5.12.2021

 


ШАМСИ ТАБРИЗИЙ  

Мадрасада сабоқ тугаши билан ўсмирлик остонасига эндигина қадам босган толиби илмлар ташқарига чиқишди. Дарсхонада ёлғиз Шамс қолган эди. Мударрис хаёллар оғушида ўтирган Шамснинг ёнига келди ва сўради:

- Муҳаммад Шамсиддин, нега хомушсан?

- Эй, пири фано, рижоли ғайб устоз, мен шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат боғининг меваларини тотиб бўлдим, сирларини шарбат янглиғ ичиб бўлдим.

- Биз ҳали шариат баҳсини тугатмадик!

- Шариат дерки, сендаги сеники, мендаги меники. Тариқат айтади: Сендаги сеники, мендаги ҳам сеники. Маърифат айтади: На меники бор, на сеники. Ҳақиқат айтади: На сен борсан, на мен! Мен англашим керак бўлганини англаб бўлдим. Мен энди кўлмакдаги нурнинг харидори эмасман, Нур ан-нурга толибман. Кўнгил ўзга манзилларни ихтиёр қилмоқда. Қуш бўлиб учмоқни истайман.

***

Шамс мадрасани тарк этди. Ейиш-ичишдан тийилди, дунёдан алоқасини узди. Қирқ кун хос ул-хаввос рўзасини тутди. У илоҳий ишқ уммонига бутунлай ғарқ бўлган эди. Отаси Али Маликдод унга:

ғлим, сенинг бу ҳолингни англолмай қийналиб кетдим. Қачонгача ўзингни азоблайсан? – деди.

- Ота, эсингиздами, товуғимиз курка бўлганида тухумлари орасига бир дона ғоз тухумини ҳам қўшиб қўйгандик. Жўжалар очиб чиқди. Она товуқ уларни ариқ бўйига олиб борди. Шунда ғоз боласи ўзини сувга отди. Она товуқ уни қутқариш учун чирқиллаб бир ҳол бўлганди. Ғоз боласининг эса парвойи палак, сувда маза қилиб сузиб ўйнаганди. Ўшанда англаган эдим, мен ҳам товуқнинг шафқатли бағрида дунёга келган бир ғоз боласи эканимни. Ота, менга рухсат беринг, сўфийлар билан олам кезай, мабдаи нуримни топай.

Онаси ўғлининг кун сайин озиб-тўзиб бораётганини кўриб насиҳат қилди:

- Ҳали ёшсан болам, ҳар нарсанинг ўз вақти бор. Баҳор келмай очилган гулни кўрганмисан? Кундуз чиққан ойнинг кимга нафи бор? Қаноти чиқмай учишга чоғланган полапоннинг оқибати сабоқ бўлмайдими сенга?

- Волидам, ройиҳаи жаннатим, райҳон бўйли оёқларингиз остида ўтирмоқни истамасмидим? Меҳру марҳаматингиз булоғидан қониб сув ичиш менга ёқмайди деб ўйлайсизми? Қалбимда шундай бир гул очилдики, ҳеч қандай қаҳратон қиш унга нуқс этолмайди. Осмонимда шундай Ой балқидики, Қуёш нури у билан бўйлашолмайди. Учишга шунчалар тайёр бўлдимки, энди менга қанотнинг кераги йўқ. 

***

Шамс аҳли муҳаббат маскани – сўфийлар даргоҳига борди.

- Хуш келибсан, эй нур юзли, мақсадинг недир?

- Хом эди, пишди, оловда куймасидан топгани келдим.

- Илм недир, эй толиби нур?

- Илм уч нарсадан иборатдир: зокир тил, шокир қалб ва собир бадан.

- Юкимиз тошдан оғир, кучинг етарми?

- Севмаганга чумоли ҳам юк, севганга филлар ҳам чумолидек гап. Агар инсон ошиқ бўлса ва ишонса тоғни ҳам елкасида таший олади.

- Ниманинг меъёри афзалу ниманинг ортиғи?

- Ҳар нарсанинг меъёри яхши. Одобнинг эса ортиғи.

- Эй ҳизрмашраб, сафимизга қўшил, файзи илоҳийда насибанг бор экан, бир ҳалқа бўл ўттиз тўққиз эдик, қирқ бўламиз.

Сўфийлар унинг шиддату шаҳдини кўриб аввал “Шамсиддин Парранда” деб атадилар. Илмини кўриб “Комили Табризий” дедилар. Фитратига қараб “Шамси Қаландарий” дедилар. Далолатига қарабҲужжат ул-Шамс” дедилар. Моҳиятига қараб “Шамси Ботиний” дедилар. Сўзларидаги қатъиятга қараб “Шамси Маломатий” дедилар. Ранги рўйига қараб эса “Шамси Кибриди Ахмарий” дедилар.

***

Унинг исми авлиёлар мажлисининг мавзусига, ошиқлар суҳбатининг мазмунига айланган эди. Мамлакатда унинг исмини эшитмаган зот ва сўзлари кириб бормаган хонадон қолмаган эди. Ҳамма унга мурид бўлмоқни орзу қиларди. У эса ҳеч кимни ихтиёр қилмас эди.

Бир куни машҳур сўфий шайҳ Авҳодуддин Кирмоний билан суҳбатлашиб қолди. Кирмонийдан тунлари нималар билан машғуллигини сўради. Кирмоний “тунни тахайюл билан, зикру ибодат билан ўтказяпман” демоқчи бўлдию тилига шу сўзлар илинди:

- Ойни тоғорадаги сувда томоша қиляпман.

Шамс:

- Бўйнингда ғудданг бормики ойни томоша қилмоқ учун тоғорадаги сувга боқасан? Бошингни кўтариб кўкка боқсанг бўлмайдими? Ўзинггга ҳозиқ табиб топ, бўлмаса ҳақиқатга эмас унинг соясига қараш билан умринг ўтади! - деди.

Кирмоний ҳазратлари Шамснинг қўлини тутиб муридликка олишини сўраб ёлворди. Шамснинг жавоби қатъий:  

- Сен менинг дўстлигимга бардош бера олмайсан!

Аммо Авҳодуддин унинг этагини тутиб ёлворишда давом этди. Шамс бозорга яқинлашгач деди:

- Кел, унда бирга шу бозор ўртасида шароб ичамиз, жавобимни кейин айтаман.

Кирмоний:

- Бу ҳаром ичимлик билан мени имтиҳон қилма.

- Майли, унда сен ичма, менга шароб топиб келтир!

- Ҳаромни ичмаганим каби пок қўлимни ҳам булғамайман.

- Мен ичиб бўлгунимча ёнимда ўтир унда.

- Ҳаромга яқин йўламайман ҳам.

- Ундай бўлса, мендан йироқ юр. Менга ҳамрох бўлолмайсан. Менга ҳамрох бўлмоқ истасанг аввало ҳамҳол бўласан, бутун ор-номусинг, обрўйинг, шон-шуҳратингни бир қадаҳ шаробга алмашишга тайёр бўласан. Бу майдон эранлар майдони, унда заифларга ўрин йўқ. Ва яна шуни унутма, мен мурид эмас, шайҳ излаяпман. Ҳақиқатни ипак тўшакларда ўтириб қидирадиган шайҳ менга керак эмас... Бу йўл машаққат ва муҳаббат йўли, Кирмоний афанди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳовлисида яшаган молу мулксиз асҳоби суффа мисоли бу дунёдан юз ўгирмас экансан йўлдошим бўлолмайсан. Одамлар шароб ичиб сархуш бўлади. Ишқ аҳли эса ичмай туриб маст бўлади. Сен буни англай олмадинг!

Кирмоний таслимият имтиҳонидан ўта олмади. Шамснинг асл мақсадини идрок эта олмади.

***

Шамс бир кеча туш кўрди. Ям-яшил водийда бир авлиё зот билан суҳбат қуриб ўтирибди. Улар суҳбатлашиб ўтиришибдию атрофида бутун олам гирдоб мисоли айланмоқда. Гирдоб дунёга оид нимаики бор бўлса ҳаммасини ютиб бормоқда. Улар ўтирган яшил манзил ҳам, шаҳару қишлоқлар, тоғу тошлар ҳам ютилиб кетди. Макону замон ғойиб бўлди. Унинг ўрнида мунаввар бир бўшлиқ пайдо бўлди. Мусаллам икки вужуд қолди. Мукаррам икки руҳ қолди. Уларнинг бири нур, иккинчиси мунир эди. Бири сўз бўлса, иккинчиси маъно эди.

Шамс уйғониб кетди. Тушининг таъсиридан ўзига келолмай юрди. Яна икки кеча айни ўша тушни кўрди. Бу гал у муршиди комилнинг Рум диёрида эканлигини билди. Аммо вуслат вақти келгунига қадар сабр қилиши танбеҳланади. Шамс ўша қутлуғ кун орзуси билан яшай бошлайди. Энди ҳаётиниг мақсади, мазмуни бор эди. Шамс илоҳий тажаллидан маст бўлди. Мушоҳада уммонига ғарқ бўлди. Шомга келган ҳар карвондан уни излади. Кўкдан учиб ўтган ҳар қушдан уни сўради. Ҳар тонг қуёш нурларига уни кўриш умиди билан боқди.

Ниҳоят бир садо келди:

- Модомики шунчалар истайсан, шукрига нима ваъда қиласан?

- Бошимни!

