21.02.2015

Баста Сакалли




Ёш ва истеъдодли турк шоираси Баста Сакалли ўзининг "İhlal" (2009), "Bir Sen Vakti" (2006), "İnadına Sevdalı" (2003), "Kar Yanığı" (2002), "Papatya Seferleri" (2001), "Barış Tüten Mavilik" (2000) номли шеърий китоблари билан шеърият мухлислари эътирофига сазовор бўлди.
Шоира бир суҳбатида шеър ҳақида шундай дейди: "Ёзилган ҳар бир шеърда ҳаёт янгидан дунёга келади. Яшаб ўтилган пайтда фарқланмаган маълум бир он шеърда қайтадан туғилади. Унутилган бир ҳис, бир туйғу, қандайдир қўрқув-андиша, унутилмаган  дард-алам, ҳужраларимизга ёйилган исён, зимзиё осмонда порлаган ойдек бир онда чиқиб келади шеърлар орқали. Яшаб ўтилган ҳаётга қайтадан яшаш имкони беради шеър. Шеър шоирнинг қалб овозидир." Бугунги шеър зиёфатимизда Баста Сакаллининг "ва" деб аталган шеъри бор. Марҳамат!

ва
ёза бошладим
"бундай бошланмайди" дедилар
"ва икки гапни боғлар" дедилар
"ва деб бошлаб бўлмас" дедилар
бошладим
тингламадим уларни
"ва" ила бошладим
аслида сўнгсиз бўшлиқ бор аввалида
улар кўра олмадилар
улар фақат уқтирилганни билишар
мени асло тушунмаслар
***
"ва" билан бошладим
чунки давом этиш овозимдир "ва"
"ва" дедим ўзимга
"ва" дедим ақлимга
"ва" дедим қалбимга
уйғотдим уларни
силтадим
суғуриб олдим мудроқ
кўзларидаги аллаларини
***
уйқуда ҳам тушларимда ҳам
"ва" деб айтдим тинмадим
"ва" бақирдим
"ва" сўзладим
"ва" басталадим
ҳам бир марта эмас
юз марта айтдим
хатто охирига бир "а"ни қўшиб
"ваа" дедим
ҳаяжонга солмоқ истадим
ҳаяжонингдан
қониб қониб ичмоқ истадим
***
чунки ёзмасам
унутардик барча барчасин
унутардик орзуларни ҳам
умид бермоқ учун
қилдим атайин
***
боғда тошни ёриб унган зариф ўт ишонтирди мени
қояларни тешиб оққан сув
Эрнст Хеменгуейнинг "Чол ва Денгиз"
асаридаги кубалик балиқчи
"12 йиллик асорат" фильмидаги Соломон Нортуп
ҳар доим шу ерда тургувчи уйим
бу стол
бу қалам
менга дарддош бўлган эски ўйинчоғим ишонтирди
бўлмаса мен ҳам йўқ эдим
бўлмаса мен ҳам бўлмасдим
***
аммо ёздим
"ва" дедим
***
топдим "ва"ни
хатто топганим он бўлдим "ва"ни
кўпайсин деб бошланғичлар
кўпайсин деб давом этиш эҳтимоли бўлган ҳаётлар
нафас олсин дея жой очдим
"ва" дедим
***
қоронғу тунларни ёритдим "ва" билан бирга
вақтлар оқди тун ва кун ила
дунёдаги ҳамма қумни оқиттим пастга
умр бир йўлдир дедим
умид бир уйдир
давм эт

/М.Юлдашев таржимаси

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder