам таҳқирланган, ёзиш ва сўзлашга имкон берилмаган, душманлари томонидан доимий равишда азобланган. Шунга қарамай, у сабр қилди. Унинг қалами ҳам, тили ҳам Ҳақни зикр қилишдан тўхтамади.
«Дардимнинг ўзи дармон экан...»
Ниёзий Мисрийнинг энг машҳур ҳикмати бугун ҳам миллионлаб инсонларга тасалли бўлмоқда.
«Дардимга дармон изладим, дардим манга дармон экан.»
Бу сўз тасаввуфда инсон бошига тушган мусибатлар ҳам маънавий камолот учун неъмат эканини англатади.
Сўнгги нафас ва васият
1693 йилда Лимни оролидаги масжид меҳробида Ниёзий Мисрий Руҳи Раҳмонга қайтди. Ривоятларга кўра, у:
«Мени оёғимдаги занжир билан бирга дафн қилинг.»
деб васият қилган. Унинг қабртошида ҳам шу занжирнинг тасвири акс этган. Бу занжир нафақат жисмоний асорат, балки ҳақиқат йўлида чеккан машаққатларнинг рамзи сифатида ҳам қабул қилинади. Ниёзий Мисрийнинг шеърлари ва ҳикматлари орадан уч юз йилдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, ҳали ҳам қалбларга нур бағишлаб келмоқда. Ниёзий Мисрий фақат тасаввуф шоиригина эмас. У ҳақиқат учун курашган, адолатни ҳимоя қилган ва оғир синовлар қаршисида ҳам иймонидан қайтмаган буюк муршиддир. Унинг ҳаёти ҳар бир инсонга шу ҳақиқатни эслатади: Ҳақ йўлида юрилган ҳар бир қадамнинг баҳоси бор. Аммо сабр ва ихлос билан босилган йўл инсонни Аллоҳнинг розилигига етаклайди.
Қуйида шоирнинг бир ғазалини илк бор ўзбек тилида тақдим қиляпмиз:
Зот-и Ҳақда
маҳрам-и ирфон бўлган англар бизни,
Илм-и
сирда баҳр-и бепоён бўлган англар бизни
Бу фано
гулзорида булбул бўлганлар англамас,
Важҳ-и
боқий ҳуснига ҳайрон бўлган англар бизни.
Дунёю
уқбони таъмир айламоқ осон эмас,
Ҳар томони
тўкилиб вайрон бўлган англар бизни.
Биз шундайин
абдолмиз ташладик бору будни,
Борлиғидан
айрилиб урён бўлган англар бизни.
Зоҳидо
хушёр экан англаёлмассан бизни,
Журъаи
софий ичиб мастон бўлган англар бизни.
Орифнинг
ҳар бир сўзин тинглагани инсон керак
Бу
жаҳонда ўйламанг, ҳайвон ҳам англар бизни.
Қаҳр-у
лутф-у ашёни бир билмаган тортгай азоб
Ул
азобдан қутулиб султон бўлган англар бизни.
Эй Ниёзий
қатрамиз дарёга оқдик биз бугун,
Қатра қандай
англасин уммон бўлган англар бизни.
Халқни
қўйиб ломакон томон манзил тутайлик,
Мисрийга шул
жонларга жонон бўлган англар бизни.
М.Й.
29.0.2026

Hiç yorum yok:
Yorum Gönder