- Сен қидирган миръоти мужалло Рум диёрида маскун. Улус уни Мавлоно дейди, отаси султонул уламо Баҳоуддин Валад. Кўниё шаҳрига бор, у йўлингга интизор.

Сафар вақти етиб келган эди. Чанқаган одам сув қидиради, сув ҳам чанқаганларга муштоқ бўлади. Шамс бошни фидо қилгани йўлга чиқди. Узоқ йўл юриб Кўнияга етиб келади.

***

Мавлоно Жалолиддин хонадонида суҳбат қизиди. Шамс Жалолиддини тинглар, унинг илмига қойил қолиб саволлар берарди. Жалолиддин илмда уммон эди. Илм қаерда бўлса бориб ўрганиб келарди. Шомда ҳадис илмидан сабоқ олди. Кўп ўтмай мударрис унга: “Жалолиддин, сиз энди мадрасамизга келиб вақтингизни зое қилманг. Сизга илм ўргатадиган олиму уламо бу шаҳарда қолмади ҳисоб. Сиз ўзингиз илм шаҳри бўлдингиз. Энди толиби илмлар сизга борсинлар,” дея уни юртига кузатиб қўйган эди.

- Сен буларни қаердан ўргандинг, эй илм денгизининг ғаввоси?

- Мана булардан... Ичида саккиз аср аввал битилган китоблар ҳам бор, ҳатто шундайлари борки, ўқиб шарҳлаганим билан уни англайдиган баҳри муҳаббат йўқ.

- Ўша баҳр менман!

- Тушунмайсан, аввал мана бу китобларнинг барини ўқиб чиқишинг керак.

Шамс ўрнидан туриб, китобларни бирин-кетин ҳовузга ота бошлади. Мавлоно Шамснинг хатти-ҳаракатини сас-садосиз кузатар экан, ажиб бир манзаранинг шоҳиди бўлди. Китоблар сувга тушгач, унинг қатларидаги сўзлар гўё озод бўлган қушлар каби саҳифаларни тарк этарди. Улар Шамсдан миннатдор бўлиб сувда рақс этарди. Мавлоно ўзидан нафратланиб кетди. Кўп ўтмай жавонда китоб қолмади. Ҳовуз суви қоп-қора тусга кирди. 

- Маҳзунлигинг сабаби недир?

- Отам муборак қўллари билан шарҳлар ёзган бир китоб бор эди. Уни қўлга олганда отамни кўргандек бўлардим. Хаста бўлсам ҳам ўша китобдан куч олардим. Сафарга кетаётиб хайрлашар, келганда саломлашар эдим...

Шамс:

- Шунчалик хотири бор экан унда қайтарайлик, деди ва тундек қорайган ҳовузга қўлини тиқиб бир китобни олди ва, - Мана шумиди? – деди.

Мавлоно Шамснинг қўлидаги қуп-қуруқ китобни кўриб ҳайратини яширолмади:

- Бу қандай бўлди?

- Тушунолмайсан!

Мавлоно ҳақиқатнинг шаклда эмас, шамойилда, моддада эмас руҳда, жисмда эмас, кўнгилда эканлигини англаган эди.

Шамс ўзи қидирган пири поктийнатни, илмда ва ҳилмда беназир муршидни топган эди. Мавлонога қараб деди:

- Олим эдинг, ориф бўлдинг. Энди ошиқ бўлишга мажолинг борми?

- Хом эдим, пишдим, куйдим... Менинг ҳолимдан не англадинг, эй маънолар оламининг қуёши?

- Англадимки, кўлмак елвизакда ҳам чайқалаверади. Уммонларнинг тўлқини муҳаббатнинг маҳобатидандир. Англадимки, теран ва асрорангиз бўлган нарсалар сокин бўлади. Англадимки, сокин бўлган нарсалар теран ва ҳайбатли бўлади.

Мавлоно ўрнидан шахт ила турди. Ўнг қўлини юқори сўл қўлини қуйи қилиб рақси самони бошлади. Само найзанлари “Фараҳфазо” куйини чалиб уни кўкларга чорламоққа бошлади.

Шамси Табризий “Само Ҳақдан ёғилган маънодир, ҳақиқатнинг юксак мақомидир. Ул мақомда Ҳақдан ўзгага жой йўқ” деди ва Қандолатчилар карвонсаройи томон йўл олди.

(давоми бор)

М.Йўлдошев

3 yorum:

  1. Bir asarki, o'qiganda oyoqlar yerdan uzildi, ruh voqaelar shiddatiga singib ketdi... Rahmat, Ustoz!

    YanıtlaSil
  2. раҳмат саломат бўлинг

    YanıtlaSil
  3. Assalomu alaykum. Inson ruhiyatini titratadugan asar ekan. Rahmat.

    YanıtlaSil