28.02.2015

Зулфия



Зулфия Исроилова 1915 йил 1 мартда Тошкентда ҳунарманд-дегрез оиласида туғилди. Унинг бобосини Муслим дегрез дер эдилар ва у Дегрезлик маҳалласида яшар эди. Олов ва темир билан тобланган отасини шоира шундай хотирлайди: “Отам заҳматкаш темирчи эди. Мен ҳамма вақт уни иш кафтида кўрар эдим. Ўша вақтда болаларини боқиш, рўзғор тебратиш учун одамлар жуда кўп меҳнат қилишлари зарур эканлигига сира ақлим етмасди. Отамнинг ҳамма вақт оловга йўлдош касбидан фақат завқ ва шавқни кўрар эдим”.
Онаси Хадича опа жуда кўп қўшиқ, эртак, афсона ва достонларни билар ва болаларига айтиб берарди. “Бу сеҳрли афсона ва достонлар, — деб ёзади Зулфия, — бизга бениҳоя ҳузур бағишлар, ўзига ром қилиб олар, ҳар сафар янги жилва касб этар эди… сўзга шайдолик ҳиссини менинг қалбимда… оддий аёл-она уйғотган”.
Яна бир ҳассос шоир — Ҳамид Олимжон билан кечирган қисқа турмуши, ундан жудо бўлиб қолиши, умуман, шоиранинг ҳаёт йўли садоқат ва вафо тимсоли бўлиб қолди. Зулфия хонимнинг Ҳамид Олимжонга бағишланган маҳзун аммо ниҳоятда гўзал шеърини қуйида ўқишингиз мумкин.  


БАҲОР КЕЛДИ СЕНИ СЎРОҚЛАБ

Салқин саҳарларда, бодом гулида,
Бинафша лабида, ерларда баҳор.
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор.
Қанча севар эдинг, бағрим, баҳорни,
Ўрик гулларининг эдинг мафтуни.
Ҳар уйғонган куртак, ҳаёт берган каби
Кўзларингга суртиб ўпардинг уни.
Мана қимматлигим, яна баҳор келиб,
Сени излаб юрди, кезди сарсари.
Қишнинг ёқасидан тутиб сўради сени,
Ул ҳам ёш тўкди-ю, чекилди нари.
Сени излар экан, бўлиб шаббода,
Сен юрган боғларни қидириб чиқди.
Ёзиб кўрсатай деб ҳусн-кўркини,
Яшил қирғоқларни қидириб чиқди.
Топмай сабри тугаб бўрон бўлди-ю,
Жарликларга олиб кетди бошини.
Фарҳод тоғларидан дарагинг излаб,
Сойларга қулатди тоғнинг тошини.
Сўнгра жило бўлиб кирди ётоғимга,
Ҳулкар ва Омоннинг ўпди юзидан.
Сингиб ёш куйдирган зафар ёноғимга
Секин хабар берди менга ўзидан.
Лекин ётоғимда сени тополмай,
Бир нуқтада қолди узоқ тикилиб.
Яна ел бўлди-ю, кезиб сарсари,
Мендан сўрай кетди қалбимни тилиб:
«Қани мен келганда кулиб қаршилаб,
Қўшиғи мавжланиб бир дарё оққан?
«Бахтим борми дея», яккаш сўроқлаб
Мени шеърга ўраб суқланиб боққан?
Ўрик гулларига тўнмайди нега
Елда ҳилпиратиб жингала сочин?
Нега мен келтирган шўх наъшидага
Пешвоз чиқмайди у ёзиб қулочин?
Қани ўша куйчи, хаёлчан йигит?
Нечун кўзингда ёш, туриб қолдинг лол.
Нечун қора либос, сочларингда оқ,
Нечун бу кўкламда сен паришонхол?»
Қандай жавоб айтай, лолдир тилларим,
Баридан тутдим-у, кетдим қошингга.
У ҳам гаминг билан кезди афтода,
Боқиб туролмайин қабринг тошига.
Аламдан тутоқиб дарахтга кўчди,
Куртакни уйғотиб сўйлади ғамнок.
Сенинг ёдинг билан елиб беқарор,
Гуллар ғунчасини этди чок-чок.
Гул-у райҳонларнинг таралди атри,
Самони қоплади майин бир қўшиқ.
Бу қўшиқ нақадар ошно, яқин,
Нақадар ҳаётбахш, оташга тўлиқ.
Баҳорги бурканган сен севган элда,
Овозинг янгради жўшқин забардаст.
Ўлмаган экансан, жоним, сен ҳаёт,
Мен ҳам ҳали сенсиз олмадим нафас.
Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.
Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder