20.02.2015

Донишманд қария

Донишманд қария

Қаҳратон қиш кунларидан бирида подшоҳ кийимларини ўзгартириб юрт кезишни ихтиёр қилибди. Ёнига вазирини олиб йўлга чиқибди. Улар дарё бўйида ўтирган кекса бир одамни учратишибди. Қария қўлидаги териларни сувга ботириб уриб-уриб ошлаётган экан. Подшоҳ қарияга яқинлашиб салом берибди:
-Ассалому алайкум, эй, пири фоний!
-Ваалайкум ассалом, эй, сардори жаҳон!
Подшоҳ сўрабди:
-Олтиларда нима қилдинг?
-Олтига олтини қўшмасак ўттиз иккига увоқ ҳам бўлмаяпти...
Подшоҳ яна сўрабди:
-Кечалари турмадингми?
-Турдим... Аммо, бошқалари ҳузурини кўрмоқда...
Подшоҳ кулди:
-Бир ғоз юборсам, патини юласанми?
-Уни менга қўйиб беринг, ғиқини чиқармай юламан...
Подишоҳ вазирини олиб саройга қайтибди. Саройга яқинлашганларида подшоҳ вазирдан сўрабди:
-Нима ҳақида гаплашганимизни тушундингми?
-Йўқ, шаҳаншоҳим...
Подшоҳнинг жаҳли чиқибди:
-Қош қорайгунга қадар нима ҳақда гаплашганимизни ўрган, акс ҳолда бошинг кетади...
Қўрқувдан дағ-дағ титраган вазири аъзам подшоҳни кузатиб қўйгач, ортига қайтибди ва кекса ҳунармандни топиб сўрабди:
-Подшоҳ билан нима ҳақида гаплашдингиз?
Чол вазирга бир қараб олибди-да:
-Айбга буюрмайсан, текинга айтмайман. Юз олтин тангага айтаман.
Вазир юз олтин берибди.
-Сен подшоҳни, сардори жаҳон деб салом бердинг. Подшоҳ эканлигини қаердан билдинг?
-Мен тери ошлаш билан кун кечираман. Унинг устидаги мўйнани подшоҳдан бошқа одам кия олмайди.
Вазир бошини қашибди.
-Яхши, "олтиларга олтиларни қўшмасак, ўттиз иккини эплаб бўлмаяпти," нима дегани?
Қария бу саволга жавоб бериш учун ҳам юз олтин тангани ундирибди.
-Подшоҳ "олти ой ишламасдан қишда ишлаяпсанми," деб сўради. Мен эса "олти ой эмас қишда ишласак ҳам еткизиб бўлмаяпти," дедим.
Вазир яна бир савол берибди:
-"Kечаси турмасданми?" деганинг нима маънони билдиради?
Қария яна юз олтинни санаб олгач:
-"Фарзандларинг йўқми?" деб сўради. "Бор аммо ҳаммаси қиз эди, турмушга чиқиб бошқа инсонларнинг корига ярамоқда" дедим.
Вазир бошини эгиб:
-Маъқул, қани айт-чи, "Бир ғоз юбораман патини юлиб ол" дегани нимани англатади?
Қария қаҳ-қаҳ отиб кулибди:
-Ҳа, энди буни ўзинг ўйлаб топ...
/Турк тилидан М.Йўлдошев таржимаси

2 yorum:

  1. Қизиқарли ҳамда маънили ҳикоя танлабсиз!

    YanıtlaSil
  2. Раҳмат, маъқул бўлганидан хурсандман. ))

    YanıtlaSil