1.12.2021

 


ГУРДОЛИ

Қишлоқ. Катта ҳовли. Тўй тадориги. Ҳамма ҳар турли юмуш билан банд. Дарвоза олдига стол-стуллар териб қўйилган. Оиланинг улуғлари ва маҳалладан бир-икки оқсоқол суҳбатлашиб ўтиришибди. Столда чойнак-пиёла, тўртта нону икки ликопчада олхўри кўринади

Маҳалла оқсоқоли Исмоил бува олхўридан бир донасини қўлига олиб сўз бошлади:

- Олхўри хўп ажойиб мева-да. Эккан одамини танийди, дерди раҳматли отам.

- Ҳа, Сабри амаким боғбон одам эдилар, раҳматли, дарахтнинг тилини билардилар, - гапга аралашди Султонмурод.

- Худоё товба, рост гапни айтдинг Султонмурод, отам дарахтлар билан худди одам билан гаплашгандек гаплашиб ўтирардилар. Бир йили баҳор эрта келиб дарахтлар гул очворди. Отам дарахтларни “намунча шошмасаларинг, ҳали қора қиш тугамади, совуқ этакда пойлаб турибди, ҳаммангни таъзирингни беради”, деб койиб ётибди. Мен бориб, “Ота, булар дарахт бўлса, нимага уларга гапиряпсиз, кўрганлар жинни-пинни бўлганми демайдими...” дебман. Боламан-да...

Қўшнилар бу ҳикояни кўп бора эшитгани учун олдиндан насия кулиш қилдилар. Исмоил бува отасидан қандай калтак еганини айтиб берди. Қўшнилар яйраб кулишди.

- Бу мева биз томонларда олдин бўлмасди. Яқин-яқинлардан пайдо бўлди. Олхўри деса, қизил тоғ олчани тушунардим. Буни слива ё ғайноли деб билганмиз. Бунақанги думалоқ бўлмасди узунчоқроқ ва кичикроқ бўларди. Бодомдан сал каттароқ. Энам қора ўрик дерди. Қора ўрикни қоқисини кўрганмиз холос. Хўл мева кўринишини билмасдан шу слива бўлса керак деб ўйлардик, дея гапга аралашди Ҳалимтой ака олхўридан олиб. Қўшни Ҳалимтой ака водий томондан кўчиб келиб маҳаллага ўрнашган. Тўй-тўйчиқларда ошпазлик қилиб юради.

Исмоил бува унга қараб:

- Ҳа, шу, қора ўрик дегани шуни ўзи. Ўрикни қораси бўлмайди. Буни қирғизлар қора ўрик дейишарди. Ўшу Ўзган қолмаган обориб сотганмиз бир вақтлар. Самарқанд томонларда қароли дейишади. Олхўрини кимдир олу дейди, яна кимлардир олхирот ё ғайноли дейди. Озарбайжонлар гавали, турклар, туркманлар эрик дейишаркан. Олдинлари бизга олхўри қоқи Кавказдан, Қиримдан келарди. Майда-майда қора сақичдай бўларди. Қишда сандалда ўтириб шимиш маза эди-да.

Тўй тадориги билан уйга кириб-чиқиб турган Нурмат ака қаерда олхўридан гап очилса, кўчасидаги ҳосилдан қолган олхўри дарахти ҳикоясини айтиб бошқаларни лол қолдигиси келади. Ҳаммани кўча бошидаги дарахтга қаратиб ўша маълум ҳикоясини бошлади:

- Ҳу анави дарахт 5 йилдан бери мева қилмайди. Ўшаниям Сабри амаки экиб кетганлар. Мева қилмаса-ям кесгани кўзим қиймайди. Кўзим тушса, амакимни эслайман. Амаким вафот этган йили шунақанги мева солдики, шохлари эгилиб синиб кетди. Худди хайрашгандек бор мевасини тўкиб солган экан-да жанавар.

