27.02.2015

Маънавий қадриятларнинг мифопоэтик талқини (мақола)


МАЪНАВИЙ ҚАДРИЯТЛАРНИНГ МИФОПОЭТИК ТАЛҚИНИ


Корейс адабиётининг, маданиятининг тамал тошлари, боқий устунлари, шубҳасиз, халқ оғзаки ижоди намуналаридир. Энг қадимий корейс фольклор намуналарининг аксарияти хитой манбаларида, хитой иероглифлари асосида сақланиб қолган. Корейс афсоналарининг катта қисмининг шу сабабдан хитой мифологияси таркибига сингиб кетганлигини таҳмин этиш қийин эмас. Корейс адабиёти Шомон, Будда ва Конфуций анъаналарини ўзида синтез қилган, мазкур ибтидоий динлар билан боғлиқ қарашларни миллий афсоналари билан бойитган адабиёт сифатида қадрланиб келинади. Тадқиқотчилар қадимий корейс адабиётининг сирли калити самовий кучлар, дунёни бошқараётган мавжудодлар, баҳайбат илонлар, эзгулик ва ёвузликнинг соҳиби бўлган руҳлар ҳақидаги афсоналар замирида сақланишини яхши билишади. Шунинг учун ҳам корейс адабиёти ҳақида гап кетганда, аввало, мифопоэтик қарашларнинг таъсири муҳокама қилинади.
Корейс миллий афсоналарини мазмунига кўра қуйидагича тасниф қилиш мумкин: 1. Дунёнинг яратилиши, эзгу ва ёвуз руҳлар, жонзотлар ҳақидаги афсоналар (Куронъй, Мама Соннйм, Обан Синджан, Самсин, Ким Алжи в.б.). 2.Тангрилар ва инсонлар ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги афсоналар (Хабек, Ханыним, Хванун, Хэмосу). 3. Қаҳрамонлик ва давлат барпо этиш ҳақидаги афсоналар (Кымган Ёкса, Хогуксин, Чумон, Пак Хёккосе).
Биз қуйида эзгулик ва ёвузлик моҳиятига эга жонзотлар, руҳлар ҳақидаги баъзи корейс афсоналарини келтирдик.
Куронъй қадимий корейс афсоналаридан ҳисобланиб, «улкан илон» деган маънони билдиради. Куронъйнинг хонадонга бахт, бойлик ва боқийлик олиб келишига умид боғланган. Янги уй барпо қилинганида одамлар куронъйга атаб турли маросимлар қилишган. Куръонийнинг бошида бениҳоя гўзал ва кўзни қамаштирувчи тошлар билан зийнатланган тож  бўлиб, шу тож туфайли минг йилдан зиёд яшаш имконига эга бўлган деган тасаввур бўлган. Боқийлик ва улуғворлик рамзи ҳисобланувчи тож соҳибига эҳтиром кўрсатиш шу қадар оммалашганки, кўпчилик корейс қабилаларида маъбуд — тотем даражасига кўтарилган. Корейс халқ оғзаки ижоди намуналарида куранъй тўрт қанотли, икки тилли ва узун танали баҳайбат илон тарзида тасвирланади. Ҳатто мазкур илон тасвирининг куч-қудрат тимсоли сифатида корейс ҳарбий байроғига ўтганлиги адабиётларда қайд этилади.
Мама Соннйм. Мифологик тадқиқотларда этиологик миф aтамаси кўп қўлланилади. Мазкур атама маълум бир ҳодисанинг сабабини изоҳлаш характерига эга бўлган мифларга нисбатан қўлланилади. Масалан, чақмоқнинг чақиши, Ернинг қимирлаши, ёмғирнинг ёғиши, шамолнинг эсиши айни ҳодисалар соҳибининг кайфияти билан боғлиқ ҳолда амалга ошиши изоҳ сифатида кўрсатилади. Мама Соннйм ҳам ана шундай этиологик функция моҳиятидаги энг қадимги мифлардан ҳисобланади. Айни пайтда Мама Соннйм эвфемистик образ ҳамдир. Баъзан Соннйм Мама ёки Мама, Хосон Мама, Хогу Пёльсон, Тусин каби вариантларда қўлланилади. Мама Соннйм касаллик тарқатувчи ёвуз руҳ сифатида талқин қилинади. Мифологик тасаввурга кўра, қадимда халқ орасида ўлдирувчи касаллик шиддат билан тарқайди, эпидемияга айланади. Бунга Мама Соннймнинг юрт оралагани ва унга етарли даражада эҳтиром кўрсатилмаганлиги сабаб сифатида кўрсатилади. Бу касалликнинг олдини олиш учун халқ маросим ўтказишга қарор қилади ва энг хуштаъм шароблардан, гуруч унидан тайёрланган нонлардан, қизил фасол ва турли мевалардан қурбонлик қилишади. Қурбонликдан кейин касалликни бошқа жисмларга ўтказиб юбориш учун қўғирчоқ ясашади. Қўғирчоққа касал киши кўпроқ кийиб юрадиган кийимларни кийгизишади, унинг чўнтагига пул ва турли тақинчоқлар солиб қўйишади. Ва, албатта, турли дуо ва илтижо мазмунидаги қўшиқлар куйлашиб, қўғирчоқни кимсасиз ерга, узоқдаги жар ёки оқар сувга ташлаб келишган. Натижада ёвуз руҳ беморнинг танасидан чиқиб кетади ва юртдан узоқлашади. Қизиғи шундаки, касалликни қувиш ва унинг сабабчисини рози қилиб юртдан узоқлатиш мазмунидаги бундай маросимлар дунёнинг деярли барча халқлари фольклорида мавжуд. Масалан, ўзбекларда ҳам маълум бир касаллик бирор ҳудудни узоқ вақт тарк этмаса, ҳудуднинг кекса ва обрўли инсонлари йиғилишиб маросим ўтказишади, дуолар ўқишади, уч кўчада таомлар пиширишиб ночорларга тарқатишади. Мама Соннйм ана шу жиҳати билан универсаллик касб этади.
Мимёнгви, Ёгви. Корейс фольклорининг энг қадимий даврларга оид мифларидан яна бири Мимёнгви ёки ёгви афсонаси ҳисобланади. Мимёнгви ёвуз руҳнинг мифопоэтик тимсолидир. Уйланмай ёки турмушга чиқмай вафот этган ўғил-қизларнинг, ўзидан насл қолдирмай бевақт ўлганларнинг руҳи Мимёнгви хизматига ўтади. Унинг ёмонлигидан асраш учун одамларга, асосан, ночорларга турли совғалар тортиқ қилинган.
Корейс халқининг қадимий афсоналарини кўздан кечириб, шундай хулосага келиш мумкинки, уларда ифодаланган эзгуликнинг ёвузлик устидан муқаррар ғалабаси инсонларнинг ҳаётга бўлган муҳаббатини кучайтиришга хизмат қилади. Ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликда яшаш, юртни биргаликда ҳимоя қилиш, тинчликни асраш, ночор ва кексаларни ёлғиз қўймаслик тўғрисидаги ғояларнинг халққа сингишига кўмаклашади.
М.Юлдашев
2008.


Hiç yorum yok:

Yorum Gönder