30.11.2021

 


МАРАЖ-УЛ-БАҲРАЙН

Бундан роппа-роса 777 йил аввал, 1244 йилнинг 30 ноябри. Ҳозирги Туркиянинг Кўния шаҳри. Ёш бўлишига қарамай, буюк воиз ва мударрис сифатида танилган Мавлоно Жалолиддин Румий даврининг машҳур илм даргоҳларидан ҳисобланган “Олтин або” мадрасисида дарс бериб уйига қайтмоқда. Ҳар доимгидек талабалари унинг атрофини ўраган. Бири қўйиб бошқаси савол беради. Мавлоно қисқа жавоб бериш ёки бош чайқаб маъқуллаш билан кифояланади. Шаҳарнинг қоқ марказидаги Қандолатчилар карвонсаройининг олди  мусофирлар ва савадогарлар билан гавжум.

Мавлоно оламон орасидан ўтиб бораётиб, бирдан тўхтади. Кўзларини юмиб сукутга чўмди. Талабалар хавотир олиб ҳол-хотир сўрашди. Аммо Мавлоно уларнинг ҳеч бир саволини эшитмас эди. У гўё кўклардан ёғилаётган куйдан маст бўлгандек эди. Бироздан сўнг юзида табассум ва нури муҳаббат билан атрофга боқди.  

Анчадан буён кутаётган аммо шаклу шамойилини ўзи ҳам англаб ета олмаган бир воқеанинг  вуқу они келганини сезди. Қалбидаги мунаввар маънолар жумбуши кўзларида намоён бўлди. Нигоҳидаги оламнинг мазмуни, одамнинг моҳияти бирдан  тиниқлашгандек бўлди.  Бу сукути мусаҳҳарни момоқалдироқ товушидек жарангдор бир овоз бузмаганида яна қанча давом этиши ўзигагина аён эди.

Карвонсарой дарвозаси ёнида юзи қуёшдан бўғриққан, ёши 50 дан ошган, сочу соқоли қаровсиз бир мусофир Мавлонога қараб баланд овозда салом берди ва:

- Эй дунё ва маъно оламининг саррофи, сиз балҳлик Султонул уламонинг ўғли Мавлоно Жалолиддинсиз, шундай эмасми?

- Ҳа.

- Менда бир савол бор эди, айтинг-чи, пайғамбар Муҳаммад (сав) улуғми ёки Боязид Бистомийми? Нима дейсиз?

Кўча ўртасида, оламон ва талабалар олдида берилган бу саволдан Мавлоно бирданига довдираб қолди. У мусофирнинг муддаосини дарров англади ва унинг шунчаки савол бермаганлигини тушунди. Шу боис жавобни қисқа қилди:

- Бу қандай савол бўлди? Албатта, пайғамбар алайҳиссалом буюк-да.

Мусофирнинг кўзлари порлади. Ўзи кутган жавобни  олгач яна сўради:

- Яхши, лекин Муҳаммад пайғамбар (сав) айтадилар: “Оллоҳим, Сенга ҳамду сано айтамиз. Биз Сени муносиб даражада била олмадик.” Ҳолбуки, Боязид Бистомий айтади: Мен ўзимга ҳамд айтаман. Менинг шоним, иззатим жуда баланд. Чунки танамнинг ҳар бир заррасида Оллоҳдан бошқа ҳеч нима йўқ... Буни қандай изоҳлайсиз?

Мавлоно илк саволнинг шунга бориб тақалишини олдиндан сезган эди. Мусофирга табассум билан боқиб жавоб берди:

- Чунки Муҳаммад пайғамбар (сав) ҳар лаҳзада маъно оламида сонсиз-саноқсиз мақомларни босиб ўтган ва ҳар бир мақом ва даражага етганида ўзининг аввалги илми ва тушунчаси учун истиғфор айтган. Шундай қилиб, Пайғамбар (сав) ҳеч қандай мақом ва мавқеда муқим қолиб кетмаган ҳолда, абадий улуғланиши керак бўлган Парвардигорига ҳамд айтишни канда қилмаганлар. Боязид Бистомий эса биринчи етиб келган мақомдан маст бўлиб, ҳушини йўқотган. У шу мақомда қолиб кетган ва ўша сўзни айтган.

Мусофир жавобнинг маҳoбати ва аниқлигидан ҳайратга тушди, “Оллоҳ!” деб ҳайқирди ва ерга ётиб бор овозда йиғлай бошлади. Мавлоно ўзини қуршаб турган талабалари ичидан чиқиб мусофирга яқинлашди. Уни ердан кўтариб бағрига босди, унга қўшилиб йиғлай бошлади. Кўз ёшлар селга айланди. Бутун овозлар сукутга, нигоҳлар буюк бир ҳайратга айланди. Гўё икки уммон бирлашган эди... Гўё Қуръони каримнинг “Раҳмон” сураси 19-оятида буюрилган “Мараж-ул-баҳрайн”, яъни икки денгизнинг бирлашиши ҳодисаси тажалли этган эди.

Мавлоно Жалолиддин Румий ва Шамси Табризий учрашган мазкур жойни халқ “Мараж-ул-баҳрайн” деб атай бошлади. 777 йилдан бери бу қутлуғ вуслат маскани маъно ва муҳаббат аҳлининг зиёратгоҳи саналади.

М.Йўлдошев





Hiç yorum yok:

Yorum Gönder