- Нурмат, барака топ, ўғлим. “Дарахт мева солмади”, деб кесиб ташлаш инсофданмас, тўғри қиласан. Соя-салқинида ўтган-кетган дам олиб кетса ҳам савоби тегади-да.

- Ҳа, тўғри айтасиз. Амаким урушдан кейин Қиримдан сургун қилинган пайтда ўзи билан бир туп опкелган экан шу дарахтдан.

- Отам раҳматли урушдан қайтган кечада бўлган экан бу воқеа. Солдатлар кечаси келиб ҳаммани ҳайдаб вагонга босиб шуёққа сурган қилган экан. Вагон деганиям ётиб ё ўтириб кетадиганиданмас, юк вагонлардан экан. Қанча одам йўлда бола-чақаю хотин-халаж кўз ўнгида ўлиб кетганди, деб эсларди отам. Ўлганларни бекатларда тушириб қолдириб қолганларини яна вагонларга қамашар экан. Отамни унаштирилгани бор экан, хизматдан қайтиши билан тўйини қилишмоқчи бўлган. Бу ёқда сургун балоси чиқиб, ким қаёққа кетгану ким қаёқда қолиб кетган... Кейинчалик унаштирилган қизини роса қидирибди, дарагини тополмагандан кейин шу ерда уйланиб қолиб кетган экан. Онам раҳматлик Бухородан эди. Гурдоли дерди олхўрини. Ҳовлида 3-4 туп олхўри бўларди. Сургун кечаси энг зарур нарсаларнигина олиб чиқишга рухсат берилган экан. Отам оладиган ҳеч нима тополмай боғдаги олхўри кўчатларини қўпориб чиққан экан. Ватандан ёдгорлик деб жуда авайларди. Меҳри бўлакча эди. Шунга онам қаттиқ қизғонарди. “Битта гурдоличалик қадрим йўқ”, деб саннаганларини кўп эшитганман. Онам бу мевани сира ёқтирмасди. Буни ўрнига олма-ўрик ё узум экайлик деб қўярди баъзи-баъзида. Лекин отамдан кейин улар ҳам дарахтлар билан гаплашадиган бўлиб қолганди. Менга отангдан ёдгор шу дарахтларни асранглар, дерди. Отанг раҳматлик шу гурдолини ватан деб биларди. Йўқ бўлиб кетмасин...

Исмоил бува қўлидаги оқ рўмолга кўз ёшини билдирмайгина артиб олди. Ҳалимтой ака орага чўккан оғир ҳавони юмшатиш учун гап ташлади:

- Сабри амаки кейин ватанига борганмилар? Шуни сўрайман дейман ҳар гал мавриди бўлмайди.

- Ҳа, бориб хафа бўлиб келганди. Уйлари Алуштада эди. Узумзор, мевазор боғлари худди жаннатни ўзгинаси бўлган. Уларни уйлари ўрнида катта иншоотлар қурилиб қишлоқдан асар ҳам қолмаган экан. Орадан   40 йил ўтиб борган эди-да. Кетаётиб шу олхўри кўчатидан 4 дона олиб кетганларини эслайман. Онам бўлса, нон-пон, ширинлик яна нималардир тутқазиб, шу гурдолингизга нима бор, Тошканни нони, ширинлигидан олиб кетсангиз бўлмайдими? десалар. Отам, “Юртимга бориб мақтанаман, бир туп сливани ўрнига 4 туп гурдоли опкелдим дейман. Кўриб қўйинглар, мен ватандан олиб кетган бир туп сливадан Ўзбекистонда гурдолизор яратдим дейман” деб кулгани кўз олдимдан кетмайди. Эҳ, Ҳалимтой, одам савоб иш қилай деса, дарахт экиши керак экан. Мағфират тиласа ҳам дарахт эксин экан. Бировни қаттиқ яхши кўрса ҳам дарахт экиши керак. Бировдан қаттиқ хафа бўлса ҳам...

Отам қаттиқ хафа бўлган эди, тузумдан, одамлардан...

 М.Йўлдошев.



 

 

Hiç yorum yok:

Yorum Gönder